May 2, 2021

“Қуръонийлар” ҳақида 3 ёлғон ва 3 ҳақиқат

1. “Қуръоний” янги чиққан оқим”.Йўқ, илк “Қуръоний” – Муҳаммад а.с.

Аввало “Қуръоний” номи ҳақида айтиш керак. Бу номни, Аллоҳ таолонинг: “Бир-бирингизга лақаб қўйманг! ” амрига итоатсиз бўлган одамлар қўядилар. “Қуръоний” атамасини ҳоҳ яхши деб қабул қилайлик, ҳоҳ ёмон деб, бу атама аввалда ҳам бўлган. Энг биринчи “Қуръоний” (агар шу атамани ишлатиш лозим бўлса) Аллоҳнинг элчиси – Мухаммад а.с. эдилар. У зот Қуръон амрига мувофиқ фақат Қуръондан сўзладилар:

“(Эй Мухаммад), сиз фақат ўзингизга ваҳй қилинган, Парвардигорингизнинг Китоби – Қуръондангина сўзланг!” (Каҳф,27)

Қуръони карим нозил бўла бошлагач, Қуръондан аввал нозил бўлган китоб эгалари (яхуд ва насоролар) ва Қуръонни хуш кўрмаслар (Қурайш зодагонлари) Қуръонни ҳам ва уни инсониятга етказиш вазифасига киришган пайғамбар а.с.ни ҳам ёмон кўриш билан, унга қаттиқ қаршилик қилиш билан “кутиб олдилар”. Чунки Қуръони карим залолатга кетган барча инсониятни ҳақ йўлга солиш учун, золимларнинг кирдикорларини очиб ташлаш, уларнинг макр-ҳийлаларига чек қўйиш, бузғунчилик ва адолатсизликларига қақшаткич зарба ўлароқ нозил бўла бошлаган эди.

Пайғамбарга эргашган саҳобалар ҳам Қуръоний “бўлдилар”. Қуръонни ўқидилар, ўргандилар, тафаккур қилдилар ва уни тарқатишга-етказишга ошиқдилар. Ва бу ҳолат пайғамбар вафотидан 230-250 йил ўтгунга қадар, то хадис йиғувчилар хадисларни китоб қилгунларига қадар, деярли барча мўъминлар “Қуръоний” бўлиб яшадилар.

“Куфр келтирганларга, бахтсизлик ва амалларини зое қилиш бўлур. Бунга сабаб – уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарса(Қуръон)ни хуш кўрмаганларидан. Бас, У зот ҳам улар амалларини – ботил қилди” (Мухаммад 8-9- оятлар)

Табиийки, ўшанда динни суъистемол қилаётган ва сирлари фош бўлаётган зўравонлар бугунгидек талвасага тушиб қолгандилар. Шу сабаб ҳам, хатто аввалда энг ишончли деб билганлари, суйиб юрганлари Мухаммадни ҳам биргина – Қуръон сабаб, унинг оятлари талаб қилаётган ишлар сабабли, бошқача айтганда, “Қуръоний” бўлиб қолганлари учун ҳам хуш кўрмай, ёмон кўриб қолгандилар.

Бугун ҳам биз каби Қуръондан сўзламоқчи бўлган одамларни кимлардир суймаётган бўлса, ўша Қуръонга қарши бўлган, уни суймаганларнинг давомчилари дейиш мумкин ҳолос.

Бугун, Қуръон истаган гўзал жамиятнинг халигача тикланмаганининг сабаби ҳам, айнан Қуръондаги асл талабни айтилмаётганидан, баъзи дин уламоларнинг эса, уни яшираётганларидан ва ёки оят мазмунларини ўз фойдаларига буриб, ўзлаштириб келаётганларидир. Табиийки, уни очиб ташламоқчи бўлган – “Қуръонийлар” сўз-қарашлари уларга албатта ёқмайди, уларни бўғишга чоғланишади.

Улар (Қуръоний дегувчилар) – икки хил қатламдаги одамлар, бири динни суистемол қилаётган, сирлари ва уйдирмалари фош бўлаётган дин пешволари бўлса, иккинчиси уларга лаққа ишониб, Қуръон оятларини бир четга суриб бўлса-да, ўзларини гўёки ДИНни , пайғамбар ва унинг хадисларини “ҳимоя” қилишга чоғланган санагувчи жоҳил кимсалардир. Ким билсин, улар балки ўзларини “Қуръонсизлар” ёки “хадисийлар” деб аташар – хуллас, шу қатламдир. Уларни хар иккисининг сифатини Қуръони карим айтиб ўтган, уларга оид бир нечта оятни эслаш етарли:

“Сизлар Парвардигорингиз нозил қилинган нарсага (Қуръонга) эргашингиз, ундан ўзга “авлиё”ларга эргашмангиз!” (Аъроф 3)

Бу оят хар инсонни сизнинг иборангиз билан айтганда – “Қуръоний” бўлишга амр этувчи оятдир.

“Ер юзидаги кимсаларнинг кўпчилигига итоат қиладиган бўлсанг, Сени Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар. Улар фақат гумонларигагина эргашурлар ва фақат алдайдилар, ҳолос”. (Анъом 116)

“Сиз фақат ўзингизга ваҳй қилинган, Парвардигорингизнинг Китоби – Қуръондангина сўзланг!” (Каҳф 27)

“Бандаларимга айтинг, улар энг ГЎЗАЛ СЎЗдан (Қуръондан) сўзлашсинлар”. (Исро 53)

“Ким Аллоҳ (китоби)га боғланса, муҳаққақки, тўғри йўлга – хидоятга йўналибди”. (Оли Имрон 101)

Аммо барча ишлар охир-оқибат Аллоҳга қайтур ва Аллоҳ албатта-ғолиб бўлгувчидир.

