“Қуръонни пайғамбарсиз англаш имконсиз” дегувчиларга
Минг йилдан бери бизга ўргатилган ва уқтирилган ақида шу:
“Қуръонни пайғамбарсиз англаш мумкин эмас”.
Асрлардир бу ақидани ушладик, уни дин санадик, ҳар қандай ҳадисга, ҳар қандай ривоятга самимий ишондик. Бу нақллар ақлимизга зид бўлса ҳам, фитратга, табиатга, ҳатто Қуръон оятларига хилоф бўлса ҳам, бунга кўз юмдик, Пайғамбар номидан айтилган ҳар бир ҳадисни ваҳй дея эътиқод қилдик.
Шу билан бирга, Ақл деган илоҳий неъматни ҳам бир чеккага улоқтириб келдик. Ақлга ишона олмадик, унинг қадр-қийматини била олмадик, уни лойиқ тарзда ишлата олмадик. Оламдаги барча муҳим ҳодисалардан доим ортда қолиб келдик, илмий изланиш ва тараққиёт майдонида биронта мустақил қадам ташлай олмадик, ҳеч қандай ютуққа эриша олмадик. Нуқул бошқаларнинг ақлу-заковатига, ютуқларига хайрат ва ҳавасда қолиб келдик. Ақлни чеклаган динга қарамай, ақл ва тафаккур эгаси саноқли мутафаккир ва файласуфларни ердан ерга уриб, кофирга чиқардик, муртад деган тавқи лаънатни илиб, абадул-абад жаҳаннамга муҳрладик.
Ваҳоланки, Меҳрибон Яратувчимиз ақл ишлатишимизни истаганди, мана шу Ақл деган неъматдан тўя-тўйгунча неъматланишимизни истаганди, ҳатто ақл ишлатмаслик оқибати энг аянчли ҳаёт эканини таъкидлаган эди (10:100). Ўз Китобида доим бизнинг ақлимизга, тафаккуримизга ҳитоб қиларди. Ақлни ларзага солувчи, ҳаракатга туширувчи, уни тўғри ишлатишни ўргатувчи таълимотни ўз Китобида жо этган эди У Зот. Бу Китоб мубийн эди, очиқ-равшан баён этилган эди, уни англаш учун эса бор-йўғи бир нарса керак эди. Ҳикматли Яратувчимиз бу нарсани ҳар биримизга, истисносиз, ҳар биримизга, етарли миқдорда берган эди. У ҳам бўлса мана шу Ақл неъмати эди.
* * *
“Қуръонни пайғамбарсиз англаш мумкин эмас” деган эътиқодни қабул қилувчилар озайиб бормоқда, зеро инсондаги Ақл неъмати ишга тушаркан, савол устига савол беришга мажбур.
Биринчидан, Қуръонни фақат пайғамбар англай олса, у ҳолда бизнинг уринишимизга ҳожат йўқ. Модомики, пайғамбар Қуръонни англаш ишини биз учун олдиндан амалга ошириб, тугаллатиб кетган экан, демак бизнинг уринишимиз кераксиз ва самарасиз бўлиб чиқади. Қуръонни тадаббур этиш, унинг оятлари устида тафккур этишга чақирувчи 20 га яқин оятга зид.
Иккинчидан, “Қуръонни пайғамбарсиз англаш мумкин эмас”, деган иддаони қабул қилсак, боши берк кўчадаги чиқиб бўлмас чуқурга тушиб қоламиз. Чунки Қуръондан қайси оятни қандай англаганини сўраб ўргана оладиганимиз Пайғамбар бугун орамизда йўқ.
Ундай бўлса, Қуръонни қандай англаш ва қандай ўрганишимиз мумкин?
“Қуръонни пайғамбарсиз англаш мумкин эмас” иддаоси эгаларида бунга жавоб тайёр: “Биз тасдиқлаган Ҳадислар ва Ривоятлар”. Тушунарли тилга таржимаси шу: Пайғамбар номидан ижод этилган ҳадис ва ривоятларни моҳирона ишлатиш орқали, Қуръонни қандай англаш кераклигини ўргатувчи алоҳида гуруҳ. Худди христиан дунёсидаги каби Роҳиблар синфи (Руҳбон). Динни англаш ва динни англатиш иши ана шулар қўлидаги монополияга айланади. Аллоҳ таоло Қуръонда христианларни қайтарган хатони Ислом уммати такрорлаган бўлади.
Пайғамбар абадий эмаслиги боис, Қуръонни англаш ва англатиш иши пайғамбардан кейин унинг “ворислари” дейилган ана шу руҳбонлар қўлига топширилади. Пайғамбарга эргашиш буюрилгани каби, унинг “ворисларига”, яъни ана шу руҳбонлар синфига эргашиш ҳам ўз-ўзидан диний вожиботга, эргашмаганлар эса осий ва жиноятчига айланади.
