July 1

ИМОМ АЪЗАМ / 3-бўлим

ИМОМ АЪЗАМНИНГ АРАБ АСЛЛИ ЭМАСЛИГИНИНГ ОҚИБАТЛАРИ

МАВОЛИЙ (ҚУЛЛАР) ЁКИ ИЗТИРОБНИНГ ЮКСАЛТИРГАНЛАРИ

"Неъматлар – Аллоҳдан, изтироб — Аллоҳнинг ўзи". (Мансур Ҳаллож)

Тарихчи Журжи Зайдон таъкидлаганидек, Имом Аъзам арабларни ва арабчани яхши кўрмасди. (Журжи Зайдон, “Тарих ат-Тамаддун ал-Исломий”, 3/134) Албатта, араблар ҳам уни яхши кўрмади. Унга қарши чиққан умавийлар уни ёмон кўрганидек, ҳокимиятга келишида ўзи қўллагани Аббосийлар ҳам ёқтирмади. Чунки бу икки хонадоннинг иккаласи ҳам барибир араб ва арабчи эди.

Имом Аъзам мансуб бўлган маволийларнинг аҳволи доим шундай. Улар учун араб тили зулм, иккиюзламачилик, жамоат мулкини талон-тарож қилиш, динни бузиш ва даҳшат тимсоли, араб тили эса бу зулм ва даҳшатни дахлсиз қилиш ва оқлаш учун муқаддас эълон қилинган тил эди.

Шунинг учун ҳам, маълум маънода “арабчиликка қарши куч” тимсоли бўлган Маволий тушунчасини билмай туриб, Имом Аъзамнинг шахси ва миссиясини тўғри таниб бўлмайди.

Ислом тарихининг (балки инсоният тарихининг ҳам) энг муҳим ва ҳаётий тушунчалардан бири маволий концептидир. Бу тушунча, социологик ва тарихий тушунча бўлиб туюлса-да, бир маънода ислом тафаккурининг барча соҳалари билан алоқадор.

Биринчидан, тушунчанинг тил ва тарихий тузилиши билан танишамиз. Маволий, бу “МАВЛО” сўзининг кўплик шакли бўлиб, дўст, кўмакчи, ёрдамчи ёки қул маъноларини билдиради. Мавло сўзи исломдан олдинги даврлардан бери мавжуд бўлган "Вало" ўзакли муносабатини белгилайди. Исломдан олдинги даврда Вало, унинг тури ва ясалиш шаклидан қатъи назар, қул ва унинг хўжайини ўртасидаги муносабатнинг номи эди. Бу сўздан ясалган "мавло" шакли, ислом тарихий манбаларида асосан қуллар учун, айниқса озод қилинган қуллар учун қўлланилади. Бироқ бу сўз, айни пайтда, қулнинг хўжайини деган маънони ҳам билдиради. Бу икки маънони фарқлаш учун озод қилинган кишига Мавло-ал-асфал (паст мавқедаги Мавло), озод этганга эса Мавло-ал-Аъло (юқори мавқедаги Мавло) дейилади. Тарихий атама сифатида бу сўз "Маволий" шаклида кўпликда қўлланганда, доимо қулларга ишора қилади.

Қуръонда "Вало/Валий" тушунчаси ишлатилади, лекин унинг моҳиятини ўзгартирган ҳолда келтирилади. Бу ўзгартиш, Мадинада ҳижратдан кейин Пайғамбар алайҳис-саломнинг "Муҳожир ва ансорларни биродар бўлиш" воқеасида ҳам яққол кўринади. Бу биродарликда, жоҳилият даври Вало/валий муносабатларида асос бўлган "ҳилф" (келишув, қасам) ўрнига иймон биродарлиги (ал-ухувватул-исломийя) қўйилди. Бундаги тамойил шу:

“Имон келтирганлар, ҳижрат этганлар ва молию-жони билан Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилганлар ҳамда бошпана ва ёрдам берганлар; ана ўшалар бир-бирларининг валийлари/йўл кўрсатувчилари ва ёрдамчилардир”. (Анфол, 72).

