July 1

ҚУРЪОННИ ИНЖИЛЛАШТИРИШ, ДИННИ ЯҲУДИЙЛАШТИРИШ  

ҚУРЪОННИ ИНЖИЛЛАШТИРИШ, ДИННИ ЯҲУДИЙЛАШТИРИШ

Уммавий арабчилигининг Ислом ва мусулмонларга қарши зулмларидан яна бири, бу салтанат динчилигини Ислом душманлари билан бирлашиб мусулмонларга қарши ҳамкорлик қилишидир. Бу ҳамкорликни бошлаб берган эса, Уммавий салтанатининг асосчиси Муовия эди. Кейинроқ барча Уммавий халифалар мана шу йўлдан бориб, яҳуд ва насоро унсурлари билан давомли ҳамкорликда бўлдилар.

Ҳаррада ўн мингга яқин саҳоба ва тобеъинни Язидга байъат бермагани учун қатлиом қилган Уммавий қўмондони Муслим бин Уқба билан бирга бўлган беш юз кишилик махсус бўлинма, ўша пайтдаги мусулмонларнинг энг ашаддий душмани Византиядан келтирилган, Рум аскарлари эди.


ҚУРЪОННИ ИНЖИЛЛАШТИРИШ

Сиёсат ва салтанат динининг бугунги барча ёмонликлари сингари, Қуръонни инжиллаштиришнинг ҳам бошловчилари Уммавийлардир. Бу инжиллаштириш, ислом зиёлиларининг тарих бўйича ишлатган ибора билан айтганда, “Исроилиётнинг тафсирларга киритилиши”дир. Исроилиёт бу яҳуд-насоро диний меросининг барчасини қамрайдиган атама. Бу атамани “Муқаддас Китоб анъанасининг маълумотлари” деб тушунишимиз керак.

Исроилиётнинг Қуръон тафсирларига киритилиши билан бошланган инжиллаштириш, бугунги кунда салбчилар билан ҳамкорлик қилувчи диний жамоалар томонидан анча самарали амалга оширилди. Айниқса, масалан, 2000-йиллардаги Туркиясида, АҚШ томонидан бошқариладиган Greater Middle East (Катталаштирилган Яқин Шарқ) лойиҳаси доирасида, Қуръон ичига Инжил оятларини тўлдириш орқали анча илдамлади.

Қуръон оятлари ва Инжилнинг айрим қисмларини (шу жумладан Павел мактубларини) ўзаро боғлаш орқали янги "муштарак муқаддас матн" яратиш ишини Туркиянинг энг машҳур ва кучли диний жамоасининг илоҳиёт профессори амалга оширди. Ва бу фаолият олиб борилаётганда, ушбу сатрларнинг муаллифи томонидан, беш ярим соат давом этган тарихий бир теледастурда фош қилинди ва турк миллатига маълум қилинди. Ва ўша теледастур ортидан бу фаолият тўхтатилди.

Бу фаолиятнинг мақсади - АҚШ томонидан "Муътадил Ислом" номи остида, ҳамда Ватикан томонидан "Динлараро Диалог" ёрлиғи остида амалга оширилаётган "Инжиллаштириш ва Насоролаштириш" лойиҳасини қўллаб-қувватлаш эди.

Бу масалага “Яқин тарихимизда Мулла-Роҳиб ҳамкорлиги” номли асаримизда батафсил тўхталиб ўтганмиз.


ҲАДИС УЙДИРИШ ФАЛОКАТИ

Уммавийларнинг Ислом ва мусулмонларга қилган узоқ муддатли ёмонликларнинг энг каттаси, бу ҳадис уйдиришни ташкил этиши ва унда бош бўлишларидир. Уммавий ҳукмдорлар бошлаган бу улкан жиноят, Исломнинг қон томирларини тўсишда ёки парчалашда ҳалигача давом этмоқда, ва ўйлаймизки, қиёматгача тўхтамайди. Бугун келинган натижага қараб, шуни ҳақиқатни айтишга тўғри келади:

Уммавий араби қилич билан мағлуб эта олмаган Муҳаммад пайғамбарни, ҳадис уйдириш орқали мағлуб этиш лойиҳасига киришди.

Исломнинг ва Қуръоннинг яҳудий-насоронинг муқаддас матнлар оқишида шакллантиришга биринчи бўлиб ҳадис тўқиш орқали эришилди. Ҳадис уйдириш ишини яҳудий дин пешволари бошқаргани ҳақида ушбу асарнинг тегишли бобларида батафсил баён қиламиз.

Қуръон ҳадисга ўхшамайди. Унга уйдирма оят киритиш мумкин эмас. Қуръонни инжиллаштириш ёки тавротлаштириш мақсадига эришиш учун яна-да маккорроқ ва моҳирроқ йўл топиш зарурлигини англаган яҳуд-насоро доиралар, бу йўлни "Қуръон тафсирларини Исроилиёт маълумотларига кўра шакллантириш" деб қарор қилишди.

Ислом тарихчиси, тарих фалсафаси асосчиси Ибн Халдун (ваф. 808/1405) ўзининг машҳур “Муқаддима” асарида Қуръон илмларига бағишланган бобида, бу масаланинг моҳиятини қуйидагича ифодалайди:

"Ривоятларга асосланган Қуръон тафсирлари мувофиқми-номувофиқми, мақбулми-номақбулми бундан қатъи назар, ҳамма нарса билан тўлдирилган эди. Бунинг сабаби шу:

Араблар китоб ва илмга яқин миллат эмасдилар. Улардаги бор нарса бадавийлик ва уммийлик эди.

Борлиқнинг сабаблари, яратилишнинг бошланиши, борлиқ даражаларининг нозик жиҳатлари каби мавзуларда оддий инсон сифатида қизиқишларини қондиришни истаганда, аҳли китоб олимларига (яҳудий ва насронийларга) саволлар бериб, уларнинг берган маълумотларидан фойдаланар эдилар.

