June 21

ИМОМ АЪЗАМ / 2-БЎЛИМ

УММАВИЙ АРАБЧИЛИГИНИНГ ИСЛОМГА БАЛО БЎЛИШИ

ИСЛОММИ, АРАБЧИЛИКМИ?

Ислом дини Қурайшнинг бошқа араблардан, шунингдек, бошқа арабларнинг эса араб бўлмаган мусулмонлардан устунлиги қуролига айлантирилди. (Аноним муаллиф)

Уммавийлар даврида Исломни арабчилик билан бир тутиш шу даражага боргандики, ҳеч ким араб наслига мансуб бўлмасдан, ёки бундай наслга қўшилмасдан мусулмон бўла олмасди”. (Юлиус Велльгаузен, “Араб давлати ва унинг қулаши”, 11)

Уммавийлар Исломни араблаштиришдан энг биринчи жавобгардирлар, лекин бунинг Уммавийлардан ташқари бошқа асослари ҳам бор. Ҳазрати Умар каби буюк муваҳҳид ҳам арабчилик дардидан бутунлай ҳалос бўла олмаганини кўрамиз.

Манбаларни ўрганиб шуни кўрамизки, Умарда араблар устун деган бир ишонч бўлган. Айниқса, ҳукмронлигининг дастлабки йилларида ғанимат ва давлат киримларидан Маволийларга ажратган улуши арабларга берилган улушдан кам эди. Унга қилинган танқидлардан бири ҳам мана шудир аслида. Бу танқидларга у қуйидагича жавоб беради:

“Фатҳчилар бу тупроқларнинг эгаларидир, улар бу тупроқларни ўз билак кучлари билан забт этишган. Шунинг учун уларнинг улуши иккинчи даражали бўлмиш Маволийдан кўпроқ бўлади".

Агар Умарнинг бу ижроотини синчиклаб ўргансангиз, унинг Араб ярим оролини мусулмон бўлмаган араблардан тозалашга асосланган бир қараши бўлгани аён бўлади. Бу қарашга биноан, у яҳудийларни Шом диёрига, нажрон насронийларини эса Ироқнинг Куфа шаҳрига сургун қилган.

Умарнинг бу ижрооти Ҳазрати Али ва Уммавийларнинг “рошид” халифаси ҳисобланган Умар ибн Абдулазизнинг ижроотларига зид. Ҳазрати Али ва Умар ибн Абдулазиз давлат даромадларидан улуш тақсимлашда араб ва ғайри-араб орасини айирмаган, буни Исломга зид деб билган. (Жамол Жавде, ал-Араб вал-Арз, 86, 137 ва ал-Авдоул-ижтимоъийя вал-иқтисодийя фил-Маволий фил садрил-ислом, 136-138, 141)

Тан олишимиз керакки, Умарда арабчилик бор эди. Унинг энг яқин дўсти ва бош маслаҳатчиси бўлган Ибн Масъуд каби фақиҳ саҳоба, бир аёл билан номақбул ҳолатда қўлга тушган қурайшлик эркакни қамчилагани учун, унга танбеҳ бериб, шундай деди:

“Эшитишимча, Қурайшлик бир одамни қамчилабсиз!” (Қалъажий, Ибн Масъуд, 13-14)

Умар бундан-да оғир ижроотни, «арабнинг даҳоларидан» ва кейинги давр саҳобаларидан энг машҳури бўлган Басра волийси Муғийра ибн Шуъбага (ваф. 50/670) ҳам қўллаганди.

Ибн Саъд, Ибн Асакир ва Ибн Халлиқон каби тарихчиларнинг ёзишича, Муғийра волийлик даврида, Умму Жамил бинти Амр исмли эрли оилали аёл билан зино устида қўлга тушган ва тўрт гувоҳ билан исботланган бўлса-да, Умар маҳкама жараёнига ва гувоҳларнинг гувоҳлигига аралашиб, Муғирани жазодан қутқариб қолганди.

Охирги пайтларда Умар, ҳар гал Муғийрани кўрганида, унга шундай хитоб қиларди: “Ҳар гал сени кўрганимда, кўкдан бошимга тошлар ёғишидан қўрқаман”.

