July 3

АРАБЧИЛИКНИНГ МАВОЛИЙ УСТИДАН ИСЛОМГА ХИЁНАТИ  

МАВОЛИЙНИНГ МАРКАЗИЙ ШАҲРИ КУФА

Фатҳлар давридаги энг йирик мусулмонлашув ҳаракати Қодисийя жанги (15/636) даврида бўлгани умумий қабуллардан биридир. Қодисийя — Ироқ ҳудудида, Нажафдан ғарбда, Куфадан 39 километр узоқликдаги жой номи. 15/636 йилда араб-эрон қўшинлари бу ерда тўқнаш келди ва саҳобалардан Саъд ибн Абу Ваққос бошчилигидаги араб-ислом қўшини Рустам бошчилигидаги Эрон қўшинини тор-мор этди. Ва Эрон эшиклари араб-ислом қўшинларига очилди. Қодисийядан тахминан бир йил ўтиб, 16/637-йилда бўлиб ўтган Наҳованд жангидаги ғалаба билан Сосонийлар салтанати ер билан бир қилиниб, тарихга кўмилди.

Эрон чўктирилганидан кейин, араб ирқининг устунлигига (афсуски) ишонгани билинган Умар, Ироқ ва унинг атрофидаги унумдор ерларга жойлашадиган араб аскарлари дуч келадиган асосий муаммолардан бири иқлим муаммоси эканлигини пайқагач, қуруқ иқлимга ўрганган аскарларга мавжуд шаҳарлар мос эмас деган хулосага келиб, янги шаҳарлар барпо этишга қарор қилган.

Умар араб унсурларининг маҳаллий аҳоли билан аралашиб кетишини бузилиш деб билган ва бунинг олдини олишга ҳаракат қилган. Умар учун араблар устун унсур эди. Давлат бошқаруви ва ҳарбий хизматни улар бошқариши керак эди.

Умардаги бу муносабат кейинчалик Усмонли давлатида турк унсурлари учун ҳам ишлатилди, арабларни ҳарбий хизмат ва бошқарувда деярли қамади, санъат, ҳунармандчилик, илм ва техника соҳалари эса тобора Маволий унсурлари монополиясига айланди. Усмонли ҳам турк унсурини ҳарбий хизмат ва қишлоқ хўжалиги билан чегаралаб, санъат, савдо ва техника соҳалари мусулмон бўлмаган унсурлар монополиясига айланганди.

Басра ва Куфа, Умарнинг ана шу тушунча ва қарорига асосан қурилган шаҳарлардир. Басра шаҳрига ҳижрий 16-17-йилларда Утба ибн Ғазвон, Куфага эса Саъд ибн Абу Ваққос ҳижрий 17-18 йилларда асос солган. Бу шаҳарга волий этиб тайинланган Саъд, волийлигининг бешинчи йилида хазина молидан ўмаргани (ғулул жинояти содир этгани) важидан халифа Умар тарафидан бўшатилган, унинг ўрнига машҳур саҳоба Аммор ибн Ёсир тайинланган.

Шуни ҳам қўшимча қилиб ўтиш керакки, Куфа аҳли Умар тайинлаган барча волийларга қаршилик кўрсатиб, уларни ёмонлайвериб, иккинчи халифа даврида кетма-кет тўрт волий алмаштирилади. Куфа аҳлининг бу феъли янги халифа Усмон даврида ҳам давом этган ва яна тўрт волий алмашади. Али халифа бўлганда, ўзининг машҳур қўмондони Малик ал-Аштарни ўзи яхши таниган ва халқига таъсири кучли бўлган Куфани пойтахт қилади.

Қодисийя жангидан кейин исломни қабул қилган унсурлар, айниқса, тўрт минг атрофидаги Дайламийларни бирор маконга жойлаштирилиши керак эди. Улар янги қурилаётган Куфа яқинига жойлаштирилди. Бу унсурлар Ислом қиличи остида Исломни қабул қилдилар, лекин улар ичида доимо “нажоткор Маҳдий”га интилиш бор эди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, маданий даражаси анча юқори бўлган бу Дайлем халқи Маҳдий-Масиҳ эътиқодининг Исломда намоён бўлишида катта таъсир кўрсатган.

