quranonly
May 1, 2021

Қуръонда “эҳтиёждан ортгани” (АФВ) нима?

“Сендан нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Айт: “Эҳтиёжингиздан ортганини”…

Бу оятдаги “афв” калимаси, ўзбекчада ҳам ишлатганимиз, “афв этмоқ” билан айни ўзакдан келади. Қуръонда “афв” калимаси 33 ерда зикр этилади. Калиманинг луғавий маъносига кўра афв – “ортиқчалик” демакдир, бир нарсанинг ортиши, кўпайиши, зиёда бўлиши маъносини билдиради.

Афв, Афият… “Раббим, мени афв айла”, демоқ, зиммамдаги ортиғи билан қилган гуноҳларни ол, демакдир. Яъни Раббим, кимнидир ҳаққи менга ўтгандир, Раббим, кимнидир кўнглини қолдиргандирман, бу кишиларга қилганим ортиқчаликни зиммамдан олгин, демакдир.

Қуръонда “афв” ўзагининг “кўпаймоқ, ортмоқ”, луғавий маънодан кўра кўпроқ атама сифатида ҳам қўлланилганига далил Аъроф:95-оятдир. “Сўнгра ўша ёмонлик ўрнига яхшиликни (бой-бадавлатлик ва хотиржамликни) алмаштирдик. Ҳатто кўпайишиб (ҳаттаа ъафау) кетганларида ва: “Бундай қийинчилик ва кенгчиликлар ота-боболаримизга ҳам етгандир”, дейишгач, уларни ўзлари сезмаган ҳолларида тўсатдан ушладик”.

Оятда бундай нонкўрликка сабаб – “мол-дунёнинг ортиши, кўпайиши, эҳтиёждан ортиғига эга бўлиб, йўлдан озгани” дея, афв ўзакли калима [ъафау] қўлланилади.

Сўнгра яна бошқа бир оят, Нур:22 “Сизлардан фазл ва кенг-катта мол-давлат эгалари яқинларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки эҳтиёждан ортиғидан воз кечиб берсинлар (вал-йаъфуу), ва уларга яхши муомала қилсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини орзу қилмайсизларми?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир”. Оятдаги мавзу яқинларга, кимсасизларга, мискинларга ва муҳожирларга бериш билан алоқадордир. Уч калима – афв, мусофаҳа ва мағфират – кетма-кет зикр этилмоқда. Афв – эҳтиёждан ортганини бермоқ, мусофаҳа ҳуш кўрмоқ, яхши муомала қилмоқ, мағфират эса қусурларини кечирмоқдир. Қисқаси, “афв” бу ерда яқинларга, кимсасиз ва камбағалга, муҳожирга эҳтиёжингиздан ортганини беринг, ундан воз кечинг демоқдадир.

Биз “ортиқчалик” деган маънони “афв” калимасининг ўзагидан чиқармоқдамиз. Бера олганингча, воз кеча олганингча дейилиши учун феълнинг ўтимли шаклда, яъни тўлдирувчи калима (мафъулун биҳ) ҳам бўлиши лозим. Шуро:30-оят “Сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса сабаблидир. Яна У кўпини афв қилиб юборур” [Яъфу ъан касирин]. Ёнида бундай бир тўлдирувчи калима йўқ экан, у ҳолда афв калимаси мутлақ маъно ташийди. Бақара:219-оятдаги [ал-афва] каби бу ўзакдаги маъно билан очиқланади – кўпайган, ортган ва ортиқча бўлганини…

Оятларда келган Закот, Рибо, Канз каби калималар ҳам эҳтиёждан ортиғи демакдир. Масалан: “Закотни беринг” яъни эҳтиёждан ортганини беринг. “Рибодан узоқ туринг” яъни эҳтиёждан ортиғини олмангиз, юз доллар қарз бериб, бир ой сўнгра юз эллик доллар қилиб олманг, дейди. “Канз қилманг” яъни тўпламанг, хазина (канз) жамламанг дейди. Керагидан, эҳтиёждан ортиғини сақлама, дейди. Баъзилари афвни, бера олганингча, кўнгилдан чиққани қадар бер дея таржима қилади, бу тўғри бир таржима эмас.

