iddaolar
May 1, 2021

“Иддаоларга жавоблар №8 (“Расул нима берса – олинглар”. Расулнинг бергани нима?)

Иддао № 8

Ҳашр:7-оятда шундай дейилади: “Элчи сизга нима берса – олинглар, нимадан қайтарса – қайтинглар”. Нисо:65-оятда айтиладики, одамлар то Расулуллоҳни ўз ораларида чиққан келишмовчиликларда ҳакам қилмагунча, ва қарорларига тўлиқ таслим бўлмагунча, имон келтирган бўлолмайди. Шундай экан, ҳадисларни олиш керак, ҳадислардаги барча буйруқ ва қайтариқларни қабул қилиш керак.

Иддао №8га жавоб

Ҳақиқатан ҳам, ривоят ва мазҳаб динига мансуб кишилар ўз ҳимояси учун энг кўп келтирадигани оят мана шу оят – Ҳашр:7. Аммо ҳар гал бу оятни тўлиқ келтирмайди, балки ўз ўрнидан узиб, маъносидан буриб ишлатишади, ва ўз манфаатларига хизмат қилдирмоқчи бўлишади. Келинг, Ҳашр сурасидаги ушбу оятни тўлиқ ва маъно бутунлигида кўриб чиқайлик:

“Аллоҳ қишлоқ-шаҳарлар аҳолисидан Ўз Пайғамбарига ғанимат қилиб берган нарсалар — токи сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина айланиб юраверадиган давлат бўлиб қолмасин учун — Аллоҳ учун, Расули, яқин кишилар, етимлар, мискинлар ва кўчада қолган уй-жойсиз кишилар учундир. Элчи ўзи сизга нима берса – олинглар, сизларни нимадан қайтарса – қайтинглар ва Аллоҳдан тақво қилинглар! Албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир. Ва ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган кишилар — камбағал муҳожирлар учундир – улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истайдилар, ҳамда Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ёрдам берадилар. Ана ўшалар содиқлардир” (59:7-8)

Кўриб турганимиздек, “Элчи сизга нимаики берса – уни олинг, нимадан қайтарса – қайтинг” деган оят, пайғамбарнинг оғзидан чиққан сўзлар эмас, балки ғаниматларни тақсимлаши ҳақида нозил бўлган. Дейлик, бу ерда келган ва асл мазмунидан узиб олинган ифода ростданам пайғамбарнинг оғзиган чиққан ҳар бир сўзга ишорат этган ҳам бўлсин, аммо бу ҳолатда ҳам бу оятни ҳадислар тарафга буришнинг иложи йўқ. Чунки Аллоҳ ўз пайғамбарининг нималар қилиши ва нималар дейишини белгилаб, очиқлаб қўйган. Яъни Расул инсонлар орасида нима қилиши ва нима дейиши, инсонларни нималарга буюриши ва нималардан қайтариши, ҳаммаси Қуръонда очиқ баён этилган. Пайғамбарнинг вазифаси, инсонларга илоҳий рисола сифатида фақат Қуръонни етказиш холос. Буни қуйидаги оятлар ҳам қувватлайди:

“Биз уларнинг айтаётган сўзларини жуда яхши биламиз. Сен улар устида мажбурловчи эмассан. Бас, Менинг ваъдамдан қўрқувчи кишиларга ушбу Қуръон билан панд-насиҳат қил!” (50:45)

“Мен Аллоҳдан ўзгани ҳакам қилиб олайми?! Ахир унинг ўзи сизларга бу Китобни муфассал ҳолда нозил қилган зот-ку!” (6:114)

“Сизларни ва Қуръон етиб борган кишиларни огоҳлантиришим учун менга – мана шу Қуръон ваҳий қилинди” (6:19)

“Мана шу – Биз нозил қилган муборак китоб – Қуръондир! Бас унга эргашинг ва тақво қилинг! Шоядки раҳматга эришсангиз” (6:155)

