June 7, 2021

Ҳамзани сохталаштириш: «Яша, Турон!» ўрнига «Яша, Шўро!»

2014 йилнинг 29 август куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Тошкентнинг Ҳамза тумани номини Яшнободга ўзгартиришга қарор қилинди. Ижтимоий тармоқларда ушбу қарор юзасидан норозиликлар ва баҳс-мунозаралар ҳали ҳам тингани йўқ. Кўпчиликни бир савол қизиқтирмоқда: саксон беш йилдан кейин Ҳамзани “тошбўрон” – ёмонотлиқ қилиш нега керак бўлиб қолди?..

23 август куни, яъни Сенат қароридан аввал халқни бунга “тайёрлаш” учун ҳукумат нашри бўлмиш “Халқ сўзи” газетасида педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуроновнинг “Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш – муҳим маънавий вазифамиздир” номли мақоласи эълон қилинди.

“Маълумки, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўз вақтида лирик шеърлар, ғазаллар, маърифий китоблар, драмалар муаллифи сифатида танилган. Айни пайтда у юртимизда шўролар ҳокимияти ўрнатилганидан сўнг мустабид тузум мафкурасининг курашчиси ва тарғиботчисига айлангани, вафотидан кейин эса узоқ йиллар давомида “ўзбек совет адабиёти ва маданиятининг асосчиси” каби баландпарвоз таърифлар билан сохта улуғлаб келингани ҳам ҳақиқат”, – дея ёзади Қуронов. Қисқача айтганда, мақоладан Ҳамзанинг “шўро мафкурасининг куйчиси” бўлгани учун ҳам ёмонотлиққа чиқарилгани англашилади.

1993 йили “Ўзбек тили ва адабиёти” журналида чоп этилган адабиётшунос Салоҳиддин Мамажоновнинг “Ҳамза ва жадидчилик, асарларининг миллий жозибаси” номли мақоласида шоирни жадид, миллат жонкуяри ва маърифатпарвар сифатида кўриш мумкин. “Кейинчалик, 1918 йилда Ҳамза Шўрони олқишловчи шеър, ашулалар ёзди. Чунки Октябрь воқеасидан сўнг барча жадидлар – Мунавварқори, Фитрат, А. Қодирий, Чўлпон, А. Авлоний, Ҳамза – ҳамма-ҳаммаси шўролар ташкилотларида ишлай бошладилар, шу инқилобда ўзларининг орзу-армонларининг рўёбга чиқишига ишондилар. Кўп ўтмай фуқаролар уруши даври бошлангач ва майда миллатларга миллий мустақиллик, эркинлик берилмаяжагини сезишгач, булар ўйлаган нарсалари сароб бўлиб чиққанлигини билдилар ва кўпчилиги халқ озодлиги учун курашувчилар томонига ўтдилар. Шўро ҳукумати фуқаролар уруши тугаб-тугамай бирин-кетин бу зотларни қувғин қила, қамай бошлади ва кўп ўтмай улар қатл этилдилар. Ҳамза эса бирор жойда қўним билмади, унинг учун бирор жойда муқим, тинч ишлашга имкон берилмади. Юрт бўйлаб кўчиб юрди, Шўро тузумини, компартияни, қизил аскарларни куйлаш позициясига ўтди. Барибир унинг диққатида нозу неъматни яратувчи ишчи-деҳқонни улуғлаш, хотин-қизларни эркка, ўзининг инсонийлигини намойиш қилишга чорлаш ва айниқса маърифат, маданиятни мадҳ этиш туради”, – дейилади мақолада. Муаллифнинг таъкидлашича, Ҳамза миллат тақдири ҳақида куюниб ёзган, бутун эътиборини жаҳолатга қарши курашга қаратган.

Австрияда мухожирликда яшовчи таниқли ўзбек шоири Ёдгор Обиднинг Фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, Ҳамзанинг Шоҳимардондаги тошбўронда ўлмагани, балки пичоқлаб ўлдирилгани ҳақида маълумотлар бор. “Айтишларича, Ҳамза тошбўрон қилинган жойда жон бермаган. Қочиб бориб, бир катта қоя остига яширинган. Кейин уюштирилган тошбўрончилар тарқаб кетишган. Тошбўрондан “қутқарувчи” чекистлар “ёрдамга” етиб келишган. Ҳамзанинг тошбўрондан эмас, яширинган жойида пичоқлаб ўлдирилгани негадир қаттиқ сир сақланган. Қоя тошбўрон қилинган жойдан анчагина юқорида жойлашган”, – дейди у.