Ислом тарихчиларининг биринчиси саналган Ибн Исҳоқ (ваф. 151/768) ўз асарида аҳли китоб олимларини “Илк илм арбоби” дея тилга олади. (Ёқут ал-Ҳамавий, Муъжамул-Удабо, 18/8)

Ибн Халдун шундай давом этади:

"Мусулмон араблар мазкур мавзуларга қизиқишларини қондириш мурожаат этганлари машҳур яҳудий ва насроний уламолар Каъб ал-Аҳбор, Ваҳб ибн Мунаббиҳ ва Абдуллоҳ ибн Салом эдилар. Қуръон тафсирлари бу кишиларнинг ривоятлари билан тўлдирилган эди. Муфассирлар бу кишиларнинг нақлларини ўз тафсир китобларига киритишда ўта бепарволик қилишди. Бу нақлларнинг барчаси ё Тавротдан иқтибослар эди, ёки бу яҳудийликдан мусулмонликка ўтган раввинлар томонидан ҳадис номи билан тўқилган ва уйдирилган ёлғонларидан иборат эди.

Тарихчи ва муфассирлар кўпинча бу нақл ва ҳикояларни мувофиқини номувофиқидан, тўғрисини эгрисидан айирмасдан, умумий тамойилларга мурожаат ҳам этмасдан, муқояса этмасдан, ривоятларни ақл ва ҳикмат элагидан ўтказмасдан, борлиқнинг умумий қонунларига уйғунлик, кузатиш, мушоҳада ва басират каби мезонларни ишлатмасдан, аҳли китоб уламосига кўр-кўрона ишониб тафсирларини тўлдирганлар, шу тариқа ҳақдан узоқлашиб, хато ва залолат водийсида қолиб кетганлар”. (Ибн Халдун, Муқаддима, 407-411, Абу Райя, 119).

Ҳадис уйдириш фалокатининг ишлаш механизми ҳақида ушбу асарнинг еттинчи бобида батафсил маълумот берилади.


ҒАЗОТЛАРНИ ТАЛОН-ТАРОЖ ВОСИТАСИГА АЙЛАНТИРИШ

Асри саодатнинг ягона илҳом манбаи Пайғамбар, ягона муассасаси масжид эди. Барча масалалар Пайғамбар ҳузурида ва масжидда ҳал қилинарди. Пайғамбарнинг одатда масжидда берган буйруқлари ҳаётнинг барча соҳаларида амалга ошириларди. Мухтасар қилиб айтганда, муршид Пайғамбар, буйруқларни етказиш ўрни масжид, таълим ва хизмат амалга ошириладиган майдон эса бутун ер юзи эди. Тасаввуф тарихида бурилиш нуқтаси бўлган турк мутасаввуф олим Иброҳим Қушадали (ваф. 1845) бу мавзуда шундай дейди:

"Илк даврларда сулук (Аллоҳга етишиш йўли) ғазот орқали эди. Илоҳий исмларни бир вирд ўлароқ зикр йўқ эди. Пайғамбаримиздан кейин ғазот ўрнини ишғол ва босқинчилик эгаллади ва сулукни ғазот орқали бажариш тўхтади. Бундай вазиятда, истироҳатга ва махфий ибодатларга зарар етказмаслик учун улкан биноларда кўнгилдошлар билан йиғилган издиҳом ҳолидаги сайру-сулукка ўтилди. Бу жойларда тобора ҳар хил бузуқ ишлар пайдо бўла бошлагани учун, хонақоҳлар барпо этилишига тааллуқли маънавий ишорат келди" (Ўзтурк, Қушадали Ибраҳим, 130-132, 274-276)

Тасаввуф тарихида илк бор дуч келган Қушадалининг бу тасбитидан қуйидаги натижалар чиқади: Илк даврларда, яъни Пайғамбар даврида сайри-сулук Ғазот билан амалга оширилган эди. Бутун ҳаётни "Аллоҳга етишиш" таълимотига айлантира олган эди. Ерюзи, бамисоли Пайғамбар раҳбарлигида фаолият кўрсатаётган хонақоҳ эди. Кейинчалик, Ғазотлар ишғолга, яъни тупроқ босиб олишга, яъни экспансияга айланиб, Аллоҳ йўлидаги жиҳод руҳи йўқолди. Боз устига, ихлосли Аллоҳ йўлчилари маънавий таълимларини тоғу-тошларда ёки махфий жойларда давом эттириш йўлига ўтишди. Бир муддат сўнг, бу усул ҳам ўз самарасини йўқотди, ва шундан кейин биз Хонақоҳ деб атайдиган муассаса пайдо бўлди. Аниқроғи, бундай муассаса пайдо бўлмаса бўлмас бўлиб қолди.

Қушадали бу сўзлари билан қайси тарихий воқеани назарда тутаётганини билмаймиз. Моҳиятан, бу ерда конкрет битта воқеадан кўра, бир қатор воқеалар ҳақида сўз юритиш керак. Масаланинг моҳияти шундаки, ғазотлар илоҳий мақсадлардан бошқа мақсадларга буриб юборилган эди.