2. “Қуръонийлар ҳадисни инкор қилади”.Йўқ, ҳадисни илк инкор қилувчи бу – Қуръон

Ҳадисни биз эмас, Қуръони карим инкор қилади.

“Етук хужжат фақат Аллоҳнинг ҳужжатидир”. (Анъом сураси 149-оят)

“Ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма!” (Исро 36)

Пайғамбар а.с.нинг инсониятга нимаики айтиши лозим бўлса, Аллоҳ таоло барчасини Қуръонда: – “Айт” дея айттириб бўлган:

“Айт: “Албатта, мен сизларга на бир зиён ва на бир Тўғри Йўл кўрсатишга қодир эмасман. Фақат Аллоҳдан (келганни) етказишга, ва У зотнинг элчилик вазифасигагина(эгаман)” (Жин сураси 24)

Биз Қуръон ва пайғамбар шаънини ёлғон ва бўхтонлардан, турли уйдирма хадислардан пок туришини истаймиз. Қуръони карийм бизларни ҳар қандай хадисга нисбатан ўзимизни қандай тутишимиз лозимлигини ҳам айтиб қўйган:

Сизга хадис(гап)ларга нисбатан Қуръони кариймдаги баъзи оятлардан айтишим мумкин:

“Ахир улар ундан (Қуръондан) кейин, қайси хадисга иймон келтирурлар?!” (Мурсалот 50 )

“Оятларни қўйиб, қайси хадисга иймон келтирурлар?!” (Жосия 6)

“Уларга Қуръонни нозил қилганимиз етарли эмасми?!” (Анкабут 51)

“Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун бемаъни хадисни, илмсизликлари сабаб “сотиб оладиганлар” бор”. (Луқмон 6)

“Ўзлари тўқиган бу ёлғонлари уларни ДИНларидан адаштириб қўйди”. (Оли Имрон 24)

“Ўз қўллари билан, арзон қийматга сотиш ниятида китоб ёзиб , сўнгра уни: “Бу – Аллоҳнинг ҳузуридан”, дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга, қўллари билан ёзган “китоблари” ҳалокат бўлсин! Уларга топган “фойда”лари ҳалокат бўлсин!” (Бақара 79)

3. “Қуръонийлар мазҳабга юрмайди”.Йўқ, мазҳаблар Аллоҳ ва Расулига осийликдир

Қуръони кариймдаги Аллоҳнинг буюрганларигина ДИН бўла олади, йўл кўрсатувчи раҳбар бўла олади. Пайғамбар а.с.нинг ҳам, у кишига эргашган барча саҳобаларнинг ҳам “мазҳаблари” – Қуръон бўлди ва ўша кифоя эди. Бугундаги мазҳаблар барчаси инсонлар ижоди, “йўли” бўлиб, уларга эргашганлар уларнинг йўлларини тутган, ўзлаштирганлар ҳисобланади. (Албатта, бу уларнинг ихтиёрлари)

“Ва (фақат) ваҳйга эргашинг!” (Аҳзоб 2)

Агар бугунда “фалон мазҳабдаман” демасангиз, сизни дарҳол “бемазҳаб” дейишади ҳам. Ким билсин, мабодо пайғамбар бугун келсалар, у зотни ҳам “мазҳабсиз” деб аташар. Модомики, Аллоҳ бирор мазҳабга буюрмаган, Расули ҳам ҳеч бир мазҳабга йўлламаган экан, биз ҳам ўша амрга итоат этамиз.

Қуръонни кифоя билишга, унга қаноат қилишга буюрилганмиз. Сизга яна бир қанча оятлар келтираман, ҳулосани эса ўзингиз чиқариб оласиз деб ўйлайман:

“Албатта, ушбу (Қуръон)да ибодат қилгувчи қавм учун, етарли нарса бордир”. (Анбиё 106)

“Китобда бирон нарсани қолдирмай, ёзганмиз”. (Анъом 38)

“Биз нозил қилган муборак Қуръон – шудир. Бас, унга – эргашингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз!” (Анъом 155)

“Ахир улар Қуръон устида фикр юритмайдиларми?!” (Нисо 82)

“Биз (Қуръонда) барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз”. (Исро 12)

“Ҳукм қилиш – фақат Аллоҳга хосдир”. (Анъом 57,62)

“У, Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас!” (Каҳф 26)

“Дарҳақиқат, биз (инсонни) ҳоҳ у, шукр қилгувчи бўлсин, ҳоҳ кофир бўлсин, (аввалда унга) тўғри йўл (Қуръон нозил қилдик ва унга йўлладик) ҳидоят қилдик”. (Инсон 3)

“Бу, Қуръон – инсонлар учун Тўғри Йўлни баён қилгувчи, тақво эгалари учун ҳидоят ва панд-насиҳатдир”. (Оли Имрон 138)

“Ҳоҳлаган киши иймон келтирсин, ҳоҳлаган киши кофир бўлсин”. (Кахф 29)

“Динда мажбурлаш йўқдир”. (Бакара 256)

“Биз хеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз”. (Анъом 152)

“Сизларни яратган Аллоҳдир, албатта (ўз танловингизга кўра) бир қисмингиз – мўмин, бир қисмингиз (ўз иҳтиёрингиз туфайли) – кофирдирсиз”. (Тағобун 2)

Хулоса ва қарор ўзингиздан.

Муҳаммад Абдуллах

“Қуръонийлар” ҳақида 3 ёлғон ва 3 ҳақиқат | (kemalyoldash.com)