biblical-mullahs
May 31, 2021

АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-26

17-БОБ. ҲИЖОБ — АДАШТИРИШ ВОСИТАСИ

Муллалар томонидан қабул қилинган кўплаб Библия таълимотлари аёлларни таҳқирлашга йўналган. Аёллар бошини ёпсин ёки "ҳижоб фарз" деган буйруқ ҳам аслида Библиядан кўчирилган (1 Коринфликлар:11). Шу маънода ҳижоб ўраган аёлнинг яхшигина мисоли - Тереза Она (Mother Theresa) бўла олади.

Муллалар Қуръонга қанчалик кофир эканини ушбу китоб давомида кўриб келяпмиз. Кўпчилик муллалар бирор масалада Қуръонга мурожаат этишни, унинг сура ва оятларидан далил келтиришни ҳам билмайди. Агар бир мулладан "Ўргимчак" саҳифасини оч! десангиз, уни қандай топишни билмаслиги ҳам мумкин. Ёки бунга узоқ вақт керак бўлади.

Муллалар ҳатто Қуръон ўқиганида ҳам, унинг оятларини рад этишади. Хўп, энди тасаввур қилинг, ўтган минг йил давомида Ислом деса ўша мулла уқтирган гаплардан бошқа ҳеч нарса билмайдиган, бутун дунёга ёйилган юз миллионлаган оддий мусулмоннинг аҳволини... Мусулмонлар ўз Қуръонидан бутунлай ажратиб, орасига деворлар тўсиб келинган.

Масалан, нега "ҲИЖОБ" калимаси Қуръонда етти марта тилга олинган-у, биронтаси ҳам аёл киши бошини ўрасин деган эътиқодга яқин ҳам келмайди? Муллалар ҳеч қачон бунга жавоб беролмайди. Ғалати эмасми бу? "Ҳижоб" калимаси келган бирор оят келтиришни сўрасангиз, аслида қочиб қолади мулла акамиз.

Муллаларнинг заиф нуқтаси бу ерда ҳам панд беради: ўз дини тасдиғига бирорта ҳам Қуръон ояти келтиролмайди. Улар Қуръондаги ҲИЖОБ калимаси келган барча оятларни рад этади. Бунинг ўрнига улар Ҳижобга бутунлай алоқаси бўлмаган "Химар" каби сўзларни танлайди. "Химар" бу "Ҳижоб" эмас. Бу яна битта муллача найранг.

Оятда "Химар"нинг кўплик шакли "Хумур" келади (24:31). Муллалар мана шуни "Ҳижоб, яъни аёллар бошини ёпсин деган буйруқ" дейишади. Аввал Қуръон бу оятда нима дейишини кўрайлик:

"Ва мўъминаларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар! Ҳамда зоҳир бўлганидан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар ва кўкракларини ёпинчиқлари билан тўссинлар! Улар зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўз аёлларга ё қўл остиларидаги чўриларга ё беҳожат бўлган эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан (АВРОТИН-НИСО) хабардор бўлмаган гўдакларгагина жоиздир. Яна яширган зийнатлари (ЙУХФИЙНА МИН ЗИЙНАТИҲИННА) билинсин учун оёқларини урмасинлар! Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўъминлар! Шоядки нажот топсангизлар". (24:31)

"Вал ядриб-на бихумури-ҳинна ъала жуйуби-ҳинна" "кўкракларини ёпинчиқлари билан тўссинлар". Демак, аёллар кўкракларини ёпишлари керак.

Муллалар бу оятни маъносидан буради, аёллар аввал бошини ўрашлари керак ва фақат ана шундан кейингина кўкракларини ёпинчиқлари билан тўсишлари керак, дейишади. "Ядрибна" сўзи бу контекстда "ёпинчиқларини устидан ёпиш, кўксига тортиш, узатиш, ўраш" каби маъноларга келади.

