May 2, 2021

“Aраблар” ҳақида Қуръон нима дейди?

Арабларни ифодалаш учун Қуръонда “АЪРОБИЙ” (араб) ёки “АЪРОБ” калималари (араб калимасининг кўплик шакли) қўлланилади. Қуръон арабларни ифодалашда бошқа бир калима ишлатмаган ва арабларни ўта манфий сифатлар билан зикр этади. Кейинги даврлардаги араб тилшунослари Қуръондаги бу танқидлардан ўзини обқочиш учун “араб” ва “аъробий” калималари орқали гўёки араблар эмас, балки “бадавийлар”, яъни “қишлоқи араблар” мурод этилган, деган баҳона уйдирдилар. Аллоҳ ёмонликни қишлоқ аҳлига тўнкашдан пок ва муназзаҳдир.

Лекин шунга қарамай, Қуръоннинг араблар борасидаги шафқатсиз, аммо ҳақ оятларини бошқа маъноларга буриш оқибатида араблар қош қўяман деб кўз чиқардилар. Афсуски, бу ёндошув аксар араб тили луғатларида ҳам ўрин олмоқдадир (мас. Ибн Манзур, ёки Лисонул-араб). Агар бу обқочишларни қабул этган тақдирда ҳам, у ҳолда “Қуръонда шаҳарли араблар учун қандай калима қўлланилган?” деб сўрасангиз, албатта жавоб бера олишмайди.

Аммо, араб тили олимларининг ҳаммаси ҳам, табиийки, бу уйдирмаларни қабул этмайди. Роғиб ал-Исфахонийга кўра, “Аъробий” калимаси араб ирқи ва араб инсонининг тамомини қамрайди: “АРАБ – Иброҳим ва Исмоил зурриётининг исмидир. “Аъроб” калимаси эса асосида бу араб калимасининг кўплик шаклидир” (Ал-Муфрадот, “ъ-р-б” моддаси)
Буни таъкидлаган Роғиб, “Аъроб” калимасининг кейинги даврларда “бадавий”ларни ифода этиш учун қўлланила бошлаганини ҳам қайд этади.

Қуръон араб ирқини ёки араб жамиятини ифодалаш учун бошқа бир калима ишлатмайди, демак “Аъроб” калимаси араб ирқига мансуб инсонларнинг тамомини билдиради, бундан бошқа тарафга буришнинг на илмий ва на тарихий яроқлилиги йўқ.

Қуръонда АЪРОБ калимаси келган 10 оятдан фақат биттаси мустасно, доимо ёмонлик, мунофиқлик, иккиюзламачилик, зиқналик, қўрқоқлик ва шу каби қабиҳ сифатлар билан бирга зикр этилади. Юқорида Роғиб ал-Исфахонийдан “АЪРОБ” ва “АЪРОБИЙ” калималарининг асл маъносини ўргангач, қуйида мазкур оятларни бирма-бир қайта кўриб чиқамиз:

1. Улар Аллоҳ ва Расулига ёлғон сўйлашдан тап тортмайдилар:
“Араблардан ҳам ўзлари учун изн берилишини сўраб узр айтгувчилар келди ва Аллоҳ ва Унинг расулига ёлғон сўйлаганлар урушдан қолиб ўтирдилар. Албатта, улар орасидаги кофирларга ҳали аламли азоб етажак!” (Тавба:90)

2. Улар куфр ва нифоқда энг ашаддийдирлар:
“Араблар куфру-нифоқда энг ашаддийдирлар, ва Аллоҳ Ўз пайғамбарига нозил қилган нарсаларнинг чегараларини билмасликка энг мойил/яқиндирлар”. (Тавба:97)

3. Улар мол-мулкидан инфоқ-эҳсон қилувчиларни шу даражада ёмон кўради ва уларнинг балоларга дучор бўлишини истайдики, ҳатто Аллоҳ уларнинг ўзларини балога дучор қилади:
“Араблар орасида шундайлар борки, қилган садақасини зиён деб билади ва сизларга бало етишига кўз тутиб туради. Энг ёмон бало уларнинг ўзларига бўлсин!” (Тавба:98)

