May 6, 2021

Индирилган дин ва уйдирилган дин

Сарлавҳа, буюк Ислом мутафаккири ва ислоҳотчиси Ибн Таймийянинг “дин ал-мунзал ва дин ал-мубаддал” таъбирининг тилимиздаги шаклидир. Калималарга боғлиқ қолсак, таъбирнинг том маъноси шу: “Аллоҳ тарафидан ваҳй этилган дин, ва инсонларнинг таъвилу-уйдирмаларидан иборат дин”. Қисқаси, ҳақиқий дин ва сохта дин.

Ибн Таймийянинг мужодаласи, ёлғиз Аллоҳга оид бўлган яратилиш динининг, Аллоҳ ва расули номидан ўз ҳурофотларини пулловчи бир ховуч залолат ёки манфаат доиралари тарафидан ётлаштирилиши ва бир нави яширин бутпарастлик ҳолига келтирилишига қарши бўлгандир. Муқаддасотнинг ғасб этилишига энг уйғун замин бўлмиш тасаввуфга ўта оғир айбловлар йўналтирилиши ҳам шу сабабдандир.

Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, Ибн Таймийя тасаввуф душмани эмас, масалан Тасаввуф тарихида “имом” дея зикр этилувчи Жунайд Бағдодий (ўлими 298/910) ва мактаби тарафидан тамсил этилган руҳоний ҳаёт тасаввурини юқори қадрлагандир.

Ибн Таймийя тариқатлар тасаввуфига душман эди. Яна-да очиқроқ айтадиган бўлсак, тасаввуф номи остидаги мозорпарастлик, шайхпарастликка қаршидир. Унга кўра, тасаввуф, Куръонга таянганида, Аллоҳнинг дўстларини (авлиё-уллоҳ), Куръондан қўпганида эса шайтоннинг дўстларини (авлиё-уш-шайтон) етиштирувчи бир мактабдир. Бу мактабни, индирилган диннинг манбаи Қуръондаги ўлчамлари ила муҳофаза этиш, Қуръондаги диннинг саломатлиги йўлида ўта ҳаётий аҳамият касб этади.

Диннинг эгаси ва муассиси Аллоҳдир. Пайғамбарлар муассис эмас, балки уни етказувчи, уни инсониятга танитувчилардир. Бандаларига дин юбориш, уларга дин номидан буйруқ ва таъқиқлар белгилаш, қисқаси, динда ҳукм – ёлғиз Аллоҳга оиддир. Қуръон бу борада тамоман бир яккаҳокимликни (тавҳид) ўрнатади. Бу тавҳидга у ёки бу тарзда, у ёки бу баҳона ила бурнини тиқувчилар, Аллоҳга шерик қўшган, яъни ширк келтирган бўладилар. Бу масалада ушбу оятни бевосита ё билвосита ҳамда такрор-такрор таъкидламоқ лозим: “Холис, соф ва покиза дин – ёлғиз Аллоҳнинг якка ҳукмронлигидадир” (Зумар:3)

Бунга боғлиқ қолган ҳолда, Қуръонда ҳалол ва ҳаром қўйиш ваколати ҳам ёлғиз Аллоҳга хос феъллардан бири сифатида билдирилади. Ҳатто бу динни таблиғ этувчи пайғамбарларнинг ҳам бирор нарсани ҳаром қилиш ваколатлари йўқдир (Таҳрим:1, Анъом:119,140, Аъроф:32, Моидо:87).

Ҳаром қилиш ваколатини қўлга киритиш, уни эгаллашга уриниш эса Дин қўювчи ва Яратувчи Қувватни иккилаштиради, дин номи остида ширкка олиб боради.

Борлиқ ва ашёда асос – мубоҳлик, яъни ихтиёрийликдир. Яратилишнинг ушбу қонунига истисно келтириш, яъни баъзи нарсаларни таъқиқлаш, ҳаром қилиш, ёлғиз Аллоҳнинг илкидадир ва бунга рози бўлиб, буни қабул этиб, бунга мувофиқ амал этмоқ – тавҳид талабидир.

“Динда ваҳйийлик” принципи

Диндаги ички мазмун ва ҳадлар ваҳий тарафидан белгиланади. Мен бунга “Қуръон динининг ваҳйийлик принципи” деган бўлардим. Исломда бу белгилашни, илоҳий калом номини ташувчи Қуръон қилади. Қуръон, Яратуви Қудрат тарафидан дин номидан инсониятга ўргатилган барча рисолаларнинг жамланганидир. Бу рисолалар, замон ва макон тарафидан мағлуб этиб бўлмайдиган мазмун ва тартибдадир, уларда замон ва макон ўзгаришлари қаршисида жавобсиз қолинадиган бирор масала йўқдир. Улар замонусти, оламшумул принциплардир.

Замонусти рисоланинг инсоний фаолият майдони, Қуръон тушунчасида ижтиҳод дейилади. Ижтиҳод, Қуръоннинг инсонга бахш этган ихтиёрий танлов майдонидир, ҳаёт томирларидан биридир.

Индирилган динга мансуб мўминнинг ҳар даврдаги энг бирламчи иши, индирилган диннинг манбаи бўлмиш Қуръон ўлчовида, уйдирилган дин сарқитларини тозаламоқдир. Агар бу иш қилинмаса, уйдирилган дин, индирилган динни беркитади ва омма, Аллоҳнинг дини номи остида ўтмиш асрларнинг эскирган қабулларига таслим бўлмоқ каби бир муваффақиятсизлик сари итарилади.

Афсуслар бўлсинки, уйдирмалар дини оқибатида динчи фанатик билан динсиз фанатик ўзаро паралеллик хосил қилмоқдадир. Иккисининг ҳам салтанати, уйдирилган диннинг тирик тутилишига боғлиқдир. Индирилган дин, иккисининг ҳам ишига ярамайди. Чунки иккисининг ҳам маржиълари уйдирилган динга бориб тақалади. Бири “Дин будир” (1) дея диндан чиқиб, уйдирилган динни айбласа, наригиси эса ғараз ва манфаатларига (2) тегиб қўйганларни дарҳол дўзахий эълон қилиш учун уйдирилган динга сиғинади.

Хуллас, сармоя айни, ишлатилиши фарқли.

Яшар Нурий ЎзтуркТуркчадан uzbekislam таржимаси

Манба

(1) Турон Дурсун назарда тутилгани муҳтамал – собиқ дин пешвоси, классик тафсир ва ҳадисларни тадқиқ этиш натижасида “Дин будир” дея атеистлигини эълон қилган.
(2) Жуббали Аҳмад назарда тутилгани муҳтамал – Туркиядаги Нақшбандийя тариқати намоёндаларидан. Шайх ва пирларга сиғиниши, уларга ошкора ибодат қилиши ва танқидчиларини “дўзахий” эълон этиши билан танилган.

http://kemalyoldash.com/3171