Ўтган вақт мобайнида исломни қабул қилган бошқа ғайри-араб унсурлар ҳам Ироқ ҳудудида, хусусан, Куфада жойлашишни афзал кўрарди. Ва бир вақт келиб, Куфа Маволийлар шаҳрига айланди.

Шаҳардаги йигирма минг аҳолининг деярли ҳаммаси Маволий эди. Табарийнинг ёзишича, Абдулмалик ибн Марвон даврида Ибн ал-Ашъас қўмондонлигида Уммавийларга қарши исён кўтарган икки юз минглик қўшиннинг ярмидан кўпи Маволийдан эди.

АРАБЧИЛИКНИНГ МАВОЛИЙ УСТИДАН ИСЛОМГА ХИЁНАТИ

Маволий дастлаб араб-ислом истилолари чоғида қўлга олинган ва қул қилинган, сўнгра эгалари томонидан озод қилинган кишиларни назарда тутган бўлса, кейинчалик у ислом динига кирган барча ғайри-араб унсурлар учун умумий атама сифатида қўлланила бошланди. Мусулмон халқлар деганда икки нарса тушуниладиган бўлди:

1. Араблар,
2. Маволий.

Биринчи қисм, аниқ айтилмаса-да, "асосий мусулмон, биринчи даражали мусулмон ёки хўжайин мусулмон" деган маънода эди. Бу тушунчадан келтириб чиқадиган зулм саҳналари ҳақиқатан ҳам даҳшатли эди. Ўз менталитети ва руҳини Уммавийдан олган динчилик, ҳар бир даврда ана шу "табақа мусулмонлигини" яратади. Бу табақа мусулмонлигини яратиш учун фирқаларга бўлишни, мазҳаб-тариқат фарқини, диний либосни, салла ва соқол ва ҳ.ни ўта қаттол ва инсофсиз тарзда ишга солади.

Иккинчи қисмдаги мусулмонларни, араблардан бир неча баробар кўп сонли бўлса ҳам, ярим қул мусулмон сифатида кўриш иштиёқи давом эттирилди. Ҳатто бу одамларга ярим мусулмон ва ярим ғайридин муомаласи қилинди. Масалан, Уммавийнинг Ироқ волийси Юсуф Ҳажжож, Маволийдан жизя солиғи ундиришни давом эттирди, ҳолбуки фиқҳ тамойилларига кўра, исломни қабул қилганлардан бу солиқ бекор қилиниши керак эди. Халифа Умар бин Абдулазиз (ваф. 101/720) томонидан бекор қилинган бу солиқ унинг вафотидан кейин яна қайта тикланди.

Бу билан ҳам тўхташмади:

Араблар Маволийни доим хорлаб, таҳқир этиб келганлар. Аввало, маволий нафақат абадий қулликка қўйилмаган, балки бу одамларнинг Аллоҳ билан ўзаро муносабатлари доимо араблар тарафидан сифат назорати қилиб келинган. Бу сифат назорати бугун арабпараст ва арабчапараст сиёсатчилар томонидан ҳам амалга оширилмоқда. Масалан, Туркиядаги вазият ана шундай.

Маволий унсурлар ўз тилларида ибодат қилишларига таъқиқлар қўйилганди. Бугун ҳали ҳам сақланиб қолаётган бу таъқиқ, баъзилар ўйлаганидек, диний чеклов эмас, балки араб динчилигининг мажбурловидир. Бошқача айтганда, исломнинг эмас, балки араблик ва арабчиликнинг амридир.