Қушадали таъкидлаган ҳодисага мисол бўладиган ўзгаришларни Уммавийлар даврида ҳам кўрамиз. Уммавийлар, ҳар бир соҳада бўлгани каби, ғазот борасида ҳам бутунлай йўлдан озган эди. Улар мудофаа уруши ўрнига, ўз манфаатлари йўлидаги босқинчиликка ўтиб олишган эди. Бу даврда баъзи саҳобалар ва тобеинлар Уммавий ҳукмдорлар бошлаган ғазотларда қатнашишдан бош тортганини кўрамиз. Қушадалининг "Ғазотлар тупроқ ғавғосига айлантирилди" деган фикрини ўша давр зоҳидларининг кўпида кўрилади. Бўйнига кишан солиниб, Басра кўчаларида айлантирилган Пайғамбарнинг хизматчиси Анас ибн Молик; қатли олдида намоз ўқишга изн сўраганида, қиблага бурилмаган Саид ибн Жубайр, Ҳазрати Алини лаънатламагани учун соқоли қирқиб олинган Атийя ва бу зотлардан ўрнак ва намуна олганлар Уммавийлар бошлаган ғазотларга "Муҳаммадий ғазот" дейишлари асло кутилмас эди.

Бу бизнинг гумонимиз ёки Қушадалининг тахмини эмас. Ўша давр воқеалари акс этилган манбаларни кўриб чиқиш, Қушадали ҳақ эканини кўрсатади. Бир-икки мисол келтирамиз: ўша давр зоҳидларидан Иброҳим ат-Таймий (ваф. 92/710) бир ғазотга ҳозирлик кўраётган эди. Машҳур аллома Зоҳид Шақик ибн Салама (вафоти 83/702) унга келиб деди:

"Нега боряпсан урушга? Урушиб, у одамларни Ҳажжож ҳукми остида яшашга мажбур қилмоқчимисан? Шуни билки, улар Ҳажжож ҳукмидан ташқарида кофир бўлиб яшаса, бу одамнинг ҳукми остида мусулмон бўлиб яшашдан афзалроқдир" (Абу Нуайм, 4/ 210-219)

Энди келтирадиган мисол эса мавзуимиз жиҳатидан алоҳида маънога эга. Имом Аъзам туғилган йили вафот этган аллома Зоҳид-ғозий Жубайр ибн Нуфайр шундай дейди:

“Ҳижрий 28-йилда Қибрис фатҳ этилганда, Абуд-Дардога қарадим, (бу киши зоҳидлиги билан саҳобалар орасида ажралиб турарди) йиғларди. Хайрон бўлиб сўрадим: “Ислом ва мусулмонлар иззат-шарафи ва шодлиги бўлган бундай кунда сен нега йиғлаяпсан?” У менга шундай жавоб берди: «Қанчалик куч қувватга тўла кўринмасин, мулк ва салтанат эгаси бўлмасин, Аллоҳнинг амрини тарк этган қавмнинг Аллоҳ наздида на иззати бор, на шарафи».

Бу сўз қандай хавф-хатарларга ишора қилишини англаш учун мазкур фатҳ Уммавийлар салтанатининг асосчиси Муовия ҳукмронлиги даврида бўлганини эслатиш кифоядир. Бу фатҳ содир бўлганида, Муовия ғаниматларни Тарсусга келтирди. У йиғилган барча ғаниматларни йиғиб, жангчиларга шундай деди:

"Ғанимат учга бўлинади: бири сизники, бири сафарда қатнашган кемаларники ва бири Миср қибтийлариники".

Бундай тақсимни саҳобалар адолатсиз дейишди. Илк эътироз улуғ саҳобалардан ва илк мусулмонлардан бўлмиш Абу Зарр ал-Ғифорийдан келди:

“Биз Муҳаммад пайғамбарга байъат бераётиб, шундай сўз берганмиз: Биз ҳар қандай адолатсизлик олдида жим турмаймиз ва ҳеч қачон тўғри йўлга қарши чиқмаймиз. Шундай экан, сенинг бу ноҳақлигинг қаршисида ҳам жим турмаймиз, эй Муовия. Кемаларга ҳисса ажратиш нима дегани? Кемалар ўзи бизнинг ғанимат орасида. Кейин, қибтийларга улуш ажратиш нима кераги бор? Қибтийлар бизнинг тўловимизга ишлайдиган одамлар эмасми?"

Тортишув шу руҳда давом этди. (Ибн Саъд, 7/440, Абу Нуайм, 5/133).

Тортишувга яна кимлар ва қандай ёндашув билан иштирок этди? Буни тахмин қилиш қийин эмас. Энди биз Абуд-Дардодек бир саҳобанинг бу воқеага қандай баҳолаганини кўргандан сўнг, тортишувнинг оқишини аниқроқ англай оламиз. Кўриниб турибдики, Муовия ғаниматнинг катта қисмини кемалар ва қибтийлар номи остида ғозийлардан тортиб олиб, ўзининг шахсий ҳисоблари учун ишлатмоқчи эди. Қуръон бундай қилганларни дин инкорчиси дейди. (Қаранг: Моъун сураси). Бу Муҳаммадий ғазотнинг руҳини очиқчасига бузиш ва Қушадалининг ифодаси билан айтганда, "Ғазотни бир ўлкани ишғол этиб, фойдаланиш воситаси" бўлмаса, унда нима?

Сўнгги мисол сифатида шуни келтирамизки: Ҳижрий 105-йилда вафот этган муфассир-муҳаддис-зоҳид Товус ибн Кайсон талабаларига шундай тавсия қилади:

"Ўз руҳингни қутқариш учун ҳаракат қил, бошқа эмас. Шуни билингки, бу жамоадан илоҳий омонат аллақачон олиб қўйилган" (Ибн Саъд, 5/537-542, Абу Нуайм, 4/3-23).

