June 13

ИМОМ АЪЗАМ / САЛТАНАТ ДИНЧИЛИГИ

УММАВИЙ ЯРАТГАН ЁВУЗЛИК: САЛТАНАТ ДИНЧИЛИГИ

"Муҳаммаднинг меросини биздан бошқалар емоқда". (Ҳазрати Али)

Араб-Уммавий хонадонининг динга ва инсониятга қилган ёмонлиги фақатгина Исломни араблаштириб, саҳобаларга зулм қилгани эмас; айни пайтда, улар динни салтанат воситаси ҳолига келтириш учун уни араб сиёсий мафкурасига айлантириши эди.

Қуръон келтирган дин инсон учундир, инсонни Аллоҳга яқинлаштиришга, қалби ва ахлоқий қадриятларини такомиллаштиришга йўналган. Уммавийларнинг Ислом номи остида ўрнатган дини эса инсонга қарши бир диндир, арабпараст давлатларнинг салтанатларини дахлсиз қилишга йўналган, дин ниқобли сиёсий мафкурадир.

Уммавийлар бу мафкурани ярата олиш учун ҳеч нарсадан тап тортмадилар. Виждон, иймон, инсонийлик, раҳм-шафқат, ҳақ-ҳуқуқ каби қадриятларни тамоман йўқ санаш орқали... Эгаллаб олган динининг пайғамбари оиласини заҳарлаб ёки қиличдан ўтказиш орқали...

Ҳақиқат шуки, Уммавий араби Исломнинг иймон нуқтаи назаридан энг катта душмани саналиши мумкин бўлган ғайримуслим гуруҳ ва зеҳният ҳам бу диннинг пайғамбари ва бу диннинг мансубларига қилмаган ва қила олмайдиган ёмонликларни қилди. Уммавий, бу ҳолати билан, инсоният ва динлар тарихида мисли кўрилмаган зулм ва ёвузликларнинг тамсилчисидир. Дин орқали салтанат ва даромад орттиришнинг прототипи, меъмори ва амалга ошириб берган бошловчиси Уммавий бўлади. Бу далиллар бизни яна бир ҳақиқатга етаклайди:

Барча замонларда ҳам, бугунги кунда ҳам дин устидан сиёсий мақсадларга интилиш савиясига тушадиган ҳар қандай гуруҳ ва зеҳният автоматик равишда Уммавийчи бўлишга, Уммавий динчиси бўлишга, ва Уммавий томонидан яратилган салтанат исломига ён босишга ва уни ҳимоя қилишга мажбурдир.

Уммавийга тақлид қилмасдан, ҳеч ким салтанат динчилиги қила олмайди, дин орқали сиёсат юрита олмайди.

Шунинг учун ҳам, бугун Яқин Шарқда, жумладан Туркияда ҳам, дин орқали сиёсат юритганларнинг ҳаммаси айни пайтда Уммавий Исломини дин сифатида қабул қилганлардир. Ҳатто асрлар давомида Уммавий динига қарши курашгани айтиладиган шиа жамоати ҳам, динни сиёсий мафкурага айлантириб, ундан салтанат қуроли сифатида фойдаланишга киришиши билан, Аҳли Байт Исломи бўлишни тўхтатиб, Уммавий Исломига айланган.

“Салтанат динчилиги, яъни дин орқали сиёсий мақсадларга эришамиз, айни пайтда Уммавий динига қарши турамиз”, дея олмайди. Бундай иддао барча ҳақиқатларга зид; Бу ашёнинг аслига, табиатига зид.

САҲОБА ВА ТОБЕЪИН НАСЛИГА ЗУЛМ

"Пайғамбаридан кейин ихтилоф қилган қавмда ботил тараф ҳақ тараф устидан доимо ғолиб бўлади". (Oмир ибн Шароҳил)

Уммавийлар пайғамбарнинг набираларини қандай қилиб йўқ қилганлари тарихнинг қаҳр ва изтироб билан ёд этадиган ҳақиқатларидан биридир. Ҳазрати Ҳасан аёли тарафидан, Муовиянинг ишга солиши орқали заҳарлаб ўлдирилди. Ҳазрати Ҳусайн эса, биринчи бўлимда кўрсатганимиздек, Муовиянинг ўғли Язидга байъат бермагани учун барча оила аъзолари билан бирга қиличдан ўтказилиб, бошлари кесилди; унинг кесилган боши шаҳарма-шаҳарга айлантирилди.

Пайғамбар аҳли байтига нисбатан Уммавийларнинг нафрат ва адовати тарихда мисли кўрилмаган даражада қутургандир. Ҳазрати Алининг набираларидан Зайд ибн Али (вафоти 122/739) имоми Аъзам томонидан қўллаб-қувватланган қўзғолондан сўнг Уммавийларга қарши жанг қилаётиб, малъун хонадоннинг лашкари уруш нашидаси сифатида Ислом пайғамбарининг қизи Ҳазрати Фотимани сўкиб ҳақорат қилишларди. Расулуллоҳ: “У менинг бир парчамдир, ким унга озор берса, менга озор берган бўлади” деган Ҳазрати Фотимани.