Бу оятда биз “йўл кўрсатувчилар, ёрдамчилар” деб таржима қилган сўз ўрнига оятда “авлиё” сўзи ишлатилган бўлиб, у Вало ўзагидан ясалган ва “исломий Вало муносабати билан ўзаро боғланганлар” маъносини билдиради. Бошқача қилиб айтганда, жоҳилият даврида қабила таассубига асосланган Вало муносабатлари Қуръон томонидан ўзгартирилиб, тузатилиб, иймон биродарлиги асосига қўйилган. Жоҳилият даври Вало муносабатларининг шартларини томонлар белгиларди, ва бу томонлардан бири доимо ва ўзгармас ҳолда қул эди.

Агар хўжайини унинг қуллигини тугатса ҳам, у барибир қулдир. Бу ўзгариш уни фақат "озод қилинган қул" (мавло)га айлантира олади холос. Бундан ташқари, озод қилинган қуллар (маволийлар) кўпинча араб хўжайинлари билан муносабатларининг тугашини истамайди. Чунки у хўжайинга бўлган нисбат, сон-саноқсиз моддий манфаатлар беради.

Уммавийлар, араб хўжайинлар берган имтиёзларни Ислом беришига ҳеч қачон рози бўлишмади. Бу ишнинг асосий нуқтаси мана шу ерда. Афсуски, тариқатлар даври Исломида Қуръоннинг иймон биродарлиги асосига ўрнатган мана шу Вало муносабатлари, устидаги "Ислом жилоси" сақланган бўлса-да, моҳияти ўзгартирилиб, яна "фирқа ва ҳизб биродарлиги"га асосига ўрнатилди. Орадаги фарқ, жоҳилият давридаги қабила ўрнини бу иккинчи даврда фирқа ва ҳизблар (ва қисман мазҳаблар) эгаллагани бўлди.

Қуръон нуқтаи назаридан қаралганда, жоҳилият даврида қабила таассубига асосланган Вало тушунчаси билан мазҳаблар давридаги тариқат таассубига асосланган Вало тушунчаси орасида моҳият жиҳатидан фарқ йўқ. Уларнинг ҳар иккиси ҳам исломга имоннинг ўрнига бошқа объектга имонни қўяди. Бу объект баъзан муассаса (тариқат), баъзан эса шахс (шайх ёки пир) бўлади.

Ислом тарихий атамаси сифатида Маволий атамаси, Уммавий ва Аббосий давридаги (айниқса Уммавий даврида) араб аслли бўлмаган барча мусулмонларни назарда тутади. Бу маъно, маволий тушунчасининг ҳали илк қадамдаёқ қандай даҳшатнинг кўрсаткичи эканини исботлайди. Чунки бу тушунча арабларнинг исломни қабул қилган бошқа халқларга бўлган қарашини кўрсатади. Ҳақиқат шуки, "араб бўлмаган кўплаб одамлар уруш ёки тинчлик шартномаси тузишдан олдин, Исломни қабул қилган эдилар. Улар тамоман ҳур ва озод инсонлар бўлсалар ҳам, уларга маволий дейилди". (Демиржон, Араб-Маволий алоқаси, 48)

Маволий-араб муносабатларига оид тадқиқотлар тақдим этган натижаларни, бу борада асар ёзган муаллифлардан бири бўлмиш др. Жамол Жавда қуйидагича ифода этади:

"Араблар Маволийни хор ва ҳақир кўриб, уларга "паст табақа" сифатида муомала қилишган. Жумладан, Уммавийлар Маволийни ислом қўшинларига қўшмаган. Уммавийлар даврида ислом қўшини фақат арабдан иборат қўшин эди. Бунинг натижасида, Маволийга уруш ғаниматлари ва давлат киримларидан улуш берилмаган. Бу улушларни тақсимлашда олинган қайдларда бирорта Маволийнинг исми йўқ. Баъзи араблар, жангларда хизмат қилсинлар дея, ўзлари билан олиб кетган маволийларга, кўнгилдан чиқариб ғаниматдан бироз миқдор берганлари бўлган холос”.

Мусулмон бўлган қуллар арабнинг мавлоси, яъни қули бўлишда давом этар, қолаверса, улардан худди ғайри-муслимлар каби жизя ва хараж ундириш ҳам давом этарди”.