Ёдгор Обид фикрича, Ҳамзанинг кўп асарларининг аввалги нусхалари қаламда ёзилгани учун улар бугунги кунгача сақланиб қолгани даргумон:

“Масалан, “Яша, Шўро” шеърини қандай ўзгартирганлари бизга кейинроқ маълум бўлди. Бу ҳақда менга биринчи марта, ўша пайтда анча ёш бўлишига қарамай, тиришқоқ изланувчан шоир Асқар Қосим, кейинроқ Адҳам ака, Туроб Тўлалар айтиб беришган. Улар менга ҳатто “Яша, Турон” шеърини ёддан ўқиб ҳам беришганди:

Яша, Турон, яша, Турон,
Сен яшайдурган замон.
Миллат ўғли, ҳимматингдан
Балқисин рўйи жаҳон …

“Майсаранинг иши”, “Бой или ҳизматчи” ва бошқа асарлари қайта ишлаб, Совет сиёсатига мослаштириш учун бир махсус одамга топширилган. Бу одам ҳаммамизга таниш Комил Яшин эди. Бу иш учун Комил Яшинни айблайвериш осон, лекин воқеа моҳиятига назар солсангиз, масаланинг бошқа томони ҳам очилади. Комил Яшин, менинг фикри ожизимча, шу йўл билан Ҳамза асарларини ва унинг номини мутлоқо ўчириб юборишларидан асраб қолди. Шундай бўлиши ҳам ҳеч гап эмасди…

Туроб Тўла ва Адҳам Ҳамдамларнинг ўша вақтда айтганларига кўра, Ҳамза Туркистон мухторияти бошқаруви фаолларидан бири бўлган.

Ҳамзанинг маориф ва театр труппаларини ташкил қилиши, янгиланиш (жадидчилик) ҳаракатлари, саҳна асарлари устаси, шеър ва қўшиқлари ва бошқа ишлари билан ўша вақтда кўзга кўриниб қолганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу гапларда асос борлиги ҳақида ўйлаб кўриш мумкин. Назаримда, КГБ ҳамма ҳужжатларни йўқ қилиб юбормаган бўлса керак…

Туркистон мухторияти большевиклар бошлиқ қизил аскарлар томонидан қирғин қилинганидан кейин Ҳамза Қозоғистонга қочиб ўтади. Бир қанча вақт яшириниб юради.

Ўша вақтларда ёш совет давлати зиёлилар дастагига муҳтожлик сезади ва Ҳамзани қандай бўлмасин советларга ҳизмат қилдириш йўлини излай бошлайди. Охири Ҳамза бошқа илож тополмагач, қайтади.

Табиийки, кейинги ишлари советлашган – большевиклашган зиёлилар назорати остида ўтади. Асарларини ўзлари истаганча таҳрир қиладилар ва шу таҳрир билан нашр қила бошлайдилар. Унинг номига ва номидан кўп уйдирма ишлар тўқилади. Мусулмонлар кўзига уни диндан қайтган ва кофир қилиб кўрсатишга уринадилар.

Аслида, ўтган асрнинг 90-йиллари нашр қилинган тўрт томлик китобини кўрганлар бўлса, шеърларининг кўп қисми Муҳаммад пайғамбаримизга аталган эканини биладилар. Афсуки, бу китоблар тезда сотув расталаридан йиғиштириб олинди.

Ҳамза – ўзбек адабиётининг чин маънода буюк сиймоларидан бири ва шундай бўлиб қолаверади. Фақат унинг ҳаёти, ижоди, фаолиятларини ҳали ўрганилмаган қирралари кўп эканлигини унутмаслик керак”.

Швейцарияда сиёсий мухожирликда яшайдиган ёзувчи Сафар Бекжон ҳам Ҳамзанинг асарлари сохталаштирилган деган фикрда. Шунингдек, у Ҳамзанинг нима учун бугунги сиёсатга тўғри келмай қолгани ҳақида фикр юритган:

“Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг Хоразмда яшаган даврларини билган, уни таниган бир нечта отахонларни билардим (1968-70-йиллар бошлари). Ҳамза ўзини жадидчи шоир деб танитган. Бирлашган Туркистон давлати тарафдори бўлган. Хоразмликлар даврасида фаолият кўрсатган. Большевикларга алоқаси йўқ эканини айтишганди. Оиласидан 4 киши қатл қилинган (1920-30-йиллар). Биз кимнинг ким эканига қизиқишимиз алоҳида масала. Аммо Ҳамзанинг бугунги сиёсатга халал берган томонлари бор: турончилик ва туркистончилик ҳақидаги асарлари архивлардан чиқарилса, бу асарларни сохталаштирганларнинг фарзандлари шарманда бўлишади. Бу одамлар режимнинг ғоявий фронтини бошқараётган одамлардир. Комил Яшин, Зулфия, Азимовлар, Ғуломовлар – ҳаммаси режимнинг тиргаклари. Қисқаси, Ҳамза Ҳакимзода асарларининг ҳақиқий нусхалари чоп этилгандагина ким экани таниладиган турончидир”.

http://uz.ca-news.org/news:29381/