December 3, 2021

Муътазила

Уммавий бошқарув салтанат учун хавф солмайдиган гуруҳларга тегмаганлиги билан машҳур. Лекин исён ҳиди келган жойларни, ҳатто у ер масжиди ҳаром бўлса ҳам ер билан бир қилар эди. Ундай гуруҳларнинг кўплари ҳукуматга қарши чиқмаганлиги сабаб омон қолишарди. Шу сабаб саодат асрида ақида ва фиқҳда тахрифотлар бошланди.

Ҳукумат ўта қаттиққўл ва зулмга асослангани сабаб, кўплар ундан паноҳ топиши ва бошқарувчиларга яхши кўриниш мақсадида ҳадислар тўқир эдилар.

Ҳукумат мухолифлари ҳам бўш турмадилар, улар ҳам ҳукуматга қарши ҳадислар тўқир эдилар. Натижада хақиқий суннат булғаланар эди.

У даврда уч мазҳаб бор эди. Муржиялар ҳукумат таркибида эдилар. Шиа эса Хусайнни шаҳодати билан оғир зарба еган эди. Хорижийлар ҳам босим остида эдилар, шунга фақат каломчилар билан назарий масалаларда баҳслашиб юрардилар.

Тортишувлар доим сиёсий турли фикрлиликдан бошланиб бошқа йўналишларга ҳам тарқар эди. Бундай “бошқача” фикрлар асосан Исломга янги кирганлардан ва динни бузишни мақсад қилган кучлар томонидан олиб борилар эди.

Бундай баҳс мавзулари авваллари “имомат” ва “гуноҳи кабира қилганларнинг ҳолати” бўлса, кейинчалик унга муташабиҳ оятлар ва Аллоҳнинг сифатлари каби мавзулар қўшилди. Шу шаклда сиёсий бўлиниш, бориб-бориб диний бўлинишга айланар эди.

Бундай баҳслар инсонлар кўп тўпланиб фикр алмашадиган ерлар масжидларда бўлар эди. Басра масжиди ана шундай марказлардан бири эди.

Машҳур исмлардан Хасан ал-Басрий у даврнинг университети мақомидаги дарс ҳалқалари ташкил қилганди. У уммавийлар давлатини солиштириб танқид қиларди, Муовиянинг қилган ишлари сабаб айбларди. Хасан ал-Басрий таклиф қилинган мансаб ва пулларни қабул қилмаганди, аммо ҳукуматга қарши исёнларга қатнашмасди ва исёнчиларга қарши чиқарди. У доим ижобий тугамайдиган ҳаракатларга қўшилмасликни тавсия қиларди. Лекин ҳукуматга қарши чиққанларнинг кўпи унинг дарс халқаларида етишган эдилар, ҳатто унинг укаси ҳам исёнчиларнинг ичида эди.

Басрадаги дарс халқасида куннинг энг машхур мавзуси гуноҳи кабира тортишилаётган эди. Ўқувчилардан Восил бин Ато ўз устозига мухолиф бўлди.

Лекин аслида, Муҳаммад Абу Заҳронинг ҳам айтишича, Восилнинг қараши билан Басранинг қараши орасида моҳият жиҳатидан фарқ йўқ эди, фақат ифода фарқланарди. Хасан Басрий катта гуноҳ қилган инсон мунофиқ бўлади деганди. Мўътазила мазҳаби асосчиси деб айтиладиган Восил бин Ато эса “кабира гуноҳларни қилган одам фосиқдир, ўрни имон билан куфр орасида (“икки манзил орасидаги манзилда”), тавба қилмай ўлса жаҳаннамга тушади” деганди.

Бу жиддий фарқ эмас эди. Шу сабаб шогирд ва устоз орасидаги бу фарқлилик катта зиддият эмас эди.

Мўътазиланинг пайдо бўлишига сабаб деб кўрсатиладиган бу ҳодиса, моҳиятан фарқланмайдиган қарашлар туфайли алоҳида бир мазҳабнинг юзага келишини тушунтира олмайди. Чунки мўътазилалар Хасан ал-Басрийни ҳам ўзларидан санаб, унинг қарашларини қабул қилгандилар.

