July 10

ИМОМ АЪЗАМ / 4-БЎЛИМ

ИМОМ АЪЗАМНИНГ СИЁСИЙ КУРАШИ ВА ШАҲИД ЭТИЛИШИ

ИМОМ АЪЗАМНИНГ ИСЁН АХЛОҚИ

“Бир ғазот эллик ҳаждан қийматлироқ”. (Имом Аъзам)

Имом Аъзам инсонда куч-қудратнинг вужудга келишини (яратилишини) Аллоҳнинг феъли деб, вужудга келтирилган куч-қудратнинг ишлатилишини эса инсоннинг феъли деб биларди.

Яна Имомга кўра, банда бу қудратни ишлатмасдан туриб, Аллоҳдан ҳеч нарса сўраши мумкин эмас. Бу масаланинг қисқача мазмуни ва моҳияти шудир. Қадар концептини баҳона қилиб, бунинг ташқарисида айтилган гапларнинг барчаси, минг бир хилда талқин қилиниши мумкин бўлган мужмал гаплардир. Имом Аъзам буни яхши билгани боис, унинг Қадар масаласидаги сўнгги сўзлари шу бўлган: “Бу масалада кўп чуқурлашманг, ҳеч қачон чиқолмайсиз”.

Уммавий хизматидаги олимлар томонидан Исломга киритилган “Қуръондан ташқаридаги Қадар эътиқоди”, моҳиятан Уммавий ва унга ўхшаш салтанатларга қарши исённинг олдини олишда, ўзига хос “муқаддас чора ва муқаддас тадбир” эди. Шу боис, бу уйдирма Қадар эътиқодига қарши чиққан ҳар кимнинг биринчи амали зулмга қарши исён бўлиши керак эди. Имом Аъзам ҳам шу маънода бир исёнчидир. Зотан, душманларининг уни айблаш учун олға сурган энг катта таъналардан бири “умматни исёнга чақирди” деган айбловдир.

У ўз исёнини илм ва тафаккурда бевосита шахсан, сиёсий майдонда билвосита қўлловлар билан амалга оширган. Ва шуни кўрамизки, у ўзи қадрли билган барча исёнларни ҳам фикран, ҳам моддиян қўллаб-қувватлаган.

БИР ҲАНИФ АХЛОҚИ СИФАТИДА ИСЁН АХЛОҚИ

Қуръонда исён: Исён калимаси билан ўзакдош калималар Қуръонда 30 дан ортиқ ўринда келган. Уларнинг 20 дан ортиғи феъл шаклида қўлланилган. Исён калимаси, Роғиб ал-Исфаҳоний таъкидлаганидек, "ъасо" калимаси билан ўзакдош бўлиб, таёқ маъносини билдиради. Исён эса "ъасо" билан бирор нарсанинг олдини олишни, тўсишни, тўсқинлик қилишни англатади. Бу калима, кейинчалик этимологик босқичлар натижасида ҳар қандай қарши чиқиш маъносида қўлланилган.

Биз бу ўринда, ҳозиргача ишора этилмаган бир нуқтага эътибор қаратмоқчимиз: Мусо алайҳиссалом қиссасида зикр этилган ъасо (таёқ, хасса) калимасини агар исён маъносида қабул қилсак – тил ўлчовларига кўра бу мумкин – бу улуғ пайғамбарнинг энг улкан мўъжизаси, Аллоҳга ва Расулига қарши туғёни билан тамғаланган Фиръавнга қарши исёни бўлади. Қуръон буни ўз ички терминологиясида, Фиръавннинг ёрдамчилари бўлган сеҳрбозлар ва бошқарувчиларга қарши Мусонинг асоси исёни ифодасини ишлатади.

