July 5

УММАВИЙГА ҚАРШИ ИСЁНЛАР

УММАВИЙГА ҚАРШИ ФЕЪЛИЙ ИСЁННИНГ БОШЛАНИШИ

Маволийнинг араб-уммавий салтанатига ва исломни араблаштириш сиёсатига биринчи ҳақиқий қарши чиқиши Мухтор ат-Сақофий (ваф. 67/687) томонидан Куфада, халифалик (яъни, давлат бошқаруви) Ҳазрати Али авлодининг ҳаққи деган ғоя билан қилинган исёнда бошланди. Мухторнинг жангчиларининг аксарияти маволий эди.

Кейинчалик Басрада Ҳажжожга қарши исён кўтарган Абдуллоҳ ибн Жорудни қўллаганлар ҳам маволийлар эди. Лекин энг муҳими, Маволий 82/701 йилда юз минг кишилик қўшин билан Ибн ал-Ашъос исёнини қўллади.

110/728-йилларда Сўғ аҳли “мусулмон бўлишларига қарамай, жизя солиғи олинишига қарши исён кўтарди”. Айни пайтда, араблар билан тенг ҳуқуқлилик талаб қилиб чиққан Ҳорис бин Сурайж исёни чиқди. Маволий ҳар икки исённи ҳам қўллади.

122-ҳижрий, 740-йилда, Ҳазрати Али авлодидан Зайд ибн Али бошчилигида Куфада бўлиб ўтган ва Имом Аъзамнинг ўзи қўллаган исён ҳам ўта аҳамиятга эга. Бунинг ортидан Абдуллоҳ ибн Муовия исёни бошланди.

Уммавийлар зулми бу исёнлар ортидан титради, ва Ҳазрати Али авлоди номидан Абу Муслим Хуросоний бошлаган улкан ҳаракат Уммавий халифалигини қулатди. Уммавий арабчилиги устидан эришилган бу ғалаба, Маволий туфайли эришилгани барча тарихчилар қабул этади.

Шу билан бирга, Маволийнинг пойтахти бўлмиш Куфани марказ олган ҳаракатлар ҳаммаси эмас эди. Маволийнинг араб динчилигини ларзага келтирган ҳаракат ва исёнлари Шимолий Африка ва Андалусияда ҳам акс-садо берди. Шимолий Африка ва Андалусияда қўним топган барбарий мусулмонлар ҳам арабчилик босими остида эди. Улар у ерда ҳам исён бошлади. Уммавийнинг Шимолий Африка волийси Язид бин Абу Муслим, Маволий барбарийлардан, ислом фиқҳининг тамойилларига зид равишда, жизя йиғишни бошлаганида, барбарийлар кўтарган исёнда ўлдирилди. 122/740 йилдаги бу исён ортидан 124/742 йилда Андалусия барбарийлари исёни бўлди.

Маълумки, Испанияни Ислом харитасига киритган машҳур Барбарий қўмондони Маволий фарзанди Ториқ бин Зиёддир. У буни барбарийлардан иборат лашкари билан амалга оширган эди. Бироқ, арабчилик, бошқа жойлардаги барча маволийга қилганини Андалусиядаги барбарийларга ҳам қилди - уларга ярим қул муомаласи қилди.

Маволийнинг араблар билан тенг ҳуқуқлилик учун тўккан қонлари ўз мақсадига эришди, тенгсизликка барҳам берилди, лекин бу сафар араблардан устунлик ғоясига асосланган қарши ҳаракат бошланди. Шуъубийя деб номланган бу ғайри-араб миллатчилик ҳаракатини ўрганиш ҳозирги иш доирасидан ташқаридаги мавзу.


МАВОЛИЙГА ЗУЛМ ЁКИ УММАВИЙНИНГ ИНСОНИЯТГА ҚАРШИ ЖИНОЯТИ

"Хоин бўлиш учун, хоинни қўллаш етарли". (Ҳасан ал-Басрий)

Ислом дини, Аллоҳдан ўзгага бўйсунишни инсон ҳаётидан йўқотиш учун келди. Аммо Уммавийлар Қуръон талаб қилган "Аллоҳга таслим бўлиш"ни "арабга таслим бўлиш"га айлантирди.