Туркиядаги “Диёнат Вақфи Ислом Энциклопедияси” каби диний муқовали асарнинг Муғийра ҳақидаги мақоласида зино жинояти исботланмагани учун Муғийранинг оқлангани ҳақида ёзилиши ўта ачинарли ва бу ҳақиқатга тўғри келмайди.

Жиноят исботланган, лекин Умар Муғирани тошбўрон қилишдан қутқариб қолган. Кейинчалик у Куфага волий этиб тайинлаган. Тақдир тақозосини қарангки, Умарни ўлдирган қотил Абу Луълуа айнан Муғийранинг шахсий хизматидаги бир қул эди.

Муовияга ўзидан кейин ўғли Язидни халифа этиб тайинлашни таклиф қилган шахс Муовиянинг поччаси ва маслаҳатчиси Муғийра ибн Шуъба экани ҳам маълум. Унинг зиноси билан боғлиқ маҳкама ҳақидаги маълумотлар, Ислом тарихидаги энг шармандали саҳналарни кўз олдимизга тизувчи маълумотлардир, аммо бу саҳналарни батафсил баён қилиш бу китобнинг вазифаси эмас. Лекин шу ўринда Муғийра ҳақида қуйидагиларни келтиришимиз мумкин:

Имоми Аъзамдан бирорта ҳам ривоятга ўрин бермаган, бу билан қаноатланмасдан, Имоми Аъзамни “ишончсиз одам” (гувоҳлиги олинмайдиган одам), “зиндиқ” ва ҳатто “кофир” деб эълон қилишга журъат этган Бухорий, ўз асарида Муғийрадан бир эмас, икки эмас, тўққизта ҳадис ривоят қилади. Худди шу ривоятлар Муслимда ҳам учрайди.

Арабчиликнинг муштарак жиҳати, ана шундай белгиловчи куч сифатида тарихга йўналиш беради. Бироқ бу йўналиш, инсониятнинг ва мусулмонларнинг хайрига эмас, балки ҳалокатига сабаб бўлган.

Ридда (баъзи арабларнинг диндан қайтиши) воқеасидан кейин халифа Абу Бакр қўзғолончиларнинг бир қисмини қатл этиб, баъзиларини қуллаштирган. Манбаларда келтирилишича, Умар халифа бўлгач, улар орасидаги асли араб бўлган собиқ муртадларнинг барчасини озод қилган. Унинг бу борада айтган гапи жуда машҳур. “Ла йустараку араб: Ҳеч бир арабни қул қилиб бўлмайди”. (Балозурий, Футуҳул-Булдон; Надавий, Умар, 389).

Ажабланарлиси шундаки, ҳинд муаллифи Сулаймон ан-Надавий иккинчи халифанинг бу ижроотини “Умар Арабистонда қулликни бутунлай бекор қилишга муваффақ бўлди”, деб талқин қилади. Ҳолбуки, Умарнинг мақсади қулликни йўқ қилиш эмас, балки қул бўлган арабни, ҳатто муртадларини бўлса ҳам озод қилишдир. Агар вазият Надавий ўз хато таъвилида кўрсатганидек бўлганида, Умарнинг гапи шундай бўлиши керак эди:

"Ла йутараку ал-инсон: Ҳеч бир инсонни қул қилиб бўлмайди".

Умар “инсон” демади, балки “араб” деди. Надавийнинг таъвиллари бу ҳақиқатни ўзгартира олмайди. Умар ўз даврида ўтказилган кенгашларда давлатдан ёрдам оладиганлар рўйхатини тузаркан, буни насабга кўра тузишни хоҳлаган. Бундан мақсад, араб қабилачилиги тушунчасига кўра биринчи ўринга қўйилиши керак бўлганларни осонгина аниқлашдир. Умар давлат ёрдами миқдорини белгилашда ана шу насаб тартибини асос қилиб олди. (Жамол Жавда, 179)

Умар Ислом давлати учун олган асослар ҳақида немис тарихчиси Веллхаузен ёзган қуйидаги сатрларда шу ҳақиқатларни ёзади:

“Ҳазрати Умар Ислом давлатини, фатҳлар қонунига мувофиқ тарзда бўйсунтирилганлар устида “Араб империуми” (араб устунлиги) сифатида қурганди. У давлатни араб ҳарбий аслзодалари ҳамда фақат солиқ тўлаган ғайри-араб қуллар (ёки ярим қул мақомидаги Маволий) синфлари ўртасидаги фарққа асослади. Аммо бу асос қалтис асос эди". (Веллхаузен, Араб давлати ва унинг қулаши, 145)

Яна бир қўрқинчли мисол, яна бир буюк саҳоба Ибн Аббос. Уммавий золими Ҳажжож томонидан қийноққа солиниб ўлдирилган, улуғ илм ва ирфон эгаси Саид ибн Жубайр орасида қуйидаги даҳшатли ва ибратли суҳбат бўлиб ўтади:

Ибн Аббос: Сиз кимлардансиз?
Саид бин Жубайр: Бани Асаддан.
Ибн Аббос: Арабданми ёки маволийсиданми?
Саид: Маволийсидан.
Ибн Аббос: У ҳолда шундай деб айт: “Мен Бани Асад орасида Аллоҳнинг марҳаматига ноил бўлганлариданман. (Ибн Саъд, 6/256; Заҳабий, Сийрат, 4/411; Жамол Жавда, 181)

Демоқчики, сен уларнинг қули бўлишинг, Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлганингдир.

Агар араб ўз ирқига мансуб жориядан ва ғайри-араб жориядан никоҳсиз фарзанди бўлса, жориянинг куняси унинг араб ёки араб эмаслигига қараб белгиланади. Агар туққан жория келиб чиқиши араблардан бўлса, у "умму-банин" (болалар онаси) деб аталади. Агар асли араб бўлмаса, умму-валад (бола туққан жория) дейилади. Ибн Аббосга ўхшаган саҳобалар эса қуйидагиларни айтади:

"Умму-валадлар сенинг қўйларинг, бияларинг ҳукмидадир" (Жамол Жавда, 181).

Куфа аҳлига мурожаатида, Юсуф Ҳажжож уларни таҳқирлаб қуйидаги иборалар ишлатган:

“Эй насли бетайинлар, эй калтак қуллари, эй умму-валаддан тарқаганлар!” (Жоҳиз, ал-Баён ват-Табйин, 1/394; Ибн Абди Раббиҳ, 4/115, 6/130)

Имоми Аъзамга ҳужум қилганларнинг баъзилари унинг мавқеини “ғайри-арабни боласи” деб унинг насабини паст кўрмоқчи бўлганлар. Унинг маслакдоши Абу Уяйна шундай дейди:

“Одамларнинг хатти-ҳаракатлари жуда мўътадил ва тузук эди. Қачонки Куфада Абу Ҳанифа, Басрада Усмон ал-Баттий, Мадинада Рабия чиқди, ишлар ёмонлашди. Биз бу одамларнинг кимлигини ўрганиб чиқдик ва уларнинг барчаси умматдан эканига гувоҳ бўлдикки, улар ҳидоят топган қулларнинг фарзандларидир”. (Жамол Жавда, 183)

Яна-да қўрқинчли мисоллар бор. Бу ерда улардан биттасини келтирамиз. Арабчилик ва арабпарастлик касаллига мубтало бўлган, тили мусулмон, қалб ва зеҳнияти мушрик саналган Абу Бакр аш-Шайбоний ўзининг навбатдаги алаҳсирашини гўё бир каромат дея тасвирлайди:

"Шайбон ўғиллари ва амакиваччаларим асир тушдик. Ёнимизда Маволийлардан ҳам баъзилар бор эди. Амакиваччалар ва маволийларни чуқур бир жойда калласини олишди. Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, асл араб бўлган амакиваччаларимнинг қони маволийнинг қонидан бошқача эди. Амакиваччаларининг қони оқиб, тупроққа сингиб, тупроқ оқариб кетди. Қулбаччаларнинг қони эса тўкилганида, қон ерда қотиб қолди."(Жоҳиз, Ал-Баён, 3/60-61; Ибн Абд Раббиҳ, 4/45, 413; Жамол Жавда, 188)

УММАВИЙ АРАБЧИЛИГИНИНГ ИЛК ҚАДАМИ

Мусулмонлар тақдирини ўз қўлига олиш йўлидаги Уммавийларнинг илк қадами ўта хиёнаткорона бўлди. Бу қадам эзгу ниятларни суистеъмол қилиш ўлароқ саҳналаштирилди ва Усмоннинг халифа бўлишидан кейин амалга оширилди.

