June 7, 2021

Ҳижоб мавзуси

Бир неча кунлардан бери ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган долзарб, мунозарали мавзу «Ҳижоб» мавзусига, хусусан мактаб ўқувчи қизларининг рўмол ўрашлари расман чекланиши билан боғлиқ мавзуга прагматик ёндашув асносида, жамиятимизда ўртага чиққан низоли бу вазиятнинг амалий ечимларини излаб, мушоҳада ва мулоҳаза қилишни ва ўз хулосаларимизни баён этишни лозим топдик.
Кўриб турибмизки аҳолимизнинг диндор қатлами ҳижоб атрофидаги шов-шувларни кўтариб, ўзларининг диний талабларини кучайтиргани сари, давлат томонидан чекловлар ҳам тескари пропорционал бир тарзда кучайтирилмоқда. Диндорлар ўзларининг эътиқодий қарашларини муросаасиз илгари сургани сари, давлат ҳам қонунлар доирасида муросаасиз қарорлар қабул қилмоқда.
Аввало ҳар иккала тараф Хақни хақлигини қабул қилиб, хақиқатни кўрабилишлари керак. Ҳижоб мавзусидаги низоли икки тараф бу, муллалар ва уларнинг таъсири остидаги диндор қатлам, ҳамда давлат. Яъни, ўз диний атрибут ва элементларини ҳимоя қиляпган мусулмонлар ҳамда мусулмон ва номусулмоналарни қамраб олган қарийб 33 млн фуқароларнинг хавфсизлиги, ижтимоий барқарорлиги ва ҳ. масалаларда масъул бўлган Давлат.
Ҳижоб атрофидаги мунозарага барҳам бериш, ҳар иккала тарафнинг умумий консенсусга келиши учун реал воқеъликни ростгўйлик билан тан олишни тақазо этади.

1. ДИН ПЕШВОЛАРИ МУНОСАБАТИ

Муллалар бу масаланинг хақиқатини тан олиб очиқ айтишлари лозим. Хақиқат шуки, бугунги кундаги арабларнинг маданияти, урфи билан боғлиқ бизга маълум форматдаги ҳижоб стандарти — бу Аллоҳнинг буюрган фарзи эмас.
Ҳижоб борасида одатда далил қилиб келтириладиган Нур 31 ҳамда Аҳзоб 59 оятлари аввало бевосита Пайғамбарга, унинг оиласига ва Пайғамбар замонидаги мўъминаларга тааллуқли қилиниб, ўша замон воқеълигидан келиб чиққан ҳолда , ўша давр ижтимоий вазиятидаги муаммоли ҳолатларни бартараф этиш учун тақазо қилинган бир ечимдир.
Хўп, у ҳолда ушбу Аллоҳнинг оятлари бошқа давр мўъминалари учун тегишли эмасми?- деган савол пайдо бўлиши табиий. Албатта тегишли. Аллоҳнинг буйруқлари қиёматга довур яшаб ўтадиган умматлар учун тегишлидир. Аммо 1000 йиллардан бери умматга дин деб сингдирилиб келинган ҳижоб, ниқоб, миқна, насиф,паранжи, чиммат стандартларида бўлиши фарз деган мазҳабий кийиниш стандарти шакллари, Қуръонга кўра мавжуд эмас. Бу хақда аввалги мақолаларимизда етарлича тушунча бериб ўтганмиз.
Қуръон қайси муаммоларни бартараф этмоқчи? Мўъминаларга айнан нимани буюряпди, нима учун буюряпди? Қуръон мўъминаларни нимадан огоҳ этяпди? Буни билиш учун яна Қуръоннинг ўзига мурожаат этамиз.
Нур сурасини ўрганганимизда, суранинг кайфиятидан шу маълумки, Аллоҳ эътибор қаратишимизни истаган муаммо, иллат зино хақида, зинони олдини олиш, жамиятда бу иллатнинг тарқалишига барҳам бериш, зино ва фаҳшни ёювчиларга нисбатан муросасиз курашиш, уларга қўлланиладиган жазолар, охиратдаги жазодан огоҳлантириш, зино ва жинсий тажовузга олиб борувчи йўлларни бирма-бир санаб ўтиб, бундан қатъиян тийилиш шартлигини белгилаш, мўъминаларнинг бундай тажовузлар таҳликасидан озорланмаликлари учун кўрсатмалар берилганлигини гувоҳи бўламиз. Нур сурасида ички муаммолар ва унинг ечимлари ёритилган.
Аҳзоб сураси ҳам шунга ўхшаш мавзуни ёритиб беради, фақат муаммолар кўлами ички миқёсда эмас, балки кенгроқ олингани ҳамда ташқаридан келадиган хавф-хатар ва таҳликалардан ҳам сўз юритилади. Бу сурада ташқаридаги қавмларнинг Муҳаммад а.с. барпо этган жамиятга, қавмга келиб, уни ичидан бузишга қаратилган ҳаракатларни, уринишларни, хуружларни тўхтатиш ва уларга қарши муносиб жавоб бериш хақида баён қилинган.
Юқорида айтганимиздек, бу иккала сурадаги ҳижобга оид бўлган оятлар, ўз давридаги ижтимоий вазият тақазо этган бир ечим кўринишларидир.
Ҳозирги кунимизда биз ушбу оятлардан қандай хулоса чиқаришимиз керак? Бу оятлардаги кўзланган мақсадни тўғри англашимиз зарур. Бу оятлардаги асосий мақсад:

