quranonly
May 1, 2021

Қуръонда “Тепадагилар” ва “Пастдагилар” (2)

“Пастдагилар” Қуръоннинг ҳеч бир ерида танқид қилинмайди, қораланмайди, ерга урилмайди, хор ва ҳақир саналмайди. Аксинча, улар Қуръонда доим ҳимояланади, қўллаб-қувватланади, уларнинг моддий-маънавий аҳволи яхшиланиши учун закот, садақа, инфоқ, қарзи-ҳасана каби моддий-молиявий ибодатлар тарғиб этилади. Ҳаттоки Аллоҳ ўзини уларнинг ўрнига қўйиб, уларнинг саси ва нафаси ўлароқ сўзлайди. “Аллоҳга чиройли қарз бериш” (Бақара:245) ояти – “пастдагиларга” моддий-молиявий ёрдам беришни англатади. Китобнинг асл мақсади ва эгалари – мана шу Пастдагилардир.

***

ЖАВЪОН: “Очлар” демакдир. “Пастдагилар”нинг энг пастидагилар, “тубдагилар” яъни. Очлик оқибатида ўлим билан юзма-юз қолганлар. Шунинг учун, бугунчалик тирик қолиш – улар учун энг муҳим масала. Шу боис ҳамма нарсани қўйиб, ҳаётдан талаблари ўта саноқли ва минимал эҳтиёжлардан ортмайди.

Маълумки, Одам қиссасида Аллоҳнинг мурод қилгани дунё (жаннат), ҳеч ким “оч-яланғоч” қолмайдиган (яъни, ейиш-ичиш ҳамда иссиқ-совуқда зарурий кийим-кечак ва уй-жой эҳтиёжлари таъминланган), “сувсиз” қолмайдиган (яъни, ҳаётни таъминловчи бошқа тамал ва зарурий эҳтиёжлари таъминланган) ва “ёнмас” (яъни, ташқи ҳужум таҳдидларидан эмин) бир дунёдир. (Тоҳа:118-119). Бироқ бугунги реал дунёмизда бу жаннатни, бир ховуч мулк-иқтидор хасталарининг ҳирс ва қилмишлари дастидан қуриб бўлмаётир.

Қуръон, бир ўлканинг очлик ва қашшоқликка юз тутишининг сабабини шундай билдиради: “…бир диёрки, тинч-осуда ва сокин эди, ҳар томондан ризқи бекаму-кўст келарди. Улар Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қилгач, Аллоҳ бу қилмишлари сабабли уларга очлик ва қўрқувни тоттирди”. (Наҳл:112)

Уларга очлик ва қўрқув тоттирилиш учун, нима эди улардаги “Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қилиш?”

Буни англаш учун Қуръонда “Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қилиш” ифодасини яхши ўрганиш лозим. Қаранг, айни Наҳл сурасида бу ифода қандай тафсил этилади: “Аллоҳ баъзингиздан баъзингизга кўпроқ ризқ берди. Аммо бойлар (кўпроқ ризқ берилганлар) “Ўртада фарқ қолмас, тенг бўлиб қолурмиз” дея, ризқларини яқиндагиларга қайтариб бермаётир! Ҳали Аллоҳнинг неъматини инкор қилишга ўтишдими?!” (Наҳл:71).

Демакки, бир ўлкада очлик ва қашшоқлик юзага келса, бунинг сабаби – “Қавмнинг бойликдан талтайган пешволари”, яъни “Тепадагилар”нинг мулкият ҳирси ва “Пастдагилар” билан тенг ҳолга келишни истамаслиги, бой-камбағал орасидаги тафовутнинг ортиши бўлади. Бундай ҳолатнинг ўзгармай давом этиши, Аллоҳнинг неъматини (ризқ ва ризқ манбаларини) инкор этиш ва Аллоҳнинг яратган халқига қарши жиноятдир.

Бугунги кун учун ҳам, очлик ва қашшоқлик – Қуръон мантиғига кўра ҳам – биринчи даражали муаммодир. Бошқа барча муаммолар бундан сўнг келади.

