July 8

ҚУРЪОНДА МУСТАЗЪАФИН КОНЦЕПТИ

ҚУРЪОНДА "ЭЗИЛГАНЛАР" (МУСТАЗЪАФЛАР) КОНЦЕПТИ ВА МАВОЛИЙ

Араб-Уммавий салтанатини қулатган Маволийнинг сиёсий ва ҳарбий ғалабаси, унинг тарихга қолдирган буюк зафари олдида ҳеч нарса эмас. Ана ўша “ҳақиқий ғалаба” Маволийнинг илм, тафаккур, ҳуқуқ, санъат ва адабиёт соҳаларида етишиб бўлмас ва ошиб бўлмас муваффақияти бўлиб, буни биз тарих ва Тангрининг изтиробга, пешона тери ва самимият эвазига берган мукофоти деб биламиз.

Ислом тарихида изтиробнинг мутлақ яратувчилигига уч даврда гувоҳ бўламиз:

1. Асри-саодат,
2. Маволийнинг ислом маданияти ва илмларига асос солган фаолият даври,
3. Турк Озодлик уруши ва Маърифат даври.

Бу даврларнинг биринчисининг лидери Ҳазрати Муҳаммад, иккинчисининг лидери Имом Аъзам, учинчисининг лидери Ғозий Мустафо Камолдир. Бу уч яратувчи давр, афсуски, Ислом умматининг учта энг катта нонкўрлик ва хиёнатига учради:

1. Ҳазрати Пайғамбарнинг аҳли байтига хиёнат,
2. Имом Аъзамга хиёнат,
3. Мустафо Камолга хиёнат.

Бу уч давр, Қуръонда борлиқни ҳаракатга келтирувчи куч сифатида кўрилган мустазъафларнинг яратувчанлик потенциали рўёбга чиққан даврлардир. Шундай экан, Қуръон тилида, ҳам Саодат асри, ҳам барча замонларнинг яратувчи кучи сифатида таъкидланган мустазъафлар (хорланган ва эзилганлар) концептини яқиндан танийлик.

ЯРАТУВЧИ ҲАРАКАТЛАРИНИНГ ЯРАТУВЧИ ЭНЕРГИЯСИ: ЭЗИЛИБ ХОРЛАНИШ (ИСТИЗЪОФ)

Мустазъафун (бирлик: мустазъаф) сўзи ва концептини билиш учун, Қуръонда бунинг концептуал таърифини берувчи "истизъоф" сўзини кўриб чиқиш керак.

Қуръони Каримнинг энг муҳим концептларидан бири бўлган истизъоф "заъф" ўзагидан ясалган бўлиб, 9 ўринда зикр қилинган. Заъф, буюк аллома Роғиб таъкидлаганидек, "бадан, руҳ ёки мавқеда кучсизлик" маъносини билдиради.

Пайғамбаримиз Тоиф куни, яъни тошбўрон қилиниб, қонга беланган ўша изтиробли кунда Ҳақ таолога дуо-илтижолар қилар экан, одамлар қаршисидаги ожизлигидан шикоят қилади, Аллоҳдан ўзига ёрдам ва мадад тилайди. Ўша дуода ишлатган асосий калима "истизъоф"дир. Яхшиликка ва тўғриликка даъват этгани Тоиф халқи тошбўрон қилиб, қонга белаган ҳолда ташлаб кетилган ўша мудҳиш кунда, дуосини шундай бошлайди Пайғамбаримиз:

"Аллоҳим! Одамлар наздидаги ожизлигим, эзилганим ва хорланганимдан Сенга сиғинаман"

Истизъоф Қуръоний концепт сифатида, заиф, кучсиз ва паст кўриб, эзиш, хорлаш ва зулм қилиш маъносини билдиради. Бунга қарши маънодаги конуепт, яна Рағибнинг айтганидек, "истикбор"дир. Яъни, ўзини буюк, етишиб бўлмас ва кучли кўриб, бошқалар устига ҳукмронлик қуриш.

Қуръон, ҳаётнинг инсоният саҳнасидаги кўринишини, айниқса, пайғамбарлар тамсил этган иймон ва нур, ва уларнинг қаршисида тизилган инкор ва зулмат ўртасидаги тўқнашувни истизъоф ва истикбор тўқнашуви сифатида кўрсатади. Бу тўқнашувда Яратувчи Қудрат, истизъоф тарафини олади. “Ал-Аъроф” сурасининг 137-оятига кўра, Аллоҳ зулмга учраганларни ернинг шарқларию-ғарбларига ҳукмрон қилишни ирода қилади. “Қасос” сурасининг 5-оятида Яратувчи Қудрат мустазъафларни ҳаракатга келтирувчи куч сифатида фаоллаштириб, доимо уларни қўллашини айтади: "Бизнинг истаганимиз/иродамиз эса, Ер юзида заиф қилинганларга яхшилик қилмоқ, уларни пешволар/имомлар қилмоқ, ва уларни Ер юзига ворислар қилмоқдир”.

Кўриниб турибдики, Қуръон таквин диалектикасининг негизи сифатида мазлум ва золим тўқнашувини қўяди. Ва бизга шуни кўрсатадики, энг улуғ пайғамбарлар дохил барча яратувчи руҳлар, жумладан, истизъофга дучор қилинган, эзилган ва хорланган. (Аъроф:75,150).

Қуръон истизъофга дучор қилинганларни заъиф (кўплик: зуъафо) ва мустазъаф (хорланган) дейди. Мустазъафлар учун курашмаслик, инсониятни Аллоҳ олдида ўта қийин саволга келтиради. (Нисо:75).

Мустазъафун, Қуръондан келиб чиққан тарих атамаси сифатида, ислом қаршисида бутпараст Маккаликлар томонидан зулм ва қийноқларга дучор бўлган камбағал ва ҳимоясиз мусулмонларга ишора қилади.

Ислом тарихи манбалари, иймондан бошқа жинояти бўлмаган бу ожиз муминларнинг шафқатсиз қийноқлар остида эзилган, хорланган, ва бунинг оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар ҳақида кўзда ёш билан ўқиладиган саҳналарни чизади. (Мустазъафлар учун қаранг: Ибн Исҳоқ, 233-245, Ибн Ҳишом, 1/ 317-320, Ўзтурк Асри - саодат шаҳидлари, тегишли бўлим)

Мустазъаф тушунчаси, ўзининг Асри-саодатдаги кўриниши билан чекланмайди.

