Бугунги умматнинг мисоли. (Сайтга мактуб)
Бир боғбон агар ҳовлисига ўтқазилган мева дарахтида бир неча йил ҳосилдан дарак бўлмаса, албатта қанақадир ўғит етишмаётганини гумон қилади ва дарҳол мутахассис боғбонга мурожаат қилади. Аммо 1400 йилдирки, тўғри деб билгани йўл – ўз “ҳосилини” кўрсатавермаса, бунга таажжуб қилмайди, сабаб ва ўзининг камчилик ёки хатоси қизиқтирмайди уни. Агар ҳовлисидаги мева ҳосил бериш тугул, аксига, қурт тушиб барглари сарғая бошласа – дарҳол унга махсус дорилар солиш керак эканлигига ақли етади, аммо умматда ёки миллатида кундан-кун Ислом ривожи ўрнига – фахш, порахўрлик, бузуқлик, ҳаромдан ризқ излаш авж олиб, ўрнига меҳр-оқибат йўқолиб кетаётган, парокандалик яққол кўзга ташланиб “гуркираб ўсиб” бораётган бўлса – бунга ажабланиб ҳам ўтирмайди. Бир оз иймони қувватлироғи ўшалар ҳаққига – дуо қилиб “инсоф берсин” деб қўйиш билан кифояланади.
Бугунги уммат шундайки – ўзга мамлакатда мусулмон биродари қандай қийин аҳволда эканини кўради, билади, аммо билгани унга бас, кифоя, чунки у ёқлар унинг ватани эмас.
Нега шунақа? Чунки бунга – у ўзини айбдор деб билмайди, сабабчи деб билмайди, билганида эса – бизни юрт тинч-ку – деб қаноат топади.
Ўз юртида ҳам мусулмонга бўлаётган ноҳақликни кўради, эшитади, аммо – эшитгани бас, кифоя, чунки шахсан ўзи тинч, оиласи омон, “менга ҳали тегмади-ку” деб қутилади.
Бугунги умматни деярли барчаси Қуръони каримдаги: “Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас” (Раъд:11) оятини билади, аммо уни “бу оят менга эмас” деб билади,
“Бу оят бир қавм ҳақида, шахсан менга айтилмаяпти-ку” деб билади.
Бугунги умматимиз Қуръони каримдаги: “Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар. Ким буни қилса, бас, унга Аллоҳдан ҳеч нарса йўқ” (Оли Имрон:28) оятини биладилар, аммо “улар кимлардан экан?” дея сўрайди.
Чунки бугун уммат парчаланган. Бугун “ҳосил” уммат боғида эмас, аксинча дин душмани “боғида” меваси дарахт шоҳлари ерга теггунча “ҳосил” бериб ётибди.
Хатто дин душманларини ҳосил олишларга қайғуришларига ҳам ўрин қолмаган, чунки умматни ўзи айнан билиб-билмаган ҳолда унга хисса қўшмоқда, бунинг учун хормай-толмай меҳнат қилмоқда.
Бу парчаланишдан Аллоҳ таоло қанча қайтарган бўлмасин, қанча огоҳ қилган бўлмасин, мана минг йиллардан ортиқ вақт ўтдики, парчаланиш тобора кучайиб бормоқда.
Аслида диндан, Қуръондан гўё мусулмонлар эмас, дин душманлари унумлироқ “фойдаланишди”. Чунки аввалда нозил қилинган Таврот, Инжил китоблари ғайридинлар томонидан атайлаб бузиб, оятлар инсонлар томонидан ўз манфаатлари томон ўзгартирилиб, уни суъистемол қилишган бўлса, Меҳрибон зот уларни (унутдириб) ўрнига ундан-да мукаммалроқ Қуръонни нозил қилди ва уни қиёматга қадар энди инсоният томонидан бузилишига йўл қўймаслигини, уни Ўз ҳимоясига олганини ҳам билдирди.
Дин душманлари Қуръонни бузиб оятларни ўзгартиролмаслигига ақллари етди, энди уларнинг олдида ягона йўл қолганди, Қуръондан бошқа дин манбалари уйдириш ва мусулмонларнинг диққат-эътиборини ўша манбаларга машғул этиш, модомики булар – инсон махсули экан – уларда нуқсонлар бўлиши муқаррар, демак умманинг ўзаро тортишув ва парчаланиши кафолатланган. Қуръонга мурожаат этишни истаган ва унда ҳақни топмоқчи бўлган кишиларга эса оятларни асл маъносидан бошқа маъно ва мазмунларга бурдилар.
Мусулмонларга “бўлинмангиз” буйруғининг аксини, бўлиб-парчалаб ташлашни қасд қилдилар ва минг афсуслар бўлсинки, бунга эришдилар ҳам. Бу Муҳаммад алайҳиссаломдан кейиноқ бошланди, халифалар ҳаётдан кўз юмгач, бу ишлар авж олди ва бугунга қадар – дин душманларининг мақсади афсуски улкан самара берган ҳолатдадир. Уммат минг бир бўлакка бўлинди ва бу бўлиниш ва “бўлиш” ҳамон тўхтовсиз давом этмоқда. Дин душманлари бўлса умматни турли бидъату-хурофотларга кўмилиб ётишлари учун қаттиқ урингандилар ва буни муваффақиятли уддаладилар. Уммат ҳам қараб турмади, ўз зиёнларига бўлса-да “ота -бобомиздан қолган урф-одат” – дея бидъат ва хурофотни дин қилиб олди.
