biblical-mullahs
May 22, 2021

АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-2

НЕГА АБУ ҲУРАЙРА?

Нима учун Абу Ҳурайра исмини тахаллус қилиб олдим?

Мусулмонларни Қуръондан узоқлаштириш учун муллалар улкан дозаларда ўз уйдирмалари билан бўғиб қўйишлари керак. Шундай муллалардан бири Бухорий бўлса, (унга кейинроқ алоҳида тўхталамиз), унга ишқибоз бошқа муллаларнинг иддаосича, Бухорий Пайғамбарга нисбат берилган сўзларни, яъни ҳадисларини тўплаган. Бу қанчалик асоссиз ва пуч иддао эканини ҳали кўриб чиқамиз. Бухорийнинг ҳадислар тўплами муллалар наздида Қуръондан кейинги иккинчи дин манбаи саналади. Бухорийнинг тўпламида 3000 дан ортиқ ривоят борлиги айтилади (рақамлар 2600 дан 7200 гача фарқ қилади). Муллаларга кўра, ундаги ҳар бир ҳадис турли ровийлар занжири орқали охири Пайғамбарга бориб тақалади.

Бу ривоятларнинг тахминан учдан биридаги илк ровий, яъни бевосита Пайғамбардан ўз қулоғи билан ҳадис эшитган одам АБУ ҲУРАЙРА. У Пайғамбарнинг саҳобаси бўлгани иддао қилинади. Айни пайтда яна ўша муллалар бу одам Пайғамбар вафотидан бор-йўғи уч йил олдин мусулмон бўлган дейишади. Аммо, Абу Ҳурайра бу уч йил давомида Пайғамбар ёнида бўлиб ривоят қилган ҳадислари, Пайғамбар билан 23 йил бирга бўлган барча саҳоба, халифа ёки аҳли байтнинг жамъи ривоятидан кўпроқ.

Муҳаммад Зубайр Сиддиқий ўзининг "Ҳадис адабиёти: унинг келиб чиқиши, ривожланиши ва ўзига хос хусусиятлари" ("Hadith Literature: It's Origin, Development & Special Features") китобида келтиришича, Абу Ҳурайра 5374 ҳадис ривоят қилган.

Қиёслаш учун, Пайғамбарнинг аёлларидан Оиша бинт Абу Бакр 2210 ҳадис ривоят қилган, иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб 537 ҳадис, тўртинчи халифа Али ибн Абу Толиб 536 ҳадис ривоят қилган, биринчи халифа Абу Бакр 142 ҳадис ривоят қилган. Пайғамбарни бор-йўғи уч йилгина билишига қарамай, Абу Ҳурайра бу тўрт исмнинг жамъидан-да кўпроқ ҳадис ривоят қилган.

Муллаларнинг ўзлари ҳам айтадики, Абу Ҳурайрадан бўлган ҳадислар бошқа ҳадисларга зид. Масалан, Абу Ҳурайра билан Руқайя (Усмон ибн Аффоннинг аёли) орасида бўлиб ўтган суҳбат ҳақидаги ривоят. "Бир куни Пайғамбарнинг қизи ва Усмоннинг хотини Руқайянинг уйига кирдим. Қўлида тароғи бор эди. "Пайғамбар сал олдин чиқиб кетдилар. Сочларини тараб қўйдим. Пайғамбар менга: "Абу Абдуллоҳ (Усмон) ҳақида нима дейсан?" дедилар. Мен: "У яхши одам", дедим. У менга деди: "Унга иноят этгил! У менга, саҳобаларим орасида, ахлоқ-одобда энг ўхшашидир".

Машҳур сунний ҳадис нақлчиларидан Ҳаким ал-Бағдодий буни ривоят қилиб, шундай дейди: "Бу ривоятнинг санади саҳиҳ, аммо матни нотўғри (мазмуни хато берилган). Чунки Руқайя ҳижратнинг учинчи йилида, Бадр жанги вақтида вафот этган, ҳолбуки Абу Ҳурайранинг мусулмон бўлиши бундан тўрт йил кейин, Хайбар жангидан сўнг содир бўлган. "Шундай экан, қанақасига бунақа суҳбатни иддао қила олади?"

Муллалар томонидан ишора қилинган яна бир шундай зиддият Абу Ҳурайранинг "Биз Хайбарни фатҳ қилдик, аммо олтин ёки кумуш олмадик. Қўй, сигир, туя, мол ва уйлар олдик" ривояти. Абу Ҳурайра ҳеч қачон Хайбар жангида иштирок этмаган. Ўша жанг пайтида у ҳали мусулмон ҳам бўлмаган. Абу Ҳурайрадан шубҳали тарзда кўп ҳадис келтирилиши ҳақидаги таъналардан қутулиш учун, муллалар бир жавоб топган бўлишди: Абу Ҳурайра бирор егулик умидида Расулуллоҳнинг уйи атрофида изғиши ва шу аснода кўп ҳадис эшитиб қолгани ҳақида ҳикоя келтиришади.