1. Аёлларнинг танилмоқлари: Буни қандай тушунамиз?
Жамиятда аёлларнинг мўъмина ўлароқ танилмоқлари, енгилтабиатли, ахлоқсиз, фоҳиша ва бузуқ аёллардан кескин фарқларга эга қиёфада, кийиниш услубида ажралиб туришлари мақсади кўзлангандир.
Енгилтабиатли , ахлоқсиз аёллар ўрта асрларда ҳам, ҳозирда ҳам қандай кийинишлари ҳаммага маълум. Эркакларни ўзига жалб қилувчи, ниҳоятда очиқ-сочиқ, аёллик зийнатларини кўз-кўз қилувчи кийимлар кийилган. Мўъмина аёллар эса бундай кўринмоқликдан тийилишлари, фоҳиша ва ахлоқсиз аёллардан ташқи қиёфа билан кескин ажралиб туришлари буюрилган.

2. Озорларга дучор бўлмасликлари:
Ахлоқсиз , енгилтабиатли аёллар каби кийиниш албатта эркакларнинг эътиборларини тортиб, гап отишлар, тегажоқлик, тажовузкорликни юзага келтириши тайин. Модомики мўъмина аёллар фарқли ўлароқ кўкракларини тўсиб, жилбобларини ўзларига яқин қилиб юришлари буюрилган экан, бундай кийиниш услуби тажовузлардан сақланиш, озорларга дучор бўлмасликларига восита бўлмоғи керак. Демакки аёл-қизлар ҳар-хил озор ва тажовузларга сабаб бўладиган кийиниш шаклидан қайтарилади. 7 Аср ва бугунга кунимиздаги кийиниш шакли, урфи фарқли бўлиши табиий, лекин айни мақсадга хизмат қилиши керак.
Араб ўлкаларида қабул қилинган кийиниш формати бу ягона диний вожибот эмас. Дин пешволари буни англашлари, тан олишлари ва жамиятга очиқ айтишлари лозим.
Бугунги кунгача диндаги фарз деб сингдирилиб келинган, бир биридан фарқли ва ихтилофли бўлган ҳижоб, ниқоб, бурқа, миқна, насиф, паранжи-чиммат, аёлларнинг аврат ўринлари борасидаги мазҳаблар фатволари, ўз даврида инсонлар ижоди, ижтиҳодлари, изланишлари ва интеллектуал имконлари даражасида шаклланган ва қабул қилинган хулосаларидир.
Бу мавзуда Ислом манбаига, яъни Аллоҳдан келган ягона ваҳйга мурожаат қилганимизда қиёматга қадар барча манзилу-маконлар, барча жамиятлар, қавмлар, халқлар, турфа маданиятлар ҳамда қадриятларни қамраб олувчи аниқ ва кенг имкониятли манзаранинг гувоҳи бўлдик.
Бугун эса муслима аёл-қизларимиз ҳижобни диний амал, Аллоҳнинг фарзи , ҳижобланмаса динга қарши бўлиб қолиши, гуноҳкор бўлиб қолиши ва натижада жаҳаннам азобига гирифтор бўлишлари мумкинлигидан қаттиқ қўрқувдалар ҳамда бундай эътиқодлари мажбурлаш, қўрқитиш устига шакллангандир. Фиқхий таълимотларга асосан шакллантирилган ушбу сунъий эътиқодни қайта кўриб чиқиб, Қуръон амрига мувофиқ янги ва тўғри баҳо бериб, либераллаштириш эҳтиёжи долзарб мавзу бўлиб қолмоқда. Ҳижоб мавзуси атрофидаги оммавий психоз, можаро ва низо ҳолатини муаммо даражасидан тушуриш учун ташланажак илк қадам шу.
Инсониятнинг илк яратилиш даврларида дресс-код формати яланғоч юриш бўлган. Одам ва Ҳавво қиссалари, ривоятлар, тарихий маълумотлар шунга яққол ишора қилади. Ўша ибтидо даврларидан то бугунги кунимизгача Аллоҳ томонидан нозил қилинган илоҳий динлар элчилар тарафидан башариятга етказилиб келинди. Инсониятнинг либосланиш тарзи турли даврларда ва барча манзилу-маконларда доимо турфа хил бўлиб келган.
Бу жараён албатта инсониятнинг ер юзига кенг тарқалганидан сўнг, жойларда юзага келган турфа маданиятлар, урф-одатлар, анъаналар, қадриятлар, дунёқарашлар ҳамда ҳар бир жамиятнинг (қабиланинг, қавмнинг) этник-ментал тушунчаларидан, қарашларидан келиб чиққан қоидаларига асосланиб шаклланган.
Шундан кўрамизки либосланиш шаклини Аллоҳ таъоло инсонлар ихтиёрига қолдирган. Бутун дунёга битта стандартни жорий қилиб, унга амал қилмаганларни гуноҳкор сифатида жазога тортиш Аллоҳнинг мақсади, иродаси эмаслиги аниқ ва равшан. Фақат, жамиятлардаги шаклланган дунёқарашга асосан аёлларнинг инсоний омиллар натижасида озорланишлари, тажовузларга рўпара бўлишларидан муҳофаза қилиш мақсади, Аллоҳ томонидан огоҳлантирувчи ва тавсия характерига эга бўлган ваҳйлари орқали нозил қилинди. Шу сабабли аёллар ўзлари яшаб турган жамоатдаги ахлоқий нормаларга зид бўлмаган кийиниш тарзини танлашлари айни муддао.