Элчи бизга илоҳий рисола сифатида фақат Қуръонни келтирган. Яна-да аҳамиятлиси шуки, Ислом уммати Аллоҳнинг Китобидан бошқа манбага мурожаат этишдан огоҳлантирилган:

“Айт: “Агар ростгўй бўлсанглар, Аллоҳ хузуридан бу иккисидан-да (Қуръон ва Тавротдан) тўғрироқ бирон китоб келтиринглар, мен унга эргашайин” (28:49)

“Бу Китоб сенга нозил қилинди, у орқали кофирларни огоҳлантиришинг ва мўъминларга бир эслатма бўлиши учун. Шундай экан, бас, кўнглингда танглик бўлмасин! Сизларга Раббингиздан нозил қилинган нарсага эргашингиз, ўзга «авлиёлар»га эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар” (7:2-3)

“Ҳолбуки, Биз уларга ўқиб-ўрганадиган китоблар ато этган эмасмиз ва уларга сендан аввал бирон огоҳлантиргувчи ҳам юборган эмасмиз” (34:44)

Бу оятлардан бир неча ҳақиқатни англаймиз. Биринчидан, Ҳашр:7-оятда келган ифодани асл маъноси ва мақсадидан буриб келтиришади: ғаниматларни тақсимлаш ҳақидаги оятни, пайғамбарнинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз ва қилгани ҳар бир ҳаракат деб уқтиришади. Иккинчидан, бу оятни пайғамбарнинг сўзи ва амали дея қабул қилганимиз тақдирда ҳам, Қуръонда пайғамбар инсонларни нималар дейиши ва нималарга амал қилиши, барчаси очиқ келтириб қўйилган. Аллоҳ, элчисидан, имон келтирганларга фақат Қуръон билан насиҳат қилишни буюрган.

Келайлик энди Нисо:65-оятга

“Йўқ, Раббингга қасамки, улар то ораларида чиққан келишмовчиликларда сени ҳакам қилмагунича, сўнгра сен чиқарган ҳукмдан қалбларида ҳеч қандай танглик топмай, тўлиқ таслим бўлмагича, ҳаргиз мўъмин бўла олмайдилар” (4:65)

Бу оятда инсонлар ўз ораларидаги келишмовчиликларда элчини ҳакам қилишлари ва унинг қарорларига тўлиқ таслим бўлиши айтилмоқда. Хўш, инсонлар орасида элчининг ҳакамлиги қандай бўлади? Ўз шахсий фикрига кўрами ёки бошқа асослар ҳам борми? Буларнинг жавобини яна Қуръон беради:

“Улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қил, уларнинг истакларига эргашма. Аллоҳ сенга нозил қилган ҳукмларнинг айримларидан сени буриб, фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўл! Агар юз ўгирсалар, билки, Аллоҳ уларга айрим гуноҳлари сабабли мусибат етказишни ирода этибди. Шубҳасиз, одамлардаги кўпчилик фосиқ, итоатсиздир” (5:49)

Юқоридаги оятдан биламизки, элчи инсонлар орасида ҳакамлик қилган, ҳакамлик қилишда унга зинҳор ўз нафсий истаги ё шахсий фикрига кўра эмас, балки фақат Қуръонга асосланиш буюрилган. Наҳл:64-оят буни яна-да очиб беради:

“Биз иймон келтирган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган бу Китобни сенга нозил қилишимиздан мақсад – уларга ўзлари ихтилоф этаётган нарсаларни баён қилиб беришингдир” (16:64)

Кўриб турганингиздек, пайғамбар инсонлар орасида бирор ҳукм чиқараркан, фақат Аллоҳнинг Китобига кўра чиқаришга маъмурдир. Ва ҳақиқатан ҳам, инсонлар орасидаги келишмовчиликлар, бошқа бирор манбага ёки фикрга кўра эмас, балки Қуръон билан ҳал этилган.

http://kemalyoldash.com