"Қаттиқ очликдан қийналганимда, бирор саҳобага бориб, Қуръондан бир оят ҳақида сўрардим ва (у билан бирга қолардим) уни ўрганар эдим, шунда у мени ўзи билан уйига олиб кириб, бирор егулик берар эди. Бир куни очлик шу қадар оғир бўлдики, қорнимга тош боғлаб олдим. Кейин йўлда ўтириб, ўтган саҳобани пойладим. Абу Бакр ўтиб қолди, мен ундан Аллоҳнинг китобидан бир оят ҳақида сўрадим. У мени овқатга таклиф қилишини кутдим, лекин у таклиф қилмади. Кейин Умар ибн Ал-Хаттоб ўтиб қолди, мен ундан бир оят ҳақида сўрадим, лекин у ҳам овқатга таклиф қилмади. Шунда Расулуллоҳ ўтиб қолдилар, оч қолганимни даррҳол англадилар ва: "Абу Ҳурайра! "Лаббайка ё Расулаллоҳ" деб жавоб бердим ва уйига киргунимизча ортидан эргашиб бордим. У бир пиёла сут топиб, оиласидан сўради: "Буни қаердан олдинг?" "Кимдир сизга юборди", деб жавоб беришди. Шунда у менга: "Эй Абу Ҳурайра, Аҳли Суффага бориб, уларни таклиф қил". Абу Ҳурайра айтилганидек қилди ва ҳаммалари сутдан ичдилар". (Бухорий 65:343 ва ҳ.к.)

Очликни юмшатиш учун ошқозонга тош қўйиш одати Абу Ҳурайрадан олдин ҳам, кейин ҳам ҳеч кимдан эшитилмаган. Бу мантиқсиз ҳикоя уйдирма экани аён. Бу ривоятга кўра, Абу Ҳурайра ҳадис ва овқат илинжида, Пайғамбарнинг эшигида кунда-шунда. Бироқ "ҳадис" ёки овқат пойлаб Пайғамбар эшигида изғиш тўғридан-тўғри Қуръонда қайтарилади:

33:53. "Эй мўъминлар, сизлар Набийнинг уйига фақат сизларни бирон таомга чақирсагина киринглар. Унинг идишига кўз тутманглар, балки чақирилган пайтингизда кириб, таомлангач, тарқалинглар ва бирор ҳадисга берилиб қолиб кетманг! Бу Набийга озор беради, у эса сизлардан ҳаё қилади. Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмас. Қачон сизлар улардан/Набийнинг аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар, парда ортидан сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир. Сизлар учун Аллоҳнинг Пайғамбарига озор бериш ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз ҳеч қачон дуруст эмас. Чунки бу Аллоҳ наздида оғир бўлган ишдир".

Қуръон (ва шунинг учун Пайғамбар ҳам) таом ёки ҳадис учун Пайғамбарнинг уйига киришга уринувчиларни қайтаради. Бироқ муллалар Абу Ҳурайранинг бу хил бузуқлигини фазилат демоқчи бўлади. Ўз ўзларини фош қилиши етмагандек, Қуръон оятига қилинган очиқча саботаж ҳамдир бу. Муллалар Абу Ҳурайрага энг кулгили ҳикояларни нисбат беришган. Бухорийнинг "энг саҳиҳ" тўпламидан бир неча мисол:

Абу Ҳурайрадан ривоят: "Мусо одамлардан узоқда денгизда чўмилиш учун кийимларини тошга қўйди. Мусо ҳақидаги чуррали деган гап-сўзларнинг раддига, уни исроилликлар олдида яланғоч югуртириш мақсадида, Мусонинг либослари билан қочиб қолади. Мусо тошнинг ортидан бақириб югурди: "Эй, тош, кийимларим! Эй, тош, кийимларим!" Тош ўз вазифасини адо этиб бўлиб, кейин тўхтади. Мусо тошни таёғи билан шу қадар қаттиқ ура бошладики, тошда излари қолди. (Саҳиҳ Бухорий, 1-ж., 5-китоб, 277-ҳ.)

Мусонинг кийимлари билан бир тош қочиб кетади. Мусо тошни жазолаш учун таёқ билан савалайди.

Абу Ҳурайрадан ривоят: "Пайғамбар дедилар: "Бир киши сигир миниб кетаётган эди, сигир унга ўгирилиб деди: "Мен бунинг учун яратилган эмасман". Пайғамбар қўшиб қўйди: "Мен, Абу Бакр ва Умар бу қиссага иймон келтирдик". Пайғамбар давом этди: "Бир куни бир бўри бир қўйни тутиб олиб, чўпон уни қувиб етгач, бўри деди: "Ваҳший ҳайвонлар кунида унинг қўриқчиси ким бўлади, унга мендан бошқа чўпон бўлмаса?" Буни айтгач, Расулуллоҳ: "Мен, Абу Бакр ва Умар ҳам бунга иймон келтирдик". Абу Салама айтдилар: "Абу Бакр ва Умар ўшанда ҳозир эмас эдилар". (Бухорий, 3-ж., 39-китоб, 517-ҳ.).

