Оталари ақл ишлатмаган ва ҳидоятда бўлмаган эса-чи?
“Уларга: “Аллоҳ нозил қилган нарсага (Қуръон) эргашингиз”, дейилса, улар: “Йўк, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз”, дейдилар. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?!” (Бақара:170)
Ушбу оятга жуда қаттиқ ахамият бериб, ҳар бир жумлани диққат билан ўрганиб чиқиш лозим бўлади. Бу, бугунги мусулмонлар ўртасидаги келишмовчилик ва тушунмовчилик сабабларини очиқлаб беришга жуда катта ёрдам беради.
Оят нишонидагилар – “эргашаётганлардир”. Оятдаги “Уларга” хитоби иймонсизларга – кофирларга эмас, айнан “иймон келтирган”, қандайдир амалларни бажариб, ўзини мусулмон атаётган тоифага. Мусулмончиликда кимларгадир “эргашаётган” кимсаларга хитоб қилинмоқда.
Аллоҳ таоло уларни “эргашамиз” дегувчилар деб атамоқда.
Албатта, мусулмонларнинг жуда кўпчилиги: “Аллоҳнинг пайғамбарига эргашмоқдаман, қолаверса, устозларимизга эргашмоқдамиз-ку” – деб айтадилар, шундай деб биладилар, хитоб худди мана шуларга, ўша “эргашмоқдамиз” дегувчиларга бўлмоқда.
Мусулмонларнинг жавоби токи “Оталаримизга эргашмоқдамиз-ку?!” бўлар экан, “Қуръонга эргашамиз!” бўлмас экан, бу оятдаги савол то Қиёмат шундай жаранглайверади, айтилаверади …
Қуръон қўйган талаб – Қуръонга эргашиш бўлгани учун ҳам, Аллоҳ уларнинг жавобларига ажабланиш ва хайратланиш билан қарши савол оҳангида жавоб қилмоқда.
Асл жавоб: “Лаббайка, Роббим, Қуръонга эргашамиз!” бўлиши керак эди.
Оталаримиз ДИНда нима ишлар қилган бўлса, бизлар уларни нима ишларда топган бўлсак, худди ўша ишларни биз ҳам қилиб бормоқдамиз-ку, эргашмоқдамиз-ку ?!” – деб жавоб қилишади.
Бир қарашда, мусулмонларнинг жавоблари, тўғридек, сабаби, улар албатта ота-боболари кўрсатган ДИН ишларини тўғри деб билганлари учун ҳам, кўнгиллари тўқ, ўзларини “тўғри йўлдамиз” деб биладилар. Аммо Аллоҳ таоло эргашаётганнинг бу жавобини савол остига олмоқда.
Оят зинҳор “Жуда яхши, оталарингизга эргашаётган бўлсангиз жуда яхши” – демади, “Уларни ақли ишлаганмиди-йўқми, ҳидоятда эдиларми-йўқми, буни текшириб билдингизми-йўқми ёки кўр-кўрона эргашиб кетмоқдамисиз?!” деган саволлар билан давом этмоқда. Оят бизни тафаккур қилишга ундамоқда, сўроққа тутмоқда.
Келинг, бир фикр юритиб кўрайлик. Аввало “оталаримиз ким?” Шунга аниқлик киритиб олайлик.
“Оталаримиз” жумласига – ҳадис ва ривоятлар нақл қилган устоз “ота”лар, мазҳаббоши “ота”лар, домла “ота”лар, шайх “ота”лар ва ўз оталаримиз, хуллас ким-ки ДИНдан сўзлаган, ДИН “йўлини кўрсатган”, ўзига “эргаштирган” бўлса, ана ўшаларнинг барча-барчаси шу маънода “оталаримиз” ҳисобланади. Шундай эмасми?
“Оталаримиз” деганда, шуларнинг барчасини тушунамиз, чунки булар ўз ортидан минг йиллар давомида юз минглаб, миллионлаб мусулмонларни “эргаштирдилар”, эргаштирмоқдалар.
Буларни барчасини эслашдан, тилга олишдан ягона мақсад – оталар эргаштирган йўллари нечоғлиқ Қуръонга мос – Аллоҳга мақбул эканини билиш, кўриб чиқиш, оят назарда тутган “ота-боболар”ми-йўқми, бир оз ақл ишлатиб кўриш, оят давомидаги савол жумласининг биздан истак ва талабига эътибор ила тафаккур қилиш. Бу, менинг талабим эмас, бу Қуръон оятининг талаби, Аллоҳ таолонинг талабидир.
Асли, Уларга ҳам, (ўша “оталаримизга” ҳам) айнан шу, бизларга бўлаётган “Аллоҳ нозил қилган Қуръонга эргашинг!” хитоби улар Қуръон ўқиган чоғларидаёқ қилинганди.
Мусулмонларни бирор хатоликка, Қуръондан ўзга йўлдан кетишдан бўлган хавотир – унинг олдини олиш ўша ота-боболаримизга ҳам хитоб ва огоҳ ила Қуръонда янграганди.
Аммо улар бунга қанчалик амал қилганлар?
“Валлоҳу аълам” дейишингиз мумкин. Тўғри, Аллоҳ билишга-билади, албатта, аммо Аллоҳ билмаганидан сўрётгани йўқ, “Сен билдингми-йўқми?” – деб биздан сўрамоқда, бу савол, оятдаги жумла мазмунида ётибди. “Оталари ҳеч нарсага АҚЛИ етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?!”
Бизнинг мақсадимиз, уларни жаннат ёки жаҳаннам аҳлига ажратиш эмас. Бундай ажратиш Аллоҳнинг иши. Бизнинг мақсадимиз – Қуръон оятидаги талабдан келиб чиқиб, агар эргашадиган бўлсак, аввал билиб-эргашиш, сўнгра бирор амал қилиш, ҳаётимизни шунга кўра қуришдир.