Араб қабила зеҳнияти Ислом тавҳидига асло таслим бўлмади. Вақти-вақти билан ниқобини ёки либосини ўзгартирган бўлса-да, доим шундай давом этди. Ва давом этмоқда. Ислом тарихи тадқиқотларида нуфузли исмлардан бири, немис тарихчиси Юлиус Веллгаузеннинг қуйидаги сатрлари камситиш эмас, балки чуқур ҳақиқат ифодасидир:

"Араблар Сурия ва Жазира даштларида, яъни янги муҳитларда ҳам ҳеч ўзгармагани кўринади.

На Ислом, на христианлик уларни, ўз қабилаларини ва интиқомларини ҳамма нарсадан устун қўйишларидан тўса олмади. Улар ўз ғурурларидан воз кечишдан кўра, дўзахни афзал кўрган эдилар. Виждон азобини эса, бўлар иш бўлганидан кейингина ҳис этишлари мумкин. Улар бу янги тупроқларда жоҳилият даврида ўз юртларида қилганларидан кўра яна-да ғаддорроқ ҳаракат қилар, яна-да каттароқ ва ўйламасдан жиноятлар содир этардилар. Асира аёлларнинг қорнини йиртиб ташлардилар. Ҳокимият учун кураш ниҳоясига етиб, тинчлик ўрнатилгандан кейин ҳам бу ваҳшийликлар Ислом пойтахти дарвозаларида, халифанинг кўзи ўнгида, гоҳида эса унинг обрўсини суистеъмол қилиш орқали давом этаверди. (Веллгаузен, Араб давлати ва унинг қулаши, 98)

Уммавий зеҳниятининг бугунги давоми бўлган динчилик ҳам Ислом динини, ўз салтанати фойдасига оммани қуллаштириш воситаси сифатида ишлатилмоқда. Замонавий динчилик Аллоҳга таслим бўлишни, аввал тариқатларга таслим бўлиш, кейин эса сиёсат динчилиги баронларига таслим бўлишга айлантиради. Қуръон инсон ҳаётидан чиқариб ташлашни мақсад қилгани "Аллоҳ ила алдамоқ" зулми, ўз даврида шундай ишларди, бугун эса бундай ишлайди.

Саҳоба давридан кейинги тобеин даврини ҳамда ундан кейинги Табаа Тобеин даврининг деярли барча олимлари, адиблари ва мутафаккирлари Маволийдандир. Бу ҳолат, ҳокимият ва бошқарувни ўз қўлида тутган арабларни ақлдан оздирарди. Келинг, бу ақлдан озишнинг қандай нуқталарга борганини кўрсатадиган бир мисол келтирайлик. Машҳур муҳаддис ва Уммавийчи Зуҳрий шундай нақл этади:

“Мен халифа Абдулмалик ибн Марвон ҳузурига бордим, ўртамизда шундай суҳбат бўлиб ўтди:

Халифа: Қаердан келдинг, эй Зуҳрий?
Зуҳрий: Маккадан.
Халифа: У ердагиларнинг имоми ким?
Зуҳрий: Ато бин Абу Рабоҳ.
Халифа: Ато арабданми ёки маволийданми?
Зуҳрий: Маволийдан.
Халифа: Маккаликларни нимаси билан бошқара олган?
Зуҳрий: Диндаги илми ва ирфони билан.

Халифа: Яманликларнинг имоми ким?
Зуҳрий: Товус ибн Кайсон.
Халифа: Арабданми Маволийданми?
Зухрий: Маволийдан.
Халифа: Миср халқининг имоми ким?
Зуҳрий: Язид ибн Абу Ҳабиб.
Халифа: Арабданми Маволийданми?
Зуҳрий: Маволийдан.

Халифа: Шом аҳлининг имоми ким?
Зуҳрий: Макҳул аш-Шомий.
Халифа: Арабданми Маволийданми?
Зуҳрий: Маволийдан. У Нубиялик қул, Ҳузайл қабиласидан бир аёл томонидан озод қилинган.

Халифа: Жазира аҳлининг имоми ким?
Зуҳрий: Маймун ибн Миҳрон.
Халифа: Арабданми Маволийданми?
Зуҳрий: Маволийдан.

Халифа: Хуросон халқининг имоми ким?
Зуҳрий: Даҳҳок ибн Музоҳим. У ҳам Маволийдан.

