June 24

ИМОМ АЪЗАМ / Усмон халифалиги

ХАЛИФА УСМОННИНГ УММАВИЙЧИ ИЖРООТЛАРИ ВА УНИНГ АЯНЧЛИ ОҚИБАТЛАРИ

Тарих бўйича халифа Усмон каби бойлик ва мавқеи эгаси бўла туриб, қурбон қилинган давлат арбоблари жуда кам бўлган. Уммавий менталитети бу ерда ҳам тарихдаги энг инсофсиз ва энг шайтоний юзини намоён қилган. Суфён ўғли Муовия тимсолида яна-да яққол намоён бўлган бу сиёсат мантиғи шундай ишлайди: Аввал фалокатга етакла, сўнг уни манипуляция эт. Уммавийлар катталари насаб жиҳатидан ўзларидан бўлган халифа Усмонни нотўғри сиёсий ижроотларга тортиб, хароб этдилар, сўнгра унинг орқасидан салтанатни эгаллаб олишди. Улуғ шоир ва жанговар Абу Туфайл Омир бин Восилий (ваф. 100/718) билан Муовия ўртасидаги қуйидаги суҳбат бу борада улкан сабоқдир:

Муовия: Эй Абу Туфайл, сен Усмоннинг қотиллари орасида бормидинг?
Абу Туфайл: Йўқ, мен улардан эмасман, лекин у ерда бўлиб ҳам, Усмонга ёрдам бера олмадим.
Муовия: Унга ёрдам беришингга нима халал берди?
Абу Туфайл: Ансор ва муҳожирлардан ҳеч ким унга ёрдам бермади.
Муовия: Лекин бериши керак эди. Бу Усмоннинг ҳаққи эди.
Абу Туфайл: Хўп, сен нега унга ёрдам бермадинг унда? Кимсан Дамашқ халқи ва қўшини сенинг ёнингда эди?!

Муовиянинг бу саволга жавоби неронча, қўрқоқ сиёсатнинг таърифи каби. У Абу Туфайлга шундай деди: "Унинг қасоси ортидан қувишим - унга катта ёрдамим".

Бундай шайтоний жавобдан Абу Туфайл кулиб деди: “Усмон билан сенинг аҳволинг шоирнинг шу сўзидек:

“Тиригимда бермагандинг дардимга бирор даво Ўлсам ҳаргиз айтма менга кераксиз ҳамду-сано”.
(Зубайр ибн Баккор, ал-Муваффақиёт, 139).

Усмоннинг Уммавийлар истилосига йўл очган ижроотлари шулар:

Она бир укаси Валид ибн Уқбани, кейинроқ яна бир бошқа қариндоши Саид ибн ал-Осни Куфага, тоғаваччаси Абдуллоҳ ибн Омирни эса Басрага волий қилиб тайинлади.

Куфага волий этиб тайинланган Валиднинг отаси Уқба ибн Абу Муъайт Бадр жангидан кейин Муҳаммад пайғамбар томонидан ўлдирилган ашаддий ислом душмани эди. Валид том маънода отасининг ўчини оладиган мавқеъга келтирилганди.

Пайғамбарга хиёнат қилиб муртад бўлган ва Маккага қочган, кейинроқ Пайғамбаримиз томонидан авф этилиб, жонини сақлаб қолган Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳни (Усмоннинг эмишган укаси) Усмон Миср волийси қилиб тайинлади. Аллоҳнинг ҳикматини кўрингки, Усмоннинг ўлдирилишига олиб келган воқеаларнинг аксарияти, мана шу Абдуллоҳнинг ёмонликлари дастидан чиқади.

Усмон амакисининг ўғли Марвон ибн Ҳакамни давлат котиби этиб тайинлади. Ҳолбуки, бу Марвон, Расулуллоҳ томонидан Тоифга сургун қилинган ва дастлабки икки халифа даврида бу сургун ҳукми бекор қилинмаганди. Расулуллоҳ томонидан берилган ва дастлабки икки халифа даврида риоя қилиб келинган бу жазони Усмон бекор қилиб, Марвонни Мадинага олиб келди, бу ҳам етмаганидек, худди олдинги жазонинг давомига қарши чиққандек, бу малъунни давлатнинг энг муҳим лавозимларидан бирига қўйди.