Зайд ибн Али мағлубиятга учради ва шаҳид бўлди. Ўғли Яҳё отасининг жасадини ҳеч ким кўрмайдиган жойга дафн этиб, дарахт шохлари билан беркитиб қўйди. Аммо Уммавийлар қабрни топиб, Имом Зайднинг жасадини чиқариб, шаҳиднинг жасадига худди жоҳилият давридаги мушрик аждодлари Уҳудда Ҳазрати Ҳамзага қилгани каби мусла қилишди. Яъни, унинг кўзлари, қулоқлари, бурни, лабларини бирма-бир кесиб олишди. Кейин эса, аъзолари кесилган яланғоч жасадни, Уммавий халифаси Ҳишом ибн Абдулмалик ибн Марвоннинг буйруғи билан олиб бориб Куфада осдилар.

Халифага бу камлик қилди; Имом Зайднинг барча аъзолари кесиб олинган жасадини ўтда ёндириб, кулини шамолга совуришни буюрди. Зайддан кейин унинг ўғли Яҳё ҳам қатл этилди.

Уммавийнинг Муҳаммад пайғамбар аҳли байтига нисбатан нафрат ва адовати мана шундай нарса.

Кейинчалик Аббосийлар ҳокимиятга келади, худди шундай ишларни Уммавийларнинг ўзига қарши қилади. Уларнинг қабрларидан топа олган суякларини бирма-бир чиқариб, ёқиб юборадилар. (Абу Заҳра, Имом Зайд, 63-65).

Шу ўринда марҳум Абу Заҳра қайд этган бир сабоқни эслатиб ўтмоқчимиз. Уҳудда ҳазрат Ҳамзага мусла қилинганини айтган эдик. Бу муслани буюртма берган Уммавийлар салтанатининг қурувчиси ва Аҳли Байтга душманлик рамзи Муовиянинг шафқатсиз онаси Ҳинд эди.

Табаррук шаҳиднинг жигарини суғуриб олиб, оғзига солиб, чайнаб, Ҳамзанинг кесилган аъзоларидан ясаган маржонни Маккага олиб бориб, бутпараст тарафдорларига ҳадя қилганди. Ҳазрати Али ва Ҳазрати Ойша, шунинг учун ҳам, Муовияни “Жигар чайнар хотиннинг боласи” деб аташарди.

Ҳамзага қилинган ваҳший мусладан сўнг, Расулуллоҳ жанговар амакилари ҳақида шундай деганлар: “Шаҳидларнинг саййиди Ҳамза ҳамда золим султонлар қаршисида ҳақни сўзлагани учун шаҳид бўлганлардир”. (Абу Заҳра, Имом Зайд, 66). Пайғамбарнинг бу сўзлари Имом Зайд учун чинакам мўъжизавий хабардир. Чунки у золим Уммавий султонига қаршисида ҳақни ҳимоя қилиб шаҳид бўлди ва худди Ҳазрати Ҳамза каби шаҳид жасади хорланди.

Келинг, виждон қулоқларингизга шуни ҳам етказайлик:

Шаҳидлар саййиди Ҳазрати Ҳамза ва унинг Уҳуддаги шаҳид сафдошлари дафн этилган “Уҳуд шаҳидлари қабристони” Муовия тарафидан "Мадинага сув олиб келамиз" деган баҳона билан текисланади. Сув канали айнан Ҳазрати Ҳамза ётган жойдан ўтади.

Бошқа яна бир ибрат мисоли:

Имоми Аъзамга душманлиги билан ажралиб турадиган машҳур муҳаддис Бухорий ўз китобида алоҳида боб очиб, уни “Муовиянинг фазилатлари ҳақида” дея номлаган, аммо Ҳазрати Ҳамзанинг фазилати учун бирорта боб айирмаган. Ўша улуғ “Шаҳидлар саййиди” фақат ҳадис манбаларидаги “жаноза” мавзуларидан бошқа бирор бобда зикр қилинмайди.

Бизга қонли азоб-уқубат манзараларни кўрсатгандан кейин, Абу Заҳро ушбу ажойиб мушоҳадасини тарихнинг ҳамда бизнинг қаршимизга қўяди:

“Бу масалаларда мана шу ҳақиқатни билишинг кифоя: “Ҳазрати Ҳусайн Суфёний давлати қўлидан, набираси Имом Зайд эса Марвоний давлати қўлидан шаҳид этилди”.