Канз, Рибо, Фоиз, Закот, Афв, Иъто, Ҳасан, Бирр, Итъом каби, Қуръонда бериш-олишга доир атама ўлароқ 18 калима келади. Бу атамаларнинг барчаси “ортиш ва ортиқчалик” билан алоқадордир. Масалан “Хайр” калимаси, ўз ихтиёри билан бериш демакдир. “Инфоқ” эса бир нарсани ўз мулкиятидан чиқариб бериш демакдир. “Вақф” эса даромадини бахш этиш шарти билан бериш демакдир.

Қуръонда мафҳумлар (тушунчалар) бор, мавзулар бор. Бир неча мафҳум бирлашиб, мавзу ташкил этади. Масалан “бериш” мавзусини ташкил этувчи мафҳумлар – Закот, Инфоқ, Садақа, Хайр, Афв, Иъто… жами 18 фарқли мафҳум, “адолат” мавзусини ташкил этувчи 11-12 мафҳум, “яратиш” мавзусини ташкил этувчи 22 мафҳум ва ҳ.к. Инсонлараро социал масалаларга доир энг кўп зикр этилган мавзу – мана шу “бериш” мавзусидир.

Бўлишиш, ўртоқлашиш, баҳам кўриш деганимиз “бериш” мавзусига тааллуқли мафҳумларнинг барчаси Қуръонда зикр этилгандир. Қуръоннинг асосий социал мавзуси – бериш, бўлишиш, баҳам кўриш, дея оламиз.

Билишимиз лозим бўлгани шу: Қуръон инсонларни эҳтиёж гирдобида чирпинишдан қутқаришни мақсад қилгандир. “Эй Аллоҳнинг бандаси! Нималарга эҳтиёжинг бор, айт, ўзингни ҳам, жамиятни ҳам алдама, Аллоҳни ҳам алдашга уринма, нималарга эҳтиёжинг бор бўлса, ол, Аллоҳ ризқ берувчидир. Уйга эҳтиёжинг борми? Ол. Машинага эҳтиёжинг борми? Ол. Озиқ-овқатга эҳтиёжинг борми? Ол. Нималарга эҳтиёжинг бор бўлса, ол. Аммо нималарга эҳтиёжинг бор, буни аниқ бил, ҳирс ва очкўзликка енгилиб, ўзингни алдама!”

Ўз эҳтиёжларинг доирасини белгилагач, марҳамат қилиб, мана шу бир неча саволга жавоб бер:

– Айтчи, эҳтиёждан ортиғини жамлашингда диний, аҳлоқий ва инсоний сабаб борми?
– Келажакда бола-чақани уйлаб-жойлашим керак, орзу-ҳавас дея бир четга айириб қўйганим бор, уч-тўртта уй олиб қўйдим, бир неча машина ҳам олиб қўйдим, қора кунга деб яна бирозини банк ҳисобимга қўйиб қўйдим…
– Хўш, буларни ҳаммасини эҳтиёждан санабсиз, мен эса бундан ортганини айтяпман. Сиз узун йиллар сўнг келажак учун йиғиб қўйяпсиз, аммо ёнингиздаги биродарингиз бугун муҳтожликдан чирпанмоқда… Бошқа бир инсон сиз жамлаб қўйган эҳтиёждан ортиғига муҳтож ҳолда чирпанмоқда! Сизнинг қўлингиздаги эҳтиёждан ортиғи дастидан, бошқа бировнинг ҳар куни аёли билан жанжал ва ғавғо! Ижара ҳаққини тўлаёлмайди, газ-свет-сув пулини беролмайди, бу оила ажрашиш нуқтасига келди, уларнинг бугун муҳтож бўлганидан кўра сизнинг қўлингизда ўн баробар ортиғи бор ва йиллардир бекорга кутмоқда! Диний, исломий сабабларни қўя туринг, бунинг инсоний, ахлоқий сабаби нима?