Худди шундай мажбурлов ва провокациялар кундалик ҳаётнинг бошқа соҳаларида ҳам кузатиларди: умумий таомларда араблар овқат еганида, Маволий дастурхон атрофига ўтира олмасди, тик туриб кутарди. Ҳеч бир маволий куня ишлата олмасди. Чунки куня ишлатиш арабларда аслзодаликни билдирарди. Маволий мансублари куня ўрнига кўпинча камситувчи ва ҳақорат ифодаланган лақаблар билан зикр этиларди. Жумладан, Тобеин даврининг, шубҳасиз, энг буюк илм-маърифий пешвоси ҳисобланадиган Ҳасан ал-Басрийни араблар “қора саллали” дейишарди.

Маволийга намозда имомлик қилиш ҳаққи ҳам берилмасди.

Уммавийларнинг энг золим, аммо қудратли волийси Ҳажжож, Саид ибн Жубайр каби буюк илм ва ирфон эгасини Куфага қози ва имом қилмоқчи бўлганида, араб катталари бунга қаттиқ қаршилик кўрсатган, бу ишлар арабнинг ҳаққи, дея иддао қилишди. Бироқ уларнинг қаршисида ўзларидан ҳам шафқатсизроқ одам волий бўлиб тургани учун улар узоққа боролмай, охири кўнишга мажбур бўлдилар. (Жамол Жавда, 161) Кейинчалик Саид ибн Жубайр қийноққа солинади ва қатл қилинади. Қатл пайтида эса Ҳажжож унга қуйидагиларни айтади:

“Араб катталарининг барча эътирозларига қарамай, сени Куфага қози ва имом қилдим, лекин сен менга қарши гапиришда давом этдинг”.

Агар биронта араб маволий ортида иқтидо қилиб намоз ўқиса, бу ундаги ниҳоят даражадаги камтарликка далил эди. (Ибн Абд Раббиҳ, 3/326, Демиржон, 89)

Имомликка бўлган бу ҳирсни динлаштирмоқчи бўлган уммавийлар, худди бошқа масалаларда бўлгани каби, бу ерда ҳам ҳадис уйдиришга киришдилар. Мана биттаси:

“Фақат мана шу уч нарса намозни бузади: Намоз ўқиётганга ит тегса, эшак тегса ва маволий тегса”.

Бу ҳадиснинг уйдирма экани холис уламолар томонидан айтилган бўлса-да, уммавий тарафдори манбалар буни тўқима ҳадис демайди, балки Муҳаммад пайғамбарнинг сўзи дея нақл этишади. (қаранг: Ибн Абд Раббиҳ, 3/326, Демиржон, 89-90)

Маволий эркак араб қизга уйлана олмасди. Агар кимдадир бундай никоҳ бўлса, шаҳар волийси ёки қозига хабар етиши билан, бу никоҳни бекор қиларди. Жумладан, Басра қозиси Билол ибн Абу Бурда маволий фарзанди бўлган Абдуллоҳ ибн Авн ва араб аслли аёлининг никоҳини бекор қилган, Абдуллоҳ ибн Авн эса илм ва ҳикмат вакили бўлишидан қатъи назар, қамчиланган. (Ибн Саъд, 7/261, Абу Нуайм, 3/37-44, Ибн Ҳажар, Таҳзибут-Таҳзиб, 5/348, Демиржон, 83).

Кейинги даврларда ҳам арабнинг маволийлик қизга уйланиши мумкин бўлган. Бироқ, бу имкониятдан фойдаланиш учун турмушга чиқадиган қизни отасидан эмас, араб хўжайинидан сўраш керак эди. Қиз болани отасидан ёки ака-укаларидан сўраган бўлса ва никоҳ шу тарзда ўқилган бўлса, хабар қилинган тақдирда никоҳ бекор қилинган. Агар турмуш қурганлар жинсий алоқада бўлган бўлса, бу муносабатлар никоҳдан ташқари муносабатлар деб ҳисобланган ва агар бу муносабатлардан бола туғилган бўлса, бу бола ҳам никоҳсиз бола ҳисобланади. (Ибн Абд Раббиҳ, 2/74, 3/36, Бадиъ Шариф, 28, Демиржон, 85)

Имом Аъзам бутун борлиғи билан қўллаб-қувватлаган, Аҳли байт имомларидан, фаол фақиҳлардан бири Зайд ибн Али Зайнал-Обидин (вафоти 122/739) бизга шундай дейди:

“Мен араблардан кибр билан ажралиб турадиганлардан сўрадим:

“Араб бўлмаган эркакнинг араб аёлига уйланишини қандай баҳолайсиз? Бундай никоҳ ҳалолми ёки ҳаромми?» Бу саволга кимлардир ҳалол, кимдир ҳаром деб жавоб берди” (Абу Зеҳри, Имом Зайд, 93).