Халифа: Басра аҳлининг имоми ким?
Зуҳрий: Ҳасан ал-Басрий. У ҳам Маволийдан.

Халифа: Вой бў! Хўш, Куфа аҳлининг имоми ким?
Зуҳрий: Иброҳим ан-Наҳоий.
Халифа: У ҳам Маволийданми?
Зухрий: Йўқ, у асли араб.
Халифа: Эҳ ҳа! Мана энди сал енгилладим. Аллоҳга қасамки, эй Зуҳрий, бу Маволий дегани арабга хўжайин бўлди ва минбарларга чиқиб, уларга ўзини тинглатди.

Зуҳрий: Эй мўминларнинг амири! Бу масала диндаги илм ва ирфон масаласи. Бунда илм ва ирфонга эга олдинга чиқади, илмдан ирфондан маҳрум ортда қолади” (Тавҳидий, “ал-Басоир ваз-Заҳоир”, 8/85).

Ҳа, куч ва иқтидор арабда эди, лекин Аллоҳ таоло изтироб фарзандлари бўлган Маволийни ўлмас қадриятлар эгаси қилди. “Касрат” (сон кўплиги) арабларга тегишли бўлса, “Кавсар” (ўлмас қадриятларнинг кўплиги) маволийга, изтироб ва зулм фарзандларига берилган эди.

Пайғамбаримиз буни олдиндан кўриб, бу борлиқ қонуниятининг кейинги даврларда очиб берадиган илк манзарасини қуйидагича ифодалаган эди:

“Илм Ҳулкар юлдузларида осиғлиқ қолса, Форс ўғилларидан баъзилар унга қўл узатиб, уни оладилар” (Бухорий, Муслим, Табароний) Форс ўғиллари Маволий орасида энг улуғ исмларини етиштирган эронийлардир. Ўша даврда ғайри-араб мусулмонлар фақат эронийлар эди. Пайғамбар шу боис форс ўғиллари иборасини ишлатган.

Аслини олганда, форс таъбири Ажам атамасининг синоними, Ажам - араб бўлмаган барча халқларнинг умумий номидир.

Айнан шу ўринда, ҳам Умарнинг даҳолигига далолат берувчи, ҳамда тарихнинг энг муҳим диалектикаларидан бирини ёритиб берувчи бир воқеани қайд этамиз. Бир куни Умар арабчилик номига ва қисман Бану Умайя (Уммавийлар) ёвузлигидан сақланиш учун ҳимоя қилиб, энг муҳим волийликлардан бирига тайинлаган бир кўзли Муғийра ибн Шуъбага шундай дейди:

— Эй, Муғийра! Майиб бўлган кунингдан буён шу мажруҳ кўзинг ҳеч кўрдими?

Муғийра деди: "Йўқ, бу кўзим умуман кўрмайди".

Умар: "Аллоҳга қасамки, Умайя ўғилларининг Исломга қарашлари ҳам худди сенинг кўр кўзингга ўхшайди. Мана шу бузуқ қарашлари билан улар Исломни ҳам, ўзларини ҳам бузишди. Бузуқ қараш туфайли улар қаёққа боришни, қаёққа юришни ҳеч англай олмади. Юз қирқ ёки бир юз ўттиз йилдан кейин Ҳижоз ва Ироқдан бир жамоа чиқади ва улар Исломга тўғри қарашни тиклайди". (Зубайр бин Баккор, ал-Муваффақиёт, 494, Ибн Абил-Ҳадид, Шарҳу Наҳжил-Балоға, 3/805)

Имом Аъзам даҳоси ўзининг тарихдаги ўрни ва аҳамиятини кўрсатиши жиҳатидан, Умардаги бу муҳташам сезги ниҳоятда муҳим. Умар ишора этган хулоса, шубҳасиз, шу эди:

Барча ислом тупроқларида илм-маърифат марказлари маволий, яъни араб бўлмаган мусулмонлардан ташкил топган. Имом Аъзам ҳақида ёзган “Абу Ҳанифа” номли асарида Муҳаммад Абу Заҳра Уммавийлар даврида илм билан машғул бўлганларнинг аксарияти маволий бўлишига бир неча сабаб келтиради:

“Маволий илмни насиб қилиш учун турли сабаблар бирлашди. Бу сабабларнинг баъзилари қуйидагилардир:

1. Уммавийлар даврида ҳокимият ва бошқарув фақат араблар қўлида эди.