Бу Марвон кейинчалик Уммавийлар салтанатига тамал тоши қўйгани ва бунинг Ислом умматига қандай бало келтирганини тарихнинг гувоҳлигидан биламиз.

Бу Марвон Жамалда Ҳазрати Алига қарши урушди ва асир тушди.

Озод қилиниши учун Ҳасан ва Ҳусайндан шафоат истади ва Ҳазрати Али тарафидан озод қилинди. Ҳасан ва Ҳусайн оталарига: “Бу одам сизга байъат беради”, деганларида, Ҳазрати Али бамисоли мўъжизавий огоҳлантиришдек ушбу сўзларни айтди:

“Усмоннинг ўлимидан кейин менга байъат бермаганмиди? Унинг байъатига эътиёжим йўқ, унинг узатган қўли хоин бир яҳудийнинг қўлидир. Қўли билан байъат берса ҳам, оғзи билан қарғаб туради. Эҳтиёт бўлинг! Бу одам, ит тумшуғини ялагандай қисқа вақт давлат бошқаруви бўлади. Унинг тўртта ҳомиласи бор ҳали. Бу уммат бунинг ва болаларининг дастидан ўта оғир кунларни бошидан кечиради”.

Айнан шундай бўлиб чиқди: Марвон тўққиз ой халифалик қилди. Тўрт ўғлидан бири Абдулмалик халифа бўлди, Бишр Ироқ волийси, Муҳаммад Жазира волийси, Абдулазиз Миср волийси этиб тайинланди. (Ибн Абил-Ҳадид, Наҳжул-Балоға шарҳи, 6/128)

Марвон, Расулуллоҳ томонидан Тоифга сургун қилингани, кўплаб илтимосларга қарамай, жазоси бекор қилинмагани ўз-ўзидан бир мўъжиза каби. Илк икки халифа бу мўъжизани ҳурмат қилишди, лекин Усмон бу ҳурматни бузди. Унинг бу ижрооти ҳақли равишда улкан ёмон аломат ҳисобланди. Яна бир ёмон аломат эса, Расулуллоҳнинг муҳрини қудуққа туширгани ва бу муҳрнинг қайтиб топилмагани бўлди.

Куфага волий этиб тайинлаган Саид ибн ал-Ос Ироқдаги энг унумдор ерларни, аслида уларни фатҳ қилган ғозийларнинг ҳаққи бўлган ерларни, “Саводи Ироқ Қурайш боғидир” дея ўз қабиладошларига ва тарафдорларига ҳадя қила бошлади". Бу қабилапараст, гиначи одамларнинг адолатсиз ижроотлари бошқа қабилаларда таассуб қўзғатди. Жоҳилият давридаги қабилачилик ҳирси ва инстинкти яна оловланди.

Уммавийларни, ҳар қандай малъунликларига қарамай, давлатнинг энг юқори лавозимларига келтирди. Айниқса, молия ишларини уларга топширди. Унинг бу сиёсатини Амр ибн Зурора оммага шундай изоҳларди:

"Эй одамлар! Усмон билиб турган ҳолда ҳақни тарк этди. Сизнинг энг яхшиларингизни бир четга суриб, энг ёмонларни бошингизга келтирди".

Қариндоши бўлмиш Муовиянинг волийликдаги қудратини яна-да кучайтирди. Уни янги ваколатлар билан кучайтирди, ва уни давлат бошқарувида ўзига хос шерик ҳолига келтирди.

Усмоннинг энг ёмон қариндошларидан бири Валид ибн Уқба ибн Абу Муъайт эди. Пайғамбар бу одамнинг дўзахий эканини айтганди. Масъудийнинг бир қайдидан шуни биламизки, Ҳазрати Алининг укаси Оқил ибн Абу Толиб бир тортишув пайтида бу Валидга шундай деганди: "Отанг Урдун яҳудийларидан эканини ўзинг ҳам биласан-ку!". (Масъудий, Муруж, 2/345)

Усмон мана шу Валидни роппа-роса беш йил Куфа волийси лавозимида ушлаб турди. Валид шароб ва кўнгилхушликка ружуъ қўйганди. Унинг доимий машғулоти айш-ишрат базмлари эди. Деярли барча тарихчилар унинг бу бузуқ жиҳатига эътибор қаратади. Тарихчи Яъқубийнинг ёзишича, у эрталабгача ичиб маст бўлиб, кейин туриб масжидга борарди. У баъзан маст ҳолида диннинг муқаддас қадриятларини ҳақорат қиларди. Мана биттаси:

Бир куни эрталаб маст ҳолда Куфа масжидига намозга келди. Намоз давомида жамоат орасида турди, намоз ўқиб бўлингач, жамоатга юзланиб: “Сизларга яна намоз ўқиб берайми?” деди. Одамлар жавоб бермасиданоқ, меҳробга ўтиб намоз ўқий бошлади. Қироат ўрнига шароб ва ўйин-кулгини мадҳ этувчи шеър ўқиди. Саждага борганида қуйидаги шеърни ғудранарди:

"Бизга ҳам қуй шаробингдан, ўзинг ҳам ич!"

Олд сафдагилардан Аттоб эс-Сақафий ҳайқирди:

"Аллоҳ сени лаънатласин! Сени бошимизга волий қилганнинг халифалигидан нима хайр?"

Одамлар Валидни тутиб олиб чиқиб кетишди. Масъудий, Балозурий ва ҳатто ўзи Уммавийчи бўлган Ибн Абди Раббиҳнинг қайдларига кўра, халқ бу аҳволни халифага арз этилишини талаб этиб ҳайқира бошлаганда, улардан баъзилари шундай дерди:

"Шикоят қилсангиз нима фойдаси бўларди?! Халифа ўз қариндошига зарар бермайди".

Тарихчи Абул Фараж шундай хабар беради:

“Куфа аҳлидан бир киши, Валиддан шикоят қилиш учун Мадинага, халифа Усмон ҳузурига келди: “Валиднинг ортида намоз ўқиб қолдим, ундан шароб ҳиди анқиб турарди. У бизга қараб шундай деди: “Бир оз яна савоб олиш учун намоз ўқийликми?" Ғалаба қозониш учун ибодат қилиш керакми?" Усмон бу шикоятни эшитиб бўлиб, шикоятчига дарра урдирди. Халқ шундай деб ҳайқирарди: "Бузуқни жазолаш ўрнига, унинг бузуқлигига гувоҳлик берганга дарра урдираяпсан, бу қанақаси?!"

Тарихчи Балозурий шундай қўшимча қилади:

"Абу Зайнаб, Жундаб ибн Зуҳайр, Абу Ҳабиба ал-Ғифорий ва Саъб ибн Жусама, Валид ҳақидаги шикоят қилиб Усмон ҳузурига боришди, у ерда саҳобалардан Абдураҳмон ибн Авф ҳам бор эди. У шикоятчилардан сўради: "Бу одам ақлдан озганми, нега ундай қилади?" "Йўқ, ақлдан озмаган, доим маст”, дейишди. Халифа бу гувоҳларни сўкиб, дўқ-пўписа қилгандан сўнг Жундабга юзланиб: “Сен биродарим Валиднинг шароб ичаётганини ўз кўзинг билан кўрдингми?” деди. Жундаб жавоб берди: "Мен уни шароб ичаётганини кўрмадим, ичган шаробини қусганини кўрдим. Ҳатто бармоғидан тушган узукни ердин оладиган аҳволда ҳам эмасди, узукни ердан мен олдим. Мана ўша узук, марҳамат".

Шунда халифа: “У шароб ичса, сизга нима?” деди. Улар: «Биз бу шаробни жоҳилият асрида ичар эдик, Ислом ундан қайтарди», дедилар. Бундан Усмоннинг жаҳли чиқиб, одамларни кўксига уриб ҳайдаб, ҳузуридан чиқарди.

Шундан сўнг, улар ўз шикоятларини Ҳазрати Алига етказдилар. Али халифанинг олдига бориб: “Ёмонлик қилганни жазолаш ўрнига, ёмонликдан хабар берганни жазолаяпсанми?!” деб таъна қилди.

Айни шикоят Оиша онамизга ҳам етказилди. У ҳам Али айтган сўзларни айтди. Бундан ташқари, Усмонни қаттиқ сўзлар билан ҳақорат қилди. Овози ташқарида йиғилганларга ҳам эшитилди. Улардан баъзилари Оишани маъқуллаган бўлса, бошқалар шундай дейишарди: "Аёлларга ким қўйибди бу ишларга аралашишни?!" Бу орада Усмон ҳам келиб, Ойшага ҳайқирди: «Сенга нима бу ишлардан? Сизнинг ишинг уйда жим ўтириш".