Ўша оталаримиз қилган – биз кўрган эшитган ишлар Қуръонга қанчалик тўғри? Шуни билишимиз лозимки, “билиб сўнг эргашинг” демоқда оят.
Биринчи хитоб – Қуръонга эргашинг! бўлса, уларнинг жавобидан кейинги жумла савол тарзида, яъни “Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган бўлсалар ҳам-а?!”.
Демак, оят талаби оталар ишларини “олиб” – Қуръонга кўра текширишни талаб қилмоқда биздан, агар уларнинг ДИН ишлари Қуръонга мос бўлса – нур устига аъло нур, агар мос келмаса – унда биздан ақлни ишлатишимизни, кўр-кўрона эргашмасликни талаб қилмоқда.
Дунёдан ўтиб, вафот этиб кетган одамларни, яъни “оталарни” ҳам ақл ишлатган-ишлатмаганини билсак бўладими?! Оятдан чиқадиган хулоса, билишимиз зарур экан. Аммо қандай?
Жавоб шу: Улар айтган гап-сўзлар (хадис), улар қилган, мерос қолдирган амалларини ҳаққ ва ботилни ажратувчи ягона ДИН манбаи бўлган Қуръон орқали текшириб, биламиз.
Бу текшириш ҳам менинг талабим эмас, бу ҳам Аллоҳнинг талаби – юқоридаги оят талабидир. Демак, аввало биз учун оталаримиз ақл ишлатган ёки ишлатмаганлигини билиш бўлди.
Буни билишнинг энг қулай йўли – биргина оят маъносини англаш, оят эса шу: “Аллоҳнинг ҳузурида маҳлуқларнинг энг ёмони, албатта, (Қуръонга нисбатан) “кар ва соқов” бўлиб, АҚЛ ишлатмайдиганларидир”. (Анфол,22-оят)
Нафақат оталаримизни, балки, барча-барчани ақл ишлатган-ишлатмаганлиги биргина шу манба – Қуръонга қулоқ солиш, унинг талабларига эътиборли бўлиш, унга амал қилиш-қилмаслигига кўра “ақл ишлатган ёки ишлатмаган” дея баҳо берилар экан. Қуръон эса – Ақл эгалари учундир.
Қуръон – ота-боболарни ақл ишлатган-ишлатмаган эканини билишни (таҳлил этишни) ҳам бизга қолдириб ўтирмай – ўзи айтиб қўя қолди. Ақл ишлатмаганлари – Қуръонни эшитмаган (кар), ундан сўзламаган (соқов) – Қуръон буюрмаган амалларни қилганлар ва бошқаларни ўша амалларига эргаштирганлар.
Ақл ишлатганлар эса – ҳар бир оят устида тафаккур қилиб, унга қулоқ осиб, унинг маъно ва талаблари ҳақида сўзлаб, унга кўра амал қилганлар ва бизни ҳам ўз ортидан эргаштирганлар бўлиб чиқмоқда. Мана шулар – оятдаги “ақл ишлатмаган бўлсалар ҳам-а? ” – маъносини очиқлайди.
Навбатдаги оятнинг биздан талаби, уларни хидоят топган-топмаган эканини билиш бўлмоқда: ” … ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?!”
Бу нима учун керак? Буни ҳам билишимиз мумкинми, керакми?
Кераклиги шундаки, Аллоҳ таоло бизларни адашиб кетишдан огоҳлантирмоқчи бўляпти. Зеро, хидоятга эргашганлар, хидоят топганлар кимлар бўлиши хабари бизларга келган – нозил бўлган-ку …
“Ким Аллоҳ (китоби)га боғланса, муҳаққақки, тўғри йўлга – хидоят қилинибди”. (Оли Имрон:101)
Мана, оят мазмунидан келиб чиқиб, ҳар бир “эргашувчи” мана шу юқорида келтирганимиз ишларни қилиб-текшириб, истаганларича эргашаверсинлар. Истасалар Қуръонга эргашсинлар, истасалар “оталар йўли”га эргашсинлар.
Қуйида эса, ўша, “оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз” – деб оёқ тираб туриб олгувчи мусулмонларга, “ЭРГАШИШ”га оид бўлган бир қанча Қуръон оятларидан ҳавола қилмоқчиман.
“Уларга: “Аллоҳ нозил қилган нарсага (Қуръонга) эргашингиз”, дейилса, улар: “Йўк, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз”, дейдилар. Оталари ҳеч нарсага АҚЛИ етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?!”(Бақара:170)
“Улар қачон бирон бузуқ иш (“иш” – дин) қилсалар: “Ота-боболаримизни шундай ҳолда топганмиз, Аллоҳ ҳам шуни буюрган бизга” – дейишади”. (Аъроф:28)
“Ва (фақат) ваҳйга эргашинг!”(Аҳзоб:2)
“Аллоҳнинг ҳузурида маҳлуқларнинг энг ёмони, албатта, (Қуръонга нисбатан) “кар ва соқов” бўлиб, ақл ишлатмайдиганларидир”. (Анфол:22)
“Ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма!” (Исро,36)
“Албатта, ушбу (Қуръон)да ибодат қилгувчи қавм учун, етарли нарса – бордир” (Анбиё:106)
“Биз нозил қилган муборак Қуръон – шудир. Бас, унга – эргашингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз!” (Анъом:155)
“Агар ер юзидаги кўпчиликка эргашсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан оздиради. Улар фақат гумонга эргашадилар ва фақат алдайдилар, холос” (Анъом:116)
Муҳаммад Абдуллах