…хавфу-хатар, очлик, молу-жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз” (Бақара:155) оятини бизга янглиш уқтиришади, аслида бунинг маъноси, гўёки Аллоҳ бу имтиҳонларни бандаларнинг бошига солиб, “Қани, энди нима қилишаркин?” дея томошабин бўлиб туриши эмас. Балки, аксинча, агар ризқ ва ризқ манбаларини ўз шахсий мулкига айлантириб, очлик ва қашшоқликка сабаб бўлаётганларнинг олди олинмаса, очлик ва қашшоқлик балоси давом этавериши, ўз балоимизни ўзимиз тилаб олганимиз учун, Аллоҳ ҳам бошимизга бу балоларни солишга қодир экани билан огоҳлантирмоқда…

ФУҚАРО: “Фақир” калимасининг кўплик шакли. Ўзаги “Умуртқа суяги синдирилган” деган маънони англатади. Араблар ориқ туяга ҳам “фақр” деганлар…

“Фақир” атамасига турли таърифлар берилган, аммо иттифоқ қилинган таъриф – “тамал ва зарурий эҳтиёжларини таъминлай олмаган кимса” деган таърифдир. Бу эҳтиёжлар – инсонга шу дунёда лозим бўлган ейиш-ичиш, кийиниш ва уй-жой эҳтиёжларидир. Мана шуларни ўз ҳаракати билан таъминлай олмаган кишига фақир, яъни қашшоқ дейилади. Инсон буларни таъминлай олмагач, бели букилади, “умуртқаси синади” ва тик туролмас ҳолга келади. Қуръонда “Пастдагилар” ичида энг кўп қулланилган мафҳум мана шу “Фуқаро” сифатидир. Деярли барча закот, инфоқ, садақа, қарз, иъто ва б. беришга буюрилган ўринларда навбатнинг бошида келади.

Бугунги кунда “Ишсиз” категориясига мувофиқ келади, дейиш мумкин. Чунки ишсизнинг ейиш-ичиш, кийиниш ва уй-жой эҳтиёжларини таъминлай оладиган бир иши бўлмагани учун даромади ҳам йўқ. Бундай ҳолатда ишсиз – бели букик, умуртқаси синиқ киши бўлади.

МАСОКИЙН: Калиманинг ўзаги “сокин, жим қолган, сукунатдаги, тинган нарса” маъносидадир. “Сукун” ҳаракатдан тўхташ, “сакан” эса кўчмас мулки бўлмагани боис ижара ёки бошқа бир шаклда уйда ўтирмоқ деганидир.

Фуқаро билан масокийн орасида шундай бир фарқ борлигини айтиш мумкин: Фуқаро – ишсиз бўлгани сабабли зарурий эҳтиёжларини таъминловчи даромади йўқлар, масокийн эса – иши бор, аммо даромади зарурий эҳтиёжларини таъминлашга етмайдиганлар, шу боис ҳам рўзғорда қийналганлар демакдир. Яъни, иши бор, ижара бўлса-да бир уйда ўтирганидан, кўрганлар уни муҳтож санамайди. Ҳолбуки, даромади ҳатто энг зарурий эҳтиёжларини ҳам таъминлашга етмайди, рўзғорда қийналади ва буни сокин ҳолда, сукунат ичида, бошқаларга айтавермайди. Масокийн мана шудир…

БОЪИС: “Оғир қийинчилик кўрувчи” демакдир. Оғир қийинчилик, йўқчилик, чорасизлик, очлик, уруш маъноларини билдиради. Фуқаро ва Масокийндан кўра яна-да оғир йўқчиликни ифода этади. Боъис – оғир йўқчилик ва маҳрумияти кўринишидан, кийим-бошидан маълум бўлган кимса. Чунки фақирнинг ташқи кўриниши бундай эмас, унинг либоси тоза ва ейиш-ичиши етарли экани юзидан билиниб туради (Ф.Розий).

Бундай ҳолда Боъис – оғир фақру-зарурат ичида бўлгани сабабли бошқалардан сўрашга мажбур, ҳатто ёлворишга, тиланишга мажбур “ялангоёқлар”ни ифода этади. Қуръонда “ал-Боъис-ал-Фақийр” дея ҳам келади. (Ҳаж:28).

МУМЛИҚ: Ўзаги “Имлоқ”, яъни “Фақир аҳволга тушишдан қўрқиш” демакдир. Қуръонда шундай дейилади: “Фақирлик қўрқувидан (имлоқ) фарзандларингизни ўлдирмангиз!” (Анъом:151), “Фақирлик қўрқувидан (имлоқ) фарзандларингизни ўлдирмангиз. Уларга ҳам, сизларга ҳам ризқни Биз берурмиз. Уларни ўлдирмоқ дарҳақиқат улкан гуноҳдир” (Исро:31).