Маволи аъзоси кўчада арабнинг олдидан ўта олмасди ва у билан бир қаторда юра олмасди. Араб киши маволилардан бирининг орқасида намоз ўқишдан тортинарди. Чунки Маволий билан бундай яқинлик ва қовушиш араблар орасида хорлик ва заифлик ҳисобланган.

Маволийнинг ҳарбий хизматида қўлланилишини кўрсатадиган баъзи мисолларни келтирамиз. Ҳарбий хизматда қўлланилган Маволий асосан пиёда аскар сифатида ва ўлим аниқ бўлган жойларда ишлатилган. Немис ёзувчиси Веллхаузен бу ҳолатни ўрта аср рицарлари ва улар урушларда қўллаган хизматкорларига ўхшатади (Веллхаузен, Араб давлати ва унинг қулаши, 116, Демиржан, 116).

Маволиларнинг айрим давлат мансабларига, вақти-вақти билан волийликларга тайинланганини кўрамиз. Бироқ, бу улар қадрлангани учун эмас, балки ушбу учта мажбурият туфайли эди:

1. Маволийлар давлатчилик ва давлатни ташкил этиш билан боғлиқ тушунча, институтларни шакллантириш, амалга оширишда илғор эдилар. Айниқса, девон ташкилоти Маволий томонидан тузилган ва узоқ йиллар фаолият юритган. Уммавийларнинг содиқ кишиларидан Зиёд ибн Эбиҳ шундай дейишга тўғри келди:

"Хараж солиқлари билан боғлиқ масалаларда мутасадди бўлиб ишлайдиганлар солиқ йиғишни яхши биладиган маволилардан танланиши керак. " (Ёқубий, Тарих, 2/279, Жамол Жавда, 118)

Девон ташкилотларининг ёзишмаларга эҳтиёжи бўлган бўлимларда буни расоил ва ҳотам бўлимлари дейилган. Маволийларни ишлатмасдан иложи бўлмаган. Чунки бу девонлар яхши ёзишни ва чет тилларини билишни талаб қилар эди. Маволийда эса араб тилини яхши билган билан бирга чет тилларини ҳам яхши биладиган одамлар бор эди. (Жамол Жавда, 120) Бошқача айтганда, бу соҳалардаги устунлик Маволийнинг қўлида эди.

2. Араблар адолатсизлик қуроли сифатида ишлатмоқчи бўлган волийлар ва юқори лавозимдаги амалдорларни, айниқса чет тилларини яхши биладиганлар орасидан танлашда қийналарди.

3. Давлат лавозимларига тайинлаган Маволий аъзоларини суиистеъмоллик ва адолатсизликка мойил эканлигини айтиб, араб мақсадларига хизмат қилишга тайёр эканликларини очиқ эълон қилдилар.

Шунга қарамай, давлат хизматларида фойдаланилган Маволий аъзоларининг эҳтиёж қолмаганда, ишдан бўшатиш, сургун қилиш ва ҳатто ўлим билан йўқ қилинганини кўрамиз. Тарихда Уммавийлар салтанатини дафн этган саркарда Абу Муслим ал-Хуросонийнинг аббосийлар халифаси Мансур томонидан хиёнаткорона найранг билан ўлдирилгани бунга энг ёрқин мисолдир. Иккинчи буюк мисол Имом Аъзамдир.

