July 12

ФИРЪАВНЛАРНИ КИМ ЯРАТАДИ?  

Қуръонга кўра, Фиръавнларни яратиб етиштирганлар золимга маддоҳлик қилувчилардир.

Имом Аъзам, мусулмон умматнинг фиръавнларни етиштирувчи зеҳниятига барҳам беришни, исломий имоннинг асосий талаби деб билади.

Бу иймонни ҳаётга татбиқ этиш қобилияти бўлмаса, ҳеч қандай ибодатда маъно қолмайди. Бир Қуръон мўмини ва мутахассиси сифатида Имом Аъзам шуни жуда яхши биларди:

Ҳеч бир золим, қаршисида сукут сақлаган омманинг билвосита кўмагисиз тирик қололмайди. Айниқса, дин зулмга хизматкор қилинган бўлса, фиръавнларнинг турли шаклда ва турли номларда пайдо бўлиши муқаррар.

Биз Қуръондан шуни биламизки, мазлум ҳисобланган кўп халқлар, ораларида пассив золимлар борлиги учун ҳам эзилиб хорланган.

Агар мазлум ҳақиқий мазлум бўлса, золим узоқ вақт ҳукмрон бўлиши мумкин эмас. Агар зулм, дин ёки динсизлик номи остида узоқ давом этаётган бўлса, бунинг сабаби, халқ ичида золимларга хизматкор бўлишни маҳорат деб биладиган ёки ҳеч бўлмаганда сотқинлар гуруҳининг борлигидандир. Бу гуруҳ "пассив золимлар гуруҳи"дир.

Пассив золимлик, Зулмга қарши керак бўлганда, майда манфаатлар ёки яширин имонсизлик туфайли золимлар қаршисида сукут сақлайдиган, шу орқали уларни қўллаб-қувватлайдиган кишилар ёки жамиятларнинг сифатидир. Бу борада Қуръоннинг бизга билдиргани қуйидагича:

Актив золимларнинг кўпини пассив золимлар, яъни зулмга хизматкорлик қилувчилар яратган.

Қуръоннинг бу борада инқилоб яратган тасбитларидан бири Зуҳруф сурасининг 54-56 оятларида берилган. Классик муфассирлар бу инқилобий мисралар ҳақида нима деганини ўрганиш учун, ўттизга яқин тафсирни кўриб чиққанимда, афсуски, бу оятларнинг месажи ҳақида бирорта изоҳ кўра олмадим.

“Сукут сақлашни маъқул кўрганлар” қаторида Асримизнинг буюк муфассирларидан бири турк муфассири Элмалили Ҳамди Язир (ваф.1942) ҳам бор.

Нега улар сукут сақлашди?

Классик тафсирларнинг аксарияти ислом ва мусулмонлар орасида арабчилик ҳукмрон бўлган даврда ёзилган. Мазкур оятларнинг месажини очиқ баён қилиш ўз ўзига ўлим фармони имзолаш билан тенг эди. Ўз ижрооти ва фатволари билан бу оятларнинг месажини ҳаётга татбиқ этишга уринган Имом Аъзам бунинг бадалини ўз қони ва жони билан ўтади. Кейинги даврларда ҳам Уммавий-ҳукмрон зеҳният динлаштирилгани, ҳамда динни салтанат қуроли сифатида ишлатиш давом этгани боис, бу оятларнинг месажи яна пардаланди.

Бу оятларнинг инқилобий месажи ҳақида ҳаққоний гапира олиш учун динни салтанат қуроли қилишдан тўхталган бўлиши керак. Акс ҳолда, бу месажни талаффуз этган киши, ўша минтақадаги ҳукумат ва бошқарувларга қарши исён этган ҳисобланади. Бу месажни очиқ эълон қилиш ва исён этган ҳисобланмаслик, фақатгина дунёвий тизим бўлган мамлакатда мумкин. Биз “Қуръон нафақат дунёвийликка тоқатли бўлган китоб, балки дунёвийликни талаб қилган китобдир” деймиз, ва бунда на янглиш сўз бор, на кимнидир рози қилиш нияти ёки интилиши бор. Бу билан айни ҳақиқатни айтган бўламиз, ва иймонимиз бизга юклаган вазифани бажарган бўламиз.