Қотил халифаларнинг иккаласи ҳам Уммавий наслидан бўлиб, иккаласи ҳам Қуръонни нозил қилган Қудрат томонидан лаънатланган. Қуръон бу наслни "Шажараи-Малъуна” деб атайди:

“Сенга кўрсатганимиз рўъё ҳам, Қуръонда лаънатланган шажара/дарахт ҳам фақатгина одамлар учун фитна-синов учун эди. Биз уларга қўрқитувчи оятлар нозил қиламиз, аммо бу уларнинг Туғёнини баттар орттиради” (Исро:60).

Абу Заҳро таъкидлаган бир фикрни ҳам таъкидлайлик:

Уммавий Ҳишомнинг Имом Зайдга душманлигига сабаблардан бири шуки: Имом Зайд ақлчиликнинг тарихий мактаби бўлмиш муътазила мазҳабини ҳурмат қилган ва унинг ақлчи ғояларини қўллар эди.

Қўлингиздаги асар тарих китоби эмас; Имоми Аъзам ҳақида ҳикоя қилувчи монографик асардир. Шу билан бирга, асосий асарини ўз қони билан ёзган Имоми Аъзамни ҳаққоний танилиши учун унинг ҳаёти ва шахсияти билан бевосита боғлиқ бўлган баъзи нуқталарда тарихчи сингари иш тутдик.

Шу боис ҳам, Уммавийлар тарафидан саҳоба авлоди бўлмиш минглаб инсонларни ваҳшиёна ўлдирилиши фактларидан бири, ҲАРРА воқеасига тўхталамиз. Аммо бундан олдин, Уммавийлар зулмига учраган баъзи таниқли саҳобаларнинг чеккан азоби ва қийноқларига бир мисол келтириб ўтмоқчимиз.

Ҳужр ибн Адий (вафоти 51/671) ва унинг ўғиллари Убайдуллоҳ ва Абдураҳмоннинг қатли:

Саодат асрининг энг кўзга кўринган сиймоларидан бири ва Уммавий қотилликларининг илк қурбони бўлмиш Ҳужр ибн Адий обрў-эътибори ва қилган солиҳ амаллари туфайли "Ҳужр ал-Ҳайр" (Хайрли Хужр ёки Яхшиликлар Ҳужри) тахаллусини олганди.

Ўзининг ҳалоллиги ва зулмга қарши муросасиз кураши билан машҳур. Ҳазрати Абу Бакр ва Ҳазрати Умар давридаги деярли барча фатҳларда қатнашган. У ҳижрий 16-йилда Жалула жангида қўшиннинг ўнг қанотига (Балоазурий, Футух аль-Булдон, 161), Наҳравон жангида қўшиннинг чап қанотига қўмондонлик қилган. (Ибнул-Асир, Усдул-Ғоба, 1/461)

У Жамал ва Сиффинда Ҳазрати Алининг қўмондонларидан бири сифатида жанг қилган. Сиффиндан кейин Али уни тўрт минг кишилик қўшин билан биргаликда Даҳҳаб ибн Қайсни таъқиб этиш учун юборди.

Ҳазрати Али шаҳид бўлгандан кейин, Куфада қўним топган Ҳужр ҳам Уммавийлар қарши курашини, худди Имоми Аъзам каби, ёмонликка қарши уни фош ва танқид қилиш орқали давом эттирди. Унинг илк танқиди Уммавий волийси Муғийра ибн Шуъбанинг минбарларда Ҳазрати Алини лаънатлашига қарши бўлган. Муғийрадан кейин волий қилиб тайинланган Зиёд ибн Абийҳ (отасининг ўғли, ҳароми Зиёд) Ҳужр билан келишиб, овозини ўчирмоқчи бўлса-да, уддасидан чиқа олмади.

Шундан сўнг, Муовия Зиёдга буюрди: Ҳужр ва унинг дўстларини қўлга олиб, Сурияга юбор. Ҳужр ва унинг ўнга яқин дўстлари қўлга олиниб, Сурияга юборилди ва у Ҳужрнинг ўзи фатҳ қилган Дамашқ яқинидаги Маржи Азро деган жойда зиндонга ташланади.

Ҳужр ва унинг дўстларига Муовия, Алини лаънатлаш шарти билан қўйиб юборишни ваъда қилса ҳам, улар рад этдилар.

Уларнинг ҳаммаси қатл этилди. Ҳазрати Оиша Ҳужрга тегмасликни талаб қилиб, Муовияга мактуб йўллаган бўлса ҳам, Абдураҳмон ибн Ҳорис бу мактубни Уммавий золимга етказганида, Ҳужр ўлдирилган эди. Ҳужр ўлдирилишидан олдин унинг занжирларини ечишга қарши бўлди ва бу занжирлари билан бирга ва қони ювилмасдан дафн этилишини васият қилди. Бунинг сабаби сифатида деди: “Мен Муовия билан Аллоҳнинг ҳузурида мана шу ҳолимда ҳисоблашаман". (Ибнул-Асир, юқоридаги асар, 462).

