biblical-mullahs
May 11, 2021

АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-4

2-БОБ: НИМА УЧУН БИЗ ДИНГА ЭЪТИҚОД ҚИЛАМИЗ?

Чунки кўп ҳам танлов йўқ бизда. Қисқа жавоб шу. Нима учун биз яҳудиймиз, ёки масиҳиймиз, ҳинду, буддист, сунний, шиа ёки сўфиймиз? Аксарият диндор учун жавоб аниқ: чунки бу динга эътиқод қилувчи оилада туғилган, бошқа сабаб йўқ. Мана шунақа жўнгина сабаб. Ота-онамиз ва бобо-бувиларимиз бизга ўргатишгани нима ўзи? Қанчалик тўғри ёки нотўғри? дейдиганимиз ўта озчилик. Биз динни ўз ихтиёримиз билан танламаймиз, фақат билиб-билмай, кўр-кўрона, олдин катталарга кейин кўпчиликка тақлид қиламиз холос.

Ҳиндулар пешоналарига кул суртади, ўз худоларини эслаб ўйма тош қаршисида тоат қилади. Буни ота-оналаридан шундай кўрган. Фил бошли, инсон баданли ўйма тош - ҳинду худосининг ердаги тимсоли. Бошқалар буни кўриб, хато ва адашув дейиши мумкин (мас. суннийлар ва шиалар).

Нима учун? Чунки улар туғилган ўлкада катталар тимсолларга қараб ибодат қилиш хато, фақатгина Маккадаги Каъба бурчагидаги тошга қараб ибодат қилиш тўғри деб ўргатган. Суннийлар ва шиалар Каъбанинг бир бурчагига ўрнатилган қора тошни ўпадилар ҳам. Сунний ва шиа учун Худонинг инсон ва фил гибридига ўхшаган тош кўринишидаги ҳинду тимсоли маъқул эмас. Уларга бир куб шаклидаги тош бино ва унинг бурчагига ўрнатилган тош шакли кўпроқ маъқул.

Сўнгра бир масиҳий келади, у фил ёки тош уйга йўналган ибодатни ота-онасида кўрмаган, шунинг учун ҳинду ва мусулмон ибодатини хато ва мантиқсиз дейди. Унинг учун, албатта, Исо ёки унинг онаси Maрям тасвири туширилган бирор икона ёки хоч тарафга йўналиб ибодат қилиш маъқул. Масиҳий учун мана шу энг тўғри ва мантиқий. Сўнгра яҳудий келади, унинг учун энг муқаддас бўлган Қуддусдаги Сулаймон маъбади деворига келиб, солланиб Таврот ўқиш энг тўғри ибодат. Нега? Ота-онаси шундай ўргатган. Тош деворга қараган ибодат масиҳийга ёқмайди, хочга сиғиниш эса мусулмон учун ширк, тошни ўпиш эса ҳиндуга эриш туюлади, одамфил ўйматошга қараб ибодат қилиш эса қолган ҳаммаси учун абсурд.

Сунний, шиа, сўфий, ҳинду, яҳудий ёки насроний хонадонида дунёга келган ҳар бир киши ўз динини энг тўғри дин деб билади ва жон-жаҳди билан ҳимоя қилишга тайёр, сабаб оддий: ўша динга оид муҳитда туғилиб ўсган. Албатта, ўзга динни танлаганлар ҳам оз бўлса-да, учраб туради, лекин бир авлод ўзга динни танлагач, ундан кейинги авлодлар автоматик равишда янги динга итоатда ўстирилади ва уларнинг қисмати ҳам аждодлардан фарқли эмас.

Биз иймон-эътиқод ва динимизни ота-бувамиз ва катталаримиздан мерос оламиз. Қуръони карим ота-бува дини ҳақида, динни ота-онадан мерос олиш ҳақида, қаранг, нима дейди:

"Уларга: "Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз", дейилса, улар: "Йўқ, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз", дейдилар. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?!" (2:170)
"Улар қачон бирон бузуқ иш ("иш" — дин) қилсалар: "Ота-боболаримизни шундай ҳолда топганмиз, Аллоҳ ҳам шуни буюрган бизга" — дейишади". (7:28)
Ёки: "Ҳақиқатда, ширк келтирганлар олдинги ота-боболаримиз эди, биз уларнинг кейинги зурриётимиз. Ботил иш қилувчиларнинг қилмиши туфайли бизларни ҳалок этасанми?" демаслигингиз учун. (7:173)

Одамлар ота-оналари, улардан олган мероси, маданияти ва урф-одатларини айблайди. Лекин Қуръон бизни ота-боболаримиз ишонган нарсадан эмас, ўз сўзимиз ва амалимиздан жавобгар тутади. Ота-боболар учун биз қандай жавобгар бўлайлик? Ота-бобога кўр-кўрона эргашиш ёки уларни айблаш эмас, балки уларнинг тажрибасидан дарс ва хулосалар чиқариш учун ўрганишимиз керак.

Инсон ибодат қилиш учун бирор конкрет объектлар истайди - ўйма тош, тош бино, хоч ёки тош девор ёки ш.к. Унга Худони эслаши ва Унга эътиборни марказлаштириши учун ёрдам берадиган бирор восита истайди.

"Уларга: "Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз", дейилса, улар: "Йўқ, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз", дейдилар. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?!" (2:170)

Инсон ота-бобосидан олган мерослардан воз кечмайди, кечолмайди. Шунинг учун, суннийлар ва шиалар ёлғиз Қуръонга бўйсунишдан бош тортади, чунки Қуръон таълимотлари билан ота-бувалари ўргатган нарсалар ўзаро ёт нарсалар. Улар Библиядан кўчирилган мулла ақидаларини рад этувчи покиза Қуръон оятларини рад этишади. Одат тусига кириб қолган анъаналар, ва сунний/шиа комфорт зонасини тарк этиш қўрқуви, уларни сунний/шиа муллалари ўргатаётган ёлғонларга маҳкамроқ ёпишишга мажбурлайди. Улар Қуръонда нима ёзилганини билишни истамайди. Улар яна ўша Библия таълимотларини ҳимоя қилишда давом этади.