Ислом инқилобини бузиб, уни асл мақсадидан бурган Уммавий бошқарувининг дунёпарастлиги бир пайтлар сулук (Аллоҳга етишиш) майдони бўлган ғазот майдонларини нопок орзу-истаклар ва тубан амбицияларни қондириш майдонига айлантиргач, фақат Аллоҳга етишиш учун яшаганлар, ўз руҳлари учун бошқа бошпана изладилар, ва хонақоҳ деб номланган маконни қабул қилдилар. Асри-саодатнинг мистик ҳаёти билан хонақоҳ ҳаётининг кесишган нуқтасидаги бу эврилиш келажакда бошқа минтақаларда ҳам диққатимизни тортади. Усмонли салтанати қурилишидан олдинги йилларда бектоший дарвешлар Аллоҳга етишишни бу салтанатнинг ҳукмронлиги учун меҳнат қилиш деб билишган. Қурилиши ва юксалиши йилларидан кейин муносабатини ўзгартирганда, қуйидаги сабабни келтиргандилар: "Биз тупроқ учун одамларга қилич кўтармаймиз".

Бу сабаб "Ғазотлар тупроқ эгаллашнинг қуроли қилинди" дейиш билан деярли бир хил. (Ушбу мавзу бўйича кенгроқ маълумот олиш учун қаранг: Ўзтурк, Тасаввуфнинг Руҳи ва Тариқатлар, 123-128).

Ўлимидан олдин ягона васияти, ишғол этилмаган тупроққа дафн этилиши бўлган Имоми Аъзам, Уммавийнинг олиб борган урушларига бундан бошқача қараган, дейиш мумкинми?


СИЁСАТНИ ЗУЛМ ВА АХЛОҚСИЗЛИК АСОСИГА ҚУРИШ

Уммавийлар анъана ҳолига келтиргани талончилик ва ёлғончилик сиёсати уларнинг бошқарувидаги уламо синфи тарафидан динлаштириб, умматнинг ақидасини шакллантирган китобларга киритилди. Ушбу формулалардан бири қуйидагича:

“Халифа-Султонни зулм ва ахлоқсизлик сабабли лавозимидан четлатилмайди”. (Ақоидн-Насафий ва унинг шарҳи, Ақоиду Тафтазоний)

Умар Насафийнинг ал-Ақоид ва Тафтазонийнинг унга ёзган шарҳи "Шарҳул-Ақоид", Имом Аъзамнинг эътиқоди ва фикрларига тамоман зид бўлган қабулларга тўла.

Зулм ва диктатурани, талон ва ёлғонни машруъ ҳолга келтирувчи бу Қуръонга зид формула, афсуски, асрлар давомида Аҳли суннат ақидасининг манифест китобларида ўргатилди. Шунингдек, ҳанафий фиқҳининг қабулларидан бири сифатида ўргатилди. Ҳолбуки, аҳли суннатнинг бош имоми ҳисобланган Абу Ҳанифа бу ақиданинг тамоман аксини ёқлагани учун қийноқлар остида жон берганди.

Абу Ҳанифа зулм ва ахлоқсизликка қўл урган халифа-султонни нафақат лавозимидан четлатиш, балки бунинг учун керак бўлса қилич кўтаришни иймон масаласи ва асосий ибодат деб билган. Энди мана шу Имоми Аъзам қанақасига аҳли суннат имоми бўлади, деган саволни наҳотки бермаймиз?

Нега бундай қилишди? Чунки Уммавийнинг барча волий ва халифалари (балки биттаси мустасно) ахлоқсиз ва золим эди. Уммавийдан бўлган машҳур волийлардан бири ва учинчи халифа Усмоннинг она бир укаси Валид ибн Уқба эрталабгача ичиб, завқланар, кейин эса масжидга намозга бориб: "Сизларга намозни мен ўқиб бераман, амир менман” дея жамоатга босим ўтказар эди. Меҳробда қусган пайтлари ҳам бор. У лавозимдан четлатилгандан кейин, Куфага тайинланган волийнинг биринчи иши, Валид намоз ўқиган меҳробни ювиб тозалаб чиқиш бўлган.

Муовиянинг ворислик йўли билан халифаликка келтиргани Язид, пайғамбар авлодини қатл этиб, бу билан мақтанадиган даражада имонсиз, қайинсингиллари билан, ҳатто ўз қизи билан ётадиган даражада ахлоқсиз, ўн минглаб бегуноҳ одамни ўлдирадиган даражада золим бир малъун эди.

Валид ибн Язид Каъба томида шароб ичишга қасам ичган бир бадбахт эди. Айни ўша Валид маст ва жунуб ҳолатда намозга туриб, одамларга имомлик қиларди. Айни ўша Валид Қуръонга бўлган ғазабидан, унга ўққа тутиб парчалаб, кейин Қуръон ва Аллоҳни масхара қилиш учун қуйидаги шеърни ўқирди:

"Эй Қуръон! Қиёматда Роббинг ҳузурига чиқсанг, "Валид мени йиртган", дейсан, хўпми?" (Диёрбакрий, Тарихул-Хамис)

Уммавий арабчилиги ўрнига аббосий арабчилигини келтирган Аббосийларнинг деярли барчаси шунга ўхшаш ахлоқий бузуқликка мубтало эди.

Бу тузумнинг тирик қолиб, давом этиши учун, динда бирор ҳимоячи қолип топиш керак эди. Улар ниҳоят топишди, ва имон-ислом манифестига илова қилишди:

“Халифа-Султонни зулм ва ахлоқсизлик сабабли лавозимидан четлатиб бўлмайди”

Ундай бўлса, шуни ҳам айтишимиз керак:

Ислом оламида сиёсатнинг зулм ва ахлоқсизлик устига қурилишига диний машруълик берган Уммавийдир. Уммавий динлаштирган бу зулмга қарши Аҳли Байт ёнида курашган илк фиқҳ имоми Имоми Аъзамдир.