Умумий қоидага кўра, ҳеч бир оятнинг маъно ва кўлами унинг нузул сабаби билан чекланган эмас. Яъни, истизъоф, замон ва шартларга кўра янгидан белгиланади. Бир даврнинг мустазъафлари қуллик остида инграр экан, бошқа даврдагилар Капитализм ёки Коммунизм зулми остида инграши мумкин. Ҳатто, асл ғоясидан узоқлаштирилган ва девпотизм қуролига айланган Демократия орқали яратилган типик “қўрқув империялари”, типик “мустазъафлар тўдасини” яратиши мумкин. Тарихдаги энг улкан даҳшат иқтидор эгаси ўлароқ билинган нацистлар ва уларнинг боши Гитлер ўз даврининг демократик нутқлари ва имконлари билан ҳокимиятга келган.

2000 йиллардан эътиборан динчи иқтидорлар орқали бошқарилган Туркия ҳам бу жиҳатдан муҳим бир мисолдир. Сўнгги йилларда Туркияда, бу каби бузилган демократия томонидан яратган Миллий Мажлисдаги кўпчилик тамойилидан фойдаланиб "мустазъафлар синфи" яратилгани омматан қабул қилинар ҳолга келди. Шуни унутмаслик керакки, 2000 йилларнинг бошидан эътиборан ҳокимиятни қўлга олган ва ташқи супер кучлар (АҚШ ва Европа Иттифоқи) билан ҳамкорликда ишлаган сиёсат кадрлари, холис кузатувчилар тадқиқотига кўра, бир "қўрқув империяси" яратишда айбланади.

Бу “қўрқув империяси” ёйган даҳшат ва таҳдиднинг, Туркия ташқарисидаги тажаллийларини тез-тез кузатмоқдамиз. Кўплаб ўлкалардаги Турк расмий вакиллари (элчилар, бош консуллар, консуллар, уларнинг ўринбосарлари ва ходимлари) мамлакатга келиб конференциялар бераётган, конгресс ва бошқа анжуманларда қатнашаётган энг нуфузли туркларнинг илмий ижтимоий анжуманларида қатнаша олмайди. Бу анжуманлар сиёсий эмаслиги ва воиз фақатгина ўз соҳаси бўйича илмий маъруза қилиши ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Сўзга чиққан олим ва зиёлилар ҳукмрон тоифага нисбатан танқидий муносабатда экани ҳақидаги гап-сўзларнинг ўзиёқ даҳшат ва қўрқув тўсиғи яратиш учун етарли.

Туркиянинг хориждаги бу вакиллари, бу кишиларни тинглаш учун борганида, "қўрқув империяси" улар ҳақда, разведка хизматларининг махфий агентлари ва медиадаги очиқ агентлари орқали марказга хабар беришини билади, ва бунинг ортидан бошлари балодан чиқмаслигини яхши билади.

Мустазъаф масаласидаги марказий маъно, эзилиб хорланишдир. Бу икки қадриятни эътиборимизга ҳавола қилади: меҳнат ва ишонч. Замони, макони, тизими, ранги ва шаклидан қатъи назар, мустазъафлар қуйидаги уч сабабдан биттаси, иккитаси ёки учтаси туфайли эзилиб, хорланади:

1. Ишончи, имони ва дини сабабли,
2. Ирқи, насли ва насаби сабабли,
3. Меҳнати эксплуатация қилинсин дея.

Улардан баъзан бири, баъзан эса ҳар учи сабаб бўлади. Умуман олганда, биринчи иккитаси ҳал қилувчи омилдир.

Демак, Марксизм ўз диалектикаси марказига ўрнатган «меҳнат» ёки «қўшимча қиймат», эзган-эзилган зиддиятининг фақатгина бир жиҳати, холос. Қуръон бунга яна икки жиҳатни қўшади. Диалектика азалдан абадгача Эзган-Эзилган қутб ҳолида бўлгани ва шундай қолиши асло ўзгармай келаётган ҳақиқатдир.

ДИН-ИМОН САБАБЛИ ИСТИЗЪОФ ЁКИ ИНКВИЗИЦИЯ

Энг катта мустазъаф оммалардан бири, зулмларини Худо ва дин номидан амалга оширган инквизиция руҳонийлар қўлида эзилган омма эди.

Қуръон, эзган-эзилган диалектикасига яна бир сабабни - "дин-имон сабаби" - қўшилмаслиги учун, диндорликни шахслараро муносабатларда қиймат саналишидан чиқарган. Агар чиқарилмаса, "диндорлиги кўпроқлар" диндорлиги озроқларни эзиб хорлаган бўларди. Яъни, янги бир мустазъаф майдон пайдо бўлар эди.

Қуръон бу майдоннинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик чораларини кўрган, аммо Ислом тарихи бу чораларни анъанавий динчи зеҳният йўлида ва унинг фойдасига зарарсизлантириб, "диндор/ғайри-диндор" зиддиятини ўрнатди ва ҳукмрон қилди.

2000 йиллар бошида ҳамда Отатурк Жумҳурияти жорий бўлган бир мамлакатда Буюк Миллат Мажлисида “диндор президент” талабларининг талаффуз этилиши, ана шундай қутблашувни қонунлаштириш истагининг бир изҳоридир. Агар бу талаб қонунлашса, бунинг Қуръонда айтилган натижаси шу: Дин пардаси ортидаги динсизлик.

Мустазъафларнинг яратилиш тартиби ичидаги ўрнини ва Охирги Пайғамбар умматидаги мавқеини Пайғамбар ўз тили билан шундай деган:

“Аллоҳ бу умматга заифларнинг дуоси, илтижоси ва ихлослари ҳурматидан ёрдам беради”.

“Шу бир ҳақиқатки, орангиздаги заифлар ҳурматидан ризқ ва нусрат берилади сизга”. (Насоий, Жиҳод 43)

Қуръон ҳеч бир дин, ирқ, ранг ва минтақасини айирмасдан, мустазъафларга ёрдам беришни номус ва имон бурчи деб билади. Бу ёрдам учун, керак бўлса, урушга ҳам борилади. (Нисо:75).