Ҳужрнинг ўлдирилиши ҳатто Уммавий золимларини ҳам қайғуга солди.

Дарҳақиқат, Хуросоннинг Уммавий ҳокими Рабиъ ибн Зиёд Ҳужрнинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитгач, шундай дуо қилгани, сўнг жонини топширгани хабар қилинади:

Аллоҳим! Рабиъ бандангнинг энг оз бўлса-да қадри-қиймати бўлса, унинг жонини ҳозир ва шу ерда ол!

Ҳазрати Умарнинг ўғли Абдуллоҳ бозорда бўлганида, Ҳужрнинг қатли хабарини эшитдилар. Бу хабарни эшитиб, у қаттиқ йиғлаб, тиззаларини ура бошлади (Ибнул-Асир, юқоридаги асар). Афсуски, буларнинг барчаси Уммавийларнинг малъун зулмига тўсқинлик қила олмади ва Ҳужрдан кейин унинг икки ўғли Убайдуллоҳ ва Абдураҳмон ҳам худди оталари каби Алини лаънатламагани учун ўлдирилди.

Уммавий садизми ва унинг тарихга қолдирган лаънатларга тўла сиёсий мероси мана шудир; У тўйиш нима билмасди.

Ибн Саъднинг ёзганларига кўра, Ҳазрати Оиша Мадинага Муовияни зиёрат қилгани келганида, Ҳужр шавқатсизларча ўлдирилганини эслатиб, Муовияга оғир ҳақоратлар ёғдирган. Маълумки, авваллари Муовияни қўллаган Оиша укаси Муҳаммад ибн Абу Бакр ҳам Муовия томонидан ўлдирилган ва ёқиб юборилганидан кейин унга муносабати ўзгарган эди.

Йигирма йиллик узоқ муддат давомида мусулмонлар бошида фитна оташи ёқиб, халифаликни салтанатга айлантирган, Пайғамбар алайҳиссаломнинг оиласи ва асҳобининг қонини ваҳшийларча тўккан бу золимнинг юзига ҳайқирган сўзлари, Мадинада унинг зиёратига келганда айтилди. У Муовияга шундай деди: “Бу ерга уялмай сиқилмай қандай келдинг? Бу ерда сени бировга айтиб ўлдириб юбориш керак эмасмиди?"

Шавқатсиз золимнинг Ҳазрати Оишага берган жавоби шундай бўлди:

“Бу ерда сенга қандай муомала қилишяпти, шундан гапир. Биз билан Ҳошим ўғиллари ўртасидаги ишларни бизга қўйиб бер. Бу масалаларни Аллоҳ ҳузурида ҳам ҳал қиламиз”.

Оиша Муовиянинг зулмини таъкидлаш учун шундай дедилар:

"Ҳужр ибн Адий Дамашқда ўлдирилганда қаерда эдинг? Қандай қилиб, Аллоҳдан қўрқмасдан шундай саҳобани ўлдирдинг?"

Муовия уялмасдан “Ҳужрнинг қатли умматга хайрли бўлди”, деб айта олди. Ўзи содир этган қотилликларни бошқаларга юклаш шайтонлигини бу ерда ҳам ишлатди: “Унинг ўлимида менинг айбим йўқ. Айб унга қарши гувоҳлик берганларда. Улар гувоҳлик беришди, ва ўша гувоҳлик ҳужжатига кўра мен уни ўлдиришга мажбур бўлдим” деди. (Ибн Ҳанбалдан иқтибос, Надвий, Оиша, 158-159)

Муовия ёлғон гапирганди. Ҳазрати Али ва унинг ўғиллари билан яқин дўст бўлган Ҳужрга нисбатан ўта қаттиқ гина-кудурат ва адовати бор эди унда. Бир баҳона билан уни тутиб, ўлдириб, қабрини ўз қўли билан қазиб кўмиб юборган эди. (Ибн Саъд, 6/ 217-220).

Хужр буюк имон ва амал эгаси эди. Имон ва иделлари йўлида ҳатто Ҳазрати Ҳасандек зотни ҳам танқид қила олган эди. Ҳазрати Ҳасан Муовия билан битим тузиб, халифаликни унга топширганида, биринчи бўлиб бунга Ҳужр эътироз билдирди. У Ҳасанга шундай деди: "Сенинг қилган ишинг туфайли биз адолатдан узоқлашиб, зулмга кирдик. Биз ҳақда эдик, уни тарк этдик, ботилни қоралардик, энди эса унга яқинлашдик". (Балозурий, Ансоб, 3/365)

Пайғамбар меросига хиёнат қилган, исломнинг қон томирларини бирин-кетин йўқ қилган бу Уммавий, одамларни қирғин қилган Сиффин жангида улуғ саҳоба Аммор ибн Ясирга ҳам худди шундай ёмонлик қилди. Илк мусулмонлардан бири ва Алининг энг яқин дўстларидан бири Аммор, Муовия аскарлари томонидан ўлдирилганида, золим хизматидаги бир киши йиғлаб:

"Биз ҳалок бўлдик, биз дўзахий бўлдик. Пайғамбаримиз Аммор ҳақида: "Сени бир боғий тоифа қатл этади", деганларини эшитгандим".