Аслида фирқалар ўз мухолифларини яратади. Мўътазила имоми жумҳурни тамсил қилган Хасан ал-Басрийни халқасидан чиққани каби, Ахли суннат имоми ҳисобланган ал-Ашъарий ҳам Мўътазила халқасидан чиққани буни ёрқин далилидир.

Аслида Мўътазилани пайдо бўлишига жиддий сабабларни кўрсатиш мумкин.

Сабаблардан бири, динда ўта юмшоқ бўлган Муржия тоифаси билан ўта қаттиқ бўлган Хорижийларни орасида ўрта йўлни тутишга уриниш;

Улар на Хорижийлар каби “катта гунох қилган одам кофирдир” дедилар ва на Муржия каби “гуноҳ муминга хеч зарар бермайди” дедилар. Бу икки қарашни ўртасини олиб, ундай инсон “икки манзил орасидаги манзилда” бўлади дедилар.

Мавжуд ижтимоий диний ҳолатга қарши реакция натижасида пайдо бўлган Мўътазила қаршисига бир жамоа ташкил қилган “ҳадисчилар” гуруҳи чиқишни бошлади. Улар ақлни илк ўринга чиқарадиган Мўътазилага қарши бўлиб, нақл ақлдан ҳам аввалроқ деб даъво қилдилар.

Мўътазиланинг “ақллилар” гуруҳидан чиқариб “ақлчилар” гуруҳига айлантирган нарса, Ислом маданиятини форс, юнон, хинд маданиятлари билан аралашиши натижасида пайдо бўлган савол ва эътирозларга жавоб бериш эди. Ҳамда Уммавийларнинг давлат сиёсати даражасига чиқарилган араб ирқчилигига ва хорижий догматизмига қарши кураш эди. Бундай масалаларга фақат ақл-мантиқ билан жавоб бериш мумкин эди.

Яна бир сабаб, Исломни ичидан зарба бериш учун мусулмон бўлгандек кўриниб, фалсафий мантиқий саволлар билан тахриф қилишга уриниш эди. Ундай зиндиқларга қарши Мўътазила, юқори маҳорат билан жавоб берар эди.

Бу ҳолатлар давомида Мўътазила ўзини ақидасини шакллантирди. У беш асосда эди:

1. Тавҳид. Аллоҳга қандай имон келтириш масалаларини қамраб олганди.
2. Адл (адолат). Бу инсонларга қилинган ёмонликларни бўлиши керакдек, ҳатто чиройли кўрсатишга уринган ва қулнинг қилган ишидан масъул эмас деб ишонадиган Жабарияга қарши қоида эди.
3. Ваъд ва Ваъид. Бу жазо ва мукофот мавзусида Муржияга қарши қоида эди.
4. Ал-манзилату байнал манзилатайн (икки манзил орасидаги манзил). Бу катта гуноҳ қилган инсонлар оқибати хақидаги қоида эди.
5. Амри бил маъруф ва нахий анил мункар (яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш). Бу Исломни ўзгартирилишини олдини олиш ва Хорижийлар билан Муржияни рад этиш учун қоида эди.

Мўътазила эътиқодидан баъзилари:

Имом (амр, халифа, бошлиқ) уммат тарафидан сайланиши керак эди.
Асос кўпчилик билан эмас, иттифоқ билан сайланиши лозим.
Ихтилоф вақтларида имом сайлаш мумкин эмас.
Имомлик шаръан фарздир.
Имомнинг қандайдир наслдан бўлиши шарт эмас. Қурайш ёки ажам (араб бўлмаганлар) эканлигини аҳамияти йўқ, уларни адолатли ва ишга ахл бўлиши асосий шартдир.
Фосиқ имомнинг орқасида намоз ўқиш мумкин эмас.
Асос Амри маъруф ва нахий мункар қоидасидир.
Адолатдан узоқлашган бошқарувга исён кўтариш фарздир. Фақат бунга имкони бўлса.
Саҳоба орасидаги ихтилофга аралашиш ман этилган. Лекин мўътазиланинг баъзилар саҳобаларни очиқ танқид қилар эдилар.
Ҳадис ва ижмоъни рад этганлар.

ХУЛОСА

Мукаммал ва бир бутун бўлган Ислом халифаликнинг салтанатга айланиши билан парчаланиб хазин ва фирқалашган ҳолатлар пайдо бўлди.