Мумлиқ билан Мамлуқ орасида маъно яқинлиги мавжуд. Мамлуқ – бошқаларга қул бўлган киши, деганидир. Қуръон нузули даврида Маккаликлар қиз фарзандларини тириклайин тўпроққа кўмишарди. Сабаби, қашшоқлик балосидан Маккалик судхўр пулдорлардан бориб қарз олишар, сўнгра қарзни ўтай олмагач, судхўр тарафидан қул қилиб олинарди, аёллари ва кизлари ҳам судхўрнинг ихтиёрига ўтар ва исловатхоналарда фоҳиша сифатида фойдаланиларди. Келажакда қизларининг бошига бундай кунлар келмасин деган қўрқув эди, уларни фарзандларини тириклайин кўмишга мажбурлаган сабаб.

Қашшоқликнинг мана шу турини – “Келажакда судхўрнинг қўлига тушиб, фақирлашмасин, унга чўри бўлмасин, мени олсанг-да, аёлимга, қизимга, тегмагин! дея ёлвориб қолмай” деган қўрқувни – ифода этади Мумлиқ калимаси. Шунинг учун ҳам Мумлиқ – луғатларда “бўйин эгган ва ёлворган фақир” дея таъриф этилади (Ибн Манзур).

МУСРИМ: “Чирик, сўлган” маъносини билдиради. Қалам сурасидаги қиссада, боғ эгаларининг боғига офат келиб, хосилни тўплай олмагани, ва боғлари сўлиб чиригани учун неъматлардан мосуво қолганини англатишда қўлланилади. (Қалам:20). Яъни, Мусрим, бой одамнинг қашшоқ ҳолга тушиши деганидир.

Бугунги кунда офат, банкрот, мусодара, ипотека, оғир қарздорлик ва б. оқибатида бой кишининг мол ва бойлигидан мосуво бўлиб, фақир аҳволга тушишига мувофиқ келади.

МАҲРУМ: “Таъқиққа учраган” демакдир. Бошқа қашшоқлик мафҳумларидан фарқи – қўлидан бир иш келса-да, илми ва қобилияти бўлса-да, ноҳақлик билан уларни ишга солиш имкони берилмаган, таъқиққа учраган, тўсиққа йўлиққан, шу боис ҳам қашшоқ ва муҳтож аҳволга тушган демакдир.

Қуръонда бойларнинг молида камбағалларнинг (сўровчи ва маҳрумларнинг) ҳаққи бор экани айтилади. (Зориёт:51, Маориж:25). Умумият-ла, Маҳрум калимаси Аллоҳ яратган ризқлар (хосиллар) ва ризқ манбаларидан (ишлаб чиқариш воситалари) маҳрум этилган барча муҳтожларни ифода этади.

МУҲТОЖ: “Эҳтиёж соҳиби” демакдир. Ҳожат, эҳтиёж, муҳтож калималари айни ўзакдан ясалган. Қуръонда Аллоҳнинг яратгани ризқ (хосил) ва ризқ манбаларига (ишлаб чиқариш воситалари) инсонларнинг эҳтиёж сезиши маъносида қўлланилади.

Аллоҳ уй ҳайвонларни яратиб қўйган, ки инсонлар егуликларини ва маркабларини улар воситасида таъминласин. Кўплаб фойдалари бўлган бу ҳайвонлар билан “эҳтиёжлар” таъминланади (Муъмин:79).

Кемалар, сув, ирмоқ, денгиз, тупроқ, боғ ва маъданларда ҳам қанча-қанча фойдалар бор. Бутун бу ризқлар ва ризқ манбалари инсонлар учундир. Бироқ буларнинг атрофига “сим тортиб”, хусусий мулкка айлантирилиши натижасида Аллоҳнинг қулларидан баъзилари бу ерларга киритилмайди, ташқарида қолади.

“Муҳтож” – мана шу ризқ ва ризқ манбаларидан узоқ тутилган, фойдалана олмаган кишидир.

Ҳолбуки, “иймон” қалбларига ўрнашган кишилар ва аввалроқ бу ерларга (ризқ ва ризқ манбаларига) ўрнашганлар, кейин келганларни (ҳижрат этганларни) ҳурмат-эҳтиром-ла бағирларига босадилар ва ўзларига берилган ризқларга қарши ҳасад қилмайдилар. Ўзлари муҳтож бўла туриб, уларга ийсор этадилар, яъни уларнинг эҳтиёжларини ўзларидан муқаддам кўрадилар. Ким шахсий ғараз, ҳирс ва (бойлик, мақом-мавқе, сиёсат, шаҳват, шуҳрат) тутқусидан холий бўла олса, покланса, ана шулар нажот топгай (Ҳашр:9).

