iddaolar
May 1, 2021

Иддаоларга жавоблар № 12 (Динда ақлга ўрин йўқ)

Дин масалаларида "ақл"га ўрин йўқ. Аллоҳнинг Рисолатини ёки ота-боболаримизнинг изоҳларини ақл билан тушунишга интилмаслигимиз керак. Бизнинг вазифамиз - улар олиб борадиган нарсаларга камтарона бўйсуниш холос. Қуръон билан боғлиқ масалаларда ақл ишлатиш таъқиқланади. Ушбу таъқиққа бўйсунган ҳолда, биз ота-боболаримиз бизга тақдим этган нарсаларига эргашиб, ақлимизни аралаштирмаслигимиз керак.

12-ИДДАОГА РАДДИЯ:

Аллоҳнинг Рисолатини англашда ақлни аҳамиятсиз деб даъво қилиш - улкан хато.
Қуръон кўплаб оятларда инсоннинг ақлига аҳамият беради. Қуръонда, илоҳий рисолатни англаш учун ақлий қобилиятларидан фойдаланмаганлар қораланади:
"Ҳаракатланувчи мавжудотларнинг (махлуқотларнинг) Аллоҳ наздида энг ёмони, ақлларини ишламайдиган кар ва соқовлардир" (8:22)
Бу ҳолат одам ақлини ишлатмаганида тушадиган вазиятни очиқ тасвирлайди. Қуръонга кўра, бундай одам нафақат дунёда маъно ва мақсадсиз ҳаёт кечиради, балки охиратини ҳам бой беради:
«Албатта, биз инс ва жинннинг аксариятини дўзахга маҳкум қилдик. Уларнинг қалблари бор, улар билан фаҳмламайди, уларнинг кўзлари бор, улар билан кўрмайди, уларнинг қулоқлари бор, улар билан эшитмайди. Мана шулар ҳайвонларга ўхшайди, балки яна-да адашганроқ. Мана шулар ҳақиқий ғофиллардир" (7:179)
Фурқон сураси Қуръон хабарига бефарқ бўлганларни қуйидагича таърифлайди:
"Уларнинг кўплари тинглайди ё ақл ишлатади, деб ўйладингми? Ахир улар ҳайвонлар каби, ҳатто ҳайвонлардан-да адашганроқдир" (25:44)
Илоҳий рисолатни ақл билан таҳлил қилишнинг аҳамиятини қуйидаги оятдан-да аниқроқ таъкидлаб бўлмайди. Оятда дўзах аҳли, дунёда экан "ақллари" борлигини тан олади, лекин улар бундан хайрли мақсадда фойдаланмадилар, шунинг учун энди дўзахга тушганини эътироф этадилар:
"Дедилар: "Агар биз тинглаганимизда ёки ақл ишлатганимизда, дўзах аҳли орасида бўлмасдик!" (67:10)
Ёсин сурасида бундай одамларга ақл ишлатиш вазифаларини бажармагани ҳақида эслатилади:
“Шайтон сизлардан кўп авлодларни адаштирди. Ҳеч ақл ишлатмадингизми? Мана сизга ваъда қилинган дўзах!” (36:62-63)