Ислом тарихининг илм, тафаккур ва маданиятда асосчиси бўлган Маволийнинг, устун бўлгани соҳаларда икки асосий хислати эътибор тортади:

1. Фиқҳ масалаларида ақлни муқаддам қилиш, яъни раъй билан ҳукм олиш;
2. Сиёсий ва фикрий масалаларда Уммавийларга қарши чиқиш;

Масалан, Ато бин Абу Рабоҳ (ваф. 115/733) раъй билан ҳукм оларди, яъни у ақлчи эди. Бунга параллел равишда, Уммавийларга қарши чиқиб, сиёсат майдонида уларга қарши курашган Абдуллоҳ ибн Зубайр ёнидан ўрин олди, ва ўша тўқнашувларда бир қўлидан айрилди.

Уммавийларга қарши чиққан барча имомлар, Маволийнинг "мустазъаф" сифатига урғу берганлар. Ҳатто, улар орасида Қуръондаги "мустазъаф" атамасини айнан ишлатганлар ҳам бор. Уммавийларга қарши кураши билан машҳур Мухтор ас-Сақафий (ваф. 67/687), унга байъат берганлардан қуйидаги шаклда байъат оларди:

“Аллоҳнинг китоби, Пайғамбарнинг суннати, Ҳусайн ва Аҳли Байтнинг интиқомини олиш ва мустазъафларни ҳимоя қилиш учун…” (Табарий, Тарих, 5/606, 6/67, Жамол Жавда, 160).

Айни имоннинг яна бир бошқа лидери бўлмиш Зайд ибн Али Зайнал-Обидин ҳам тарафдорларидан қуйидагича байъат оларди:

“Аллоҳнинг китоби, Пайғамбарнинг суннати, золимларга қарши кураш, мустазъафларнинг изтиробини тўхтатиш, маҳрумларнинг ҳаққини тиклаш, ғаниматдан ҳаққи поймол этилганларнинг улушини қайтариш, зулмларни тўхтатиш, қўзғатилган фитналарни ўчириш, Аҳли Байтга қарши уруш очганларга ёрдам бермаслик учун байъат бераман…” (Балозурий, Ансобул-Ашроф, 3/434).

МАВОЛИЙ ОРАСИДА БАЙРОҚЛАШГАН ИСМЛАР

Иброҳим ан-Наҳоий (ваф. 96/714):

Пайғамбаримизнинг аёли Ойша бинт Абу Бакрнинг ҳимоя қилгани ва шогирдларидан бири бўлмиш Иброҳим ан-Наҳоий "Ироқ фиқҳнинг отаси" дея эсланади.

Абу Ҳанифанинг устози Ҳаммоднинг устози, Ироқ фиқҳи, хусусан, раъй ва қиёс мактабининг имоми Иброҳим ан-Наҳоий, Исломий даврда Ироққа келиб ўрнашиб қолган яманлик оила фарзанди эди. У араб миллатига мансуб, деган умумий фикр бор. Бунинг энг муҳим ҳужжатларидан бирини Тавҳидийнинг машҳур “ал-Басоир ваз-Заҳоир” номли асарида ривоят қилинган ва Уммавийлар фойдасига ҳадислар тўқийдиган даражада уммавийчи бўлган Зуҳрий ва уммавий халифаси Абдулмалик ибн Марвон ўртасида бўлиб ўтган суҳбатдан биламиз. (Қаранг: Тавҳидий, келтирилган асар, 8/85) Баъзи манбалар эса Наҳоийнинг бобоси, худди Абу Ҳанифанинг бобоси каби озод этилган қул бўлгани айтилган.

Шубҳасиз ҳақиқат шу: Наҳоий умри давомида уммавийлар ва арабларга қарши курашган фақиҳдир. У бир ўринда Уммавийлар одамларни қандай алдаб, ниқобли сиёсат билан ухлатганини шундай тушунтиради:

“Уммавийлар ширин сўзлар билан эркалаш сиёсати юритиб, ўзларини яширдилар”. (Тавҳидий, 9/182)

Имом Аъзамдан фарқли ўлароқ, у жуда камбағал одам эди. Унинг ҳам бир кўзи кўрмасди. Шунга қарамай, Уммавий золимлари қўлида қуролга айланмаслик учун, ҳеч қандай давлат лавозимини қабул қилмади. Берган дарслари эвазига олган тўлов, ва ижарага олган ерларда етиштирган сабзавот ва меваларни сотиш орқали кун кечирарди. Наҳоий нафақат илми ва ирфони билан, балки модда қаршисида таслим бўлмаслиги билан ҳам буюк руҳ эди.

Имкониятлари жуда чекланган бўлса-да, тоза ва чиройли кийинишга эътибор берарди. Кўпчилик унинг кийинишдаги бу пухталиги учун уни бой деб ўйларди. Наҳоийнинг руҳ ва шахсиятидаги бу хусусиятлари кейинчалик иймон ва илм набираси деб ҳисоблашимиз мумкин бўлган Имом Аъзамга ўтади. Имом Аъзам, бир томондан, Наҳоийнинг кийинишдаги пухталик одатини давом эттирган бўлса, бошқа тарафдан, устозининг устози бу олимнинг камбағаллик туфайли бошдан кечирганларини эслаб, тижоратда топган даромадининг улкан қисмини бундай илм толибларига саҳоват-ла инфоқ этарди.

Наҳоийнинг араб-уммавий зулмига қарши муросасиз курашгани шубҳасиз. Шу сабабдан ҳам, у бутун умрини уммавийлар таъқиби ва тазйиқи остида ўтказди. Ҳузур ва ҳаловат топа оладиган ягона жой, у дарс берган масжидлар эди. Унинг энг кўп жабр кўргани Уммавий мустабиди, Ироқ волийси “Золим” лақабли Ҳажжож эди (ваф. 95/714).

Ҳажжожнинг вафоти ҳақида хабар келганда, у киши шукр саждаси қилиб, қувончдан кўз ёшларини артди. Афсуски, бу қувонч узоққа чўзилмади: бошқа уммавий мустабидлари зулмни яна-да орттирди. Ҳажжождан бир неча ой ўтиб, яширинган уйда вафот этди.