МАСЖИДЛАРНИ МИЯ ЮВИШ МАРКАЗЛАРИГА АЙЛАНТИРИШ

Ислом пайғамбарининг ҳадислари орасида, масжидларнинг кўпайиши ва масжидларни безаш иштиёқини диннинг бузилиши сифатида кўрсатувчи сўзлар бор. Бу сўзларни инобатга олган ҳолда, ва Ислом дини расмий маъбад ғоясига қарши эканини, ва бутун ер юзи саждагоҳ деб эълон қилинганини унутмаган ҳолда, салтанат динчилигининг энг катта вайронагарчилик даври бўлган Уммавий даврини кўздан кечирар эканмиз, ибрат тўла саҳналарга дуч келамиз.

Диннинг руҳи чиритилган сайин масжид сони кўпаяди:

Динбузарлик кучайганда, ихлосли муминлар янги ечим чоралари излайди, ва илк ечим сифатида хонақоҳлар ташкил этилади. Бироқ бир муддат сўнг, салтанат динчилиги бу хонақоҳларни масжидларга ўхшатади ва уларни ҳам ўз бошқаруви остига олиб, мия ювиш воситасига айлантиради.

Салтанат динчилигининг мустабидлари, масжид ва хонақоҳлардан ўзига хос “қўриқчисиз қамоқхона” сифатида фойдаланади, омманинг диний эҳтиёжларини бу масканларда қондиради, ҳаётнинг қолган соҳаларида истибдод отини қамчилайди.

Исломни бузиш даврларидан бирининг ифодаси бўлган "Мўътадил Ислом" даври, мусулмон диёрларда масжидлар сонининг кўпайиши билан билинадиган даврдир. Ҳатто, "мўътадил ислом" дейилган уйдирма диннинг асосчиларидан бўлган христиан суперкучлар, бу масжидлар кўпайишини қўллаб-қувватлайди, ва кўпроқ одамни бу масжидларни тўлдиришга ундайди ва ташвиқ этади. Аслида, бундай қўлловлар Византиядан келганини асаримизда кўрсатиб ўтган эдик.

Кўрамизки, биринчи ва энг катта бузғунчиликнинг бошловчилари Уммавийлар жомеъларга, жомеъ ҳаётига, жомеъ одоби ва арконларига ҳамма нарсадан кўпроқ аҳамият берардилар. Уммавийлар одамларни масжидларга тўплаш, уларни у ерда узоқроқ ушлаш ва ҳаёлий бир бахт-саодат билан овутиш учун қўлларидан нима келса қилдилар.

Уммавийлар шу билан, Исломни бир нави "масжидда яшайдиган" динга айлантирдилар.

Қуръонни ҳам масжидларда ўқишни асосий ибодат шаклига айлантирдилар. Бу ишда энг бош бўлган Ҳажжожга, араб бўлмаган фақиҳларнинг бидъатларга қарши чиққан асарларида кўрамиз.

Уммавийлар, фиқҳ манбаларини, жомеъларни ўзлари истаган куйда бошқара оладиган қилиб тартибга солган эдилар. Улар бу тартибни қувватлаш учун кўплаб ҳадис тўқиб чиқардилар. Бу тартибга кўра, улар бу масжидларда тўлдирган халқни иложи борича, у ерда узоқроқ ушлаб туришни қоида ҳолига келтиришди. Маволийни имомликка ўтишини манъ қилишди, шу орқали, масжидда гапириши мумкин бўлган кишиларнинг ўзларига хавф туғдириши олди олинди. Аксари Уммавий агенти бўлган “Араблардан танланган имом ва хатиблар” воситасида халқнинг миясини ювардилар.

Улар, Қуръон ва Пайғамбар ҳеч қачон тасдиқ этмайдиган янги бир дин - "жомеъ дини" - яратдилар:

Бу сунъий динни ишлатиб, масжидни “сиёсатнинг йўналтирувчи макони” ҳолига келтиришди, ва у ердан оммани ўзлари хоҳлаган томонга буриб-йўналтириб, бошқара олардилар. Маволий олимлар бу “Уммавий жомеъи”да ибодат ўрни сифатида фойдаланмаган. Улар бу маконларни дарсхона ва фикрий музокара ўрни деб билганлар. Ибодатхона маъносида жомеъ ҳақида гап кетганда, улар ҳатто ахлатхонани бу жомеълардан афзал кўришини айтарди. Ўша даврнинг машҳур фақиҳларидан Шаъбийнинг қуйидаги сўзлари Маволийнинг жомеълар ҳақидаги диллемани англатиш учун тарихга ойдинлик киритувчи қийматга эга. Шаъбий шундай дейди (ваф. 103/721):

"Шундай давр келган эдики, мен учун мана шу Куфа масжидидан-да суюклироқ бирор макон қолмаганди. Энди эса, бугунги ахлатхоналар ҳам бу масжиддан хайрлироқ". (Ибн Саъд, 6/175, Жоҳиз, ал-Баён ват-Табйин, 2/69, Ибн Абди раббиҳ, ал-Иқдул-Фарид, 2/478)

Илк даврларда жомеълардан қочиб, бошпана сифатида фойдаланилган хонақоҳлар, кейинги даврда айни жомеъларнинг қисматига учради, салтанат динчилиги томонидан улар ҳам мия ювиш марказларига айлантирилди.


УММАВИЙ МАСЖИДЛАРИДАГИ ИСЛОМГА ЗИД АМАЛЛАР

Уммавий истибдоди амалга оширган ғайриисломий жомеъ сиёсатининг фиқҳий изларига бир неча мисол келтирамиз:

1. Жамоат билан намоз ўқишни диннинг ажралмас қисмига айлантириш:

Жамоат билан ўқилган намоз, ёлғиз ўқилган намоздан "етмиш баробар кўп савоб" деган ҳадислар шу йўлда уйдирилган.