* * *
“Қуръонни пайғамбарсиз англаш мумкин эмас” иддаосини қабул қилгач, хатоларимиз тобора кўпаяди.
1. Аллоҳни диндан ташқарига чиқарган бўламиз. Яъни, диндаги сўнгги сўз, охирги ҳукм Аллоҳга эмас, балки Пайғамбар ворислари дейилган руҳбонларга топширилади. Динга тааллуқли ҳар қандай маълумот, мана шу тор гуруҳ қўлида чекланади; Дин ҳақида гапириш, уни ўрганиш ва ўргатиш ваколати бу гуруҳдан ташқари ҳеч кимга берилмайди. Ўрни келганда, ҳатто Аллоҳнинг ўзига ҳам.
2. Қуръонни ва ҳар қандай диний масалани Аллоҳнинг китобидан эмас, пайғамбардан, аниқроғи унинг “ворислари” тасдиқлаган ҳадис ва ривоятлардан сўрайдиган аҳволга тушамиз. Бу билан “Ар-Раҳмону алламал-Қуръон” (Қуръонни Раҳмон ўргатди) оятни бекор қилишга тўғри келади.
3. Қуръон илмини фақат пайғамбарга чеклайдиган бўлсак, Тоҳа:114 оятдаги “Роббим, илмимни зиёда қил”, дуосини ҳам ўзгартиришга тўғри келади. “Эй, пайғамбар илмимни зиёда қил”, дея дуо қилишга бошлаймиз.
4. Кейин Аллоҳни ўзимиздан узоқлаштиришни бошлаймиз. Аллоҳга асло етиша олмайдиган, Уни англай олмайдиган, Унга қандай яқин бўлишни Унинг Ўзидан ўргана олмайдиган аҳволда қоламиз. Чунки Аллоҳ билан орамизда унга етиштирувчи, уни танитувчи, унинг динини ўргатувчи ва унга яқинлаштирувчи воситачиларни пайдо қилиб бўлганмиз.
Бақара:186, Қоф:16-оятларда Аллоҳ таоло ўз қулларига ниҳоятда яқин эканини эълон қилади. Шу билан бирга, ўз қуллари ҳам Аллоҳга ниҳоятда яқин дея билган ҳолда унга дуо, ибодат ва қурбат ҳосил қилишларини истайди (Бақара:186, Аъроф:180, Фурқон:77)
5. Аллоҳга, динни Унинг Ўзига холис қилган ҳолда, ибодат қилиш, динни ёлғиз Унинг Китобидан ўрганиш ва ўргатиш каби тавҳид динимизга нуқта қўйган бўламиз. Бундан кейинги диний ҳаётимиз тамоман Аллоҳ билан орамиздаги воситачиларга боғлиқ, уларнинг рухсати ва чегарасида бўлади.
* * *
“Қуръонни пайғамбарсиз англаш мумкин эмас” дедилар. Бу иддаодан чиқадиган хулосаларни ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Қуръон қиёматгача ўлмас Китоб экан, уни англай оладиган ягона инсон ҳам қиёматгача тирик туриши керак. Замон ва макон ўзгариши, ижтимоий ва иқтисодий вазият, минтақавий ва геосиёсий конъюнктура ўзгариши билан юзага келган янги шароитларда, Қуръонни қандай англаш кераклигини Пайғамбар ўргатиб туриши керак бу умматга. Модомики, бундай эмас, яъни пайғамбар ҳаётда эмас экан, Қуръонни англашимиз бутунлай имконсиз.
“Қуръонни пайғамбарсиз англаш мумкин эмас” иддаосидан чиқадиган хулоса шу: Аллоҳ таоло Қуръонни инсон ақли-заковати англай оладиган китоб қилиб нозил қилмапти, қилолмапти, яъни Қуръон нузули ишини эплолмапти.
* * *
Буларни англагандан кейин умматнинг бугунги аянчли аҳволига ҳайрон бўлмасак ҳам булади. Қуръонни фақат пайғамбаргина англай олади ва англата олади, деган эътиқодни қабул қилганимиздан кейин бугунги дунёни, реал воқеъликни англаш ва унинг ичида тўғри мавқени эгаллаш учун биринчи зарурий силоҳимизни – ақлни – етарлича ва тўғри ишлата олмаймиз.
Доим бошқаларнинг ақл ишлатишини ҳайрат ва ҳавас билан кузатишга маҳкуммиз.
Диний ҳаётимиз эса фақатгина шаклбозлик ва тақлидчиликдан иборат бўлиб қолаверади. Диннинг асл мағзи ва моҳияти, марказий ғояси, эришмоқчи бўлган якуний ҳадафларини ҳеч қачон англай олмаймиз. Булар учун керакли бўлган ақлий фаолият на ҳадисда, на ривоятларда ўргатилмаган экан, интеллектуал кураш майдонида ақлларимиз мингйиллик фалаж ҳолатида қолаверади.