Мусонинг энг катта мўъжизаси - унинг асосидир. Қизиқ, бу бир чўпон қўлидаги таёғими ёки калиманинг асл ўзак маъносидаги исёнми? Мусонинг асоси Фиръавн сеҳрбозларининг барча маҳоратини ютиб юбориши нимани тамсил ва нимани рамз этади? “Фиръавннинг моҳир сеҳрбозлари тамсил этган техник-ҳарбий куч, Мусонинг асоси орқали тамсил этилган исён ва қарши чиқиш кучи тарафидан мағлуб этилди” дейишимиз мумкинми? Биз, мумкин деган қаноатдамиз. Агар бу қаноат тўғри бўлса, унда энг катта мўъжизалардан бири золимларга қарши исён бўлади.

Исён ахлоқининг тарихдаги энг кўзга кўринган намояндаларидан бири Ғозий Мустафо Камол, "Муҳаммад пайғамбарнинг энг буюк мўъжизаси, у бошқарган Бадр ғазоти" дейди, ва ўзидаги фарқли ёндошувни ва моҳиятни қандай теран қамрай олишни қаршимизда намоён қилади.

Исён мавзусининг энг ажиб нуқталаридан бири ҳам шу:

Қуръон ҳам Одамнинг (инсоннинг) ҳам шайтоннинг Аллоҳга қарши чиқишини исён/осийлик дея баҳолайди:

“Одам тойди, Раббининг амрига осий бўлди” (Тоҳа:121).
"Зеро Шайтон аслида Раҳмонга осий бўлгандир". (Марям:44)

Шундай экан, борлиқнинг нафақат салбий қутбида, балки ижобий қутбида ҳам, яратувчи ва ҳур ўзликнинг учқунини исён боғлайди. Қуръон бу исённи биринчи марта Аллоҳга қарши содир этилгани, ва кечирилганини айтади (2:37, 20:122). Қуръон бу исённинг борлигига эмас, балки бу исёнда қатъий туриб олиш ва давом этишга қарши эканини таъкидлайди. Одамнинг осий бўлиши ва кейин кечирилиши, яратувчи ҳур ўзликка эришиш учун исён қилиш зарурлигини кўрсатади, шайтоннинг исёнда туриб олиши ва қайсарлиги эса, исённи илоҳлаштириш хато эканини уқтиради.

Тузиш учун бузиш билан, бузишни муқаддаслаштириш бир эмас. Пайғамбарлар ҳам, уларга қарши чиққанлар ҳам осий/исёнчи эдилар. Мусо ҳам, Фиръавн ҳам осий/исёнчи эди. Лекин Мусо яхшилик ва тўғрилик учун исён қилди. Шунинг учун унинг исёни мўъжиза/ғалаба, Фиръавннинг исёни эса хусрон/мағлубият эди. Барча яратувчи руҳлар маълум даражада осий/исёнчилардир. Статус кво дейилган Мавжуд ҳолатга исён қилмаган ўзлик борлиқ сирини қамрай олмайди.

Исённи танимаган руҳ, одатланган, кўниккан анъанага енгилади. Одат ва анъана яратувчи руҳ учун афъюндир. Ўлимсизлик чироғини ёққан, ва кўк қуббасида замонларусти сас, оҳанг, ранг ва уйғунлик қолдирганлар, ҳар соҳада, исён етакчиларидир. Яратувчи руҳда исён, биринчи навбатда, мавжудга, одатланган ва кўникилган қабулларга, статус квога қарши исёндир.

Мавжуд ҳолатга қарши исён – инсон ўғлининг энг қийин ишидир. Бунга ҳатто ота-онага қарши чиқиш каби қийинчиликлар ҳам киради.

Мавжуд ҳолатга қарши исённинг илоҳий рамзи бу Иброҳим а.с.дир. Яратувчи ирода сари юришда ҳар бир ҳодиса бир Иброҳимни талаб қилади. Мавжуд ҳолат, ҳатто энг яхши ҳолатида ҳам, турғунлик ва емирилишдир. Олға интилиш, тўхтаганни олдинга суриш, уни ошиб ўтиш билан мумкин бўлади. Исён мана шудир. Ва олдинга чиққанларни, емирилишни кутганларнинг бақир-чақирлари доим безовта қилади.