2. Яқинида масжид бўлган кишининг уйда намоз ўқиши динга зид деган иддао:

Бу ёлғон ҳам уйдирма бир ҳадис орқали динлаштирилган. Ҳолбуки, ҳақиқат бунинг тамоман аксидир: зеро Қуръон, намоз ва дуолар учун уйларни тавсия этади:

"...байтларингизни қибла қилинг, ва Салотни қоим қилинг" (Юнус:87).

Гарчи бу буйруқ, Мусо а.с. умматига хитобан айтилган бўлса-да, лекин барча умматларга тааллуқи йўқ, деб бўлмайди. Оятда Қибла ва Салот сўзларининг айнан келгани ҳам маънони тўғри англаш жиҳатидан аҳамиятли.

Бундан шуни англаймизки, Қуръон ваҳйи, одамларнинг бахти ва фаровонлигининг асосий масканлари бўлган уйларини асосий ибодатларнинг иккинчиси бўлган салот (биринчиси - маъноларини англаган ҳолда Қуръон ўқиш) ўқиладиган асосий маскан сифатида муҳофаза қилинишини истайди.

Албатта, жума намозида жамоатнинг гавжум бўлиши танлов масаласидир. Бу кўрсаткични тўғрилик ва етарлилик шарти ҳолига келтириш, Қуръоннинг ва ибодатнинг руҳига зид. Тўғрилик шарти сифатида жамоат, яъни уч киши бўлиш кифоядир.

3. Хутбани жума намозининг фарзи сифатида кўрсатиш:

Хутба жума намозининг фарзларидан эмас, у суннатдир. (Ҳасан ал-Басрийнинг худди шундай фикри учун, қаранг: Калъачи, Фиқху Ҳасан ал-Басрий, 1/ 379-380) Жума намозини тартибга солувчи Қуръон оятларида Хутба деган фарз айтилмаган.

4. Хутба тинглашни фарз қилиш:

Хутба тинглаш жума намозининг шарти ва фарзи, деган диний асос йўқ. Бу Уммавийларнинг ўз фиқҳ китобларига киритган мажбурловдир. Мияси ювилган жамоани тут еган булбулдек масжидда ушлаб туриш тактикаси бу.

5. Хутбани узайтириш:

Ҳадис манбаларининг очиқ баёнига кўра, Пайғамбарнинг хутбалари бир неча жумладан иборат эди. Уммавийлар халқни масжидда узоқроқ ушлаб туриб, минбарлардан қилган тарғиботларини кўпроқ тинглатиш учун хутбаларни имкон борича узоқроқ қилишарди. Хутбани тинглашни фарзга айлантириб, халқни ўз агентларининг қилгани мия ювиш ва пропаганда нутқларини худди Аллоҳнинг ваҳйидек тинглашга мажбур қилишарди.

6. Хутбани Жума намозидан кейин ўқиш суннатини ўзгартириб, намоздан олдинга ўқиш:

Суннатга мувофиқ бўлгани, жума хутбасини, худди ҳайит намози хутбалари каби, намоздан кейин ўқишдир. Хутбани намоздан олдин ўқиш Уммавий бидъатидир, ва афсуски у қоида ва динга айлантирилган. (Ушбу бидъатни биринчи бўлиб киритган шахс ҳақида қаранг: Ибн Ҳаммом, ал-Мусаннаф, 283-285) Хутбаларда ўйналган бу ўйинни, келинг, машҳур ҳанафий фақиҳи Сараҳсийнинг "ал-Мабсут" асаридан кўрайлик:

"Пайғамбар ва тўрт халифа замонида хутбалар намоздан сўнг ўқиларди. Уммавийлар буни намоздан олдинга олишди. Чунки улар ўз хутбаларида ҳалол бўлмаган нарсаларни айтишарди. Одамлар буларни тингламаслик учун намоздан кейин масжидни тарк этишарди. Одамлар уларни тингласин деган мақсадда, хутбани, фарз бўлган намоздан олдинга олдилар". (Сарахсий, ал-Мабсут, 2/37)

Сарахсий Уммавийлар хутбани намоздан олдинга олгани ҳақида, ҳайит намозлари бобида зикр қилади. Туркия Дин ишлари вазирлиги сўзчилари бошлиқ, анъанани динлаштирганлар, “Уммавийлар ўрнини ўзгартирган хутбалар фақат байрам хутбалари эди”, деб эътироз билдиради.

Сарахсий ўрни ўзгартирилди дея шикоят қилган хутбалар фақат ҳайит хутбалари эди, дейиш ҳам ақлий, ҳам нақлий жиҳатдан қониқарсиз. Уммавийлар, Пайғамбар Жума хутбасини намоздан кейин ўқиш суннатини, одамлар тингламай чиқиб кетмасин дея ўзгартирганлар. Сарахсий буни очиқ айтади. Уммавийларнинг бу ижрооти йилига икки марта ўқиладиган ҳайит хутбаси ҳақида бўлиши мумкинми?

Йўқ, у ҳар ҳафта, йилига 52 марта ўқиладиган жума хутбаси ҳақида. Сараҳсий зотан "хутбалар" дейди, ҳайит хутбалари демайди. Бу мавзу "Ҳайит намозлари" номли бобда берилганини баҳона қилиб, ўзгартиш фақат ҳайит хутбалари билан боғлиқ дея, Уммавий гуноҳини енгиллатишга уриниш Уммавий адвокатлигидир. Қолаверса, Сарахсийнинг қисқача қилиб берган маълумотларнинг, бошқа манбаларда тафсилотлари бор. Айниқса, Бухорий ва Кутуби Ситта ана шу манбалардан. Арзон Уммавий адвокатлигини бас қилиш ва ўша манбаларга қараш керак.

Ибн Касир (ваф. 774/1373) Кутуби Ситтадан Абу Довудга таяниб айтадики, Пайғамбар Жума хутбаларини намоздан кейин ўқирдилар. (Ибн Касир, Тафсир, Жума, 11:4/367-68).