"Ядрибна" бу оятда икки маротаба келади: "ядриб-на би-аржули-ҳинна" яъни "оёқлари билан зарб этиш". Бу контекстдан "диққатни жалб қилиш учун" маъносини чиқариш мумкин. Оятда фақатгина аёллар кўкракларини ёпинчиқлари билан ёпишлари кераклиги айтилади. Ундан бошқа гап йўқ. Бу оятда "бошни ўраш" ҳақида умуман гап йўқ. ХИМАР дегани ҲИЖОБ дегани эмас, бошни ёпишга умуман алоқаси йўқ.

Энди эса, муллалар "Ҳижоб Фарз" дея оятдан келтира олмаган "ҲИЖОБ" калимасини Қуръон оятларидан бирма-бир кўриб чиқамиз. Аёллар бошини ўраши мавзусини муллалар ёппасига "ҳижоб" дейди.

Хўп, унда биргина оддий савол: Нега унда муллалар Қуръондан Араб тилидаги ҲИЖОБ калимаси келган бирорта ҳам оятни келтира олишмайди? Агар масала ҳақиқатдан ҳам бошни беркитиш - яъни ҳижоб - бўлса, у ҳолда Қуръонда бу ҳақда лоақал битта оят бўлиши керак эмасми? ЛЕКИН... БИТТАЯМ ЙЎҚ. Муллалар буни қандай тушунтиради?
Жавоб: Муллалар ҲИЖОБ сўзини Қуръондан ўрганишмаган ва ўрганишни билишмайди.

Майли, биз уларга ёрдам беришимиз мумкин. Арабча ҲИЖОБ калимаси Қуръонда қаерда ва қандай ўргатилган?

ҲИЖОБ калимаси - тўсиқ, парда ёки ажратувчи демакдир. Ҳижоб калимаси Қуръонда қуйидаги етти оятда келган:

Олов аҳли билан боғўртасида тўсиқ(ҳижоб) бор (7:46)
Мумин ва кофирлар ўртасига тўсиқ(ҳижоб) ўрнатилади (17:45)
Марям қавмидан тўсиқ (ҳижоб) олиб узоқлашди (19:17)
Эркаклар Расулуллоҳнинг аёлларига тўсиқ/парда (ҳижоб) ортидан гапиришлари керак (33:53)
Сулаймон тўсиқ (ҳижоб) ортига яширинганича бойлик билан машғул бўлди (38:32)
Кофирлар Пайғамбарнинг айтганлари ҳақида ақл юритмайди, сизлар билан орамизда ҳижоб (тўсиқ) (41:5)
Аллоҳ ҳеч бир инсонга гапирмайди, магар ваҳй ёки тўсиқ(ҳижоб) ортидан... (42:51)

Ҳижоб калимаси Қуръонда бир эмас, нақ етти марта аниқ айтилганига қарамасдан, бирор марта аёлларни бошини ёпиши ҳақида гапирмайди.

Эркак ва аёл орасида тўсиқ маъноси биргина 33:53 да келади. Қуйида шу оятни тўлиқ келтираман:

"Эй мўъминлар, сизлар Набийнинг уйига фақат сизларни бирон таомга чақирсагина киринглар. Унинг идишига кўз тутманглар, балки чақирилган пайтингизда кириб, таомлангач, тарқалинглар ва бирор ҳадисга берилиб қолиб кетманг! Бу Набийга озор беради, у эса сизлардан ҳаё қилади. Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмас. Қачон сизлар улардан/Набийнинг аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар, парда ортидан сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир. Сизлар учун Аллоҳнинг Пайғамбарига озор бериш ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз ҳеч қачон дуруст эмас. Чунки бу Аллоҳ наздида оғир бўлган ишдир" (33:53)

Муллалар бу оятга қаттиқ эътибор беришлари керак:

"Қачон сизлар улардан/Набийнинг аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар, парда ортидан сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир".

Кўриниб турибдики, ҳижобни - эркаклар ва аёллар ўртасида парда/тўсиқни - буюрган ягона оят мана шу.