2.ДАВЛАТ МУНОСАБАТИ

Ҳижоб атрофидаги низоли масалада иккинчи тараф- Давлат. Мазкур бўлимда биз давлатнинг аёл-қизлар кийиниш услубига бўлган позицияси ва муносабатини кўриб чиқамиз.
Давлат ҳам хотин-қизларнинг рўмол ўрашларига бир тарафлама қатъиян тақиқ қўйиши мақсадга мувофиқ эмас. Бунинг бир неча сабаблари бор.
Бевосита юртимизда мактаб ягона формаси тўғрисида қабул қилинган Вазирлар маҳкамасининг 666-сон қарорига юзланамиз. Мактаб формаси нима? Барча ўқувчилар ўқиш даври мобайнида, ўқув даргоҳи ҳудудида кийишлари керак бўлган, уст ва ост кийимлардан иборат жорий қилинган стандарт униформадир. Ҳукумат томонидан маълум бир униформа жорий қилиндими, демак барча ўқувчи ёшлар ушбу қоидаларга амал қилишлари шарт. Хўп, у ҳолда низоли вазият қаердан пайдо бўлиб қолди? Бошни ўраб турувчи кийим, ёки ост кийим- юбканинг тиззадан 8-10-12-25 см тушиб туриши принципиал равишда тушунмовчиликларни келтириб чиқаришга арзирли ҳолми?
Ҳолбуки, мактабларга диний либосда келиш тақиқланар экан, жорий қилинган мактаб униформасига қўшимча равишда бошга рўмол ўраб олиш диний либос бўла олмайди.
Келинг, конституция ва бошқа мавжуд қонунлар муҳокамасини ўз эгалари хуқуқшуносларга қолдирамизда, кундалигимиздаги дуч келишимиз мумкин бўлган вазиятлардан мисол келтирамиз:
Иқлимий шароитлар, кунларнинг совуши, ўқув даргоҳларидаги иситиш шароитларидаги муаммолар, ўқувчиларнинг соғлиғи билан боғлиқ ҳолатлар мазкур қарорнинг тегишли бандини қайта кўриб чиқиш учун асос бўла олади. Аксарият ҳолларда аёл-қизларнинг анъанавий бош кийими рўмол эканини ҳисобга олсак, юқорида тилга олганимиз вазиятларда , ўқувчи қизларнинг бошларига қандай бош кийим кийишлари мумкинлиги саволи ўртага чиқиши ғоят табиийдир. Вазият тақазо этганда қандай бош кийим кийиш мумкинлиги хақида қарор бандида келтирилмаган, кийиш мумкин бўлган бош кийим рўйхати тузилмаган. Демак қарорнинг рўмол тақиқи билан боғлиқ банди олиб ташланиши керак, ёки қандай бошкийимлар кийиб муассаса ҳудудида юриш мумкинлиги рўйхати келтирилиши лозим. Бу бир мисол ўрнида.
Биринчи бўлимда айтиб ўтганимиздек, дин пешволари рўмол ўраш ихтиёрий иш ва шахсий танлов эканлигини очиқ эълон қилишлари керак. Шу билан бирга ҳукумат ҳам рўмол ўрашга бўлган тақиқларни тамоман ечиши тўғри бўлади. Рўмол ўраш ягона униформа қоидаларига зид деб баҳоланмаслиги керак.