Ироқ фиқҳ мактабининг асосчиси ҳисобланган бу олим нур таратган одамлар уммавийлардан қўрқиб, унинг дафнига ҳам келолмади. Яқинларидан 7-8 киши унинг жасадини олиб, кечаси халқ дам олаётган пайтда дафн этишди.

Уммавий салтанатининг асосчиси Суфён ўғли Муовия халифа бўлган кунларда туғилган эди, ва яна бир уммавий халифаси Валид бин Абдулмалик халифалиги даврида ва у билан бир йилда вафот этди.

Ҳасан ал-Басрий (ваф. 110/728):

Ислом илм ва тафаккур меросининг деярли барча соҳаларида монументал исм бўлган Абу Саид Ҳасан ал-Басрий ҳам Маволийдан.

Ироқ фатҳида асир олинган ва Мадинага келтирилган қул ота-онанинг фарзанди. Ўзи ҳам саҳоба Зайд ибн Собитнинг озод қилинган қули бўлган, деган нақллар бор. (Қалъачи, Фиқхи Ҳасан ал-Басрий, 1/7)

Онаси Хайра, пайғамбарнинг аёлларидан Умму Саламанинг хизматчиси эди. Умму Салама уни озод қилганди. Онасининг хизматида бўлган ўша кунларда Ҳасан пайғамбарнинг рафиқаси Умму Саламанинг яқинида бўлди, унинг ғамхўрлиги ва меҳрини кўради. Ҳатто баъзи нақлларда, Умму Салама уни эмзирган ҳам дейилади. Бу жиҳатдан қаралганда, Ҳасан ал-Басрийни Пайғамбарнинг сут фарзанди сифатида кўришимиз мумкин.

Манбаларда ёзилишича, у баланд бўйли, кенг елкали, қалин ва узун сочли, кўркам одам бўлган. Имом Аъзамдан қирқ йил аввал вафот этган Ҳасаннинг исёнкор ва фаол характерини ҳисобга қўшмасак, Имом Аъзамнинг қолган барча хусусиятларини ўзида мужассам этган шахсият эди. Унинг муштарак хусусиятларни қуйидагича умумлаштириш мумкин:

1. Уммавий арабчилигига қарши чиқиш,
2. Ақлни муқаддам қилиш,
3. Уммавий қўли билан яратилган ва Қуръондан ташқари қадар эътиқодига қарши чиқиш,
4. Уммавий таклиф қилган барча лавозимларни қабул қилмаслик.

Ҳасан ал-Басрий араб-уммавий зулмининг Сиффин, Карбало каби қонли хиёнат ва даҳшатларига гувоҳ бўлган ва бу гувоҳликнинг изтиробини чуқур ҳис қилган. Бу изтироблар уни актив позицияга ундаган бўлмаса-да, ўзининг нотиқлиги, кучли илми, нуфузи ва обрў-эътиборидан чўққига чиққан ўзига хос дарвешона ҳаёт тарзи билан уммавийларга қарши бўлган жамоа ва ҳаракатларни қўллаб-қувватлади.

Одамларнинг энг ёмони, золимларни қўллаганлардир, деган Ҳасан ал-Басрий, Уммавий қироли Муовиянинг Ислом уммати ичидаги икки қўлловчисини кўрсатади: Амр ибн ал-Ос ва Муғийра ибн Шуъба. (Ибн Саъд, 7/53, 163-164, 176).

Ҳасан ал-Басрий, Уммавий золимлари билан уларнинг уламолар ичидаги ёндошлари томонидан яратилган ва Ислом ақидасига тиқиштирилган Қуръондан ташқари "қадар" эътиқодига қарши уруш эълон қилди. Инсон ўзининг барча амалларидан масъул бўлиши лозимлиги, бошга тушганини "Аллоҳнинг қадари" дея машруълаштириш динга зид эканини баралла айтди.

Уммавий арабчилигига фикр ва эътиқод жиҳатидан улкан зарба беришига қарамай, исён ҳаракатларига феълан ва моддиян иштирок этмагани, уни уммавийлар тасаллутидан қутқариб қолди. Ҳасан ал-Басрий халқни таҳликага қўймаслик жиҳатидан жуда ҳассос эди. Уммавийларга қарши чиқиладиган бир исён, фоиз нисбатида омманинг зарарига бўлади, дерди, ва бундай исён ўрнига ғоя ва сиёсат орқали қаршилик кўрсатишни афзал кўрарди. Бу борада шахсан ўзи ифода этган тамойил қуйидагича эди:

"Омонликка эришгунингча сени қўрқитадиган киши, қўрқувга дуч келгунингча сенга умид берган кишидан яхшироқ". (Жоҳиз, ал-Баён ват-Табйин, 3/163)

У асосан, зиёлилар ва уламолар даврасини эҳтиёт бўлишга, золимни қўллашдан узоқлашишга чақириш билан олиб борди курашини. У шундай дерди уларга:

"Хоин бўлиш учун, хоинга ёрдам беришнинг ўзиёқ етарли".

Турли номлар остида “кенгашлар” тузиб, илмли кишиларни сиёсий фаолиятга чақирар эди. Шу тариқа у бузилмас куч бирликлари яратилишига ишонарди. Унинг бу ғоя ва таклифларини бугунги нодавлат нотижорат ташкилот фаолиятларининг прототипи сифатида баҳолаш мумкин. Уммавий эшигида хушомадгўй ва лаганбардорликда мусобақа қилаётган “уламо”ларга доимо шундай дерди:

“Ҳар умматнинг бир бути бор, бу умматнинг икки бути — олтин ва кумуш”.

Ҳасаннинг фикрича, бир қавм золим ҳукмдор ҳукми остига тушса, бу зиёлиларнинг ўз бурчини бажармаслик натижасидир.

Ўз вазифасини бажармасликка эришиш учун ишлатиладиган "катта бут" бу "олтин ва кумуш бути"дир. Ҳасаннинг бу “катта бут” ҳақидаги яна бир фикри шуки, бу фикр бизни Ҳасан ал-Басрий ҳақида нафақат “тасаввуфий ҳаёт прототипи” дейишга, балки турк лирикасининг ўлмас даҳоси Юнус Эмронинг ҳам прототипи, дейишимизга асос бўлади.