Муовия шайтоний тарзда қуйидагича жавоб берди:

“Биз уни қатл этмадик, уни бу урушга ундаган одам қатл этди”. Яъни Али ўлдирди. Муовиянинг бу туҳмати Алига етказилганида, у деди:

“Агар Амморни мен ўлдирган бўлсам, демак Ҳамзани Пайғамбар ўлдирибди. Чунки Ҳамзани Уҳудга мушриклар билан (Муовиянинг отаси ва тарафдорлари билан) урушга жўнатган шахсан Пайғамбар эди” (Диёрбакрий, Тарихул-Ҳамис).

Шунга ўхшаш иблисона тактика, яна бир Уммавий югурдаги Убайдуллоҳ ибн Зиёд Карбало қатлиомидан кейин кўрсатган:

Карбало қирғинидан омон қолганлардан бири ҳали ёш бола бўлган Али ибн Ҳусайн (Али Асғар), қўллари бўйнига боғлаган ҳолда Язиднинг қўмондонларидан бири бўлган Ибн Зиёд ҳузурига келтирилганида, Убайдуллоҳ ибн Зиёд ундан сўради:

"Бобонг Алини Аллоҳ ўлдирди, тўғрими?”
Али Асғар: “Бобомни билмайман, лекин акам Али Акбарни сенинг одамларинг Карбалода ўлдирди”, деб жавоб берди.
Убайдуллоҳ: “Йўқ! Уни ҳам Аллоҳ ўлдирди”, дея бақирди. (Ибн Саъд, 5/212).

Уммавийдаги Нероник ҳийлакорликнинг бундан-да шафқатсиз ифодаси бўлиши мумкин эмас. Оиша бинти Абу Бакр Муовия орқали гўёки барча мусулмон умматига мурожаат қилгандек шундай деганлар:

"Ҳазрати Пайғамбаримиз Мержи Азрода бир қанча одамлар ўлдирилишини ва бу қотиллик Аллоҳ ва само аҳлини ғазаблантиришини айтганлар".

Кумайл ибн Зиёд (ваф. 63/682):

Тобеин даврининг энг катта илм ва ирфон дарғаларидан бири ва Ҳажжож зулмига қарши курашда шаҳид бўлганларнинг биринчиси. Бу зот тасаввуф тарихида ҳам алоҳида ўрин тутади. Ҳажжож уни қўлга олиб, ҳузурига олиб келганида, шундай деб бақирди: "Далиллар сенга қарши. Сен Халифа Усмоннинг ўлдирилишидан ҳам масъулсан".

Кумайл деди:
"Албатта, сенинг далил деганинг менга қарши бўлади, эй Сақифлик ҳариф! Нима демоқчи бўлсанг айтиб қол, тишингни пирпиратиб оч бўридек тиржайма. Нима қилсанг қил, тезроқ Аллоҳнинг ҳузурига кетмоқ истайман. Биламанки, ўлимдан кейин сен билан ҳисоб-китоб қиламиз". Ва Кумайл шаҳид этилди. (Кумайл учун қаранг: Ибн Саъд, 6/179, Ибнул-Асир, ал-Комил, 3/183, 4/ 481-482)

Абдураҳмон ибн Абу Лайло (ваф. 83/702):

Тобиун ўз авлодининг етакчи шахсларидан биридир. Ҳатто саҳобалар ҳам ундан сабоқ олганликлари қабул қилинган. Ҳазрати Алининг энг яқин дўстларидан бириЖамил, Сиффин ва Неҳравон жангларида Али билан бирга эди.

Ҳажжож бу муҳтарам кишини ҳибсга олиб, ҳузурларига олиб келиб, унга: Ҳазрати Алини лаънатлашни буюрди. У буни қилмади. Ҳажжож бу олимни қаттиқ қийноққа солди, аммо барибир натижа бермади. Али тарафдори Абдураҳмон ибн ал-Ашъос билан Ҳажжож ўртасидаги Дужайл жангида Абдураҳмон ниҳоят шаҳид бўлди.

