Салот ҳақида
الصّلوة [салот] калимасининг ўзаги, ص ل ى [С-Л-Й] ва ص ل و [С-Л-В] ўзакларидан ясалгани эҳтимоли юқоридир, араб тили грамматикаси қоидаларга кўра, ҳар икки ўзакдан ҳам ясалган бўлиши мумкин. Зеро ҳам ص ل ى [С-Л-Й] ҳамда ص ل و [С-Л-В] калималари, сўнгги харфи “ҳарфи-иллат” бўлгани боис, “ноқис”дирлар ва бу ўзаклардан янги бир сўз ясалганида, ўзакнинг охиридаги харфи-иллатлар тушиб, бошқа харфга ўзгаради. Бундай ҳолатда, ясалган калима қайси ўзакдан ясалгани борасида жиддий бир тадқиқот олиб борилмагани тақдирда, баъзи муаммолар юзага чиқиши мумкин. Хусусан, ص ل و [С-Л-В] ўзагидан бўлган сийғаларнинг кўпчилигида و [вов] ҳарфи, “қалб” [ўзгариш] натижасида ى [ё]га айланади ва бу тарзда ясалган калималар, бир қарашда ص ل ى [С-Л-Й] ўзагидан ясалгандек кўринади.
Бундай ҳолларда Қуръон оятларини тўғри англаш учун биринчи қилинадиган иш – ҳар икки ўзакнинг маъноларига қарашдир. Шундай экан, الصّلوة [салот] калимасининг ясалгани муҳтамал икки ўзак, яъни ص ل ى [С-Л-Й] ва ص ل و [С-Л-В] ўзакларининг маъноларини кўриб чиқамиз.
1. صلى [солаа, силаа]; “ёқмоқ, ёндирмоқ, пиширмоқ, ўртамоқ, оловга ташламоқ-оташга кирмоқ” маъноларини билдиради. Қуръондаги Ҳааққа сурасида бу калима мана шу маънода келади:
“Сўнгра жаҳаннамга улоқтиринг уни [صلّوه/соллууҳу]” (Ҳааққа/31)
Айни маънода бу калима Қуръондаги бир неча оятда келади: إصلوها [иславҳаа], يصلى [яслаа], وسيصلون [ва-яславна], ساصليه [са-услийҳи], لايصلاها [лаа яслааҳаа].
Бироқ, мавзуимиз бўлмиш “Салот” калимасининг ўзагини [С-Л-Й] дея олсак, у ҳолда Қуръонда келган барча الصّلوة [салот] калималарини ва ундан ясалган ўзакдош сўзларни “ёқиш, ёндириш, оловга отиш” маъносида тушуниш керак бўлади, бу ҳолда, масалан, Кавсар:2-оятидаги صلّ [соллий] амридан, “уни оловга ташла” ёки Аҳзоб:56-оятидаги صلّواعليه [соллу алайҳи] ифодасидан, “уни оловга отинглар” каби маънолар чиқади. Шунинг учун, “Салот” калимасининг ўзагини [С-Л-Й] дея олиш тўғри бўлмайди.
2. ص ل و[С-Л-В]: Феъл ўлароқ қўлланилганида, бу калима “юк олмоқ, бирор юкни (инсон мисолида) елкасига олмоқ, зиммасига олмоқ, (ҳайвон мисолида) устига юкламоқ” маъносини билдиради. Калиманинг исм ўлароқ маъноси ҳам “сон” (луғатда – инсон ва ҳайвонлардаги “бел ва тизза орасидаги бўлга”), “юкламоқ” эса сонни горизонтал ҳолга келтириб, бир юкнинг остига узатиш ҳаракатини билдиради, “зиммага олмоқ” эса бир юкни елкага олиш, юкнинг остига кириш, юкка дастак беришни ифода этади.