Уруш ва истилолар билан машғуллик ҳам уларнинг монополияси эди, уларнинг илм билан машғул бўлишига тўсқинлик қилган эди. Изланиш ва тадқиқотларга вақт айирмас эди. Маволий эса вақт ажратиб, дарс ва мутолаага киришди, ўқиб ўрганиб текшириб илмда теранлашди. Кўрдиларки, ҳокимиятлари йўқ қилинган, бошқа йўл билан шарафга эришмоқчи бўлдилар.

Бу илм ва ирфон йўлидир. Маҳрумият баъзан инсонни камолотга ва юксак идеалларга етказади. Маволийда ҳам шундай бўлди. Моддий устунлик араблар қўлида бўлса-да, араб-ислом тафаккур меросига ҳукмронлик Маволий қўлига ўтди.

2. Саҳобалар кўп сонда Маволийни ишга олганлар. Саҳобаларга хизмат қилиш учун ишлатилган бу инсонлар кеча-кундуз саҳоба ёнида бўлиб, улардан айрилмасди. Саҳобаларнинг Пайғамбардан ўрганганларини бу қуллар улардан ўрганарди. Шундай қилиб, саҳобалар давридан кейинги даврда илм арбоби Маволий дейилган бу кишилар бўлди. Шунинг учун ҳам тобеин даври уламоларининг аксарияти Маволийлардан эди.

3. Бу маволийлар маданият ва илмда ривожланган қадимги халқларга мансуб эдилар. Уларнинг ғояларини тизимлаштириб ривожлантириш, фикрларига ва баъзан ҳатто эътиқодларига йўналиш берилишида уларнинг улкан таъсири бўлган. Илмга жиддий ва тамоман берилиш, уларнинг яратилиши ва табиатига хос эди.

4. Араблар санъат арбоби эмасди. Инсон бутун борлиғини илмга бағишласа, илм билан машғул бўлиш унинг учун санъат ҳолига келади. Ибн Халдун (ваф. 808/1405) бу масалада шундай дейди: “Замон ўтиши билан бу илмларнинг барчаси, ўрганиш заруриятини ҳис қиладиган малакага айланиб, санъатлар қаторига кирди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, санъатлар маданий инсонларнинг ҳаддидир. Араблар эса булардан энг узоқ халқ эдилар. Шунинг учун илмлар цивилизациянинг бир парчаси сифатида ривожланди. Бадавийлар бу илмлардан узоқда қолишди” (Абу Заҳра, Абу Ҳанифа, 18-19).

Маволий ҳақида гап кетганда, барча жабҳада араблар Исломни иккинчи ўринга, араблик ва арабчиликни биринчи ўринга қўйганини кўрамиз. Бунинг истиснолари бармоқ билан санайдиган даражада оз. Ибнул-Асирнинг машҳур асарида қуйидагиларни ўқиймиз: "Мусъаб ибн Зубайр, Мухтор эс-Сақафийнинг бир қанча аскарларини асирга олган эди. Бу асирларнинг араб аслли бўлганларини озод қилганида, Маволийдан бўлганларнинг ҳаммасини қатл қилди. " (Ибнул-Асир, ал-Комил, 2/225, Бадиъ Шариф, 26)

Уммавийлар Маволийга қандай ва қачондан бошлаб золимларча қараганини англаш учун Уммавийлар салтанатининг асосчиси Муовиянинг Маволийга қарши тадбир чораси сифатида олға сурган таклифини эслаш кифоя. Муовия Аҳнаф ибн Қайс ва Самура ибн Жундаб билан учрашувида, маволий сонининг ортиб бораётгани таҳдидига қуйидаги ечимни таклиф қилади: Маволийни оммавий йўқ қилиш. Муовиянинг бу таклифини Аҳнаф рад этди, шу боис уни амалга ошириб бўлмади. (Ибн Абдри Раббиҳ, 3/ 326-327, Демиржон, 77)

Муовия яратган бу даҳшатли манзара кўпроқ Нацистларнинг террор фалсафасини эслатади.