Олдинга интилган ва олға юрган руҳнинг ҳар бир лаҳзаси аввалгисига қарши исёндир. Чунки юрган руҳ “…ҳар куни иш устида”. (Раҳмон:29) Яратувчи исён – гуноҳни таниган, лекин унга асир бўлмаган руҳдир.

Бузувчи исён эса - бу гуноҳга ва бузишга қул бўлишни мақсад қилган исёндир. Биринчиси, пайғамбарларнинг исёни, иккинчиси, уларга душман руҳларнинг исёни. Борлиқ - бу икки исённинг доимий тўқнашуви, дуэли холос.

Инсониятнинг буюк фарзанди Халлож ўзининг “Тавосин” асарида бу нуктага эътибор қаратиб, шундай дейди:

"Аҳмад (Муҳаммад пайғамбар) ва Иблисдан бошқа ҳеч кимга иддаочи бўлиш ярашмайди. Бироқ, Иблиснинг раҳматдан қувилишидан Аҳмад учун кўзнинг кўзи очилди. Иблисга: "Сажда қил!" дейилди, Аҳмадга эса «Қара!» дейилди. Иблис сажда қилмади, Аҳмад ҳам ўнгга-чапга қарамади. Яъни, илк онда иккаласи ҳам буйруққа қарши исён қилди. (Халложнинг бу сўзлари ва батафсил баёни учун қаранг: Ўзтурк, Мансур Ҳаллож ва Асари, 109-111)

Қуръон исён билан боғлиқ икки таҳликадан огоҳлантирмоқчи бўлади: Исённи умуман тан олмаслик ва исённи илоҳлаштириш.

Биринчи ҳолат, малак-инсон орзусига қул бўлиш, Қуръон инсоннинг яратилиш ҳақиқатига зид бўлган бу орзуни қўлламайди. (қар. 2:30, 33:72) Қизиғи шундаки, Малаклар ҳақида сўз юритилган оятларнинг бирида уларни “улар Аллоҳнинг буйруғига осий бўлмайдилар” (66:6) дея танитади. Инсон эса золим ва қон тўкувчи дея сифатланган. Инсон исённи таниган ва ундан фойдаланадиган мавжудотдир, шунинг учун устундир. Ҳазрати Муҳаммад бу ҳақиқатни баён қилар экан, шундай дейди:

“Агар гуноҳ қилмаганингизда, Аллоҳ сизни ҳалок қилиб, ўрнига гуноҳ қиладиган бир умматни келтирган бўлар эди”. (Муслим, Тавба 11, Термизий, Жаннат 2)

Бу гап дин тилида бошқа номи гуноҳ деб ҳам аталган исённи ҳаётда ва борлиқдаги ўрнига эътибор қаратувчи мўъжизавий баёндир. (Исён ҳақида тафсилотлар учун бизнинг "Қуръон нуқтаи назаридан шайтончилик" номли асаримизга мурожаат қилишингиз мумкин)

Агар исён концептини бугунги Ислом оламига боғлаб мушоҳада этадиган бўлсак, қуйидагиларни айтишимиз мумкин:

Ислом олами улкан исёнларга ва буюк осийларга муҳтож.

Қуръонга кўра, энг катта тўсиқни енгиб ўтиш, бўйнимизни кишанлаган табуларни узишдир. Буни фақат улуғ ҳаракатларнинг яратувчиси бўлган улкан осийлар/исён руҳлари қила олади. Афсуски, Ислом олами кишанларини узиш учун исён этиш ўрнига салтанат ва қорин учун жанг қилмоқда. Унинг жанглари Қуръон берган мақсадларига йўналмаган. Агар йўналганида, дунёнинг тақдири аллақачон бошқача бўлар эди. Умумият-ла бутун дунё, хусусан Ислом олами, ҳақиқий Иброҳимларга муҳтож.

Инсоният орасидан етишиб чиққан энг улуғ руҳлардан бири Имом Аъзам, ўз исёни билан ўлимсизликка эришган руҳлардандир. Биз унинг яратувчи исёнини қадрлаш ва олий тутишни шараф ва ифтихор деб биламиз.