Йиғилганлар баъзилари Оиша тарафни, баъзилар Усмон тарафни олиб гапирди. Вазият таранглашиб борарди, оломон оёқ кийимларини ечиб бир-бирини ура бошлади".

Усмон бу воқеаларга бефарқ қолмади. У Валидни Куфа волийлигидан олиб, ўрнига бошқа бир уммавийчи бўлган Саид ибн ал-Осни тайинлади. Саид Куфага келгач, биринчи қилган иши Валид хутба ўқиётган минбарни ювиш ва тозалаш бўлди. Унга кўра, Валид «асли ифлос одам» эди (Масъудий, Муруж, 2/346, Аскарий, Оиша, 122-127).

Балозурийнинг “Ансоб” ва Масъудийнинг “Муруж” асарларида халифа Усмон ўз қариндошини давлат бошқарувига қандай қўйгани ҳақида даҳшатли маълумотлар бор.

АБУ ЗАРР ВА АММОР ҚИСМАТИ. УММАВИЙ-САЛБЧИ ИТТИФОҚИ

Тасаввур қилинг-а, Пайғамбар алайҳиссаломнинг энг яқин саҳобаларидан бири, илк мусулмонлар орасида энг кўзга кўринган ва ўзига хос мавқега - анқид қиляпти дея Усмонга етказишганида, унга худди террорчига қилинадиган муомалани қилди. Усмон Муовияга кўрсатма бериб, Абу Заррни бир ҳайвонга миндириб, бир қанча кўча дайдилари билан Мадинага чақиртирди. Усмон олдига келган Абу Заррни ҳақоратлар ёғдириб, шундай деди: "Сен менга қарши гапирдинг, зудлик билан бу шаҳарни тарк эт ва бошқа қайтиб келма".

Пайғамбар алайҳиссалом: “Ер юзида Абу Заррдан кўра ростгўй инсонга қуёш ҳали нур таратмаган”, деб унинг обрў-эътиборини кўтарган ва “ҳабибим” деб атаган Абу Зарр Пайғамбар шаҳрини тарк этишга мажбур бўлди. Рабазага бориб жойлашгач, то ўлим келгунигача сургунда қолди.

Расулуллоҳ унга “Эй Абу Зарр! Сен ёлғиз яшаб, ёлғиз вафот этасан" дегандилар.

Ҳақиқатан ҳам бу содир бўлди. Сургун пайтида Абу Зарр кулбага ўхшаш жойда ёлғиз яшади ва ёлғиз вафот этди. Агар ўтаётган карвон уни пайқаб, дафн *илмаганида, жасади шундайлигича қолар эди. Халифа Усмон билан бошланган Уммавийлар бошқаруви ҳамиша пайғамбарнинг саҳобаларига (ва энг кўзга кўринганларига) ана шундай муносабатда бўлган.

Усмоннинг даҳшатли ижроотларидан, илк мусулмонлардан ҳамда Исломнинг биринчи шаҳиди бўлган бир аёлнинг ўғли Аммор ибн Ёсирнинг бошига солганлари бўлди. Марвон ибн Ҳакамнинг ҳузурига чақирилган Амморга қуйидаги қайғули сўзларни айтди:

“Эй Сумайя деган хотиннинг боласи! Сен бизга қарши ёлғон гапиряпсан!”

Ва зобитларни чақириб, кекса ёшли Амморни йиқилгунча калтаклашни буюрди. Бунга ҳам қаноат қилмаган Усмон, ерга қулаган Аммор устига миниб, жинсий аъзоларига тепа бошлади.

Охирида қорнига тепганида, Аммор ҳушини йўқотди. Ўзига келганида оёғидан, бошидан ушлаб, остона ташқарисига отишди. Шундай қилиб, у кун бўйи ўша ерда чирпаниб ётди. Усмон "Эй Сумайя деган хотиннинг боласи" деган Сумайя, Исломга биринчи бўлиб иймон келтирган оиланинг онаси ва Маккалик корчалонлар томонидан имони учун шаҳид бўлган "Илк Ислом шаҳиди" эди.