Анас ибн Молик (ваф. 93/711):

Саҳобалар орасидан энг машҳурларидан. Кичик ёшлариданоқ Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломнинг хизматида бўлгани билан ҳам машҳур. Бу жиҳатдан саҳобалар орасида алоҳида ўрин тутади. У Пайғамбарга хизмат қилиш шарафига муяссар бўлганлиги учун саҳобалар вақти-вақти билан у зотдан дуо сўрар эдилар. Мана шу Анас Уммавийлар зулмининг шиддат ва даҳшатини кўрсатишнинг типик намунасидир. Уммавийларнинг Ироқ волийси Ҳажжож бу саҳобаларни шу қадар қийнагандики, ниҳоят Анас шундай дейди: “Агар соҳибим (Муҳаммад алайҳис-салом) мени ўлимни тилашдан қайтармаганида, Аллоҳга илтижо қилиб, жонимни олишини сўраган бўлардим”. Абдулмалик ибн Марвон даврида Ҳижоз волийси бўлган Ҳажжож, Ҳижоз ҳудудини қон билан ботириб, Каъбани вайрон қилганидан сўнг, Ироқ волийлиги билан тақдирланган эди.

Анас бин Молик, Уммавийларга, айниқса, Ҳажжож сиёсатига қарши эди. Ҳажжож уни, ўғлининг айрим хатти-ҳаракатларини баҳона қилиб тутиб, турли қийноқларга солгандан сўнг бўйнини кишанлаб, Басра кўчаларида айлантириб юрди. (Анас ва унинг ҳаёти учун қаранг: Ибн Саъд, 7/17-26, Ибнул-Асир, Усдул-Ғоба, Анас ибн Молик мақоласи). Шу билан, Ҳажжож, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хизмат қилган саҳобага ҳам раҳм қилмаслигини, керак бўлганда турли зулмга ва қийноқларга қўл уриши мумкинлигини кўрсатган эди.

Ҳажжжодаги адоват Пайғамбар алайҳиссаломга ва, айниқса унинг аҳли Байтига бўлган адовати тасаввур қилиб бўлмайдиган даражадаги адоват эди. Алини яхши кўришини билган инсонларни овлаб, қийноққа солиш ёки ўлдириш унинг қутурган эҳтиросларидан бири эди. Манбаларда бу эҳтироснинг жуда драматик мисоллари келтирилган. Мана биттаси:

Саид ибн Мусаййаб (ваф. 94/712):

Бу машҳур зоҳид олим, Уммавий Абдулмалик ибн Марвонга байъат беришга чақирилганида: “Бир ўйлаб кўрай” деганди. Шунда уни қўлга олишди, калтакдан кийимлари йиртилди, ниҳоят занжирбанд қилишди ва кўчаларда айлантириб юритишди. Бу орада уни таниган бир Уммавий аёл бақирди: “Бу нима хорлик, эй Саид?” Саид шундай деди:

“Биз асл хорлик бўлган Абдулмаликка байъат қилишдан қочиб шу ҳолатни танладик” (Саид ибн ал-Мусаййиб учун қаранг: Ибн Саъд, 5/ 119-143, Абу Нуайм, Хилятул-Авлиё, 2/ 161. -175)

Саид ибн Жубайр (ваф. 95/713):

Айниқса, тафсир ва ҳадис илмида машҳур бўлган Саид ибн Жубайр ўзининг эгилмас боши ва шаҳидлиги билан мусулмон насллар қалбида ўрин олган шахслардандир. Уммавийлар зулмига очиқчасига қарши чиқди. Золим Ҳажжожнинг ҳеч қандай маддоҳлик ва обрў-эътибори уни Уммавийлар тарафдори қила олмади.

У Ҳасан Басрийнинг Ҳажжожнинг зулмларига қарши эҳтиёткор тил ишлатишини танқид қилиб, “Аллоҳ Ҳасанга раҳм қилсин, Исломда тақия йўқ”, деганди. (Балозурий, Ансоб, 7/366) ука

Унга қатл қарори берилганида, Ҳажжож унга деди:

“Сени шундай ўлим билан ўлдираманки, ўтмиш ва келажакка ибрат бўласан”.
Саид кулди. Ҳажжож: “Нимага куляпсан?” деб сўради. Саиднинг жавоби шундай бўлди:
"Аллоҳга қарши жасурлигинг ва бунча зулмингга қарамасдан, Аллоҳ сенга ҳалиям имкон бераётганига кулаяпман".

Ва қийноқлар бошланди. Орадан бироз вақт ўтгач, овози зўрға эшитилаётган Саиднинг: “Ўлим вақтим яқинлашиб қолди, икки ракат намоз ўқийман”, дегани эшитилди. Ҳажжож бақирди: “Майли ўқи, лекин мусулмонларнинг қибласига қараб эмас, насронийларнинг қибласига қараб”. Саид кўрсатилган томонга ўгирилди. Ва ушбу оятни ўқиди:

"Машриқу Мағриб Аллоҳники. Қай тарафга юзланманг, Аллоҳнинг юзи ўша ёқда". (Бақара:115).