Ўлимдан қаттиқ қўрқаман деган бир кишига берган жавоб, Юнус Эмро (ваф. 1320) мисраларидан бирига ўхшайди.

“Албатта, ўлимдан қўрқасан, бойлигингни ортга ташлаб кетасан.

Агар бойлигингни ўзингдан олдин юборган бўлсанг эди,

Юборган бойлигингга етишиш сени хурсанд қиларди, Шу боис ўлимдан қўрқмасдинг,” (Жоҳиз, ал-Баён ват-табйин, 1/264).

Ҳасан ал-Басрийдан етти аср кейин Замон усти савияга етишган Юнус Эмро само пештоқига ёзгани ушбу байт ҳам айни ҳақиқат остига турк лирикасининг имзосини қўйиш эмасми?

“Қўлда бор экан бойлик
Кетмас кўнгилдан торлик”.

Уммавийлар тили ва қаламини “энг кескир қиличдан-да хафли” билган бу “Қора саллалик”ни (Ҳажжож Золимнинг Ҳасан ал-Басрийга қўйган лақаби) узоқдан кузатиш билан қаноатландилар.

Ҳажжожнинг энг қаттиқ қўрққани, бир камбағал Маволий фарзанди ўша “Қора саллалик”нинг нотиқлик қобилияти эди. Чунки Ҳажжожнинг ўзи ўта кучли нотиқ эди.

Ҳасан ал-Басрий ҳам ўта кучли нотиқ эди. Ҳолбуки, масалан, Имом Аъзам илм ва тафаккурдаги беназирлигига қарамай, арабчани акцент билан гапирарди. (Ибн Абди Раббиҳ, ал-Иқдул-Фарид, 2/482) Имом Аъзамдаги етишиб бўлмайдиган жиҳат, бу ундаги нотиқлик эмас, балки диалектика, мантиқ ва теранлик эди.

Ҳасан хитоб ва нотиқликда қандай сеҳр борлигини жуда яхши билганлардан бири эди.

Басрадаги қамишдан тўқилган кулбалардан бирида яшовчи қуллардан бирининг ўғли бўлган Ҳасаннинг, бу камбағаллик билан беқиёс нотиқлик қудратини бирлаштириши Хажжожни ақлдан оздирарди. Маволийнинг бу сирли нотиқига Ҳажжож ўзидаги ҳасадини шундай ифодалаган эди:

“Басранинг қамиш кулбаларида ўша қора саллаликдан ортиқ нотиқ кўрилмаган, у истамаса ҳеч ким уни гапиртира олмайди, у хоҳлаганда гапиради, хоҳлаганда сукут қилади” (Жоҳиз, ал-Баён ват-табйин, 1/398).

Ҳасан ал-Басрий, Имон Аъзам каби фиқҳ ва ҳуқуқ даҳоси эмас эди. Фиқҳий масалаларида у ўз сўзига эга, ва кундалик ҳаётнинг турли масалаларига доир фатволар берган бўлса-да, аммо буни фақиҳ сифатида эмас, балки, Луи Массиньон таъбири билан айтганда, бир маънавий устоз, бир сўфий муршид каби инсонни ўз ички дунёсига мистик интроспекция орқали қиларди. (Massignon, Essai sur les Origines de Lexique Tecnique de la Mystique Musulmane, 186)

Ҳасан ал-Басрий ҳам барча Маволий етакчилари каби ақлчилик юқори эди. Мана шу ақл устунлиги туфайли у ақлни муқаддам қилувчи Муътазила мазҳабига мансуб ҳисобланади. Ҳатто Ҳасан ал-Басрийни бу мазҳабнинг асосчиси деб ҳисоблаганлар ҳам бор.

Муътазиланинг муҳим йўналишларидан бири бўлган Ҳасанийя, Ҳасан ал-Басрий номи билан аталган йўналишдир.

Ҳақиқат шуки, Ҳасан Басрий у ёки бу мазҳабга сиғдиришдан устун даражада бепоён, мазҳаб таассубига фидо этишдан устун улуғ шахсиятдир. Асрлар узра қурган ҳақли обрў ва нуфузи, ҳар бир фирқа уни ўзларидан санашига сабаб бўлган ва бунинг ажабланарли тарафи йўқ.

Ҳасан ал-Басрий ҳадисларнинг тўғрилигини аниқлашда ақлни ўлчов қилган. Ибн Қутайба асаридан бир мисол келтирамиз. Ҳасан ҳақида одатда унчалик яхши фикр билдирмайдиган Ибн Қутайба ўз асарининг “Мушоҳада ва ақлий далил билан рад этилган ҳадис” номли бобида, саҳобалар орасида "ёлғончи" дея тамғаланган Абу Ҳурайра ривояти бир ҳадисни қанчалик истеҳзо билан инкор этгани ҳақида ёзади ва бу борада Ҳасанни қўллайди.

“Абу Ҳурайрадан бир ривоятга кўра, Пайғамбаримиз демишларки, Қуёш ва Ой қиёмат куни икки ҳўкиз шаклида жаҳаннамга отилади, улар у ерда йиғлайди”. Абу Салама ибн Абдурраҳмон бу ҳадисни Басра масжидида Абу Ҳурайрадан нақлан ривоят этганида, Ҳасан ал-Басрий шундай деди: "Шундайми?! Хўш, қайси гуноҳлари учун жаҳаннамга отиларкин?” (Ибн Қутайба, Таъвилу Муҳталифил-Ҳадис, 252-253).

Ато ибн Абу Рабоҳ (ваф. 115/733):

Бу ҳам Маволийнинг монументал исмларидан бири. Ҳам қўли ҳам оёғи мажруҳ эди. Кекса ёшларида кўзи ҳам ожиз бўлиб қолган. Макканинг араб мустакбир зодагонлари уни қаттиқ хорлаганлар, лекин илмидан фойдаланишни ҳеч қачон канда қилишмаган.