Шуни ҳам айтишимиз керакки, халифа Умар Уммавийларнинг ғазабини қўзғатмаслик, Ҳазрати Алига кўп имкон бермаслик каби андишалар билан Муовия ва шунга ўхшаш Уммавий катталарига улушлар берди. Бу ижроотлар мақсадга тамоман зид равишда фақат Уммавийларни кучайтирди.

Доим арабчи хусусияти бўлган Ҳаттоб ўғиллари оиласи Ҳазрати Алига салбий муносабатда бўлган. Умарнинг икки ўғли (Зайд ва Убайдуллоҳ) Сиффин жангида Муовия тарафида Алига қарши урушиб, ҳалок бўлгандилар. Умар нафақат Али ва унинг оиласига, балки Али мансуб бўлган Ҳошимий қабиласининг барчасига салбий муносабатда эди. Халифалиги даврида бу оиладан ҳеч кимга волийлик, саркардалик каби давлат мансаби бермаганди.

Уммавийларни безовта қилишини билгани учун, бундай ловазимларни, масалан, Бадр ғозийларига ҳам бермади. Умар буни "Мен уларни бу нарсалар билан кирлатмадим" деб оқлашга уринса ҳам, бу асло қониқарли сабаб бўлмайди. Унинг андиша қилгани, уммавийларнинг айюҳаннос солиши, ҳамда "Алининг талтайиши" каби қайғулардир.

Бадр жанги, Уммавий катталари қатл этилган урушдир, ва хусусан, Абу Суфён ва оиласи бу жангга нисбатан ўзгача кин, нафрат ва адоват таширди. Шуни унутмаслик керакки, Ҳарра қатлиомида саҳоба авлодидан ўн минг кишини қатл эттирган Язид ибн Муовия, “ғалаба” хабари олганида, шодлик ҳайқириқлари орасида, "Бадр жанги интиқоми"га ишора қилиб ушбу шеърни ҳам ўқиган эди:

"Кошки кўрса эди бу кунларни Бадрда аждодларим, мусулмон қўлидан ўлган!

Ҳошим ўғиллари салтанат учун ўйин ўйнашди пайғамбарлик деган,

Бўлмаса, на бир хабар бор, на бир ваҳий бор самодан келган".

Умар ўз ижтиҳодига кўра, Бадрга нисбатан кин ва нафратни оловлантирмоқчи эмас эди, лекин афсуски, тарих бу ижтиҳоднинг бошидан охиригача хато эканини кўрсатди. Чунки бу ижтиҳод мусулмонларни фалокатга олиб келди ва тарих оқишини ёмонлик тарафга бурди.

АБУ СУФЁННИНГ ҲАМЛАСИ

Уммавийларнинг Ислом давлати ва мусулмонлар тақдирини ўз қўлига олиш йўлидаги биринчи ҳамласи Муаллафатул-қулуб орасидан Абу Суфён амалга оширди.

Исломнинг илк кунданоқ қиличи мусулмон қонини тўкиб келган ашаддий Ислом душмани Абу Суфён, унутмайликки, Уммавийлар салтанатига асос солган Муовиянинг отасидир.

Абу Суфён - Қуръонда "шайтон" дея таърифланган ёвуз шахсиятдир. Тафсирга қилинган сон-саноқсиз мудохалаларга қарамай, шуни биламизки, Табарийдан тортиб Элмалигача бўлган барча муфассирлар, Қуръонда Оли Имрон сураси 175-ояти Абу Суфён ва унинг яқинлари ҳақида нозил бўлганини баён қилганлар. Бу оятда шундай дейилган:

"Ана сизга шайтон! У фақат ўз валийларини қўрқитади, бас, улардан қўрқманг, ёлғиз Мендан қўрқинг, агар мумин бўлсангиз!"