АММО! БУ ОЯТДА ҲИЖОБ ЭРКАКЛАРГА БУЮРИЛГАН! АЁЛЛАРГА (Расулуллоҳнинг аёлларига) ҲИЖОБ ОРТИДАН ГАПИРИШ КЕРАК БЎЛГАН ЭРКАКЛАР!

Муллача ҳижоб мантиғидан келиб чиқиб, эркаклар Пайғамбар хонимлари билан гаплашганда бошини ёпиб, (ҳижоб ўраб) кейин гапирмоқлари лозим!

Қуръондаги ҳеч бир оятда аёллар ёки эркаклар учун бошни ёпиш/ўраш ҳақида гап йўқ.

ХЎШ, УНДА АЁЛЛАР БОШИНИ ЁПСИН, ДЕГАН БУЙРУҚ ҚАЕРДАН ЧИҚДИ?

Мана энди аёлларни бошини ёпиш деган гап қаердан плагиат (кўчирма) этилгани сирини очамиз:

"Аёл киши бошига ҳеч нарса ўрамай ибодат қилса ёки Худонинг сўзини гапирса, эркакларга иснод келтиради, ахир, бошини ёпмаслик сочини қириб ташлаш билан баробар–ку! Агар аёл киши бошига бирор нарса ўрашни хоҳламаса, майли, сочини кесиб ташлайверсин. Агар калта соч ва қирилган бош аёл кишининг шарманда эканлигини кўрсатса, аёллар бошларига рўмол ўрасинлар.
Ўзингиз ўйлаб кўринг–чи, аёл киши бошини ёпмай Худога ибодат қилиши тўғрими?" (1 Коринфликлар 11:5,6,13)

Аёл киши бошини ёпиши керак, айниқса, "ибодат қилаётганида", деган гап христиан Библиясидан ўғирланган. Шунинг учун ҳам, католик роҳибалар бугунгача бошини ёпиб кийинишади. Энг охирги машҳур исмлардан Тереза Она (Mother Theresa) ва унинг католик роҳибаларини эсланг. Тереза Она бошини қандай ўрашни муллалардан ўрганмаган, балки муллалардан анча юзйиллар олдин келган Библия буйруқларидан ўрганган.

Муллалар Инжилдан бош ўрашни кўчириб олишиб, уни "Пайғамбар ҳадиси" ва бошқа шу каби сохта ҳикоялар орқали бозорини ўтказишга уриниб келганлар.

БИБЛИЯДА НИҚОБ - ФОҲИШАЛИК БЕЛГИСИ

Муллача ҳижоб рецептининг яна-да оғир шакли - НИҚОБ - аёлнинг юзини тўлиқ беркитиб, фақат кўзлари учун ёриқ қолдирувчи ёпинчиқ.

Ҳатто муллаларнинг ўзлари ҳам ниқоб ҳақида доим ихтилофда. Баъзи муллалар наздида, аёллар ниқоб кийиши шарт эмас, бошқаларига кўра, (масалан Толибон муллалари) аёлнинг юзи умуман кўринмаслиги керак.

Аёлларнинг юзи ҳам тўлиқ беркитилсин, деган ҳукм (ниқоб) Библиядан олинган.

Қуйида, Яҳудо ўз келини Тамара билан тўлов эвазига жинсий алоқа қилгани ҳақидаги ҳикояни келтирамиз.

Тамара юзини тамоман тўсиб олган/ниқоб кийиб олган эди. Шу тариқа ўз зиммасига маъбад фоҳишаси вазифасини олади.