Бу оятлардан кўриниб турибдики, Қуръон ақлга душман эмас ва уни одамларнинг маънавий ривожланишига тўсиқ сифатида кўрмайди. Аксинча, Аллоҳ одамларни ақл орқали Қуръон оятлари устида тафакур қилишга ундаган. Аслида, Қуръон ақл ишлатишга ташвиқ этувчи оятлар билан тўла. Масалан:
“Улар Қуръон устида тадаббур қилмайдими? Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан келган бўлса, албатта унда кўплаб ихтилоф топар эдилар". (4:82)
"Улар ҳеч қачон бу сўз ҳақида ўйламадиларми?" (23:68)
"Биз ушбу муборак Китобни оятлари ҳақида мулоҳаза қилишлари ва ақл эгалари насиҳат олиши учун нозил қилдик. " (38:29)
"Ҳали ҳам ақл ишлатмайсизми? (6:50)
"Биз оятларимизни тафаккур қиладиган қавм учун шундай батафсил баён қиламиз" (10:24)
“Биз сизга бир китоб юбордик, унда сизнинг зикрингиз бор. Ҳали ҳам ақл ишлатмайсизми?" (21:10)
"Агар ақл ишлатиб, тушунсангиз, биз сизга оятларимизни муфассал бердик" (3:118)
"Мана шундай. Аллоҳ уларни лаънатлаган, қулоқларини кар ва кўзларини кўр қилган одамлар... Улар Қуръон ҳақида тадаббур қилмайдиларми? Ёки уларнинг қалблари қулфланганми?” (47:23-24)
Қуръон ақл ва идрокка қайта-қайта урғу беради. Кўплаб оятлар шуни кўрсатадики, Қуръон инсон ҳаётида ақлга алоҳида аҳамият беради. Расулуллоҳ ўзига кўр-кўрона итоат қилишни талаб қилмаган. Аксинча, ақл ишлатишга ва мулоҳаза юритишга чақирган. Қуйидаги оятлар ва бошқа яна кўплаб оятлар Қуръоннинг тафаккур қилишга ундашини кўрсатади:
"Мен сизга фақат битта ўгит бераман: иккита ва ёлғиз қолинг, кейин Аллоҳ ҳақида тафаккур қилинг! " (34:46)
Аллоҳ одамлардан фикрлаш ва ақл ишлатишни кутади.
Агар инсон бундай қилса, тўғри йўлни топа олади. Тўғри йўлни фақат ақл воситасида ва Аллоҳнинг Китобидаги ваҳй воситасида топиш мумкин. Бу воситалар бир-бирини тўлдиради. Агар улар ўз ўрнида ишлатилса, ўртада зиддият бўлмайди. Шунинг учун Расулуллоҳга Қуръонда шундай дейиш амр этилган:
"Айт: "Менинг йўлим шу: мен басират (ақл) билан қамрай олинадиган аниқ далиллар билан Аллоҳга чақираман, менга эргашганлар ҳам шундай..."(12:108)