Қаттиқ хорлашларига сабаб, унинг Маволий бўлгани ва раъй билан ҳукм қилгани эди. Бошқача айтганда, ҳам ақлчи эди, ҳам Уммавийга феълан қарши чиққанлардан эди. У даврда хорланиш, қийноққа солиниш, зиндиқ ёки кофир деб эълон қилиниш, ҳатто ўлдирилиш учун бошқа сабабга эҳтиёж бормиди? Араблар унинг қийматини ўлимидан кейин англай бошлайдиларки бир куни оломондан: “Ато ҳақида нима дейсиз?” деб сўралганда, улар дейдиларки: "У худди соғлик каби, уни йўқотмагунча қийматини билолмадик" (Ибн Абди Раббиҳ, ал-Иқдуъл-Фарид, 3/169)

Уммавийларга қарши, Абдуллоҳ ибн Зубайр ёнида бирга жанг қилган ва бу жангларнинг бирида бир қўлидан айрилган.

Ҳаммод ибн Абу Сулаймон (ваф. 120/737):

Имом Аъзамнинг энг катта устози бўлган ва Муржия мазҳабидан ҳисобланган Ҳаммод ибн Абу Сулаймон ҳам Маволийдан эди. Бу олим ҳақида маълумотлар "Имом Аъзамнинг устозлари" сарлавҳаси остида берилган.

Ироқ фиқҳида маволий устунлиги у билан бошланган. Яна маволийдан бўлган икки буюк фақиҳ Ҳакам ибн Утайба (ваф. 113/731) ва Ҳабиб ибн Абу Собит (ваф. 119/737) ҳам унинг ёнида саналиши керак.

Эпилепсия хасталиги билан оғриган Ҳаммод сўнгги кунларида кўзлари кўрмай қолади.

Араб аслли илм аҳли, Маволийга доим ҳақорат кўзи билан қараган. Улардан бири Зуҳрий (ваф. 124/741) Маволийни ёмонлаш учун шундай дея оларди:

Насронийларга мана шу маволий болаларидан кўра кўпроқ ўхшаганларни учратмадим” (Ибн Абдилбарр, Баёнул-Илм, 1098)

Шунингдек, Маволийнинг турли соҳалардаги энг улуғ сиймолардан қуйидаги ўлмас исмларни ҳам эслаб ўтишимиз мумкин: Мужоҳид бин Жабр ( 103/721), Товус бин Кайсон (ваф. 106/724), Икрима (ваф. 107/725), Маймун ибн Миҳрон (ваф. 117/734), Амр бин Динор (ваф. 126/743), Восил бин Ато (ваф. 132/149). ), Абу Муслим ал-Хуросоний (ваф. 138/755), Сибавайҳ (ваф. 180/796), Маъмар бин ал-Мусанно (ваф. 210/825).

МАВОЛИЙ ЁКИ ЯРАТУВЧИ ИЗТИРОБ ҲАҚИҚАТИГА БОҒЛИҚ БАЪЗИ МУЛОҲАЗАЛАР

Маволий, куч-қудрат ярата олмади, лекин ҳужжат яратди. Шу боис улар замонларни ошиб, доим барҳаёт бўлиб қоладилар. Уммавийлар эса фақат қудрат ярата оладиган гуруҳ эди, шу боис улар йўқ бўлиб кетишди. Шу ўринда, Ницше томонидан айтилган ва оломон томонидан асло сезилмайдиган мавжудликнинг ушбу ҳақиқати ишлайди:

"Шуни билдимки, одамларга яхшилик келиши учун уларга ёмонлик келиши керак".

Инсоният, яҳудий қавмига ёмонлик қилиш орқали аслида яхшилик қилди. Уларни изтироб тегирмонида янчийвериб, оқибатда инсониятнинг барча соҳаларидаги даҳоларини очиб берадиган даражага етказди.

Бу шундай даражаки, у ақл тушунтира оладиган барча қарама-қаршиликларни ўз ичига сиғдира олади, ва энг тескари қутбларнинг энг юқори қадриятларини қучоғида таший олади. Бир қарасангиз, олтмиш йиллик давр ичида, атеист материализмининг отаси Маркс ҳам улардан чиқади, руҳчиликнинг фалсафадаги отаси ҳисобланган Бергсон ҳам улардан чиқади. Бугун дунё супер кучларини, демакки бутун дунёни 20 миллион атрофидаги яҳудий қавми бошқармоқда. Нега ва қандай қилиб? Бунинг жавоби аниқ:

Яҳудий қавми, қарийб тўрт минг йилдир изтироб чекади. Бугун келгани ўринга ана шу изтироб орқали келди; оёқни узатиб ётиш орқали эмас.

Ислом дунёсига келсак, 23 йиллик Асри-саодат билан Маволий гуруҳининг юз йилдан ортиқ яратувчилик даврини, ва яна Турк Озодлик ва Маърифат урушининг қарийб ўн йиллик даврини истисно қилсак, Ислом тарихида яратувчи изтиробнинг самара бергани бошқа деярли ҳеч қандай давр йўқ.

Урушлар ва тўнтаришларнинг борлиги ва кўплиги бу айтганимизни ёлғонга чиқара олмайди. Бу уруш ва тўнтаришларнинг аксарияти яратувчи изтиробга алоқаси йўқ ер талаш, босқин ёки истило урушларидир. Энг яхши эҳтимол билан, оддий мудофаа урушлари холос.

Бундай талаш ва урушлар яратувчи изтироб дегани эмас. Булар “Бугун бизга, эртага сизга” туридан бўлган, келиб-кетадиган ғавғо ва бўғишмалар бўлиб, ҳаммасининг тамалида бир-бирининг имкон ва ресурсларини тортиб олиш ва эгаллаш нияти ва ғайрати ётади.

Яратувчи изтироб – мустазъафнинг чеккан изтиробидир. Урушди дегани, мустазъаф бўлди дегани эмас. Бир қавм ёки гуруҳ урушсиз ҳам мустазъаф бўлиши мумкин. Бунинг ҳақиқати шуки, эзилиб, хорланган пайтда, инсоннинг чеккан изтироби ва дарди инсоннинг ички дунёсида яратувчи қувватга айланиши ва вақти келиб барча қайдларни, барча тўсиқларни йиқитиб, инсоннинг ва оламнинг орзусидаги билим ва ҳикмат фатҳларини рўёбга чиқаришидир.