Худди шу ҳақиқатни Бухорий ривоятида ҳам кўрамиз. (Бухорий, жумуъа, 26) Демакки, Туркия Дин ишлари вазирлиги ва баъзи анъанапарастлар ё ўз жаҳолатига мағлуб бўлишиб, ёки Уммавий адвокатлиги учун ҳақиқатни бузиб кўрсатишмоқда.

Манбаларнинг хутбага оид бу баёни ҳам шуни кўрсатади: Хутба жуманинг фарзи эмас. Агар бундай бўлганида, саҳобалар фарз намозини ўқиган заҳоти масжидни тарк этмасди, ва Уммавий катталари ҳам хутбанинг ўрнини ўзгартиришга ҳожат бўлмасди. Халқ уларни подадек жим тинглашини таъминлаш ва уни динан қувватлаш мақсадида “Хутбани Қуръон тинглагандек тингламоқ лозим” деган иборани фиқҳ китобларига киритишган. Масала яна-да аниқ бўлиши учун, шундай бир ҳадис ҳам уйдирдилар: “Хатиб минбарга чиқиши билан, на намоз ўқилади, на калом айтилади”. (Албоний, "ал-Аҳадис аз-Заъифа", 1/199)

Хўп, шунда нима қилишлари керак? Уммавий агенти арабпараст имомларни тинглаш ва Ҳазрати Али ва унинг авлодини лаънатлаш ва бунга омийн дейиши!!!

Уйдирмачилар шу даражада берилиб кетган эдиларки, ўзлари тўқиган ҳадис ичига ўзларига қарши далил жойлаганидан хабарлари йўқ эди: Пайғамбар хатибнинг минбарга чиқиши ҳақида қандай гапириши мумкин? Унинг масжидида минбар деган нарса йўқ эди. У ҳар доим жамоат олдида туриб, охирги йилларда бир хурмо дарахтига суяниб хутба қиларди.

7. Хутбада ваъз сифатида Қуръондан бошқа нарсалар ўқиш:

Хутбада агар жамоатга ваъз қилинадиган бўлса, Қуръон оятларидан танлаш суннатнинг талабидир. (Муслим, Насоий, Ибн Ҳанбал) Аллоҳдан-да яхшироқ ва гўзалроқ ваъзни ким бера олади?

Хутбаларда Пайғамбар суннатига эргашиб, ваъз сифатида Қуръон оятларини ўқиш лозим. Бунда ҳеч қандай қийинчилик йўқ. Хатиблар Қуръоннинг халқ тушунадиган тилдаги таржимасидан, ваъз-насиҳатларга тўла бир ёки бир нечта оятларни танлаб, жамоатга ўқиб беришлари билан хутбани тугатишлари керак. У-бу ёзиб берган сўзларни жамоатга тинглатманг. Агар шундай давом этаверса, ҳар бир хатиб ўз манфаатига мос гапларни айта бошлайди ва замон келиб, масжидлар сиёсий нутқлар ўқиладиган партия мажлисларига айланади.

Афсуски, бизнинг огоҳлантирувимиз шу кунгача эътиборга олинмади. Пайғамбар суннатига очиқ-ошкор беписандлик ҳозир ҳам давом этмоқда.

8. Хутбадан олдин муаззинларнинг азон (ички азон) ва баъзи оятларни ўқиб, саловот ва саломлар айтиши:

Булар ҳам, одамларни масжидда бир оз яна кўпроқ ушлаб туриш учун динлаштирилган Уммавий бидъатлардан. (Ушбу мавзу бўйича батафсил маълумот учун қаранг: Абу Шома, 265-270, Али Маҳфуз, 168)

Ҳайит хутбаларидан олдин такбир айтиш ҳам айнан шу каби бидъатдир. (Али Маҳфуз, 179).

9. Жума намозини турли баҳоналар билан 16 ракаатга ошириш:

Жума намозидаги энг катта ва энг хавфли Уммавий мажбурлови мана шудир. Чунки бу бидъат, динга илова қўшишнинг ёмон кўриниши, динга илова қўшиш эса яширилган ширкдир. Пайғамбаримиз уни “бузуқлик” деган.

Жума намозини Пайғамбар доим икки ракаат ўқиганлар. Ундан олдин ва кейин қўшилган бошқа ракаатларнинг барчаси турли ном ва баҳона билан илова қилинган бидъатлардир. Бу илова намозлар қуйидагилар: 1. Жума фарзидан олдин ўқиладиган икки ёки тўрт ракаат, 2. Жума фарзидан кейин ўқиладиган ўн ракаат:

Улардан дастлабки тўрт ракаати "Жуманинг охирги турт ракаати" деган уйдирма ном билан ўқилади, ундан кейинги тўрт ракаат эса "Зуҳри-Охир" номи билан ўқилади, кейинги тўрт ракаат эса "Вақт суннати" деган уйдирма ном билан ўқилади.

Пайғамбаримиз фарз намозидан бошқа намозларни масжидга киритмаган, уйида ўқиганлар. Буни нақл этаётиб, "уйида" деган сўзни ҳатлаб ўтиб, Пайғамбар фарздан олдин шунча, фарздан кейин шунча ўқиган, дея ўйин қилишади.

Ҳадис ва фиқҳнинг илк ва энг муҳим манбаларидан бири, ўз асарини Бухорийдан эллик йил аввал ёзган бўлса ҳам, Уммавийларга қарши бўлгани учун исми ҳеч қачон тилга олинмаган Ибн Ҳаммом (ваф. 211/826) "ал-Мусаннаф" асарининг “Жумадан олдин ва кейин намоз ўқиш” номли бобида шундай дейди:

"Пайғамбарнинг жумадан олдин ёки кейин масжидда ўқиган ҳеч бир намоз йўқ. Жумадан олдин уйида икки ракат намоз ўқигани ҳақида ривоят бор, бу иттифоқ қилинган ривоят эмас. (Ибн Ҳаммом, 3/65, 246-248).