Бизга кўра, салот калимасининг ўзаги [С-Л-Й] эмас, балки [С-Л-В] дейиш тўғрироқдир. Калиманинг асли эса صلوة [солват] бўлиб, ўзак калима ноқис [сўнгги ҳарфи иллатли] бўлгани сабабли, умумий грамматик қоидаларга биноан صلوة [солват] калимаси,الصّلوة [салот] шаклига ўзгаргандир. Хусусан, калиманинг кўплик шакли бўлмиш صلوات [солавот] калимасида ҳам, ўзак калиманинг асл ҳарфи бўлмиш و [вов] очиқ шаклда билинади. Бу ҳолат, бошқа кўплаб калимада ҳам учрайди. Масалан, “ғазо” [урушди, жанг қилди] калимасининг ўзаги غزوة [ғазват] бўлиб, кўплик шакли эса غزوات [ғазавот] дир. Бошқа феъл сийғаларида ҳам “ғазо” калимасидаги “вов” ҳарфи, ى [ё] ҳарфига айланади ёки бутунлай тушади. Зотан “салот” калимасининг, С-Л-В ўзагидан ясалгани борасида иттифоқ мавжуд экан, бир маъно чалкашлиги бўлмасин дея мусҳафларда “салот” калимаси, الصلاة шаклида ا [алиф] билан эмас, балки الصّلوة шаклида و [вов] билан ёзилади.
Бошқа тарафдан, صلو [С-Л-В] ўзагидан ясалган صلّى [соллаа] калимасининг маъноси, Қиёмат:31-32-оятда, ҳеч қандай янглиш маънога имкон қолдирмайдиган шаклда аниқ-равшан очиқланади:
فلا صدّق ولا صلّى ولاكن كذّب و تولّى [фа-лаа соддақо ва-лаа соллаа, ва-лаакин каззаба ва таваллаа – Бас у на тасдиқлади, на дастаклади, аммо ёлғон деди ва юз ўгирди/чекинди].
Кўриб турганимиздек, юқоридаги оятда тўртта амал зикр этилмоқда, амаллардан иккитаси қолган иккисининг зид маъноли муқобили ўлароқ кўрсатилган. Яъни صدّق [соддақо] тасдиқлади – كذّب [каззаба] ёлғон деди, صلّى [соллаа] дастаклади – تولّى [таваллаа] юз ўгирди/чекинди калималари ўзаро қарама-қарши маънодадир. Ўз шакли жиҳатидан “давомийлик” маъносини билдирувчи “таваллаа” калимаси; “доим чекинмоқ, доим юз ўгирмоқ, доим лоқайд қолмоқ, бепарволик, сусткашлик қилмоқ” каби маъноларни бергани боис, تولّى [таваллаа] калимасининг зидди бўлган صلّى [соллаа] калимаси “давомли ўлароқ ёрдам бермоқ, дастак бўлмоқ, қўллаб-қувватламоқ, лоқайд бўлмаслик” маъноларини беради.
Маъноси Қуръонда бунчалик аниқ-равшан очиқланганига қарамай, “Салот” калимаси, энг машҳур тафсир ва луғат китобларида ҳам “дуо ва намоз” дея чекланади.
Натижа ўлароқ, الصّلوة [салот] калимасининг маъносини “дастакламоқ, ёрдам бермоқ, қўллаб-қувватламоқ, юк олмоқ, муаммоларнинг ечимини ўз зиммасига олмоқ” тарзида ифода этиш мумкин. Бироқ шуни ҳам таъкидламоқ керакки, бу ердаги “муаммолар”, фақатгина шахсий ва фардий муаммоларни эмас, айни пайтда ижтимоий муаммоларни ҳам қамрайди. Шунинг учун, الصّلوة [салот] калимасининг маъносини, “яқин теваракдаги муҳтожларга ёрдам” дея чеклаш ҳам тўғри бўлмайди, балки “жамиятга дастак бериш, уни қўллаб-қувватлаш, унинг дардларини ўз зиммасига олиш ва муаммоларини ҳал этиш” шаклида кенгроқ тушуниш керак. Ёрдам ва дастакнинг формати эса ҳам “зеҳний, маънавий” ҳамда “моддий, молиявий” шаклида икки ўлчамда амалга оширилади:
– Зеҳний, маънавий тарафи билан Салот – таълим ва тарбия муассасалари ва уларнинг систематик фаолияти орқали шахсиятларни, шахсиятлар орқали бутун жамиятни рушд ва тараққиётга эриштирмоқ, энг тўғри йўлга бошламоқ;
– Моддий, молиявий тарафи билан Салот – иш имконлари ва таъминот тизимларининг систематик фаолияти орқали жамиятдаги муҳтож қатлам вакилларига моддий ва молиявий ёрдам бериш ва уларни доимий дастаклаш, уларни қийин кунларида юкини олмоқ, ва шу йўл билан ижтимоий муаммоларни ҳал этмоқ.