biblical-mullahs
May 23, 2021

АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-7

ЁШИ КАТТА КИШИЛАРНИ ЭМИЗИШ

Молик ибн Анаснинг машҳур "Ал-Муватто" китобини сунний муллалар "Шаръиатнинг илк формуласи" деб номланади. Молик шаръият илмларида буюк фақиҳ ҳисобланади. Шунинг ўзиёқ шаръиат дегани ҳеч қанақа "илоҳий" эмаслигига етарли далилдир. Моликийнинг "Ал-Муватто" асаридан баъзи ҳукмларни қуйида келтирамиз:

Урва ибн аз-Зубайр ривояти: "Расулуллоҳнинг Бадрда ҳозир бўлган саҳобаларидан бири Абу Ҳузайфа ибн Утба ибн Рабиъа Солимни (Солим мавло Абу Ҳузайфа деб танилган) боқиб олди, худди Расулуллоҳ Зайд ибн Ҳорисани боқиб олгани каби. Абу Ҳузайфа уни ўғлидек кўрарди ва уни илк муҳожирлар орасида бўлган қариндоши Фотима бинти Валид ибн Утба ибн Рабиъага никоҳлади. У Қурайшнинг энг гўзал аёлларидан эди. Аллоҳ таоло Зайд ибн Ҳориса ҳақида оятлар нозил қилгани- 24 да, (яъни "Уларни ўз оталари исми билан чақиринг. Бу Аллоҳ наздида адолатлироқ. Агар оталари кимлигини билмасангиз, улар сизга маволий ва диндаги биродардир"), Абу Ҳузайфанинг хотини Саҳла бинти Суҳайл Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб деди: "Ё Расулаллоҳ! Биз Салимни ўғлимиз деб биламиз ва у мени (ҳижобсиз ҳолимда ҳам) кўргани келиб туради. Бизда фақатгина битта хона бор, бунга нима дейсиз?" Расулуллоҳ деди: "Унга сутингдан беш томчи эмиз ва у маҳрам бўлади".

Оиша Уммул-мўминин ушбу ривоятга асосланиб, уни кўриш учун келган барча эркакларга айни суннатни татбиқ этади. Синглиси Умму Гулсум бинти Абу Бакр ва акасининг қизларига айтиб, сут келтиради ва қайси бир эркак унинг ҳузурига шайланган бўлса, унга ичиришни буюради. Расулуллоҳнинг қолган хотинлари эса, бунақа йўл билан бирор кимсани ўз ҳузурига киргазишдан бош тортади. "Йўқ! Валлоҳи, Расулуллоҳнинг Саҳла бинти Суҳайлга буюриши ёлғиз Солимга тааллуқли эди. Йўқ! Валлоҳи! Ҳеч ким бундай йўл билан ҳузуримизга киролмас!"

Пайғамбарнинг хотинлари катта кишиларни эмизиш ҳақида айтганлари мана шулар. (Молик Муватто. 30-китоб, 1287-ҳадис)

Қисқаси, Молик демоқчики, Пайғамбар бир куни Саҳлага балоғатга етган Солимни ўз кўкрагидан эмизишга рухсат берган. Унинг кўкракларидан сўрган эркак гўёки унга "маҳрам" бўлар эмиш ва улар бирга холий қолса бўлар эмиш. Яъни, Пайғамбарнинг буйруғи билан бир аёл бир йигитни кўкрагидан эмиздирган ҳамда Оиша опасига ва акасининг қизларига айтиб, келган ҳар эркакни эмизган ва маҳрамга айлантирган... ва ш.к. сафсаталарга ишонишимиз шарт демоқчи Молик ўз "Муватто"сида.

Мана шундай сохта ва шаҳвоний хаста ҳадисларга таяниб, 2007 йилда Шайхул-ҳадис Иззат Атийя (минг йиллик Азҳар Университети Ҳадис бўлими Раиси) махсус фатво чиқарди. Фатвога кўра, замонавий офисларда бирга ишловчи эркак-аёлларга қарши ноўрин айбловларнинг олдини олиш учун, офисдаги аёллар ўз кўкракларидан эркакларни эмизмоғи шарт қилинади.

Иззат Атийя фатвосида айтилишича, агар ходима аёл эркак ҳамкасбини кунига беш маҳал "тўғридан-тўғри кўкракдан" эмизса, ўртада оилавий ришталар боғланади ва шу тариқа офисда бирга ёлғиз қолиш ҳалол бўлади. "Катта кишиларни кўкракдан эмизиш эркак-аёл офислар муаммосига чек қўяди, никоҳни ҳам бекор қилмайди. Ишда бир аёл эмизгани эркак қаршисида ҳижобсиз ва сочи очиқ кўриниши жоиз бўлади”.

Иззат Атийя чиқарган "Катта кишиларни эмизиш" фатвоси жамоатчиликда фавқулодда кескин қаршилик пайдо қилди, оқибатда бу мулла ўз фатвосини қайтиб олишга ва уни бекор қилишга мажбур бўлди. Бироқ орадан уч йил ўтиб, 2010 йилда, Саудия Арабистонида, Абдулмуҳсин Ал-Абайкан исмли мулла айни фатвони такрорлади. "Номаҳрам эркак-аёлларнинг бирга қолишидаги ноқулайликларни ҳал этиш, ўзаро оила ришталарини боғлаш ва она-ўғил маҳрамияти каби даражотларни юзага келтириш мақсадида, аёллар бирга ишловчи эркакларни ўз сутидан эмизиши мумкин". (https://www.meforum.org/3211/islamic-adult-breastfeeding-fatwas) Бу каби ифлос ва фаҳш фатволарнинг барчаси муллоларнинг сохта ва шаҳватпараст ҳадисларига ишониши оқибатидир.