Муслималар эса ўз оилалари миқёсида бу масалани ҳал қилишади. Агар яшаб турган жамоатларида тажовуз ва озорларга дуч келиши хавфи бўлса ва ҳаказо бошқа сабаблар ўртага чиқса, бемалол рўмолларини ўраб юришлари мумкин бўлади. Рўмол ўраш билан ҳеч қандай қахрамонлик содир бўлмагани каби, рўмолсиз юриш ҳам ҳеч қандай гуноҳ эмаслиги, азобга, жаҳаннамга элтувчи элемент эмаслигини барча аниқ тушуниб олиши шарт. Шу тариқа рўмол ўраш-ўрамаслик эркинлиги тўлиқ таъминланади.
Дарвоқеъ, бу мавзуда кўпчиликнинг ҳаёлига келмайдиган яна бир психологик даражадаги фактор мавжуд.
Яратилишига кўра аёл-қизлар, ҳам физиологик, ҳам психологик жиҳатдан эркакларда деярли кузатилмайдиган кескин фарқлиликларга эга. Қизларда доим нимадандир комплексация сезиш фактори доим актуал мавзудир. Мисол учун баъзи қизлар рўмол ўраб юришни ўзларининг латофати, гўзаллиги элементларидан бири деб ҳисобласа, бошқалар аксинча рўмолда қандайдир дискомфорт хис қилишлари мумкин. Содда тил билан айтганда, кимгадир рўмол ярашса, бошқага ярашмаслиги мумкин. Турли комплекслардан фориғ бўлишда либосланиш муҳим ўрин эгаллайди. Шунинг учун рўмол ўраш орқали ўзларини мукаммал ҳис қиладиган психика соҳибаларини бу имкониятдан мосуво қилиш хатолик бўлади.
Аёл қизларнинг бош кийимларини қай тарзда кийишларига ҳеч бир дин пешвоси ҳамда ҳеч бир мутасадди давлат ходимлари мудоҳала этмаслиги таъминланиши ўта муҳим.

ЯКУНИЙ ХУЛОСА

Дин пешволари бу мавзудаги хақиқатларни тан олиб, халққа баён қилганларидан кейин, давлат ҳам мувофиқ тарзда ўз сиёсатини ўрнатади. Ҳар қандай ўқув даргоҳларида (балки ишхоналарда ҳам) ягона униформа стандарти жорий қилинган вазиятларда, бош кийим билан боғлиқ атрибутика ва элементлар шахсий эркинликлар доирасида қолдирилади. Мана шундагина бу масала оғриқли ва баҳс-мунозараларга сабаб бўляпган категориядан чиқиб кетади.

Мусулмонлар эса жамиятни рўмолли, рўмолсизга ажратмай, рўмолсиз юрганлар шаънига турли тахқирловчи гаплар, хақоратлар изҳор қилмасдан, ўзларининг маданият ва маънавият даражаларини юксалтириш учун ҳаракатланмоқлари шарт!

Вассаламу алайкум

Дилнур Камилов