Энди, Зуҳруф сураси 54-56-оятларнинг месажини очиқ баёнига ўтамиз. Фиръавнларни яратган халқларнинг золимга хизматкорлик психологиясини очиб, бу психология қандай қилиб Аллоҳнинг ғазабини келтиришини, пассив золимлардан интиқом олишга етаклашини ифода этувчи бу оятлар, империализм қамоқхонасига айлантирилган маъбадларга ҳибс этилишни дин санайдиган омманинг Аллоҳ томонидан Аллоҳнинг душмани дея баҳоланишини кўрамиз. Демак, маъбадга ёки масжидга обуна бўлиш Аллоҳнинг наздида ҳамма нарса ҳал бўлди дегани эмас.

Шунинг учун ҳам, Қуръон икки хил намоз ҳақида сўз юритади:

1. Инсонни Аллоҳга яқинлаштирувчи, меърожга ўхшаган намоз,
2. Инсонни Аллоҳнинг душмани ҳолига келтирувчи лаънатланган намоз. (Моъун:4-7).

Агар Қуръонга ҳурматимиз бор бўлса, иккисини ҳам кун тартибига қўйишимиз керак. Биттасини яширсак, биз ҳам Қуръоннинг лаънатига учрашимиз мумкин. Чунки бу икки намоздан бирини яширсак, намознинг асл маъно-моҳиятини англашимиз имконсиз бўлади.

ЗУҲРУФ СУРАСИ ИНҚИЛОБИ

Шу ўринда Зуҳруф сураси, 54-56-оятларга эътибор қаратишни лозим топдик:

"Фиръавн ўз қавмини паст кўрди, қавми ҳам шунга кўнди. Зеро улар фосиқ/йўлдан озган қавм эди. Бизни ғазабимизга дучор бўлдилар, Биз улардан интиқом олдик, барчасини ғарқ қилдик. Биз уларни кейингилар учун салафлар ва мисоллар қилдик”.

Бу оятларни, тафсир қоидаларига (семантик ва герменевтик жиҳатларга) риоя этган ҳолда ўрганар эканмиз, қуйидаги фактларни таъкидлаб ўтишимиз керак.

1. Фиръавнлар эзиб хорлаши билан жамиятнинг унга бўйсуниши ўртасида боғлиқлик бор. Агар ўша бўйсуниш бўлмаганида, бу эзилиш ва хорлик содир бўлмасди.

2. Фиръавн эзиб хорлашига қарши исён қилиш ўрнига унга бўйсуниш билан жавоб бериш, Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлади, ва бундай қилган қавмдан илоҳий интиқом олинади.

Фиръавнларни яратганларнинг бу руҳий тузилиши ва шахсиятлари Юнус сураси, 83-оятда ҳам баён қилинган:

"Қавми орасида Мусога бир гуруҳ зурриётдан бошқа ҳеч ким ишонмади, Фиръавн ва одамларидан фитна етишидан қўрқишарди. Дарҳақиқат, Фиръавн ер юзида катта кетган эди; ва мусрифлардан/ўзгалар ҳаққига тажовуз этгувчилардан эди".

Кўриниб турибдики, бир қавм орасидан баъзилар золимлар билан ҳамкорлик қилмагунча, бу қавм зулм ва истилога мағлуб бўлмайди, демоқда Қуръон. Қуръон, Зуҳруф сурасининг 54-оятидаги сўздан фойдаланиб, Рисолатни етказган Расулга шундай амр беради:

"Сен сабр қилгин, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ. Қатъий ишонмайдиганлар сени хавфга солмасин!" (Рум:60)

Муҳаммадий мўминлар, эзувчи ва хорловчиларга сукут сақлаб бўйсунмайди. Агар бундай бўйсуниш бор бўлса, масжид ҳам, намоз ҳам фойда бермайди. Шунинг учун ҳам, империалистик мустамлакачилар бир ўлкада, токи уларга қарши исён қилинмас экан, у ерда масжидлар сони кўпайишидан асло безовта бўлмайди. Уммавийлар ҳам безовта бўлишмаган. Аксинча, улар эксплуатация қилаётган мамлакатларда масжидлар сонининг кўпайишига ва одамларни кўпроқ масжидларга тўпланишга ташвиқ этарди. Уммавийлар ҳам ташвиқ этдилар, одамлар масжидларда иложи борича кўпроқ қолиши учун қўлларидан келган ҳамма ишни қилдилар. Чунки бундай масжидлар мутамлакачиларнинг соқчиларсиз ва қўриқчиларсиз қамоқхонаси кабидир. Сони ортган сайин мустамлака иши осонлашади.