Қочоқ тошлардан ташқари, яна сигир ва бўриларга ҳам жон кирди, ҳатто одамлардек гапирворди. Яна Абу Ҳурайрадан ривоят: "Эй Аллоҳнинг Расули! Сиздан кўп ривоятларни эшитаман, лекин унутиб қўявераман" дедим. У деди: "Кийимингни ёз". Мен кийимимни ёздим, у иккала қўлини худди бир нимани сидириб ташлагандай кийимга бўшатди ва "Энди кийвол", деди. Мен уни кийволдим, шундан бери бирорта ҳадисни унутганим йўқ". Ислом Пайғамбари Абу Ҳурайранинг хотирасини ошириш учун шаманизм жодуларини ишга солади.

Мана булар, Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ва Бухорийнинг "энг саҳиҳ" тўпламидан жой олган ҳадислар: Абу Ҳурайрадан ривоят: "Ўлим фариштаси бир пайтлар одамларнинг кўзига кўриниб келарди. Мусо Пайғамбарни жонини олиш учун келганида, Мусо уни уриб, кўзини чиқарди. Фаришта бир кўзли аҳволда Худонинг ҳузурига қайтиб кетди. Шу-шу, ўлим фариштаси кўзга кўринмас ҳолда келадиган бўлди! (Ал-Бухорий, 1-ж. 158-с.; 2-ж, 163-с.)

Абу Ҳурайрадан ривоят: "Расулуллоҳ дедилар: "Азон (муаззиннинг намозга чақириши) айтилганда, шайтон оёғини қўлига олиб қочади, ва Азонни эшитмаслик учун шамолдан ҳам тез учиб қолади. Азон тугагач, қайтиб келади ва Иқома айтилганда яна қочади. У ҳам тугагандан сўнг, у одамларнинг қалбига шивирлаб (унинг эътиборини намоздан чалғитиш учун) яна қайтиб келади, уни намоздан олдин эсига келмайдиган нарсаларни эслатади, ва охири, қанча ибодат қилганини унутишигача олиб боради". (Саҳиҳ Бухорий, 1-ж., 11-Китоб, 582-ҳ.)

Абу Ҳурайрадан яна бир ривоят, бу сафар Сулаймон Пайғамбар ҳақида: "Мен бу кеча юзта аёл билан ётаман, уларнинг ҳар бири Худонинг йўлида урушадиган ўғил туғиб беради" деди Сулаймон Пайғамбар. Фаришта Иншооллоҳ дейишни эслатди, у айтмади. Шунинг учун, хотинларидан ҳеч бири ўша кеча ҳомиладор бўлмади, фақатгина битта аёли ҳомиладор бўлди, уям чалажон бола туғди!"

Бир кечада юзта аёл билан ётадиган Сулаймон ҳадиси, аслида Библиядаги ушбу ҳикоядан кўчирилган: "Шоҳ Сулаймон Фиръавннинг қизидан бошқа яна Мўаблик, Оммонлик, Эдомлик, Сидонлик ва Хет халқидан кўпгина ажнабий аёлларга кўнгил қўйди. Эгамиз Исроил халқига бу халқлар ҳақида гапириб, шундай деган эди: “Уларга қиз берманглар ҳам, қиз олманглар ҳам. Акс ҳолда, улар кўнглингизни ўз худоларига ром қилиб қўядилар." Сулаймон эса ўша аёлларга шаҳват билан ёпишди. Унинг етти юзта хотини шоҳлар қизларидан бўлиб, уч юзта канизаги ҳам бор эди ....(3 Шоҳлар 11:1-3).

Булар фақат Абу Ҳурайрага нисбат берилган бемаъни ва тутуруқсиз ривоятлар, бу каби кўплаб мисолларни Бухорийнинг Саҳиҳ тўпламидан топиш мумкин.

Бироқ Абу Ҳурайра ҳақидаги энг катта сир - унинг кимлигини ҳеч ким билмаслигидир! Абу Ҳурайра - "Мушуклар отаси" - деган лақаб остидаги сирли шахс. Унинг ҳақиқий шахсияти ҳақида аниқ хулоса йўқ. Абдур-Раҳмон, Абдуш-Шамс, Абдур-Раҳмон Ад-Даусий, Абдур-Раҳмон ибн Сахр Ал-Аздий ва б. каби турли хил номлар илгари сурилган. Бир версияда унинг Даус уруғидан эканлиги айтилса, бошқа версияда Дан Қадум уруғидан дейилади. Бу номлар айрим сунний муллалар келишувига (ижмоъсига) асосланган дейишади. Аммо ким бу сунний муллалар? Айнан кимлар? Бу келишувга қачон эришилган? Қаерда қайд этилган?, деб текшириб кўрсангиз, жавоб шу: ҳеч ким билмайди. Бироқ "Мушукчалар Додаси" муллалар наздида "барча тириклардан мудом барҳаёт".

Қисқаси, Бухорийнинг "Саҳиҳ" тўпламидаги ҳадисларнинг аксарияти, аслида кимлиги номаълум шахсдан олинган. Бироқ муллалар учун "Фейк профил" остида тарқатилган кулгили ва аянчли ривоятларга ишонишда ҳеч қандай муаммо йўқ.