Ҳеч қандай шубҳа йўқки, Аммор, отаси Ёсир ва онаси Сумайя Ислом йўлида оғир қийноқларга дучор қилинган илк инсонлар қаторида келади. Қуърон уларни хотирасини абадийлаштириб, “мустафидин” иймонлари учун “мазлум ва хорланганлар" дея зикр этади. "Пайғамбарнинг суюклиси" деган шарафга ноил бўлган Абу Зарр ва Аммор каби саҳобаларига, уйдирма бир ҳадис орқали “Ашараи мубашшара” (жаннат хушхабари берилганлар 10 кишидан бири) дейилган Усмоннинг қилган ваҳшат ва даҳшати мана шу эди.

Яна бир буюк саҳоба Убода ибн Сомит ҳам худди шундай муомалага учради. Муовия, ўзи ҳарбий қўмондон бўлган Шом атрофида яширинча шароб савдоси билан шуғулланаётганини билиб қолиб, бу ҳақда халифага хабар қилгани учун боши балога қолди.

Усмон Убодадан сўради:

“Бизни танқид қилма ва буйруғимиздан чиқма”.

Убоданинг жавоби аниқ ва лўнда эди: “Пайғамбар бизга шундай деди: Яратганга осийликда яралганга бўйсуниш йўқ”.

Бу воқеани нақл этган Диёрбакрий Уммавийчилик ғайрати билан эътироз билдиради, Убода бин Сомитнинг бу иддаолари Муовияга бўлган эски гина ва адоват сабабли дейди. (Диёрбакрий, Тарихул-Хомис, 2/269-270)

ТАФСИРЛИ ҚУРЪОН НУСХАЛАРИНИНГ ЁҚИЛИШИ

Халифа Усмон ҳазрати Абу Бакр даврида тўпланган Қуръоннинг олти нусхасини кўчириб олишни буюради, сўнг саҳобалар ўзларида бўлган Қуръоннинг бошқа нусхаларини ёқиб юбортиради. Ҳолбуки, бу нусхаларда Пайғамбарнинг баъзи изоҳлари ва саҳобалар томонидан қилинган муҳим тафсирлари эслатма сифатида қўшилган эди. Бу шарҳ ва тафсирлар Исломни англаш учун ўта муҳим эди. Қуръондан кейинги энг муҳим манбалар шулар эди.

МУСУЛМОН ҚАБРИСТОНИГА КЎМДИРИЛМАДИ

Халқ тарафидан зулм ва талончиликда айбланган халифа Усмонни мусулмон қабристонига дафн қилишга рухсат берилмади. Ўлдирилганидан уч кун ўтиб, Ҳазрати Алининг орага тушиши билан кечаси дафн этишга эришилди. Халқ қўлига тош олиб, маййитни тошбўрон қилиш учун йўлларда тизилиб кутарди. Ҳазрати Али ўз ҳурмати ва ҳикматини ишга солиниб, бу тошбўроннинг олдини олди.

Жанозада Усмоннинг уч нафар қули, қизи ва Марвон бин Ҳакам иштирок этди. Бу манзара даҳшатидан Усмоннинг қизи табиий равишда фарёд қилиб бақира бошлаганда, атрофдан тош ёғила бошлади. Ойша онамизнинг Усмонни ҳақоратловчи ушбу сўз тобора баландроқ янграй бошлади: "Телба чол! Телба чол!” (Табарий, Тарих, 35-йил воқеалари; Ибнул-Асир, ал-Комил, 3/76; Аскарий, Оиша, 1/172-173)

Яна-да қизиғи, Мадина халқи, айниқса, Мадинанинг асл аҳолиси бўлган Ансорлар Усмонни мусулмонларнинг Бақиъ қабристонига дафн этишга рухсат беришмади. Бақиъга туташ ва Баъқидан девор билан айирилган Хашшукавкаб деб номланган яҳудий қабристони бор эди. Учинчи халифа Усмон ибн Аффон ўша яҳудий қабристонига дафн этилди.

Кейинчалик, Хашшукавкаб ва Бақиъ орасидаги девор, Муовия томонидан бузиб ташланди ва Усмон дафн этилган яҳудий қабристони мусулмонларнинг Бақиъ қабристони билан бирлаштирилди. Ва ўша кундан бошлаб “Усмон Бақиъ қабристонига дафн этилган” деган гап тарқатиб, дафн шармандалигини ёпган бўлишди.