Масаланинг энг муҳим нуктаси ва асли шу ерда: Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом ҳуррият, озодликнинг ва қуллик қабул этмасликнинг тимсолими, ёки бўлмаса кўпроқ намоз ўқиб, яна-да кўркам салла ўрашнинг тимсолими? Қуръон биринчисини тасдиқлайди. Ҳазрати Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом шунга кўра яшади, ва шуни умматига васият қилди. Уммавийлар, бу меросни бузди ва "Ҳуррият пайғамбари"ни "кўпроқ намоз ўқиш ва яна-да кўркам араб салласи ўраш тимсоли"га айлантирди.

Бу дин бузарликка қарши илк улкан исён Имом Аъзам Абу Ҳанифадан бўлди. Араб кийими билан араб салтанатини динлаштирганлар, Имом Аъзамни “намозсиз ва исёнкор дин” қуришда айбладилар. Имом Аъзам, Ҳазрати Пайғамбарни озодликларнинг ва қулликни қабул қилмасликнинг тимсоли сифатида тақдим этишнинг бадалини қонию-жони билан ўтади. Имом Аъзамдан кейин эса ислом тарихи асрлар мобайнида Уммавий зеҳнияти билан давом этди. То Мустафо Камол келгунигача.

Имом Аъзам исёни эриша олмаган мақсадга Мустафо Камол эришди. Бизнингча, Турк Озодлик ва Маърифат урушининг асосий маъноси ҳам шундан иборат. Мустафо Камол, Ҳазрати Муҳаммадни яна "қулликни тан олмасликнинг тимсоли" эълон этган эди. Худди Имом Аъзам каби, Исломнинг асосий ибодатини “зулмга қарши чиқиш” эканини бутун дунёга билдирди. Шунингдек, Ҳазрати Муҳаммаднинг энг катта мўъжизаси бу озодлик уруши яъни Бадр жанги эканини мусулмонларга эълон қилди. Афсуски, Мустафо Камолни ўраб олган “маддоҳлар гуруҳи” ва уларга кейинчалик ўз манфаатлари йўлида қўшилган салтанат динчилари, Мустафо Камолнинг бу “асл месажи”ни яширдилар, уни бу месажнинг тамоман акси бўлган тушунчанинг етакчиси сифатида танитдилар. Мустафо Камолдан мағлубиятга учраган салбчи Ғарб ҳам, аввало маддоҳларга, кейин эса динчиларга бу йўлда ёрдамини аямади.

Ҳақиқат шуки, империалистлар ўзлари эзиб хорламоқчи бўлган жамиятларнинг қаршилик унсурларини “инсоният душмани” сифатида танитиб, уларни фашизмда, деспотизмда, инсон ҳақлари поймолида, қаттол давлатчиликда, универсализмга қаршиликда айблайдилар. Барча илми, ирфони ва барча фиқҳ мазҳабларининг отаси саналишига қарамай, Имом Аъзамни қийноқлар остида ўлдиришлари ҳам шу сабабдан. Яъни зулм ва золимларга билвосита дастак бўлишни англатувчи хизматкорликка кўнмаслиги…

Туркия Озодлик уруши етакчиларини, айниқса Мустафо Камолни ҳам айнан мана шундай айблаган эдилар. Бугун ҳам, империализм билан ҳамкорлик қилиш хорлигига эгилганлар ҳам Мустафо Камолни ўша салбчилар луғатидан фойдаланган ҳолда айбламоқда. Шуни ҳам унутмаслик керак:

Аҳзоб сурасининг 57-оятига кўра, “Аллоҳга ва пайғамбарига азият берганлар лаънатланган”. Пайғамбарга азиятни тушуниш қийин эмас, лекин "Қандай қилиб Аллоҳга азият етказиш мумкин?"

Зуҳруф сурасининг 55-ояти бу саволга жавоб беради. У ерда қўлланилган "асафунá" сўзи "Бизни ғамгин қилдилар ва ғазаблантирдилар" деган маънони англатади.

Демак, золимларни пассив қўллаш, яъни уларга хизмат қилиш Аллоҳга азият етказишдир. Аллоҳ бундан шунчалик азият чекадики, бу интиқом олиш учун сабаб яратади.

Золимларга бўйсуниш Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган ёмонликдир. “Ҳуд” сурасининг 59-оятида эса бу “Ҳар қандай ўжар зўравоннинг буйруғига эргашиш” деб таърифланган.