10. Жума намози учун ҳокимият рухсат берган масжид бўлишини шарт қилиш:

Бу сиёсатчилар халқни назорат қила олиши учун қўйилган шартдир. Рухсат берилган масжидни қўя туринг, жума намозини ўқиш учун бирор масжид ва ҳатто муайян бир макон талаби ҳам йўқ. Рухсат берилган масжид шартига сиёсий-маъмурий мантиқ доирасида ижобий қараш мумкиндир балки, лекин буни диний талабга айлантириб, масала китобларига ёзсангиз, унга бўйсуниш эмас, унга қарши чиқиш дин бўлади. Бугунги ҳурриятпарвар дунёда буни жорий этишга уриниш, Исломга қилинадиган ёмонликдир. Қилиниши керак бўлгани, жума намозини ҳар ким хоҳлаган жойида ўқиши мумкинлигини эълон қилиш ва оммага кўрсатишдир.

Жума ўз номидан ҳам кўриниб турганидек, жамоат билан ўқиладиган намоздир. Шундай экан, жума намозини жамоат йиғиладиган жойда (масжидда, уйда, ишхонада, далада, денгиз бўйида ва ҳоказо) ўқиш мумкин.

Жамоат бўлиш учун неча киши бўлиши лозим? Жамоат шарти туғилиши учун имомдан бошқа уч кишининг ҳозир бўлиши етарли, бу фиқҳдаги умумий қоида. Ўн, йигирма, қирқ ва б. каби рақамлар фиқҳчиларнинг шахсий қарашлари бўлиб, динда таянган бирор асоси йўқ.

11. Тайинланган расмий имом бўлишини шарт қилиш:

Бу ҳам, жамоатни йўналтириш учун тайинланган расмий имомларнинг пропагандасига замин ҳозирловчи Уммавий мажбурловидир. Ислом дини ибодатда лидер деган фикрга қаршидир. Йиғилган мусулмонлар агар намозларини жамоат ҳолда ўқишни истасалар, ораларида ўзлари муносиб деб билган бир кишини имомликка ўтказадилар. Улардан бири илмли бўлса, Қуръонни яхши ўқиса ва ҳ. фазилатларга эга бўлса, албатта, уни афзал кўришади. Аммо айнан шундай "бўлиши шарт" ҳам эмас.

Жума намозида ҳам худди шундай. Жума намози учун йиғилган жамоат орасидан бири имом бўлади. Имом бўлиш учун расман тайинланган бўлиш, мадраса дипломи, олим бўлиш каби шартлар йўқ. Йиғилганлар орасида Қуръонни энг яхши ўқийдигани ўша имом бўлади.

12. Кетма-кет уч марта жума намозини ўтказиб юборган киши қалби муҳрланиши, гуноҳ содир этиши каби ёлғонни (баъзи ривоятларда ҳатто имонсиз кетади дейилган) ҳадис дея олға суриш:

Бу ҳам, одамларни "мия ювиш" операциясидан узоқлаштирмаслик учун қўлланилган Уммавий тактикасидир. Диннинг барча тамойилларга зид, золим ва мушрик мажбурловдир. Чунки одамларнинг имони ҳақида ваҳйга асосланмаган йўллар орқали ҳукм чиқаради.

13. Масжидда узоқроқ қолиш ва "бир намоздан кейин кейинги намоз вақтини кутиш катта савоб", дея ёлғон уйдириш:

Бу масалалар бўйича кенгроқ маълумот олиш учун бизнинг “Ислом қандай бузилди” китобимизга мурожаат қилишингиз мумкин. Буларнинг барчаси, халқни имкон қадар жомеъларда ушлаб туриш ва Уммавий тайёрлаган пропагандачилар талқинига ва мия ювиш амалиётларига тобеъ қилиш мақсади ётади.

Масжид бамисоли салтанат динчилигининг қамоқхонасига айлантирилгандир. Уммавийнинг Ироқ волийси, саҳоба қотили Ҳажжож барча жомеъларга Қуръон нусхалари жойлаб, халқ масжидда ўтириб, Қуръон ўқиши катта савоб дея ўз тарафдорлари бўлган уламолар орқали тарғиб қиларди.

Нега ҳамма жойда эмас, масжидда?!

Бошқа тарафдан, йиллар давомида жомеъларда Ҳазрати Али ва унинг авлодига лаънат ўқиб, жамоатга "омин" дегизганди. Бу малъун Уммавий одатини бекор қилгани учун Умар ибн Абдулазизни айбловлар эса Уммавий ёвузлигининг энг юқори кўринишларидан бири. Умарга қарши шундай айблов тарқатишган эди:

“Суннатга қарши иш қилди, суннатни бузди”.

Бу лаънати Уммавий таронаси бугунги кундаги динчилар тарафидан ҳам айнан такрорланмоқда, тарқатилмоқда ва уйдирмаларга қарши чиққан ҳар кимни “суннатга қарши” дея айблашмоқда.

Қилинган бу ишларни билгани учун Саҳоба насли Уммавий масжид ва жамоатларига кирмасликни тўғри деб билганлар. Машҳур саҳоба Анас бин Моликнинг муносабати ва сўзлари шу ўринда маънодор. Масжид ва жамоатга бормай қўйган Анас билан Моликдан унинг сабаби сўралганида, унинг жавоби қуйидагича бўлган:

"Уммавий бузолмаган биргина мана шу намоз қолганди. Ниҳоят, уни ҳам буздилар. Соҳибим Муҳаммад бизга ўргатган намоз билан бу Уммавий намози бутунлай бошқа бошқа нарсалар".