У қатл этилганда 49 ёшда эди. Унинг боши кесилгандан сўнг, оломондан бўлган талончилар унинг оёқларидаги занжирларни ечиб олмоқчи бўлишди. Занжирларни ечиб ўтирмасдан, оёқларини бирйўла кесиб, занжирларни чиқариб олишди. Саиднинг кесилган бошини чодир устунлари орасига ташлаб қўйилди, итлар талашиб ўйнаб юришди. (Балозурий, Ансоб, 7/365, 370)

Манбалар бизга шундай манзарани чизади: Ҳажжож ўлаётган пайтда жони ҳадеганда чиқарвермади. У хушидан кетиб келарди:

"Саид ибн Жубайр мени ўлишга йўл қўймаяпти-ку. Ёқамдан ушлаб: "Мени қайси ҳақ билан ўлдирдинг?", деб сўраяпти.

Узоқ жон талвасасидан сўнг, жаҳаннамга раво бўлган Ҳажжожни тушда кўришди. У зот: “Мен ўлдирганларимнинг ҳар бири мени бир марта ўлдиради, мен эса яна қайта тириламан, Саид эса етмиш марта қайта ўлдирди мени”, дедилар (Саид учун қаранг: Ибн Саъд, 6/157-265, Балозурий, Ансоб, 7/372, Абу Нуайм, 4/272-273)

Уммавийнинг саҳоба наслига раво кўрган қўрқув ва зулмнинг асосий чизгилари шу. Буни “Арабнинг ғайри-арабга зулми” деб ҳам аташимиз мумкин. Ўша даврнинг машҳур олим зоҳидларидан бўлган Мужоҳид ибн Жабр (ваф. 103/721) шундай дейди: “Арабларни ҳар гал кўрганимда қўрқиб, ваҳшат ва даҳшатга тушаман, уларни яқиндан танийман, биламан, динларидан жуда узоққа тушишди. Намозга турганларида, худди жонсиз жасадга ўхшайдилар" (Мужоҳид ва унинг сўзлари учун қаранг: Абу Нуайм, 3/279-310). Бу "руҳсиз жасадлар" ўша куннинг мусулмонларига ушбу сўзларни айтадиган ҳокимиятнинг бошида эдилар: "Биз олов ичида қолган жамоамиз. Бу оловдан бизни фақат Аллоҳ қутқаради". (Ҳижрий 90-йилда вафот этган Уло ибн Зайёднинг бу сўзи учун қаранг: Абу Нуайм, 2/242-249).

Яна бир мисол. Ҳижрий 11-йилда вафот этган Атийя. Бу илм ва ирфон намояндасини соқолини қириб, халқ олдида айлантириб юришди. Сабаби шу: “Унга Ҳазрати Алини лаънатлаш, ва Уммавийларни мақташ буюрилди. У бундай қилмади” (Ибн Саъд, 6/304).

ДАҲШАТ ҚАТЛИОМИ: ҲАРРА ВОҚЕАСИ

Уммавийлар зулмининг саҳоба наслини қатл этган нероник ҳаракатларидан бири ва эҳтимол энг каттаси, тарихга “Ҳарра воқеаси” номи билан кирган қатлиомдир. Ҳижрий 63 йил (27 Зулҳижжа), милодий 683 йил 27 августда содир бўлган ва Ислом тарихидаги энг ибратли ва даҳшатли воқеалардан бири бўлган “Ҳарра воқеаси” саҳобаларни қатлиом қилиш воқеаси эди. Уммавийлар арабчилигига қарши чиққани учун, Пайғамбар шаҳри Мадинада ўн мингга яқин киши, жумладан, 80 дан ортиқ саҳоба қатл қилинди. Қурайш зодагонларидан ўлдирилган мусулмонлар сони 700 киши эди. Мадиналик ансорлар орасида ўлдирилганлар сони бунданда кўп эди. (Балозурий. Ансоб, 5/ 350-351). Қотиллик мукофоти сифатида “Пайғамбарнинг шаҳри Уммавий қотилларига уч кунга мубоҳ қилинди”. Яъни қотилларга нима хоҳласалар, ҳалол қилинди. Бу рухсатдан кейин 900 га яқин саҳобия аёлга жинсий тажовуз қилинди. Бу тажовуз натижасида туғилган отаси номаълум болаларга исломий манбаларда "Ҳарра фарзандлари" деган ном берилди.

Уйлари талон-тарож қилинган саҳобалардан бири Абу Саид ал-Худрийнинг уйида олиб кетишга арзигулик ҳеч нарса йўқ эди. Шундан сўнг, ўша улуғ саҳобанинг соқолини битта-битта юлдилар... (Ибн Қутайба, ал-Имомат вас-Сиёсат, 1/ 180-190).

