biblical-mullahs
May 24, 2021

АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-14

8-БОБ: ИБРОҲИМ ҲАҚИДАГИ ЁЛҒОНЛАР. ҲОЖАР ВА ИСМОИЛ

Қуръондаги Иброҳим алайҳис-салом, Аллоҳнинг улуғ Расул ва Набийларидан биридир. У барча инсоният учун раҳбар этиб танланган (имоман лин-нос). Муллалар сон-саноқсиз ҳикоялар ихтиро этиш орқали Иброҳим, унинг аёли ва оиласи ҳақидаги тасаввурларни ҳам бузишга уринишган. Бунга қарши, Иброҳим ҳаётининг Қуръоний баёнига бутунлай зид келувчи бу ҳикоялар ҳам тўлиғича Библиядан кўчирилган.

Аввало, Иброҳим а.с. ҳақидаги мулла ёлғонларига асос бўлган битта Библия ҳикоясини келтирамиз.

Ибромнинг хотини Сорай ҳамон бола кўрмас эди. Сорай Мисрлик Ҳожар деган бир аёлни чўри қилиб олган эди. Бир куни Сорай Ибромга айтди:
— Эгамиз мени фарзанддан қисди. Энди чўримнинг ёнига кираверинг. Балки у орқали фарзандли бўларман. Ибром Сорайнинг таклифига рози бўлди. Шундай қилиб, Ибромнинг хотини Сорай Мисрлик чўриси Ҳожарни эрига хотин қилиб олиб берди. Бу воқеа юз берганда, Ибром Канъон юртига кирганига ўн йил бўлган эди. Ибром Ҳожарнинг ёнига кирди. Ҳожар ҳомиладор бўлди. Ҳожар ҳомиладорлигини билгач, бекаси Сорайни назар– писанд қилмай қўйди. Шунда Сорай Ибромга деди:
— Чўримга имтиёз бериб, ўзим уни сизнинг қўйнингизга солиб қўйдим. Энди у ҳомиладор бўлиб, мени назарига илмай қўйди–я. Буларнинг ҳаммасига сиз айбдорсиз! Худога солдим, қай биримизнинг ҳақ эканимизни Худо ҳал қилсин! Ибром Сорайга:
— Ҳозир ҳам у сенинг чўринг, унга истаганингни қилавер, — деб жавоб берди. Сорай Ҳожарга шунақанги шафқатсизлик қилдики, Ҳожар қочиб кетишга мажбур бўлди. Эгамизнинг фариштаси саҳродаги булоқ ёнида — Шурга борадиган йўл бўйида Ҳожарни топди.
— Эй Ҳожар, Сорайнинг чўриси! Қаердан келиб, қаерга кетяпсан? — деб сўради. — Бекам Сорайдан қочиб келяпман, — деб жавоб берди Ҳожар.
— Бекангнинг ёнига қайт, унга итоат эт, — деди Эгамизнинг фариштаси Ҳожарга. — Сенинг наслингни шу қадар кўп қиламанки, кўплигидан ҳеч ким санаёлмайди. Эгамизнинг фариштаси Ҳожарга яна гапирди: “Сен ҳомиладорсан ва туққайсан ўғил, Эгамиз эшитди жафоларингни, Унинг исмини қўйгайсан Исмоил. Ўғлинг бўлғай асов эшакдай, Унинг қўли кўтарилгай ҳаммага қарши Ва ҳамманинг қўли — унга қарши, Қариндошлари билан душман бўлиб яшагай.”
Ҳожар: “Мени кўрадиган Худони кўрдим–а!” деди. Шунинг учун у ўзига гапирган Эгамизга: “Мени кўрадиган Худосан” деб ном берди. Шунинг учун бу қудуққа Бэр– Лахай–Руй деб ном берилган. Қудуқ Кадеш билан Барид орасида жойлашган.
Ҳожар Ибромга ўғил туғиб берди, Ибром бу болага Исмоил деб исм қўйди. Бу пайтда Ибром саксон олти ёшда эди. (Ибтидо китоб: 16:1-16)

Энди мана бу эса Бухорий версияси. Орадаги ўхшашликка эътибор беринг.