"Уммавий давлати тўлиғича араб давлати эди. Шу сабабдан ҳам, араблар маволийга нисбатан жиддий имтиёзларга эга эди. Маволийга тенг ҳақлар ваъдаси билан иқтидорга келган Аббосий давлатида ҳам вазият ўзгармади, давлат яна тўлиғича араб давлати бўлиб қолаверди”. (Жамол Жавда, ал-Авдоул-Ижтимоийя вал-Иқтисодийя лил-Маволий фи Садрил-Ислом, 80-81)

Маволий-Уммавий муносабатларини ўрганганлар икки асосий йўлдан бирига эргашган:

1. Арабчиликка асосланиб, Маволийга қилинган муомалани оқлашга ва уни машруъ қилишга уринганларнинг йўли;
2. Исломчиликка асосланиб, арабларнинг Маволийга ёмонлик қилганини эътироф этган, ва Уммавийга қарши тасбит берганларнинг йўли.

Биринчи гуруҳга Муҳаммад Бадиъ Шариф, иккинчи гуруҳга Муҳаммад Таййиб ан-Нажжор мисол бўла олади.

Бу асарда бизни Муҳаммад Бадиъ Шариф кабилар қизиқтиради. Чунки тарихий ҳужжатларга ва тарих гувоҳлигига зид сўзлар билан чиқаётган, ва бугун ҳам Уммавий тарғиботи олиб бораётган айнан мана шундай кишилардир.

Уммавийлар исломни бузиб, қавмиятчилик номи билан Маволийга зулм қилгани тарихда қайд этилган ҳақиқатдир. Бу гапнинг ҳеч хайратланарли жиҳати йўқ. Ҳайрат ва таажжубга соладиган гап, бугун ҳам Уммавий ҳимоясига такрорланаётган гаплардир. Шу сабабдан бу асарнинг кейинги саҳифаларида Бадиъ Шарифнинг арабчилик ва арабпарастлик уринишларининг танқидини келтирамиз.

Ислом тарихидаги Уммавий йиллари, ҳамда Уммавий-Маволий муносабатлари ҳақида ёзган араб ёзувчилари очиқдан-очиқ Уммавий тарафдори бўлган, баҳоналар уйдириб, Маволийга қилинган арабчи зулмларни маъзур ва ҳатто машруъ кўрсатишга уринганлар ва бундан асло тийилмаганлар. Ажабланарлиси шундаки, Уммавийни ҳимоя қилиш дардидагиларга кўмак бераётганлар “араб аслли бўлмаган арабпарастлар”дир. Яна-да ажабланарли ҳақиқат шуки, буларнинг салмоқли қисми Туркияда.

Шуни ҳам тан олишимиз керак: Ислом оламининг энг ҳароратли ва ғайратли араб-уммавий нутқкаш ва қаламкашлари Туркиядан чиқаяпти. Булар баъзан ҳатто ирқчи арабчиларни ҳам ҳайратда қолдирадиган даражада Уммавийга адвокатлик қилади. Асаримизни ўқиганлар, бу “арабпарастлик адвокатлар”нинг маҳоратини ва бизнинг уларга қаратилган танқидларимизни кўришади.

Араб аслли Уммавий ёзувчиларининг (масалан, Муҳаммад Бадиъ Шариф) арабчилик ҳаяжонлари, Маволий ҳақидаги асарларининг ҳали илк саҳифасидаёқ битилган бағишлов жумлаларида акс этади. Бадиъ Шариф фашистлар Германияси даврида тайёрлаган Уммавий-арабчи асари бўлмиш “ас-Сироъ Байнал-Маволий вал-Араб” асарининг биринчи саҳифасига қуйидаги бағишловни битади:

“Томирларида Арабчилик қони мавж урган барча арабларга туҳфа қилинади…”

Мазкур адиб арабчилик ғайратини яна-да орттириб, "Маволий динни йўқ қилиш учун исломга кирган" дейди, Қуръон илмларида обрў-эътибор қозонишдан кўзланган мақсад эса бу ишда таъсир ва нуфузга эга бўлиш эди, дея, туҳмат ва улкан гуноҳга қўл уради. Тарихга, исломга, Маволий етиштирган илмга, ирфон ва тафаккур буюкларига қилиниши мумкин бўлган энг катта бўҳтонни отади. (Қаранг: Бадиъ Шариф, 53-55)

Бадиъ Шариф яна бир туҳматни отади: Уммавий ҳукмронлигидан анча кейин пайдо бўлган Ботинийя фирқасини ва Ботинийликни, Маволийнинг “Ислом ақидасини йўқ қилиш” режаларидан бири сифатида кўрсатади. (Қаранг: Келтирилган асар, 63-65)

Ҳолбуки, Исломга етказган зарарлари айтилган Уммавий ва уларга қарши курашган азиз Маволий насли, ҳижрий иккинчи аср охирларида, яъни Ботинийлик фасоди ёйилишидан анча олдин ўз тарихий миссиясини тамомлаган. Шунинг учун ҳам, масалан, Андалусия Уммавийларининг биз ва биз кабилар танқид қиладиган Уммавий билан отдошликдан бошқа ҳеч қандай умумий тарафи йўқ.