Имом Аъзам ҳам худди Абу Муслим каби маволий фарзанди бўлиб, Уммавийларнинг қулашида катта рол ўйнаган, аммо иши битганига ишонилгани учун Аббосий халифаси Мансур томонидан заҳарланиб ўлдирилган.

"Ишлари тугалланган Маволийларни йўқ қилишнинг оилавий намунаси" Аббосийларга хизмат кўрсатувчи ёдгорликларга айланган Бермакийлардир. Эронлик бу муҳим дипломат оиласи Аббосийлар халифалигига жуда муҳим хизматлар кўрсатганидан сўнг, уларнинг ишлари тугаб, бир кечада Ҳорун ар Рашид томонидан йўқ қилинган, баъзилари қамоққа ташланган, бир қисми қирғин қилинган.

Маволий қабул қилган дин асосларига зид бўлган бу ёмонликлар уларни араб ҳукмдорларига нисбатан нафрат ва адоват уйғотди. Маволий арабларни исломнинг эмас, арабизм ва арабчиликнинг вакили ва тарғиботчиси сифатида кўра бошлади.

Аниқроғи, масаланинг моҳияти шу эканлигини англаб етди.

Бу нуқтага етгандан сўнг, Маволийда дард ва изтироб билан етишган икки асосий муносабат ҳукмрон бўлди:

1. Ижтимоий-сиёсий лавозимларни эгаллай олмасликнинг ўрнини қоплаш учун илм-фан, тафаккур, тасвирий санъат, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик каби деярли барча соҳаларда олдинга силжиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш,
2. Ҳар жиҳатдан арабларга зид, терс ва фарқлилик.

Бу вақтда Уммавий арабчилигига қарши курашнинг араб аслли лидери Ҳазрати Алининг мустадаф Маволийга берган насиҳатларининг ижодий маъносига эътибор қаратмоқчимиз. У уларга айтади:

“Эй Маволийлар! Бу араблар сизни яҳудийлар ва насронийлар мақомида кўрмоқда. Қизларингизга уйланяпти, аммо сизга қиз бермаяпти. Сиздан олганларнинг эвазини сизга бермаяпти. Ундай ҳолда сиз тижорат билан шуғулланинг, Аллоҳ баракотни ўша тарафдан берсин. Мен Расулуллоҳнинг шундай деганини эшитганман: «Ризқ ўн қисмдир. Улардан тўққизтаси савдо-сотиқдадир” (Кулайний, ал-Кафи, 5/318, Жамол Жавда, 114)

Тижорат Маволийни Имом Аъзам мисолида кўриниб турганидмиздек, кўчар бойликка бой қилибгина қолмай, келажакда катта ерларга эгалик қилиш имкониятини ҳам берди. (Қаранг: Жамол Жавда, 123-124)

Хулоса қилиб айтганда, зулм ғамидан улуғ бир неъмат пайдо бўлди ва кейинроқ кўрамизки, бу неъмат Маволийни илм-фан, адабиёт, маданият, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ каби деярли барча соҳаларда юксак мавқега эга бўлган ғалабага олиб келди. Зулм ва хор бўлиш Маволийнинг араб-уммавийлар зулмига қарши исён кўтариши ва Уммавийлар давлатини йўқ қилиш учун сиёсий тартибланган ҳаракатларнинг қўллаб-қувватлаши кўринишидаги мухолифатга йўл очиб берди.

Бундан буён Маволийлар араб уммавий давлатини ва унинг таъсирини йўқ қилишга қаратилган барча режа ва ҳаракатларда иштирок этарди. Бу одамлар орасида китобимиз мавзуси бўлган ва асли Маволий фарзанди бўлган Имом Аъзам ҳам бор. У бу ишнинг асосан фикрий ва фиқҳий томонини яратган. Бироқ, савдогар оиласининг савдогар ўғли Имом Аъзам ҳам бу исён ҳаракатларига маълум моддий ёрдам кўрсатганини биламиз.

Шунинг учун ҳам биз Имом Аъзамни зулм ва унинг институтционаллашган империализмга қарши курашувчи тафаккур етакчиси сифатида қабул қиламиз.