Иддаоларга жавоблар №9 (Тиловат қилинмаган ваҳй ҳам борми?)
Иддао № 9
Ваҳий икки турли бўлади, “ваҳй матлу”, яъни Қуръонда ёзилган ва тиловат қилинадиган ваҳй, ва “ваҳй ғайри матлу”, яъни ваҳй қилинган, аммо Қуръонга ёзилмаган, тиловат қилинмаган ваҳй. Бу иккинчи ваҳй тури, бугунги ҳадис китобларидаги ривоятлардир.
Иддао №9га жавоб
Олдинроқ келтирилган оятлар шуни исботладики, Аллоҳнинг Муҳаммад а.с.га юборгани ягона ваҳй бу – Қуръондир. Қуръон, ваҳй бўлган ва Аллоҳ тарафидан қўриқланган ягона манбадир. Бу жавобда келтирадиганимиз оятлар, ваҳйнинг тиловат қилинган ва қилинмаган дея иккига айирувчи иддаоларни ботилга чиқаради.
Раъд сурасида Аллоҳ элчи юборишдан мақсади – элчининг ўзига нозил қилинганни муъминларга тиловат қилиши, ўқиб бериши экани айтилади. Бу оят шуни кўрсатадики, ваҳй фақат тиловат қилиниш учун нозил қилинган ва нимаики ваҳй қилинган бўлса, тўлиғича муъминларга ўқиб етказилган.
“Мана шундай қилиб, Биз сени авлодлардан кейинги бир авлодга, Биз сенга ваҳй қилган нарсаларни тиловат қилиб беришинг учун элчи қилиб юбордик” (Раъд:30)
Бу оятдаги “Биз сенга ваҳй қилган нарсаларни тиловат қилиб беришинг учун” ифодаси ҳам шуни очиқ-ойдин кўрсатмоқдаки, ваҳйнинг ягона тури бор, у ҳам бўлса “ваҳй-и матлу”, яъни тиловат қилинадиган ваҳй.
Фотир сурасида айтиладики, ваҳй Аллоҳнинг Китобида мавжуд ва аниқ ҳақиқатни ўз ичига олади:
“Биз сенга ваҳй қилган Китоб – ўзидан олдингиларни тасдиқловчи Ҳаққдир” (Фотир:31)
Қуйидаги оятда эса, элчининг вазифаси – ўзига ваҳй қилинганни инсонларга тиловат қилиш экани билдирилади:
“Сен фақат Раббингнинг Китобидан Сенга ваҳй қилинганларини тиловат қил! Унинг сўзларини ўзгартиргувчи йўқдир” (Каҳф:27)
Элчининг ўзи, Аллоҳнинг Китобидаги ваҳй билан инсонларни огоҳлантирган:
“Сизларни ва Қуръон етиб борганларни огоҳлантиришим учун менга мана шу Қуръон ваҳй қилинди” (Аъроф:19)
“Айт: “Мен сизларни фақат ваҳй билан огоҳлантираман. Гунглар огоҳлантирилаётган вақтларида даъватни эшитмаслар”. (Анбиё:45)
Қуръоннинг ушбу оятларидан очиқ кўриниб турганидек, ваҳй фақат Қуръонда ёзилган ва тиловат қилинадиган ваҳйдир, бундан ташқарида ваҳй йўқдир. Пайғамбарга “матлу” ва “ғайри-матлу” дея икки турли ваҳй келди, бирини тиловат қилган, бошқасини тиловат қилинмаган, деган иддаолар, Қуръонга тамоман хилофдир. Ҳукм ҳам, раҳбарлик ҳам, ўгит ҳам эслатма ҳам фақат мана шу Қуръонимизнинг икки муқоваси орасида жамъдир:
“Аллоҳдан ўзгани ҳакам қилиб олайми?! Ахир Унинг ўзи сизларга бу китобни муфассал ҳолда нозил қилган зот-ку?” (Анъом:114)
“Дарҳақиқат, Биз уларга ўз илмимиз билан муфассал баён қилган бир Китоб келтирдикки, у иймон келтирувчи қавм учун ҳидоят ва раҳматдир” (Аъроф:52)
“Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, борми бирон эслатма-ибрат олгувчи?” (Қамар:17)
“Ахир уларга тиловат қилинаётган шу Китобни сенга нозил қилганимиз улар учун етарли эмасми?! Албатта унда иймон келтирадиган қавм учун раҳмат ва эслатма бордир” (Анкабут:51)