Яратувчи Қудрат, бу фатҳларни қилич ва найзани яхши ишлатиш билан эмас, балки яратувчи изтироб чекиш билан боғлаган. Тупроқ ишғол этишни ҳамма нарса деб ўйлаганлар, кун келиб ҳақиқий фатҳ бу яратувчи изтироб етказган фатҳ эканини англаб етмоқда, аммо у кунда, “ҳақиқий фатҳ”нинг асирига айланиб қолишдан қочиб қутула олмайдилар. Бу ерда гап, қилич ва найза орқали эришилган куч-қудрат билан яратувчи изтироб орқали эришилган ҳужжат (илм ва тафаккурдаги устунлик) орасидаги қиёс ҳақида.

Ҳужжат ва Қудрат ўртасида шундай боғлиқлик мавжуд: Ҳар бир ҳужжат айни пайтда бир қудратдир, аммо ҳар бир қудрат айни пайтда ҳужжат эмас. Бугунги араб-ислом дунёси, ҳеч қандай яратувчилик талаб этмайдиган, нефть пулларига асосланган қудратга эга, аммо унинг фойдалангани барча қиймат ва қадриятлар ҳужжатга эга бўлганлар томонидан яратилган қадриятлар бўлгани боис, нефть яратган қудрат, ҳужжат яратган қудрат қаршисида доим мағлуб бўлиб келмоқда.

МАВОЛИЙНИНГ ЎЛИМСИЗЛИК СИРИ: ҲУЖЖАТ ЯРАТИШ

"Мен куч билан ғолиб бўлишдан кўра ҳужжат билан ғолиб бўлишни афзал кўраман. Куч билан ғолиб бўлиш бу вақтинча ғолиблик, ҳужжат билан ғолиб бўлишнинг эса заволи йўқ". (Халифа Маъмун)

Ҳужжат, калима маъноси билан "далил" дегани. Қуръон тилининг тенгсиз устаси Роғиб ал-Исфаҳоний (ваф. 502/1108), Ҳужжат калимаси бўйича, илоҳий китобдаги маъносини очиқлар экан, ўзининг ўлмас асари "ал-Муфрадот"да шундай дейди:

Қуръонда, турли шакллари билан 20 дан ортиқ ўринда зикр қилинган "Ҳужжат, тортишилган ёки мақсад қилинган нарсани очиқ ўртага қўйган гувоҳ, далил ва исбот демакдир".

Қуръон ўз мансубларига шундай буюради:

“Токи одамларда сизнинг зарарингизга ҳужжат бўлмасин, улар орасида зулм/ноҳақлик қилганлар мустасно” (Бақара:150, Яна қаранг: Нисо:165).

Қуръон эътибор қаратган нозик жиҳати шундаки: Агар сиз ҳужжат билан ғолиб келсангиз, сизни фақат зулм билангина овозингизни ўчиришга уринишади. Аммо бу йўл вақтинча ва алдамчи йўлдир. Узоқ муддатда ким ҳужжатга эга бўлса, ўша ғолиб бўлади. Ўлмас устунлик ҳужжат устунлигидир. Шунинг учун, инсон учун муҳим бўлган нарса, ҳужжат билан мағлуб бўлмаслик. Куч қаршисида мағлуб бўлиш, инсонни тубан қилмайди.

Сарлавҳа остидаги иқтибоснинг эгаси ва Аббосийларнинг энг кўзга кўринган халифаси Маъмун (ваф. 218/833), таъбир жоиз бўлса, "қисман Маволий" эди. У араб аслли бўлмаган бир жория онанинг ўғли эди. Гарчи у Ҳорун-ар-Рашиддек қудратли ва ҳурматли халифанинг ўғли бўлса-да, онаси араб аслли бўлмагани боис, ҳукмрон арабчилик доим уни хорлар эди ва бу хорлаш таъсирида отасидан кейин валиаҳдлик, унинг акаси Аминдан кейинга қолдирилган эди.

Амин (ваф. 198/813) ота ва она тарафидан араб аслли эди. Бу жиҳатдан кучи бор эди. Аммо ҳужжати ноль эди. Илмсиз, ирфонсиз ва қобилиятсиз эди. Маъмундан олдин тўрт йил мобайнида эгаллаб тургани халифалик мақомини ҳаққини бера олмагани учун, ҳам ўзини, ҳам Аббосийлар давлатини шарманда қилган эди.

Ундан кейин халифа бўлган Маъмун, давлатнинг қудрати ва иҳтишомини чўққиларга чиқариб, Ислом тарихида, ўхшаши камдан-кам учрайдиган шарафли давр қолдирди. Чунки Маъмун қудрат билан эмас, ҳужжат билан танланган халифа эди. Яъни у, ҳам подшоҳ ҳам файласуф ёки файласуф подшоҳ эди.

Маъмун тафаккур тарихига “Байтул-ҳикмат” (донолик-фалсафа маркази) деб аталмиш баракотли тафаккур муассасасини ҳадя этган ва бу йўлда юзлаб мутафаккирларга йўл очган зотдир. Қадимги юнон матнларини араб тилига таржима қилишда етакчилик қилган ҳам удир. Бунинг яна бир маъноси шуки, Ғарб Уйғониш даврининг (Ренессансининг) уруғларини эккан буюк руҳлардан бири Маъмундир.

Маъмун ислом тарихининг ёруғ юзларидан биридир. Дин тужжори қора мутаассиб уни ёмон кўради. Чунки Маъмун, ақлга дўстдир, қора мутаассиб эса, энг аввало, ақлга душман бўлади. Маъмун, инсон потенциалининг энг юқори чегарасига етишганлардан биридир.

Аммо унинг энг афзал кўргани, илм-нур-тафаккур ва инсоний меҳр чўққисига интилишдир. Подшоҳ Маъмун олдинга файласуф Маъмунни чиқаради, ва бизга ушбу муҳим сабоқни беради: модданинг кучи ва қудратини эмас, илм ва нурнинг ҳужжат кучини танланг, унга ишонинг, у билан улуғ бўлинг. Чунки асло заволи бўлмаган, ўлимсиз бўлган ана шудир.

Ўлимсиз бўлган куч-қудрат эмас, балки ҳужжатдир.

Келинг, шу ўринда, инсониятга Қуръон ваҳйининг энг ёрқин чақириқларидан бирини эълон қилайлик:

Қуръон, қандай ном, ранг ёки шаклда бўлишидан қатъи назар, Аллоҳга иймон келтирганлар орасида Аллоҳни ўзаро ҳужжат сифатида ишлатишни таъқиқлаган. (Шўро, 15-16) Бир киши Аллоҳга иймон келтирган бўлса, унинг овозини ўчириш учун Аллоҳни ҳужжат сифатида ишлата олмайсиз.

