Kemal Yoldash

One with God is Majority


59

Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)

59:1. Осмонлару-Ердаги борлиқ Аллоҳнинг поклаб улуғлади. Азиз Ҳаким /қудрат ва ҳикмат эгаси Унинг Ўзидир.

59:2. Китоб Аҳлидан кофир бўлганларни биринчи ҳашрда юртларидан чиқарган Унинг Ўзидир. Сиз уларнинг чиқиб кетишини гумон ҳам қилмаган эдингиз. Улар эса қўрғонлари уларни Аллоҳдан асраб қолади, деб гумон қилгандилар. Аллоҳ эса уларнинг кутмаган тарафидан келди, дилларига қўрқув солди; улар ўз уйларини ўз қўллари ва муминларнинг қўллари билан вайрон қилаётирлар. Ибрат олинг, эй басират эгалари!

59:3. Аллоҳ уларга сургунни ёзмаганида эди, уларни шу дунёнинг ўзида азоблаган бўларди. Охиратда ҳали уларга Оташ Азоби бор.

59:4. Ана шундай. Зеро улар Аллоҳга ва Расулига қарши чиқдилар. Кимки Аллоҳга қарши чиқса, Аллоҳнинг таъқиби шиддатли.

59:5. Бирор хурмо дарахтини кесган ёки уни ўз илдизида қолдирган бўлсангиз, бу фақат Аллоҳнинг изни ила, ҳамда йўлдан озганларни разил қилиш учун эди.

59:6. Аллоҳ ўз Расулига берган ўлжаларга келсак, сиз уларни қўлга киритиш учун, от ҳам, туя ҳам чоптирган эмассиз. Аллоҳ Ўз Расулларини Ўзи хоҳлагани устидан ғолиб қилади. Аллоҳ барча нарсага қодир.

59:7. Аллоҳ ўша Кентлар аҳлидан ўз Расулига заҳматсиз берган ўлжалар – Аллоҳга ва Расулига – яқинлар, етимлар, мискинлар ва йўлда қолганлар учун. Токи ичингиздаги бойлар орасида айланувчи давлатга айланмасин. Расул сизга нима берса олинг, нимадан манъ этса тийилинг. Аллоҳга тақво қилинг. Аллоҳнинг таъқиби шиддатли.

59:8. Ҳамда муҳожир фақирларнинг ҳаққи, улар ўз юртларидан ва мол-мулкларидан чиқарилганлар; улар Аллоҳнинг фазли ва ризосини истайдилар, Аллоҳга ва Расулига ёрдам берадилар. Содиқлар ана ўшалардир.

59:9. Улардан олдин бу юртда ўрнашганлар, ва иймон келтирганлар, уларга ҳижрат этиб келганларни яхши кўрадилар; берганига ўз дилларида муҳтожлик топмайдилар. Ўзлари муҳтож бўла туриб, уларнинг эҳтиёжини муқаддам кўрадилар. Кимки қалбининг бахиллигидан тийилса, ана ўшалар нажот топади/муродига етади.

59:10. Улардан кейин келганлар дейдилар: “Эй Раббимиз, бизни ва биздан олдин иймон келтирган биродарларимизни мағфират айлагин ва иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда гина-кудурат қолдирмагин. Эй Раббимиз, Сен Рауф Раҳим /шафқатли, раҳмдилсан”.

59:11. Мунофиқлик қилганларни кўрмадингми? Аҳли Китоб орасидаги кофир акаларига дейдилар: “Агар чиқарилсангиз, сиз билан бирга чиқамиз, сизга қарши улардан ҳеч кимга бўйсунмаймиз. Мабодо сизга қарши урушсалар, биз сизга ёрдам берамиз”. Аллоҳ гувоҳлик берадики, улар ёлғончилар.

59:12. Агар улар чиқарилса, булар бирга чиқмайди; агар улар билан урушилса, булар ёрдам бермайди; ёрдам берган тақдирда ҳам, ортига қараб қочади, кейин ўзлари ҳам ёрдамсиз қолади.

59:13. Улар дилларида Аллоҳдан-да кўпроқ сиздан қўрқади. Сабаби, улар тўлиқ қамрамайдиган қавм.

59:14. Улар бирлашиб сизга қарши жанг қилмайдилар, фақатгина мустаҳкам қалъалар ичидан ёки деворлар ортидан холос. Ораларида кучли парчаланиш бор. Уларни бирлашган иттифоқ деб ўйлайсан, лекин қалблари тарқоқ. Ана шундай, зеро улар ақл ишлатмайдиган қавм.

59:15. Уларнинг мисоли худди ўзларидан олдин ўтганларга ўхшайди, улар ўз қилмишларининг жазосини тортдилар. Буларга ҳам Аламли Азоб бор.

59:16. Худди шайтоннинг мисолига ўхшайди. Мана у инсонга қарата деди: “Кофир бўл”, инсон кофир бўлгач, шайтон деди: “Мен сендан йироқман, Оламларнинг Рабби Аллоҳдан қўрқаман”.

59:17. Иккисининг ҳам оқибати, абадий Оташда бўлди. Бу золимларнинг ҳам жазоси ана шундай.

59:18. Эй ишонганлар! Аллоҳга тақво қилинг! Ҳар жон эртанги Кунга нима ҳозирлаганига бир боқсин. Аллоҳга тақво қилинг! Зеро Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардор.

59:19. Аллоҳни унутгани боис, ўз-ўзларини унуттирган кимсалар каби бўлманг. Йўлдан Озганлар ана ўшалар.

59:20. Дўзах аҳли ва жаннат аҳли тенг бўлмайди. Нажот топадиганлар/муродига етадиганлар – фақат жаннат аҳли.

59:21. Агар биз бу Қуръонни бир тоғға нозил қилганимизда, Аллоҳнинг қўрқувидан бош эгиб, дарз кетиб ёрилганини кўрган бўлардинг. Биз ушбу мисолларни одамларга келтирмоқдамиз, токи тафаккур қилсинлар.

59:22. У шундай Аллоҳки, ундан ўзга Илоҳ йўқ. Ғайбни ҳам, Ошкорни ҳам билади. Раҳмон, Раҳим Унинг Ўзидир.

59:23. У шундай Аллоҳки, ундан ўзга Илоҳ йўқ. Малик/Подшоҳ, Қуддус/Муқаддас, Салом/Эсонлик берувчи, Мумин/Омонлик бергувчи, Муҳаймин/Қўллаб-қўригувчи, Азиз/куч-қувват эгаси, ғолиб, Жаббор/Ўз иродасини рўёбга чиқаргувчи, Мутакаббир/Улуғланувчи! Аллоҳ ўзига шерик қўшганларидан пок ва олийдир.

59:24. Холиқ/Яратган ҳам, Бориъ/Айирган ҳам, Мусаввир/Суврат берган ҳам Аллоҳдир. Энг гўзал исмлар Унинг. Осмонлару-Ердаги борлиқ Уни поклаб улуғлайди. Азиз Ҳаким /қудрат ва ҳикмат эгаси Унинг Ўзидир.