Бугунги уммат “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг” (Оли Имрон:103) оятини ҳам яхши билса-да, аммо барибир бўлинишда давом этаверади.
Бугунги вазият шундайки, бутун дунёда ислом душманлари – дин ривожига йўл қўймасликда – ўзаро бирлаша оладилар, аммо уммат бирлаша олмайди. Чунки хар бир “бўлак” фақат ўзини тўғри йўлда деб билади. Хар қандай ўзга фикрли мусулмонни “биздан эмас” деб билади.
Бугунги уммат афсуки “Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз” (Хужурот сураси:10) оятини билади, аммо бунга амал қилиш учун деярли хеч қандай ҳаракат қилмайди.
Сабаби, мусулмонларга ўз мусулмон биродарининг калимаи-тавҳид келтириши бугун кифоя қилмай қолган, хатто Қуръонга иймон келтириши афсуски бугун кифоя қилмай қолган. Чунки мусулмонлар ўзига Аллоҳ таолонинг “мусулмон” деган номини кифоя деб билмайди, кимлардир ўзига, қўшимча ном билан, ўзлари тузиб олган фирқаси номини қўшиб айтиши керак. Ўзини “биз мусулмонмиз” дейиш бугунги умматга камлик қилади чоғи, баъзилар очиқ ошкора “биз аҳли фалонийлармиз” дейди.
Номи йўқларга эса бир онда “лақаб” қўйиб номлайдиганлари ҳам етиб ортади, бу ишларида “Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон ! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир” (Хужурот:11) оятини ҳам билади, афсуски унга амал қилмайди. Ўз-ўзларига лақаб қўяди, ўзларини бўлиб парчалайди.
Умматман дейди-ю, аммо хар бир гуруҳ алоҳида тоифага ажралиб, топганига қувониб хурсанд юраверади. “Бас, улар ишларини ўз ораларида пора-пора қилиб бўлиб юбордилар. Ҳар фирқа ўз ҳузурларидаги нарса ила хурсанддир” (Мўъминун:53)
Бундан албатта дин душманлари яна ҳам “унумлироқ” фойдаланишади. Умматга эса – барибир, чунки энди уммат бошқа-бошқа.
Бугунги уммат Қуръони каримдаги “Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!” (Нисо сураси:65) оятини ҳам билади, аммо бунга ҳам “катталари” келишмасликка қарор қилганлари учун, бу оят ҳам умматга “ўтмас бўлган”.
Ҳакам деб олган чоғларида эса Қуръон қолиб, бошқа китобларга суяниш бошланади, албатта ҳаммаси сўзда “Китоб ва Суннатни ушлаймиз” дея такрорлашни хуш кўради, аммо амалда на Қуръонни ҳакам қилишни, на саҳиҳ Суннатни ҳакам қиладилар. Улар учун ягона ҳакам – ота-боболаридан қолган фатво ва мазҳаб матнлари, бу ҳам ўз раъйларига мос келиб қолса, мос келмаса қабул қилмай тураверадилар. “Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар», дейилса: «Йўқ! Биз оталаримизни ниманинг устида топсак, ўшанга эргашамиз», дерлар. Агар шайтон уларни дўзах азобига чақираётган бўлса ҳам-а?” (Луқмон:21) Бугунги уммат бу оятни ҳам билади, аммо “Бу оят Макка мушриклари ҳақидадир, “бизнинг” ота-боболаримиз ҳақида эмас” – дейди-қўяди.
Аксига олиб сизга “Сен бизни ота-боболаримиз йўлида эмасмисан?! – демак тамом, адашгансан” – дея жавоб беради.
Қуръончи? -десанг, жавоб битта: “бизни уламолар шуни тан олишган – тамом”.
“Йўқ! Улар: «Биз ота-боболаримизни бир динда топдикки, албатта, биз уларнинг изларидан ҳидоят топгувчидирмиз», дедилар.” (Зухруф сураси:22) Бугунги уммат бу оятни ҳам билади, аммо бунга ҳам “Бизга бўлмаса керак” дейди.
Бугун бу гапларни хар қандай мусулмон – афсуски дунёнинг хар мамлакатида айтади. Чигаллик шу даражага етиб борганки, хар қандай гапга – раддия нақд.
Бугунги уммат тутган қолип, ўлчов, мезон афсуски “Менинг йўлимга кўнмас экансан – сенинг йўлингга асло кўнмасман” бўлиб қолди.
Пайғамбаримиз Мухаммад (с.а.в)нинг ўлчови, мезони эса фақат Қуръони карим эди. “Албатта, мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилинган амрки, шояд тақво қилсангиз” (Анъом:153) оятини ҳаётга тадбиқ этганлар.
У зот хар ишда Аллоҳнинг амрига асосланганлар, Қуръон ҳукми билан ҳукм қилганлар, шунинг учун ҳам у киши Қуръон талабини Аллоҳ истагини ўз ҳаётларида амалга оширган, умматни бир-жон, бир-тан қила олганлар.
Муҳаммад Абдуллоҳ
http://kemalyoldash.com/3148