Бу оят, Макка фатҳ пайтида Абу Суфённинг қўрқувдан халос бўлиш учун, ва ғаниматдан улуш олиш мақсадида эълон қилган Исломида ҳеч қачон самимий бўлмагани ва бўлмаслигининг илоҳий далилдир. Агар Аллоҳ уни шайтон деб атаган бўлса, унинг ҳеч бир иймон келтиргани ҳақидаги даъвоси тўғри бўлолмайди. Афсуски, бу даъво у ёқда турсин, Уммавийчи ҳадис тужжорлари, ўз китобларида "Абу Суфённинг фазилатлари" дея боблар очганлар. Унинг ўғли, Уммавий салтанатининг асосчиси "Муовиянинг фазилатлари" деган боблар ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, Уҳудда Ҳамзанинг жигарларини кестириб чайнагани учун,саҳобалар томонидан «Акилатул-акбод» (жигар еган хотин) номини олган Ҳинднинг (Абу Суфённинг хотини) "фазилатлари" ҳақида боб очганлар ҳам бор.

Аммо Ҳинд тарафидан жигарлари кесиб олиниб чайналган, кўзлари, қулоқлари, бурни кесилиб, бўйинга мунчоқ қилинган Уҳуд шаҳиди ва Пайғамбар лашкарининг бош қўмондони "Ҳамзанинг фазилатлари" деган боб умуман йўқ.

Бу китобларда Ҳамза нари борса «жаноза» бобида ёдга олинади.

Яъни, бу уйдирма ҳадис тужжорлари, мусулмонларнинг тақдирини белгилаган Бадр ва Уҳуд жангида, мушрикларнинг бош қўмондони Абу Суфённинг фазилатларини (!) китоблаштиришни зарур кўради, айни жангларда мусулмонларнинг энг буюк жангчиси ва саркардаси бўлмиш "Ҳазрати Ҳамзанинг фазилатлари ҳақида" қайдга арзигулик ҳеч нарса кўрмайди. Ҳолбуки, Ҳазрати Ҳамзани абадийлаштирган Қуръон оятлари ва Пайғамбарнинг сўзлари барча манбаларда санаб ўтилган.

Санаб ўтилган, аммо Уммавий маддоҳларининг миссияси уларни очиқ баён этиш эмас, балки яширишдир. Уммавий, Исломни бузиш ва Ҳазрати Муҳаммаддан ўч олиш ўйинини мана шундай ўйнадилар. Тамоман "шайтонча" усталик билан ўйнаганлар. Оли Имрон:175, Абу Суфённи "шайтон" дея атаб, бу ўйинни шайтоний маҳорат билан ўйналишига очиқ ишора этган. Минг афсуслар бўлсинки, кейинги даврларда бу Қуръоний баййина беркитилган ёки оғизда талаффуз этилса-да, керакли чора кўрилмаган.

Қуръоннинг мўъжизавий огоҳлантируви рўёбга чиқди: Абу Суфённинг Макка фатҳидан кейинги ҳаёти унинг Исломга душманлиги маккор, аммо кучли тарзда давом этганини кўрсатади. Дарҳақиқат, Ҳазрати Али унга буни очиқ айтганди: “Ҳазрати Али Абу Суфённинг Ислом динида самимий эмаслигини жуда яхши биларди. Чунки Қуръоннинг асосий нусхаси котиби Ҳазрати Али эди. Пайғамбаримиз барча оятларни бирин-кетин Ҳазрати Алига тафсир қилган эдилар. Қайси оятда кимлар ва қандай воқеалар назарда тутилганини Ҳазрати Алига тушунтирганди. Ҳазрати Али учун бу борада ҳеч қандай мужмал, ноаниқ оят йўқ эди”. (Али Ақин, 48)

Абу Бакрга байъат қилинаётган пайтда, Абу Суфён дарров Ҳазрати Алининг олдига югуриб бориб, унга: “Бу ҳақ сеники, қўлингни бер менга, сенга байъат берайин-да, ёнингда бўлайин”, деди. Али бу фитнани дарҳол пайқаганди.