4. Улардаги нифоқ доимийдир:
“Атрофингиздаги араблар орасида ҳам, Мадина аҳолиси орасида ҳам нифоқда доимий бўлган кишилар бор, сен уларни билмассан, Биз билурмиз. Уларни икки баробар азоблаймиз. Сўнгра улар яна-да каттароқ азобга қайтарилурлар”. (Тавба:101)

5. Улар Аллоҳнинг Расулини оғир дамда ташлаб кетадилар:
“Мадина аҳли ва уларнинг атрофларидаги араблар учун Аллоҳнинг расулидан қолишлари ва Ундан юз ўгириб ўзлари билан овора бўлишлари жоиз эмас эди”. (Тавба: 120)

6. Улар Пайғамбар ва мўминларни урушдан қайтиб келмаслигини тилайдилар:
“Сизга араблардан бўлган ортда қолганлар «Бизни мол-мулкларимиз ва ахли-оилаларимиз машғул қилиб қўйди, энди ўзинг бизлар учун мағфират сўрагин», дерлар. Улар дилларида бўлмаган нарсани тиллари билан айтадилар. Сен айт: «Агар У сизларга бирон зиённи истаса, ёки сизларга бирон манфаатни мурод этса, у ҳолда ким сизлар учун Аллоҳ томонидан бўлган бирон нимани дафъ қила олур?! Йўқ, ҳақиқат шуки, Аллоҳ сизларнинг қилаётган ишингиздан хабардордир! Сизлар пайғамбар ва мўминлар ўз ахли-оилаларига ҳеч қачон қайтиб келмайди, деб ўйладинглар ва бу дилларингизга чиройли кўриниб, ёмон гумон қилдинглар. Бас, ҳалок бўлгувчи қавм ҳолига келдингиз!” (Фатҳ: 11-12)

7. Улар қўрқоқ ва қочоқдирлар. Бу уларнинг юзларига солинади ва огоҳлантирилади:
“Араблардан уйда ўтириб қолганларга айт: «Яқинда сизлар куч-қувват эгаси булган бир қавмга қарши чақириласиз. Ё уларга қарши уришасиз, ёки улар Исломга киради. Бас агар итоат этсангизлар, Аллоҳ сизларга гўзал ажр-мукофот ато этур. Агар илгари юз ўгириб кетганларингиздек яна юз ўгириб кетсангизлар, У сизларни аламли азоб-ла азоблар”. (Фатҳ: 16)

8. Улар тилда иймон калималарини айтишади, қалбларида эса иймон йўқдир:
“Араблар: «Иймон келтирдик», дейишди. Айт уларга: «Сизлар иймон келтирганларингиз йўқ, лекин сизлар “Таслим бўлдик”, денглар, ҳануз иймон дилларингизга кирган эмасдир”. (Ҳужурот: 14)

9. Душман кучли келиб қолса, улар тарафига ўтиб кетаверишига ишорат қилинади:
“Улар душман фирқаларни қайтиб кетмаган, деб ўйлардилар. Ва агар ўша фирқалар қайтиб қолгудай бўлса, улар араблар орасида қолиб, сизларнинг ҳолингизни уларга етказиб туришни дўст тутган бўлардилар. Агар улар сизларнинг орангизда бўлганларида ҳам, камдан-кам жанг қилган бўларди”. (Аҳзоб:20)

10. Худди ҳар қандай ирқ ва қавмда бўлгани каби, араблар орасида ҳам яхши инсонлар йўқ эмас:
“Араблар орасида Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган ва қиладиган инфоқ-эҳсонини Аллоҳ даргоҳида қурбат ҳосил қилиш ва пайғамбар даъвати деб биладиган зотлар ҳам бор. Огоҳ бўлсинларким, ўша инфоқ-эҳсонлари ўзлари учун қурбатдир. Аллоҳ уларни Ўз раҳматига доҳил қилажак. Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир” (Тавба:99)

Кўриб турганингиздек, Араблар зикр этилган 10 оятдан фақат биттасида ижобий, қолган тўққизида салбий сифатлар нисбат этилади. Хулоса шуки, араблар бирор ирқ ёки миллатдан афзал ёки устун ҳам эмас, ҳар қандай қавм каби барчамизга таниш бўлган нуқсон ва камчиликлардан холий ҳам эмасдир.

kemalyoldash.com/3031