У ҳолда, ҳар ким эҳтиёжи миқдорида олсин, эҳтиёжини таъминласин, эҳтиёждан ортиғини, муҳтож ҳолда бўлган мўъмин биродари билан бўлишсин дейди, менинг Қуръондан англаганим мана шудир. Аллоҳ бугун осмондан ёғдириб, ердан ундириб, ер юзида бугун ҳаёт кечираётган барча инсон учун ризқ қилиб бергандир, ва бу ризқлар – барча инсоннинг ҳаққидир. Инсонлардан исталгани эса – ўз егулик-ичгуликларини, ўз уй ижара пулларини, энг зарурий эҳтиёжларидан воз кечиб бошқаларга бериши эмас, балки аксинча, ўз тамал эҳтиёждан ортганини бошққа муҳтожлар билан ўзаро бўлишасиз, ўртоқлашасиз, баҳам кўрасиз. Оятнинг англатмоқчи бўлгани мана шудир.

Бу ҳақиқатни баён этиш учун Бақара:219-оят нозил бўлгандир. Пайғамбар доим “беринг, бўлишинг, ўртоқлашинг”, дегани учун ҳам “кимга, қанча берамиз?” каби саволлар ўртага чиққандир.

Аввал “кимга” берамиз? саволига жавоб келади:
Бақара:215-оят “Сиздан, нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ўз эркин иродангиз билан (хайр) ота-онага, яқинларга, етимларга, мискинларга ва кўчада қолганларга қўлингиздагини баҳам кўрингиз. Шубҳасиз, сизнинг қилганингиз ҳар қандай хайр Аллоҳга маълумдир“.

Сўнгра “қанча” берамиз? саволига жавоб келади:
Бакара:219-оят “Ва Сендан нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Айт: “Эҳтиёжингиздан ортганини” Мана шундай қилиб, дунё ва охират ҳақида тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён этади”.

Айни савол тарзида келишига қарамай бу икки оят орасидаги фарқ нима?

Биринчисида кимга, иккинчисида қанча берилиши очиқланади. Эҳтиёждан ортгани (афв) – энг кўп миқдорни, максимумни эмас, балки энг оз миқдорни, минимумни белгилайди. Яъни ўзингиз муҳтож бўлган нарсани бериб, сўнгра қийналиб қолманг, дейди. Дейлик, 1000 долларингиз бор. Кўнгилдан чиқариб, уст чегарадан ортгани 200 долларни эмас, энг паст чегарадан ортгани 200 доллардан ортиғини беринг, дейди. Эҳтиёжингиз бўлгани 200 долларни ҳам бериб қийин аҳволга тушиб қолманг, демоқда. Беришнинг минимум миқдори мана шу, демакдир. Яъни эҳтиёждан ортгани.

Оятнинг охирида “Мана шундай қилиб, дунё ва охират ҳақида тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён этади” дейди. Баён этмоқ – очиқлаш, тушунтириш, ноаниқликни кетказиш демакдир. Яъни инфоқ кимга ва қанча берилади? саволига оятнинг ўзида очиқ-ойдин ва узил-кесил жавоб берилади, бошқа турли-туман таъвил ва талқинларга ўрин қолмайди.

“Эҳтиёждан ортгани” дея ўрганганимиз “Афв” ёки “Закот” калималарини бизнинг тилларда чоп этилган аксар таржималарда минг бир турли эгиб-букиб, кўнглингиздан чиққанини, ёки қирқдан бири, дея султонлар ва пулдорларнинг кўнглига мослаб тафсир қилиб келганлар. Буни оқлаш учун тарих бўйича минглаб ривоят ва фатво ҳам уйдирганлар.

Бугун бу хатоларни тузатиш ва ортиғи билан зиммамизга олганимиз бу гуноҳлар юкидан халос бўлиш вақти келмадими?