biblical-mullahs
May 23, 2021

АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-10

6-БОБ. ҚУРЪОНДАГИ ҲАДИС

Ҳадис сўзининг маъноси Ҳодиса, Айтилган гап, Янгилик ёки Ҳикоя демакдир. Ҳадис ва унга ўзакдош калималар Қуръонда 28 марта такрорланади, лекин бирортасида "Пайғамбарнинг ҳадиси" деган маъно йўқ. Шу ўринда ҳадис калимаси зикр қилинган айрим оятларни келтирамиз:

"Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. Унинг бирла Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилур. Кимни Аллоҳ залолатига кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ". (39:23)

Қуръонда энг яхши ҳадис аслида Қуръоннинг ўзи эканини аниқ айтиб турибди. Бошқа ҳар қандай ҳадис шунинг учун ҳам энг яхши ҳадисдан ноқисдир. Ғайри-Қуръоний ҳадисларга ишониб, динлаштиришга келсак, қуйидаги оятлар уни бутунлай инкор этади:

"Булар Аллоҳнинг оятлари, уларни сизларга ҳақ ила тиловат қилмоқдамиз. Аллоҳ ва унинг оятларидан ўзга қайси ҳадисда иймон келтирадилар?" (45:6)
"Бундан кейин яна қайси ҳадисга имон келтирадилар?" (77:50)

Мусулмонлар Аллоҳнинг ваҳйидан ёки оятларидан ўзга ҳеч бир ҳадис ёки ривоятни ҳидоят манбаи сифатида қувватламаслиги керак. Бу ғайри-Қуръоний ҳадисларга қарши Қуръон очиқ-ойдин қайтарган.

Қуръон ўзини "Энг яхши ҳадис" деб атайди (39:23), кейин, мусулмонларнинг Қуръон оятларидан ўзга (45:6) яна қайси ҳадисга ишонишлари савол остига олинади. Бу савол 77:50 да яна такрорланади, улар Қуръондан ўзга яна қайси ҳадисга ишонишади? Қуръон савол остига олган бу ҳолатларга ижобий жавоб бериш учун берилмаган, аксинча, мўминлар Қуръондан ўзга ҳеч бир ҳадисга эргашмаслиги уқтирилган.

Афсуски, Пайғамбардан кейин муллалар Қуръон таълимотларини инкор этишди. Унинг ўрнига Бухорий, Муслим, Термизий ва бошқа номлар ортида Пайғамбарга нисбат берилган ёлғон нақлларга эргашиб кетишди. Аниқ натижа шуки, бу ғайри-Қуръоний ҳадислар, мусулмонларни Қуръон ва ундаги диндан бутунлай узоқлаштириб адаштириб юборди.

Мусулмонлар Қуръондан келиб чиқмаган биронта ғайри-Қуръоний ҳадисга ишонмасликлари керак. Пайғамбар ҳеч қачон Қуръондан ташқарида бирон гап айтиб, кейин "бу менинг ҳадисим ва суннатим, улар ҳам Аллоҳдан – уларга ҳам эргашинглар" деб даъво қилмаган, ҳеч бир пайғамбар бундай дейиши мумкин эмас. Эҳтимол, мана шу муҳим нуқтани таъкидлаш учун ҳам Қуръон Пайғамбарни огоҳлантиради:

"Кўрганларингиз ва кўрмаганларингиз гувоҳ бўлсин. Бу шарафли Расулнинг сўзлари. Шоирнинг сўзлари эмас; бунчалар оз ишонасиз. На бир коҳиннинг сўзи ҳам эмас; бунчалар оз қулоқ тутасиз. Оламларнинг Роббидан келган ваҳй. Агар у Бизнинг номимиздан бошқа ҳар қандай гапни айтар бўлса, биз уни ўлдирган бўлардик. Биз унга оятларни тўхтатган бўлардик. Сизлардан ҳеч бирингиз унга ёрдам беролмас эди". (69:38-47)

Бу оятлар Расулга айтилган Қуръондаги жуда шафқатсиз огоҳлантиришлар. Мабодо Пайғамбар Қуръондан ташқари бирор нарса айтадиган ва уни Аллоҳга нисбат берадиган бўлса, у ҳолда дарҳол жазоланган бўлар эди. Шунинг учун, Бухорий каби муллалар томонидан "ҳадис ва суннат" деб номланган ғайри-Қуръоний битиклар асло Пайғамбардан эмас. Бунинг устига, 5-бобда кўрганимиздек, "Саҳиҳи-Бухорий" деб номланган машҳур ҳадислар тўплами ҳам Бухорий томонидан ёзилмаган.

Ҳақиқат шуки, муллалар томонидан оёқда тутиб келинаётган бу ёлғон ва уйдирмалар дини бугунгача мусулмонлар бошида бало бўлиб келмоқда. Бутун дунёда "энг яхши уммат" бўлмиш мусулмонлар ҳалигача зўравонлик, ғазаб, қашшоқлик, зиллат, мағлубият, қолоқлик ва жоҳиллик ичидан чиқолмаётган бўлса, Аллоҳнинг Китобини ортларига ташлагани ва ана ўша ғайри-Қуръоний ҳадисларга ишонгани, эргашгани ва алдатилгани туфайлидир.