Усмон қолдирган бойлик даҳшатли даражада улкан эди. Ибн Саъднинг сўзларига кўра, Усмондан ўз шахсий хазинасида 30 650 000 дирҳам (бир неча тонна олтинга тенг) пул, Абу Заррни сургунга ҳайдаган Рабазада мингта туя ва минг нафар қул қолди.

Уммавийлар Усмондан фойдаланиб, Ислом ва мусулмонлар тақдирига ҳукмронлик қилиш тактикаси оқибатида Усмон ўлдирилди, мусулмонлар жамоасини заҳарли ўсимта каби бир фитна ўраб олди. Уммавийлар орасидаги энг шайтоний шахсият бўлмиш Муовия, бу заҳарли ўсимтани қулай фурсат билиб, мусулмон жамоани яна-да хаосга тортиб, халифаликни, яъни давлат бошқарувини ўз қўлига олди.

Кейин нима бўлгани маълум: Халифалик Уммавийларнинг отадан ўғилга мерос бўлган зулм ва фасод муассасасига айланди. Бу фасод муассасаси минг йилдан ортиқ муддат Ислом ва мусулмонларнинг чеккан изтироб ва фитналаридан сўнг, Мустафо Камол Отатурк қўли билан тўхтатилди.

УММАВИЙ-САЛБЧИ ИТТИФОҚИ

Уммавийларнинг Исломга хиёнати фақатгина ўзларининг зулми ва бузғунчилиги билан чекланмади. Улар, шунингдек, бугунги салбчиларга иттифоқчи динчиларнинг ҳам оталари ва прототипларидир.

Уммавийларнинг бу ҳамкорлик бузғунчилигига энг ёмон мисолларидан бири, Ҳишом ибн Абдулмалик давригача Уммавийлар давлат хизматида бўлган, ва аслида черков жосуси бўлган Юҳанно ад-Димашқий исмли шахс. Абу Заҳра шундай ёзади:

"Юҳанно Исломни қоралаш учун баҳона сифатида кўпхотинлик, талоқ ва хулуъ ҳақида гапирарди, кейин Пайғамбаримизга қарши ёлғон ва туҳматлар билан шубҳа тарқатмоқчи бўларди. Масалан, у Пайғамбарнинг Зайнаб бинти Жаҳш билан ўзаро ишқ-муҳаббат ҳикоясини уйдирди. Сўнгра: «Ҳажарул Асвадни муқаддас санаш худди хочни муқаддас санаш кабидир», дерди.

"Бу билан ҳам кифояланмасди. У тортишувчиларга қандай қилиб мусулмонларни қадар, инсон иродаси, ирода ҳуррияти масалаларига тортишни ўргатарди. Шу тариқа арабларнинг онгини чалғитиб, тортишув даштига ҳайдарди.

Бу улар орасида жуда кўп фирқачилик, бузуқлик ва богемалик уйғотди. Афсуски, буларни қилган Юҳанно, Уммавий ҳукмдорлари қучоқ очган ва уни ҳамда отасини ўз саройларида боқиб етиштирган одамдир” (Абу Заҳра, 77-78).

Халифа Валид ибн Абдулмалик ибн Марвон (86-96 ҳижрий йиллар оралиғида) Мадина волийси Умар ибн Абдулазиздан Мадинадаги Пайғамбар масжиди ва унинг атрофидаги “Пайғамбар аёлларининг ҳужралари”ни бузиб, ўрнига янги масжид қуришни сўраганида, у вазиятни ўша пайтдаги Византия подшосига етказди ва янги масжид қуришда ёрдам истади.

Қирол бу истакни бажонидил қабул қилди ва сўралганидан-да кўпроқ ёрдам юборди. У юборган кўплаб қимматбаҳо буюмлардан ташқари, юз минг олтин танга ҳам бор эди. Халифа бу пулларнинг ҳаммасини волий Умар ибн Абдулазизга юборди. Умар бу пулларга Пайғамбар масжиди ўрнида, ҳижрий 90-йилда янги масжид қуриб битирди. (Йаъқубий, 2/284).