СОИЛ: “Сўровчи” демакдир. Тўғрироғи, бошқалардан сўрашга мажбур қолган маъносидадир. Аввалроқ айтганимиз “Боъис” мафҳуми билан ўзаро ўхшашлиги бор.

Боъисда сўрашнинг сабаби (оғир қийинчилик) олд планга чиқарилса, Соил деганда, бу қийинчиликнинг оқибати (сўраш, тиланиш, ялиниш, ёлвориш) олд планга чиқарилади. Бундай аҳволда қолганлар ҳақида Пайғамбарга шундай амр этилади: “Соилни сўровчини/тиланувчини/ялинганни зинҳор озорда қолдирма!” (Зуҳо:10).

Соил, айни пайтда, савол берувчи маъносини ҳам беради, масъала калимаси шундан. Шу боис, савол берганни, бир масъаласи борлигини айтган кишини, сендан моддий ё маънавий ёрдам сўраганни зинҳор озорлама, паст кўрма маъносини ҳам билдиради.

ЕТИМ: “Ҳимоя қилувчи ҳеч кими йўқ” демакдир. Арабларда “ўхшаши йўқ инжу” маъносидаги “дурр-ул-йатим” сўзи бор, инжу қанчалик қийматли тошлар орасида ўхшаши йўқ, беназир бўлса, етим ҳам бошқа инсонлар орасида ҳеч кими йўқ бўлгани боис ўхшаши йўқдир.

Эски Туркчада (8-аср) Она (Ўк) калимасининг (-сиз) манфий қўшимчаси билан ясалган “Ўксиз” (онасиз, ҳимоячиси ва ғамхўри йўқ) калимаси бор. “Кўкус-сиз” (Ўк-сиз) яъни “бошини қўяр бир она кўкси тополмаган” демакдир.

Қуръонда юқоридаки Соил ҳақида берилган амрнинг айниси етим учун ҳам тааллуқлидир: “Етимни зинҳор хўрлама/кўнглини оғритма” (Зуҳо:9).

Кенгроқ маънода, бугунги кун учун баъзи ота-онаси бўлмагани, уларни йўқотгани, ва жамиятда ёлғиз қолгани боис, бир маънода Етимдир-Ўксиздир. Отаси, онаси бўлмаган, жамиятида янглиш тушунилган, тўғри сўзни айтгани учун маломат ва таъқиб этилган, оломон ичида саси эшитилмаган, сўзи ярим қолган, четлатилган, тавқи-лаънат-ла маҳкум этилган, чорасиз қолган, унутилган, тарк этилган ҳар кимга Етим-Ўксиз демоқ ижобатлидир. Буларнинг барчаси ижтимоий пирамида табақалари орасида “пастдагилар” саналади.

ИБН-САБИЛ: “Йўлнинг ўғли” деганидир. Одатда “йўлда қолган” дея таржима қилинадиган бу калима аслида “Йўли (ўнги) ёпилган, йиқилган, йиқитилган” деганимиз маънодадир. Ибн-Сабил ифодаси – бошқаларнинг зулмига дучор бўлган, йўли ёпилган, йиқитилган дея англаш тўғрироқ бўлади.

Бугунги кунимиз учун, масалан, сиёсий қочқинлар, жиноий гуруҳлар қўлида гаровда қолганлар, ноҳақ қарзга ботирилганлар (бўйнига қўйилганлар), аёл тужжорларининг, орган мафиясининг, инсон овчиларининг қўлига тушган, гаровга олинганлар, кўчада қолганлар ва б. ушбу синфга киради.

Қуръон нузули даврида “Ибн-Сабил” дея кўпроқ ташқаридан келиб, Маккадаги “Каъба катталари” (Абу Жаҳл, Умаййя бин Ҳалаф, Валид ибн Муғийра ва б.дан иборат гуруҳ) яъни Маккадаги судхўр корчалонларнинг қўлига тушган чорасизлар айтиларди.