Ибн Аббосдан ривоят: "Иброҳим, хотинлари орасида низолар чиқавергач, Ҳожарни ва ўғли Исмоилни олиб, бир идишга сув тўлдириб, бирга йўлга чиқди. Ҳожар у идишдаги сувдан ичар эди, сутлари ҳам ўғилларига кифоя қилар эди. Шу ҳолатда Маккага кириб боришди. Иброҳим алайҳиссалом уларни катта бир дарахт остига қўйиб, ўзлари нариги хотинига қайтиб кетаётганида, Ҳожар ҳам унинг ортидан эргашди. Кадо номли жойга етганларида (Kadesh, Кадеш Инжилда зикр қилинган - тарж.), орқаларидан бир кимса: "Эй Иброҳим! Сиз бизни кимга ташлаб кетяпсиз?" деди. Иброҳим: "Аллоҳга", деди. Ҳожар: "Аллоҳга бўлса, розиман", деди-да, қайтиб кетди ва ҳалиги идишдаги сувдан ичиб, боласига ўз сутидан эмизиб юраверди. Қачонки, у сув ниҳоясига етганда, "Қани, қарай-чи, шояд, бирор кишини учратсам", деди. Кейин бориб Сафога кўтарилди. "Бирор кишини учратармикинман?" деб қайта-қайта қаради. Бирор кишини учратмади. Кейин водийга тушиб, саъй қилди ва Марвага келиб ҳам ана шу тариқа бир неча марта бориб келди. Сўнгра: "Бориб қарай-чи, гўдак нима қиляпти экан?" деб бориб қараса, у аввалги ҳолатидек овозини паст-баланд қилиб ётибди. Нафслари яна хотиржам бўлмади. Ва: "Яна бориб қарай-чи, шоядки, бирор кишини учратсам", деди. Бориб Сафога кўтарилди ва қайта-қайта қараб бирор кишини учратмади. Ҳаммаси бўлиб мана шу тариқа етти марта айланди. Кейин яна: "Бориб қарай-чи! Нима қиляпти экан?" деб борганди, бир овозни эшитди. Ва унга: "Агар сенда яхшилик бўлса, бизга ёрдам қил", деди. Қараса, Жаброил алайҳиссалом турибди. Жаброил товони билан ишора қилиб ерга урганди, ердан сув отилиб чиқди. Ҳожар эса бундан даҳшатга тушди ва ҳовучини тўлдира бошлади". (Бухорий 4-жилд, 55-китоб, 584-ҳадис).

Библия Соранинг Ҳожарга нисбатан рашки ҳақида ҳикоя қилади. Ҳикояга кўра, Соранинг ўзи бир пайтлар жория Ҳожарни эри Иброҳимнинг тўшагига ҳадя этган. Бухорий бу ҳадиси орқали, Библия ҳикоясини абадийлаштиради. Библия ҳам, ҳадис ҳам ана шундай жинсий бузуқликларга тўла.

Ҳам Библия, ҳам Бухорий версиясида, Ҳожар чўлда ёлғиз тарк этилади. Библиядаги версияда, фаришта келиб Ҳожарни булоқ бошида топади. Бухорий версиясида эса, фаришта келиб Ҳожар учун булоқ қазиб сув чиқаради. Қуръонда эса бунақа ҳикоя умуман йўқ.

Сора ва Ҳожар исмларини Библияда ҳам, Бухорий ҳадисларида ҳам учратиш мумкин. Бироқ, Қуръонда бу исмлар умуман зикр этилмаган. Иброҳим каби улуғ бир Пайғамбар ҳам ўз хонадонида жория билан ётарди, деган гап Қуръон қадриятларига қарши, ва Аллоҳнинг Иброҳим ва Мусога берган таълимотларига қарши ўта жирканч ҳақорат. Пайғамбарлар инсониятни қулликдан озод қилиш учун келганлар, ётоқда қул қизлар билан ётиш учун эмас.

"Инсонни машаққат ичида яратдик, унга ҳеч кимнинг кучи етмайди деб ўйлайдими? Дейди: "Кўп бойлик сарф этдим". Уни ҳеч ким кўрмас, деб ўйлайдими? Унга икки кўз, ва бир тил ва икки лаб бермадикми, Уни икки довонга йўлламадикми? Лекин у довонни ошмади. Бу довон нима эканини биласанми? Қулни озод қилиш, ёки очлик даврида яқин етимга ё йиқилган мискинга таом беришдир". (90:4-16)

Инсонга икки йўл кўрсатилган. У қийинроқ туюлган буйруқни ва куч талаб этувчи йўлни танлаши керак. Бу - қулларни озод қилиш, очларни таомлантириш, етим ва мискинларни боқиш йўли. Аллоҳ ҳеч қачон ва ҳеч кимга, айниқса Ўзи танлаган Пайғамбарига қул қизлар тутиб, улар билан ётишни буюрмайди.

"Албатта, бу аввалги суҳуфларда мавжуд - Иброҳим ва Мусо суҳуфларида". (87:18-19)

Иброҳим ва Мусога ҳам худди шундай таълимотлар, яъни Қуръонда баён этилган буйруқ ва қайтариқлар нозил қилинган, дейди Қуръон оятлари.