Қуръон, бар тарафдан, инсоннинг ақл ва тафаккурига алоҳида аҳамият берса, бошқа тарафдан, диний масалаларда илоҳий қўлланма бўлмаса, одамлар ота-боболари йўлига кўр-кўрона эргашишини билдиради. Одамлар кўпинча ота-оналари ва улардан олган маълумотларга ишонишда давом этади.
Бу маълумотларни ақл тарозисига солиб, текширмайди, ва танқидий таҳлил қилмайди. Кўп одамлар: "Қандай қилиб ота-боболаримиз ва катталаримиз адашган бўлиши мумкин?" дея, ота-боболари эътиқодини тамоман тўғри дея қабул қилади. Ва ҳатто, ота-оналари ва катталари томонидан диний мавзуларда савол бермасликка ўргатилади. Ота-оналар ва катталар ёш авлодни, ўзлари ишонган, аммо ҳеч қандай далилга асосланмаган эътиқодларга кўр-кўрона эргашишга ундайди. Мерос олинган бу эътиқодлар, кўпинча Аллоҳнинг Рисолатини қабул қилишда тўсиқ бўлади, чунки аждодларнинг эътиқодлари кўпинча Аллоҳнинг рисолатига зид келади. Уларга Аллоҳнинг ҳақ дини етиб келганда, уларнинг жавоби қуйидагича: улар ота-боболарини Аллоҳнинг ҳақ дин сифатида юборган рисолатидан бошқа нарсага ишонганларини кўришади, лекин барибир ўша ота-бобо эътиқодини маҳкам тутишда давом этишади. Бу одамларга "Аллоҳнинг нозил қилганига эргашинг", дейилганда, уларнинг эътирозлари бир хил. Ота-бобо йўли уларга ҳақиқатни излашдан тўсқинлик қилади. Улар туғилганда, мансуб бўлган мазҳабига ёки тариқатига кўр-кўрона эргашишни, Қуръонни ҳидоят манбаи сифатида олишдан афзал кўришади. Ҳолбуки, бу масалада Қуръоннинг жавоби аниқ: "Ота-бобога эргашиш" доим ҳам "тўғри йўлга эргашиш" билан бир эмас.
"Уларга: "Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинг!" дейилганда, "Биз ота-боболаримизни қайси йўлда топган бўлсак, шунга эргашамиз" дейишади. Агар у ота-боболари ҳеч бир нарсада ақл ишлатмаган, ва тўғри йўлни топмаган бўлса ҳамми?" (2:170)
Ота-бобо эътиқоди, кўпинча, Аллоҳнинг рисолатини англашда тўсқинлик қилишини айтдик. Бинобарин, одамларнинг пайғамбарларга келтирган эътирозлари ҳам буни исботлайди:
Нуҳ пайғамбарга берилган жавоб қуйидагича:
"Биз ўтмишда ота-боболаримиздан бундай гапни эшитмаганмиз". (23:24)
Ҳуд пайғамбарга берилган жавоб қуйидагича:
"Сен бизга фақат Аллоҳга қуллик қилишимиз ва ота-боболаримиз сиғиниб келган нарсаларни тарк этишимиз учун келдингми?" (7:70)
Солиҳ пайғамбарга берилган жавоб қуйидагича:
"Сен ота-боболаримиз қуллик қилган нарсага сиғинишимизга тўсқинлик қиляпсанми?" (11:62)
Шуайб пайғамбарга берилган жавоб қуйидагича:
"Эй Шуайб, сенинг салотинг бизга ота-боболаримиз қуллик қилган нарсалардан воз кечишимизга ёки мол-мулкимиз билан хоҳлаганча тасарруф қилишни тўхтатишимизни буюрадими?" (11:87)
Иброҳим пайғамбарга берилган жавоб қуйидагича:
"Биз ота-боболаримизни шундай қилаётганини топганмиз" (26:74)
Юсуф пайғамбарнинг қавмига лаъвати қуйидагича:
“Сиз Ундан ўзга нималарга қуллик қилаяпсиз? Улар фақат ўзингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган исмлар холос" (12:40)
Мусо ва Ҳорун пайғамбарларга берилган жавоб қуйидагича:
"Илгари биз буни ота-боболаримиздан эшитмаганмиз". (28:36)
Муҳаммад пайғамбар ҳақида эса шундай дейишди:
"Бу одам, фақт сизни ота-боболарингиз сиғиниб келган нарсалардан қайтармоқчи" (34:43)
Қуръон, ота-оналар ва аждодларнинг эътиқодига кўр-кўрона риоя қилишга қатъий қарши чиқади. Қуръон ҳақиқатни излашда, одамларни ақл ишлатиш ва мантиқ юритишга ундайди.
Қуръон ўз иддаоларини нафақат далиллар билан қўллаб-қувватлайди (Қаранг: 4:174, 6:104), балки ўзига қарши чиққанлардан ҳам далиллар талаб қилади (Қаранг: 21:24, 27:64, 2:111, 37:157).
Аждодларга кўр-кўрона тақлид қилиш, уларнинг фикрларини текширмасдан ёки далил изламасдан қабул қилиш деганидир. Шайтон одамларни аждодлар эътиқодларига кўр-кўрона амал қилишга ундайди, чунки унинг асосий мақсади - одамларни Қуръондан узоқлаштиришдир:
"Уларга: "Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар", дейилганида, улар: "Йўқ, биз ота-боболаримизни топган йўлидан юрамиз", дейишади. Шайтон уларни алангали олов азобига чорлаётган бўлса ҳамми?" (31:21)
Афсуски, кўпчилик одамлар илоҳий ҳидоятга тааллуқли барча масалада Аллоҳнинг Китобига мурожаат қилишни эмас, балки ота-боболарига эргашишда қайсарлик қилади:


«Ёки биз бундан олдин уларга китоб берган эдикми ва улар унга асосланмоқдами? Йўқ! Улар шунчаки: "Биз ота-боболаримизни қайси динда топганмиз, ва ўша йўлдан борамиз", дейишади. Шундай, сендан олдин қайси шаҳарга бир огоҳлантирувчи юборган бўлсак, бойликка берилган корчалонлар дедилар: "Биз ота-боболаримизни қайси динда топган бўлсак, уларнинг изидан борамиз" (43:21-23)
Ваҳоланки, бизнинг вазифамиз - аждодлар эътиқодини ақл ва Қуръон ўлчовларига кўра баҳолашдир. Бизга мерос қолган бу эътиқодлар, Қуръон таълимотларини қўллаб-қувватлайдими ёки улар Қуръонга зидми? Агар биз Қуръоннинг ҳақиқий кўрсатмаларини ҳаётимизга татбиқ этмасак ва аждодлар эътиқодига кўр-кўрона ва сўроқсиз эргашсак, у ҳолда нима бўлишини яна Қуръон оятлари бизга билдиради:
«Бас, албатта, уларнинг қайтиши оловга бўлажак. Чунки улар аждодларини адашган ҳолда топдилар, энди орқасидан югуришмоқда" (37:68-70)
Аллоҳ Қиёматда сўрайди:
"Юзларини олов куйдирар, уларнинг юзлари у ерда чиркин ва хор.
"Оятларим сизга ўқилмадими? Сиз уларни инкор этмадингизми?" Улар айтадилар: "Раббимиз! Гуноҳимиз бизга ғолиб келди? Биз бузғунчилар гуруҳи эдик" (23:104-106)
Бу одамлар ўша куни тан олишади:
"Агар биз тинглаганимизда ёки ақл ишлатганимизда, дўзах аҳли орасида бўлмасдик!" (67:10)
Биз ўз эътиқод ва амалимиз учун жавобгар бўламиз, ота-боболаримизнинг эътиқоди ё амалидан эмас:
“Улар бир уммат эди, келди ва кетди. Уларнинг эришганлари ўзларига, сизнинг эришганингиз эса сизга. Уларнинг амаллари учун сизлар масъул бўлмагайсиз". (2:141)
Қуръонда аждодларимизнинг эътиқод ва амаллари учун эмас, балки ўз амалларимиз учун жавобгар бўлишимиз аниқ айтилган. Демак, аждодларимизнинг диндорлиги тўғрисида баҳсга киришдан маъно йўқ. Умумият-ла, ўз мазҳабининг вафот этган катталари тўғри йўлда экани, ва уларга эргашиш керак, деб даъво қилувчилар, у кишилар ҳақида тахмин ва миш-мишларга асосланган гап-сўзларни келтиришади. Нариги тарафда эса, уларнинг рақиблари бошқа тахмин ва миш-мишларга асосланиб, бу даъволарни рад этишади ва бу одамларнинг расмини бошқача чизишади.
Бу мазҳабчи, ҳизбчи тортишувлар мавзуси - бизга тегишли бўлмаган ва биз жавобгар бўлмайдиган ўтмишдагиларга тааллуқли. Шунинг учун, улар ҳақидаги тортишувларга киришишдан маъно йўқ. Агар ота-боболаримиз муқаддас қадриятларга мувофиқ ҳаёт кечирган бўлсалар, улар ўз ажрларини олишади. Бироқ биз, биров ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмай туриб, унинг амаллари учун жавобгар бўлмайдиган одамларнинг тарафдори бўлмаслигимиз керак.
Одам ўзи билмаган нарсалар ҳақида баҳслашиши уни ҳеч қаерга олиб бормайди. Қуръон бизни бундай фойдасиз баҳсларга киришмаслигимиздан қайтаради:
“Ўзингиз билмаган нарса ортига тушма! Чунки тинглаган, кўрган ва ўйлаганининг барчаси учун жавобгарлик бор" (17:36)
Қуръон тўғри маълумотнинг аҳамиятига урғу беради, ва уни қабул қилиш ва унга мувофиқ ҳаракат қилишимизни истайди биздан. Тўғри маълумотдан ташқарида қолган ва ишончли бирор кўрсатма бўлишдан узоқ бўлган тахминлар рад этилади. Қуръон оятда айтилганидек:
"Гумон асло ҳақиқат ўрнига ўтолмайди" (53:28)
Тахминлар билан чекланиш, уларни ҳақиқат дея қабул этиш, бизга берилган ақлни инкор этиш дегани. Ҳар бир киши Қуръонга янги фикрларга очиқ онг билан ёндошмоғи керак, ва бунинг учун қолиплашган эски фикр ва қабулларни четга суриши керак.
Ҳақиқатни излашда ҳиссий майллар ўрнига ақл қобилиятларини ишлатиши керак. Булар, Қуръонга кўра, илоҳий ҳидоятни англашда энг асосий эҳтиёжлардир. Қуръонга бу тарзда ёндошмаганлар учун Қуръон тушунарсиз ва етарсиз китоби бўлиб қолаверади.
Хулоса шуки, Аллоҳнинг ваҳйи бўлмиш Қуръон ва ақл орасида ҳеч қандай зиддият йўқ. Аксинча, иккиси бир-бирини тўлдиради ва тамомлайди. Қуръон бизни ақлдан фойдаланиб, ундаги рисолатни англашга чорлайди; ва ота-боболаримизга кўр-кўрона тақлид қилишдан огоҳлантиради. Ҳақиқатни топиш учун, бизлар ўтмишдан мерос қолган тахмин ва урф-одатларга таяниб эмас, тўғридан-тўғри Қуръонга юзланиб, Аллоҳнинг ҳақ динини ягона ҳидоят манбаидан ўрганишимиз керак.

http://kemalyoldash.com