ҒОРИМИЙН: “Қарздор” дегани. Инсон аввало, зарурий эҳтиёжларини (ейиш-ичиш, кийиниш, уй-жой, соғлиқ каби) таъминлай олмасликдан қарзга ботса, кейин сел, ёнғин, зилзила каби офатлардан зарар кўргани боис қарзга ботади, яъни Ғоримийн (қарздор) ҳолатга туширади. Қуръонда закот бериладиган синфлар саналганда, ушбу қарздорлар ҳам зикр этилади. (Тавба:60).

Бугунги кунимиз учун “ижтимоий хавфсизлик” дейилган татбиқотларга мувофиқ келади. Бироқ бу татбиқотлар инфоқ фондларидан, беғараз ёрдам шаклида, адолат давлатининг ижтимоий хавфсизлик сиёсати доирасида ва қатъий назорат остида олиб борилиши керак. Акс ҳолда капитализмнинг даромад ва фоиз системаси асосида ишловчи ижтимоий суғурта ташкилотидан фарқи қолмайди ва “фоизсиз банкчилик” каби таҳоратли капитализм пайдо бўлади.

РИҚОБ: “Назорат остидагилар” демакдир. Тарихий ўлароқ Қуръон нузули давридаги “қуллар”ни ифода этади. Чунки улар ҳурриятидан маҳрум ҳолда хожаларининг назорати остида эдилар.

Рақоба шаклида айтилса, бўйин маъносига ҳам келади. Бундай ҳолатда бўйинтуруқ остига олиниб, назорат остида тутилмоқ маъносини беради. Қуръонда ҳали илк сураларда “Факку Рақоба” (бўйинтуруқларни синдир, парчала!) дея “қулларга ҳуррият!” чақириғи янграганини кўрамиз. (Балад:13).

Бугунги кунда Риқоб, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ҳуррияти чекланган, инсоний ҳақларидан маҳрум этилган ва бошқаларнинг бўйинтуруғи остида яшаётган барчани ифода этади.

ЪОМИЛ: “Иш қилувчи” демакдир. Ўзаги бир ишни амалга ошириш деган маънода бўлиб, хусусий маъноси – закот маъмурлари демакдир. (Тавба:60).

Қуръон нузули даврида давлат муассасалари бугунги каби ривожланган бўлмагани ва урушга қатнашганларга ғаниматдан улуш берилгани боис, закот ишлари топширилган кишилардан бошқа маъмур дейиш мумкин бўлган давлат ходимлари деярли йўқ эди. Шунинг учун “Ъомил” – фақат закот тўпловчи ва тақсимотини амалга оширувчи маъносини беради. Бугунги кун учун ҳам айни мақсадда ишловчи, яъни закотни ўз ҳақдорларига етказувчиларга мувофиқ келади.

ЪУЗАРО: “Ногиронлар” демакдир. Қуръонда кўзи ожиз (аъмо), оқсоқ (аъраж), ҳаста (марийз) ўлароқ келади. “Кўзи ожиз кишига ҳараж-танглик йўқдир, чўлоққа ҳараж йўқдир, хастага ҳараж йўқдир” (Нур:61) оятидан ҳам маълум бўладики, бу оятлар нузули сирасида жамиятда узрлиларга (кўзи ожиз, чўлоқ, ҳаста ва б.) баъзи фарқли муомалалар қилинарди. Масалан, баъзилар бундай ногиронлар билан айни даврада ўтирмас, улардан худди лаънатлангандан каби чекинарди. Ногиронлар ҳам, шу сабабдан, соғлиғи жойида бўлганлар даврасидан чекинар ҳолга келганди (Розий, Ибн Касир, Қуртубий). Бу ҳолат жамият орасида соғлиғи жойида бўлганлар яхши, ногиронлар эса ноқис ва ёмон деган бир тушунча пайдо бўлишга сабаб бўларди.

Мана Қуръон, соғлом-ногирон дея бир ажратишга ўрин йўқ эканини, ногиронларга ярим инсон муомаласи қилиш нотўғри эканини баён этади, “Кўзи ожизга хараж йўқ, чўлоққа хараж йўқ, ҳастага хараж йўқ” дейди. Нур:61-оятидаги хараж йўқдир (ва лаа… ҳаражун) калимаси бу ўринда “бошқача муомалага ўрин йўқ” деганидир. Чунки оят, мазкур бошқача муомалаларни бартараф этиш учун келгандир. Жисмоний ногиронлиги сабабли жамиятда тўлақонли ҳаётдан четлатилган кишилар ҳам “Пастдагилар” саналади, ва Қуръон уларни ҳам ўз ҳимоясига олган.