Мадина аҳли ҳокимиятнинг зулми ва ахлоқсизлигига қарши чиқиб, Язиднинг халифаликдан (давлат раҳбарлигидан) кетишини талаб қилди. Буни халифаликка қарши ғалаён деб билган Язид, Уммавийларга содиқлиги ва Пайғамбар авлодига нафрати билан ажралиб турадиган Муслим ибн Уқба (ваф. 63/683) бошчилигида катта қўшин тузиб, Мадинага жўнатди. Яна шуни таъкидлашимиз керакки, Язиднинг отаси Муовия (ваф. 60/679) ўғлига ёзган васиятномасида Мадина билан муаммога дуч келганида, Муслим ибн Укбани ҳам жалб қилишни ўргатган. Малъун Язид васиятни бажарди ва мусулмон Мадинага юриш қилди.

Язид қўшинидаги аскарларнинг сони беш мингдан йигирма тўққиз минг орасида ифода қилинади. Саҳоба қотили бўлган қўмондон Муслим билан бирга бўлган беш юз кишилик махсус бўлинма румликлардан танланган эди.

Уларга қарши чиққан Мадина аҳлининг фақат иймони, иродаси ва шаҳидлик истаги бор эди. Улардаги қурол аслаҳа жуда оддий қиличлар, таёқлар эди. Мадина аҳли, Хандақ ғазотида Пайғамбаримиз томонидан шаҳар атрофида қазилган хандақлардан фойдаланишни ўйладилар, аммо бу уларнинг Уммавийлар қўшини томонидан вайрон қилинишига тўсқинлик қила олмади. Ўн мингга яқин одам қатл қилинди. Ҳудайбия ва ҳатто Бадрда Пайғамбар ёнида бирга жанг қилган энг охирги саҳобалар Ҳарра қатлиомида шаҳид бўлгани қайд этилган.

Қатлиом, талон-тарож ва оммавий тажовуздан сўнг халифага (давлат раҳбари) Язидга байъат тикланди. Қатлиом қўмондони Муслим шундай буйруқ берди:

“Байъат шундай бўлади: “Мен Язиднинг қули ва бандаси сифатида байъат бердим”. Баъзилари бунга қарши чиқди: "Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбаримиз суннати билан байъат бераман" деб туриб олдилар. Бундай байъат берганларнинг ҳаммаси қатл қилинди. Муслим ўзи қатл этган саҳобаларининг бошларини ва асир саҳобаларни Язидга юборди. Язид улар қаршисига чиқиб, Бадрда ўлдирилган мушрикларнинг интиқоми Уҳудда олинганини мадҳ этувчи Ибнус-Сибъарийнинг шеърини ўқиди. Бундан сўнг ўзини тутолмаган бир саҳоба бақирди: «Диндан чиқдинг! Кофир бўлдинг!» Язид жавоб берди: "Бу сенинг фикринг. Мен эса умуман бундай ўйламайман".

Мадина зафаридан кейин Муслим дарҳол Маккага юриш қилди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Каъбадан паноҳ топганини баҳона қилиб, Байтуллоҳни оловли отишларга тутди, сўнг уни тамоман ёқиб юборди.

Ҳарра воқеасида Мадинанинг мазлум аҳлига амирлик қилган шахс Абдуллоҳ ибн Ҳанзала эди. Бу Абдуллоҳ ҳижрий 2-йилда Уҳуд жангида шаҳид бўлган ва Пайғамбаримиз “фаришталар ювган шаҳид” деб атаган ўша машҳур Ҳанзаланинг ўғли. Ҳанзаланинг фарзандларини “фаришталар ювган шаҳиднинг фарзандлари” деб аташарди.

Язид энг катта мукофотни мана шу Абдуллоҳни ўлдирган аскарларга берди.

Тарихчи Ибн Саъд (ваф. 230/844) бу аскарларнинг бир муддат сўнгра яна ўша Язид буйруғи билан ўлдирилганини ёзади. Ҳақиқий Уммавий тактикаси мана шунақа: Аввал эҳтибор бўлсин дея мукофот, сўнгра овозини ўчириш учун ўлим…

Ҳарра куни Язид аскарлари талончилик пайтида туғруқдан кейинги аёлнинг уйига кириб, боласини эмизаётган онага: “Уйда нима бор, нима йўқ, ҳаммасини чиқар!” деб бақирдилар. Аёл “ҳеч нарсам йўқ” деб нола қилганида, болани қўлидан ушлаб, деворга уришди.

Гўдакнинг мияси деворларга урилиб ёпишди. Мияси ёрилди, сочилди. Бу бола Мадиналик саҳоба Ибн Абу Кабашанинг фарзанди эди. (Харра воқеаси учун қаранг:

Ибн Саъд, 4/283, 5/65-68, Ибн Қутайба, ал-Имомат вас-Сиёсат, 1/184, ибн Абд раббиҳ, ал-Иқдул-фарид, 4/390)