Ҳужжатга қарши куч ишлатишнинг рамзи, Иброҳим алайҳиссаломнинг нурини нор билан (оташ билан) ўчирмоқчи бўлган Намруддир. (Бақара:258) Намруд ҳужжатни қудрат билан бўғишга уринар экан, ота-боболарининг динлаштирилган эътиқодидан куч ва ёрдам олаётган эди. (Анъом:80-83).

Қуръондан шуни ўрганамизки, Аллоҳ доим ҳужжат ишлатади. Яъни, билим, тафаккур ва ҳикмат билан бирга келадиган куч-қудратни:

“Айт: “Энг устун ҳужжат/далил ёлғиз Аллоҳнинг". (Анъом:149).

"Худо доим геометрия ишлатади", деган эди Платон. Бунинг маъноси шуки, Худо асло тасодифий, номувофиқ иш қилмайди. Платон ҳақиқатни жуда ўрнида қамрай олганди. Чунки Аллоҳ доим геометрия ишлатади: “Энг устун ҳужжат/далил ёлғиз Аллоҳнингдир”.

Ҳужжатнинг негизида билим-ҳикмат бор. Шунинг учун ҳам, ҳужжатга айлана олмаган куч-қудратлар охири ботишга маҳкумдир. Олти асрлик Усмонли империяси охири ботмадими? Ботди, чунки у ботиш босқичига кирганида, унинг негизида куч-қудрат бор эди, ҳужжат эмас. Ҳужжат унинг қўлидан чиқиб, буғдан саноат яратганларнинг қўлига ўтган эди. Усмонли эса салла, соқол, қайси тариқат тангаси жаннат белгиси (!) каби тортишувлар билан банд эди. Яъни абас ва ботил билан банд эди. Беҳуда иш билан машғул бўлганлар юртига ҳужжат оёқ босмайди. Чунки бундай юртларга ифлослик тўлган бўлади. Қуръонда айтилмаганми: "Ақл ишлатмаганларга эса рижс/шубҳа ташлайди". (Юнус:100).

Усмонли ўрнини эгаллаган Жумҳуриятга асос солган меъморнинг таянгани куч эмас, балки ҳужжат эди. Аввало, Озодлик уруши бир ҳужжатдир. Бу урушда, куч-қудрат билан эмас, балки ҳужжат билан ғалаба қозонилди. Мазлумлик, иймон ва изтироб энг катта ҳужжатлардир. Исроил ўғилларини бугунги "енгилмаслик" даражасига олиб келган, уларни қарийб тўрт минг йил давомида чекан изтироб бўлди. Деярли ҳар бир соҳада ҳужжпт эгаси ҳолига келиши ана ўша изтироб туфайлидир.

Изтироб шунчаки ҳужжат эмас, ҳужжат яратувчи ҳужжатдир.

Шу ҳақиқатни эсдан чиқармаслик керак: Бир диннинг мансублари, айниқса, унинг ҳимоячилари ҳужжат ўрнига қудратга (айниқса, шиддат ва зўравонликка) бош ура бошлаган бўлса, бу ўша диннинг инсоният саҳнасидаги ўрни ва таъсири зилзилага учради деганидир. Динлар тарихида диндорларнинг мазлум бўлган даврлари, доимо юксалиш ва олий бўлиш даврларидир. Мазлум, қудратдан эмас, ҳужжатдан паноҳ излаган инсондир. Шиддат ва даҳшатга бел боғлаганлар фақат инсониятнинг нафратига дучор бўлади. Исломни инсоният саҳнасидан қувиб чиқаришни мақсад қилганларнинг нияти ҳам мана шудир.

Қуръон ўргатган жиҳод - бу бир ҳужжат урушидир, қудрат уруши эмас. Уммавий салтанат динчилиги, жиҳодни ҳужжат уруши бўлишдан чиқариб, қудрат урушига айлантирди. Кейин бир вақт келди, ҳужжатни муқаддам қилганлар, куч-қудрат жиҳоди билан керилганларни ер билан яксон этди. Бу ер билан яксон бўлиш ҳозир ҳам давом этмоқда. Чунки мусулмонларнинг қўлида ҳали ҳужжат устунлиги йўқ. Нефть ва шиддат ҳужжат устунлиги эмас.

Пайғамбарларнинг ҳужжатлари негизида, Қуръоннинг очиқ баёнига кўра, "илм" бор. Энди, бетакрор ҳикмат ва ибратларга тўла ушбу манзарага қаранг: Қуръонда, пайғамбарлар ўз душманлари бўлмиш бутпараст анъаначиларга қарата шундай дейишади:

"Агар ростгўй бўлсангиз, аниқ илм-ла хабар беринг менга". (Анъом:143, Аҳқоф:4)

Пайғамбарларга қарши чиққан бутпарастлар эса шундай дейди:

«Агар ростгўй бўлсангиз, ота-боболаримизни келтиринг». (Духон:36).

Ва Қуръон бу куч-қудрати билан керилганларнинг асл моҳиятини очиб беради:

"Уларнинг топган ягона ҳужжати мана шу гап бўлди: “Агар ростгўй бўлсангиз, ота-боболаримизни келтиринг-чи!” (Жосия:25)

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръонга кўра, тўғри ва ҳақ бўлишнинг ягона ҳужжати, билим ва тафаккурдан иборат далил. Қуръон бунга ҳужжат ёки бурҳон дейилади. Бурҳонга қарши турган нарсага эса Бўҳтон дейди.

Малаклар имтиҳонида уларни Одамдан ортда қолдирган қиймати ҳам айнан илм, яъни бурҳон экани айтилган. Инсонга берилган бурҳонга қарши шайтонда бўҳтон бор эди. Яъни ёлғон ва туҳмат (Бақара:31-34). Ажиб тарафи шундаки, Қуръон ҳатто илм ва тафаккурдан устун бўлган ваҳйни ҳам, инсоният оламига нозил бўлган ондан эътиборан "илм" деб атайди. (Бақара:145).