Ислом тарихий атамаси сифатида “Маволий”, Уммавийнинг охирги йиллари ва Аббосийнинг илк даври билан чекланган тушунчадир. Исломдан олдинги давр Вало аҳди билан боғланган маволий билан Аббосийларга ўз иқтидорини бой берган "асосий Уммавийлар"дан кейин, "араб бўлмаган мусулмонлар" тушунчаси фарқли нарсалар. Уни бошқа ўлчовлар ва бошқа мезонлар билан баҳолаш лозим.

Араб ёзувчиларнинг баъзилари ва уларнинг ислом оламининг у ёқ-бу ёғига ёйилган “арабчи хизматкорлари” концепт чалкашликлар яратиш орқали Уммавий зулмларини оқлаш илинжида тарихнинг ҳар бир давридаги “араб бўлмаган мусулмонларни” маволий дея эълон қилиш ўйинини ўйнайди. Бу ўйинни ўйнаганларга кўра, масалан, 309/921-йилда ўлдирилган Мансур ал-Халлож ҳам, Исломни араблаштириш ўйинига нуқта қўйган Мустафо Камол Пошо ҳам, Биринчи жаҳон уруши арафасида арабларга истаганини бермаган Усмонли подшоси Анвар Пошо ҳам, ҳам Маволий, ва гўёки Исломни йўқ қилиш учун зоҳиран мусулмон бўлганлар. (Бадиъ Шариф, 70-71).

Залолатнинг бундай тури камдан-кам кўрилган. Маволийларни айблаш учун илмоқ иборалар ишлатиш, шубҳали муҳит яратиб Уммавий зулмларини машруъ кўрсатишга уриниш, тўғриси, фақатгина Уммавийнинг гуноҳларига шерик бўлганлар тушиши мумкин бўлган тубан ҳаёсизликдир. Имом Аъзамни такфир этишгача борадиган душманликнинг асл иддаоси ҳам шу. Кейинги саҳифаларда батафсил кўриб чиқамизки, бу шарир иддаога кўра, Имом Аъзам Динни бузиш ва йўқотиш учун Исломга кирган “қулбаччалар”дан бири.

Арабчи-уммавийчи Бадиъ Шариф, ўз китобининг охирларига келиб тамоман ошиб тушади. Бу шахс Уммавий-Маволий тўқнашувини мусулмон-сохта мусулмон тўқнашуви сифатида кунимизга ташийди ва масалан, 1915-1916 йилларда Усмонлига хиёнат қилган Макка волийси Ҳусайн ўртасидаги можаросини Уммавий-Маволий можаросининг давоми сифатида кўрсатмоқчи бўлади. (Бадиъ Шариф, 219-235) Ҳақиқат шуки, Бадиъ Шариф кабилар, очиқ айтмасалар-да, тарихда ва бугун туркларни доим “Маволий” сифатида кўрганлар ва, қисматни қарангки, тарихнинг деярли бир даврида, “Маволий”га қарши салбчи кучлар билан доимо ҳамкорлик қилганлар.

Бадиъ Шарифга кўра, Арабистон ярим оролидаги ваҳҳобийлик ҳаракати Маволий бидъатига қарши тавҳидни ҳимоя қилувчи Уммавий ҳаракатининг бир кўринишидир. (Ўша асар, 140-145).

Маволийнинг ўзлигининг икки асоси бор:

1. Мавло ал-итоқа,
2. Мавло ал-муволот.

Мавло ал-итоқа аввал қул бўлиб, кейин мусулмон бўлишни билдирса, Мавло ал-муволот аввал мусулмон бўлиб, кейин қул бўлишни билдиради. Мавло ал-муволот устидан эгалик, бу қуллар устидаги ҳақни худди мол каби сотиш имконини беради.

Имом Аъзам яшаган Куфа шаҳри, асосан, биринчи унсурлар яшайдиган шаҳар эди.