Унинг жавоби шундай бўлди:

“Сен эришмоқчи бўлган бу ишга биз илакишмаймиз. Биз Расулуллоҳга берган сўзимизга вафо қиламиз”.

Ҳазрати Алидан бирор натижа ололмаган Абу Суфён дарров Пайғамбарнинг амакиси Аббоснинг ёнига югуриб бориб деди: “Эй Аббос, сен биродаринг меросига ҳаммадан кўра муносиброқсан, қўлингни бер менга, сенга байъат берайин. Мен байъат беришим билан одамлар қарши ҳеч нарса қилмайди”.

Аббос кулиб жавоб берди: “Эй сени, Абу Суфён! Алидан натижа ололмай менинг олдимга келибсан-да”.

Шунинг билан, Абу Суфён ҳафсаласи пир бўлиб ортига қайтди. (Зубайр ибн Баккор, ал-Муваффақиёт, 462-463).

Бу Абу Суфён халифаликка келтирилган куни, асли Бану Умайя оиласидан бўлган Усмон ибн Аффоннинг ҳузурига чиқиб, қариндошига шундай хитоб қилди:

“Эй Умайя ўғиллари!.. Ҳалифалик Бану Тайм, Бану Адий қабиласидан сизга ўтди, Уммавийлашди. Бундан буён бошқа ҳеч ким олмайдиган қилиб унга маҳкам ёпишинг. Тўп ўйнаган боланинг тутган тўпга ёпишгандек, унга ёпишинг.

Аллоҳга қасамки, на жаннат бор, на жаҳаннам. Ҳаммаси шу бошқарув мақомидан иборат. Доим уни қўмсардим. Энди бу сизнинг қўлингизга ўтди. Энди уни болаларингиз учун меросга айлантиринг. Ерюзи салтанатининг устунларини Уммавий хонадони ҳолига келтиринг”.

Бу сўзлардан сўнг Усмон, Абу Суфёнга: “Аллоҳ сенинг жазоингни берсин, йўқол бу ердан!” дея бақирди.

У жаннат ва жаҳаннамни инкор этган қариндоши Абу Суфёндан қаттиқ ғазабланган эди. Чунки Абу Суфённинг аксига, Усмон жаннатга ҳам, дўзахга ҳам ишонарди. Усмон халифа этиб сайлангандан сўнг, ўша Абу Суфён Уҳуд шаҳиди, пайғамбарнинг амакиси Ҳамзанинг қабрига бориб, қабр устига чиқиб, сакрай бошлади.

Сакраб, шундай дея қичқирарди:

"Эшит, эй Ҳамза! Кеча қилич билан биздан олганингиз бугун бизнинг болаларга қўлига ўтди, энди улар ўша мавқеъда мазза қилаяпти. (Абул-Фараж ал-Исфаҳоний, ал-Ағоний, 6/323, 355-356; Ибн Асокир, Таҳзиб, 6/409; Аскарий, Оиша, 1/293)

Аммо афсуски, Усмон ўз ҳузуридан ҳайдаб юборган Абу Суфённинг истакларини, бошқа сабаблар билан бўлса-да, амалга оширди. У давлатни Уммавий қариндошларининг истилосига мубтало қилди. Уммавийлар эса, Абу Суфён айтганидек, эмизикли гўдак каби давлат кўксига ёпишади, бир асрдан ортиқ муддат мусулмонларни зулм остида ингратади, ва саҳоба наслидан ўн минглаган мусулмонни қатл этишди. Ҳатто Пайғамбар авлодининг жонига ҳам қасд қилишади.

Улар бунга ҳам қаноат қилмадилар, ўз салтанатларини динлаштириш мақсадида, Ислом эътиқодига ҳам мудоҳала этиб, динни салтанат воситаси ўлароқ фойдаланишди.

Исломни давлат идеологияга айлантириб, Ислом номи остида “Салтанат динчилиги” вужудга келтирдилар. Мусулмон уммати бу салтанат динчилиги эккан заҳарли уруғларнинг оғир бадалларини бугун ҳам ўтамоқда. Ва салбчиларнинг ҳукмронлиги остида инграмоқда...