"Кимдир Тамарага: “Қайнатанг қўйларининг жунини қирқаётганлардан хабар олгани Тимнахга кетяпти”, деб айтиб қолди. Тамара эгнидаги азадорлик либосларини ўзгартирди. Юзини рўмол билан беркитиб олди–да, Энайим шаҳри дарвозаси ёнида ўтирди.
Яҳудо Тамарани кўриб қолди. Тамара юзини беркитиб олгани учун Яҳудо: “Бу аёл фоҳиша бўлса керак”, деб ўйлади. Яҳудо йўл бўйида ўтирган Тамаранинг олдига келди. Бу аёл ўзининг келини эканини Яҳудо билмагани учун унга: “Мен билан бирга бўлгин”, деб таклиф қилди.
Шундай қилиб, Яҳудо... у билан бўлди. Тамара Яҳудодан ҳомиладор бўлиб қолди. Тамара уйига борди. Юзидаги ёпинчиғини олиб, азадорлик либосларини яна кийиб олди.
...шу ерлик одамлардан:
— Мана шу шаҳарнинг дарвозаси ёнида — йўл четида бир фоҳиша ўтирар эди, ўша фоҳиша қаерда? — деб сўради.
— Бу ерда ҳеч қандай фоҳиша йўқ, — деб жавоб беришди ўша одамлар.
Хирах Яҳудонинг олдига қайтиб келиб:
— У аёлни топа олмадим, — деди, — шаҳар одамлари ҳам, бу ерда ҳеч қандай фоҳиша йўқ, деб айтишди." (Ибтидо 38:13-22)

Библияда маъбад фоҳишалари, яъни жинсий алоқа қилиш учун ўз баданларини сотадиган НИҚОБли аёллар ҳақида ўргатади. Юзларини ниқоб билан беркитиш нафақат уларнинг кимлигини яшириш учун, балки уларнинг касбини реклама қилиш учун, ҳамда шу тариқа эркакларда қизиқиш орттириш учун эди.

Яқин Шарқда юзни беркитиш ёки ниқоб Маъбад фоҳишалари орасида узоқ тарихга эга.

ҚУРЪОНДАГИ ҲАҚИҚИЙ ҲИЖОБ

Хўп, унда Қуръондаги ҳақиқий ҳижоб нима?

"Қуръон тиловат қилганингда, сен ва охиратга ишонмайдиганлар орасига яширин ҳижоб жойлаштирамиз". (17:45)

Демак, Қуръонга иймон келтирганлар ва уни инкор этганлар ўртасида доимо ҳижоб/тўсиқбўлади. Қуръонга ишонганлар Қуръоннинг тўлиқ ва батафсил баён этилганига ишонади. Қуръонни инкор этганлар эса, "Қуръонни муллалар, ҳадислар ва ҳ.к.сиз тушуниб бўлмайди", дейди.

Қисқача қилиб айтганда, Аллоҳга, Расулига ва Қуръонга иймон келтирганлар билан имон келтирмаганлар ўртасида ҳижоб/тўсиқбор.

Фақат Аллоҳга, Расулига ва Қуръонга иймон келтирган нажот топади. Мулланинг сохта ҳадисларига иймон келтирганлар улкан зиёндадир.

Кўплаб минтақаларда аёллар ҳам, эркаклар ҳам бошини ёпиши керак. Масалан, Арктика эскимослари, чўл араблари ёки шунингдек, дашт ва қуруқ шамолли иқлимда яшовчи эркагу-аёллар. Бунинг аксига, иссиқ ва нам тропик иқлимда яшовчи эркак-аёллар иссиқ ва нам ҳавода серёмғир иқлимда бошларини ўраб юрса, бош оғриғи, соч ва тери муаммолари муаммоларига чалиниши ва бошқа турли хасталиклардан азоб чекиши мумкин. Аллоҳ ҳар бир инсонга нима кийиш/киймасликни билиш учун етарлича фаҳм-фаросат берган.

Аммо бирорта мулла "аёллар бошини ёпсин, бу Аллоҳнинг буйруғи", дейдиган бўлса, бу улкан ширк (бутпарастлик) бўлади. Аслида бу буйруқ христиан Библиядан кўчирилган буйруқ холос.

Улар ўз бутпараст (мушрик) эътиқодини ҳимоя қилиш учун бунчалик безовталик, беҳузурлик, кераксиз бош оғриғи, жазава ва ш.к. аҳволларга тушади. Нақадар ачинарли қисмат...