ФАТАЁТУЛ-БИҒО: “Фуҳуш (ёш) аёллари” демакдир. Фуҳуш тожирларининг қўлига тушган ёш қиз ва аёлларни ҳам Қуръон ўз ҳимоясига олганини кўрамиз: “Покликни истаган чўриларингизни ҳаёти дунё истаб фоҳишалик қилишга мажбурламанглар. Энди ким уларни мажбур этса, бас, албатта Аллоҳ мажбурлаганларидан сўнг уларни Мағфират қилгувчи ва Раҳм-Шафқат қилгувчидир” (Нур:33).

Бу оят, қўлига тушган аёлларни фуҳуш бозорида ишлатиб, бойлик тўплаган Абдуллаҳ ибн Убаййнинг “қул ва жория” бозорини беркитиш учун нозил бўлгани нақл этилади (Розий, Ибн Касир, Қуртубий).

Бугунги кунимиз учун фуҳуш дунёсида олиб-сотилаётган аёллар ва ёш қизларга мувофиқ келишини айтиш мумкин. “Покликни истаган аёлларни фоҳишалик қилишга мажбурламанглар” таъқиқини қўйиш билан, фуҳуш тижорати мазлумаларини (фатаётул-биғо) ҳимоя қилиб чиқиши, Қуръоннинг “Пастдагиларни” қаерларга қадар ўз ғамхўрлиги остига олганини очиқ кўрсатмоқда. Зулм ва мажбурлашлардан халос этиб, уларга Аллоҳнинг раҳм-шафқати ва мағфиратини эълон қилмоқда!

***

Очлар, ишсизлар, камбағаллар, ялангоёқлар, маҳрумлар, муҳтожлар, қуллар, қарздорлар, чорасизлар, етимлар, четланганлар, ёлғиз қолганлар, йўли ёпилганлар, йиқитилганлар, ишчилар, меҳнаткашлар, ногиронлар, фуҳуш ва одам тижорати мазлумалари…

Зулм остида инграган ва “Бизга бир халоскор юбор” дея ёлворган барча эзилган эркаклар, аёллар, болалар… Вал-ҳосил, ўша Пастдагиларнинг ҳаммаси… Қуръон бунларнинг барчасига заифлатилганлар/эзилганлар (мустазъафийн) дейди. (Нисо:75).

Бир жамиятда “Тепадагилар ва Пастдагилар” каби бўлиниш бор экан, демакки, Қуръоннинг амри, таъқиқи, ваъда ва таҳдидлари ҳаётдан узоқлаштирилган демакдир. Ҳатто тарих бўйича, Қуръон нузулидан буён бугунга қадар бу ҳеч ҳам ўзгармаганини кўриш мумкин.

“Тепадагилар”нинг қўлидан тортиб олиб, худди илк чақириғидаги каби, “Пастдагилар”нинг саси, нафаси ва ҳайқириғи ўлароқ янгидан ўқимас эканмиз, Бу Китоб, муттақийлар учун йўл кўрсатувчи эмас, шунчаки “Тепадагилар”нинг йўлини оқловчи дин тужжорлари қўлида “Маъбад китоби” бўлишда давом этаверади, демакдир…

Бу Китоб Тепадагилар қўлидан тортиб олиниши ва Пастдагилар учун такрор халоскор бўлишни кутмоқда. Бу Китоб уларнинг қўлида “маҳжур” (тарк этилган, тамал мақсадларидан узоқлаштирилган, асл маъноларидан бурилган) бир аҳволда. Бу Китоб “қавмим мени тарк этди” дея кеча-кундуз кўз ёши тўкиб, инграмоқда.

Эй, барча Пастдагилар! Сасингизга, нафасингизга, ҳайқириғингизга ўзингиз эга бўлинг!

Дарҳақиқат, Фиръавн Ер юзида туғён этди, унинг аҳолисини парчалади. Бир тоифасини хорлаб, ўғилларининг ҳаётига зомин бўлар, аёлларини ориятли аҳволга соларди. Бу билан у ҳақиқатан фасод қилувчилардан эди.
Биз эса Ер юзида хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни пешволар ва ворислар қилишни, ва уларни Ер юзида барқарор қилиб, ва Фиръавнга, Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига қўрққан нарсаларини кўрсатишни ирода қилурмиз”. (Қасас:4-6)

İhsan Eliaçık
МанбаТуркчадан Камолиддин Йўлдош таржимаси

http://kemalyoldash.com