June 28

ЗУЛМГА ҚАРШИ ЗУҲД

УММАВИЙ ЗУЛМИГА ҚАРШИ РЕАКЦИЯ ҲАЁТ ТАРЗИ: ЗУҲД

Уммавийларнинг саҳоба ва тобеън наслларига, айниқса, бу авлодларнинг маволий қисмига қилган зулм, ва унинг натижасида вужудга келган даҳшат, қўрқув ва умидсизлик оммани ўз ичига чекинишга, дунёдан юз ўгиришга, дунё неъматларини ҳақир ва аҳамиятсиз кўришга олиб келди. Яна маволий унсурлар бошчилигидаги буюк Зоҳидлик ҳаракати (кейинчалик Тасаввуф деб аталади) ана шу шароитда вужудга келди, илдиз отди ва тарих диалектикасига мос равишда буюк Тасаввуф меросини дунёга келтирди.

Ҳижрий 150-йиллар, яъни Имоми Аъзам вафот этган йилларда ташкил этилгани қайд этиладиган биринчи хонақоҳнинг энг етакчи исмлари, ўзларини Уммавий дунёпарастлигига қарши фароғат ҳаёти вакиллари маъносидаги “зоҳид” номи билан атардилар. Улардаги ҳаёт тушунчасининг институционал ва концептуал номи “зуҳд”дир.

Зуҳд даврининг кўзга кўринган исмларидан баъзилари: Ҳасан ал-Басрий, Увайс ал-Қароний, Саид ибн ал-Мусаййаб, Саид ибн Жубайр, Ҳабиб ал-Ажамий, Урва ибн Зубайр, Мутарраф ибн Абдуллоҳ, Ибн Сирин, Муҳаммад ибн Восиъ, Молик ибн Динор ва бошқалар.

Бу даврнинг ва ҳаракатнинг етакчи исми Ҳасан ал-Басрий, айни пайтда тасаввуфий ҳаётнинг прототипи ҳисобланади. Айтиш мумкинки, Ҳазрати Алининг саҳобалар орасидаги мистик мавқеини, тобеинлар орасида Ҳасан ал-Басрий намоён этади.

Ҳасан Басрийнинг ўзига хос фазилатлари ичида Уммавийларга душманлиги, зуҳд ҳаётини танланган кишиларга ўргатиши, диний матнларга илк мистик изоҳлар бериши биринчи ўринни эгаллайди. У ўзининг қудратли нотиқлик санъатини икки турдаги кишиларга, бошқача қилиб айтганда, икки тоифага қаратган: Биринчидан, унинг умумий нутқларига гувоҳ бўлган кенг омма гуруҳи. Иккинчидан, Ҳасан ал-Басрий ўзи танлаган, тасаввуфий нозикликларни биладиган ва сезадиган дўстлар гуруҳи.

Бу иккинчи гуруҳ Ҳасаннинг махсус пайтларда очган суҳбатларида қатнашадиган тасаввуф гуруҳи эди.

Тасаввуфий анъана, айниқса, тариқат доиралари Ҳасан Басрийни Ҳазрати Али томонидан ҳирқа кийдирилган одам деб тасвирлайди. Бироқ, бу даъвонинг тарихий жиҳатдан тўғрилигини ҳимоя қилиш жуда қийин. Чунки, агар Али ва Ҳасан учрашган бўлса ҳам, биз бу ҳирқа кийиш ҳолатини қабул қилишга етарли воқеалардан хабардор эмасмиз.

Ҳасан ал-Басрийнинг фикрларини унинг ваъз ва мактуботидан ўрганамиз. Мисол тариқасида, унинг халифа Умар ибн Абдулазизга ёзган машҳур мактубларидан бирини келтирамиз, унда зоҳидлик ҳаётининг асосий доираси кўрсатилади:

“Билгинки, теран тафаккур эзгулик, хуш хулқ сари етаклайди. Ёмонликдан афсусланиш эса ёмонликни тарк этишга олиб келади. Ўлимга маҳкум нарса, моддий жиҳатдан кўп бўлса ҳам, ўлмас нарсаларга тенг бўлолмайди. Вақтинчалик машаққат ва қийинчиликларга чидаб, ортидан енгилликка эришиш, ортидан доимий маҳрумият келтирувчи мўл-кўллик ва фаровонликдан яхшироқдир. Ҳийла ва тузоқлари сени алдаш учун безатилган бу ўткинчи, ёлғончи ва хиёнаткор дунёдан ҳазир бўлгин. Бамисоли безанган, аммо хиёнатга тайёр келиндек, уни қучмоқчи бўлганларни алдаб, доғда қолдиради у. Уни орзу қилиб унинг ортидан қувганларни охири хароб қиладиган хоиндир у. Ундан сақлангин. У тегиши ёқимли, аммо чақиши заҳарли илонга ўхшайди".

"Дунё деган бу ёлғончининг ёмонлигига далил изласанг, Аллоҳ ўз пайғамбарларини ва дўстларини ундан қандай узоқ тутганига қарагин. Қарагин ва шуни кўргинки, Аллоҳ дунёни пайғамбарлар ва солиҳ бандалардан бошқаларга берган. Улар бундан саросимага тушиб, ўзларини ҳам, Муҳаммад Мустафони ҳам унутдилар.

Қарагин ва шуни кўргинки, Муҳаммад Мустафо очликдан қорнига тош боғлаган, Аллоҳнинг танланган бандалари, дунё деган ёлғончини, ҳиди туйилган жойда бурунлар тиқилиб қоладиган ўлаксага қиёслаган...” (Абу Нуайм, Ҳиля, 2/134-140)

Ҳасаннинг бу сўзлари билвосита Уммавийлар эргашган материлист ҳаётни таъриф этади.

УММАВИЙ ДУНЁПАРАСТЛИГИГА РЕАКЦИЯ: ЗУҲД ҲАЁТИ

Зоҳидлар даври мистик ҳаётининг асосий хусусиятларини зоҳидлик, қўрқув ва ётлашувларга реакция ўлароқ умумлаштириш мумкин. (Зуҳд концепти ва муассасаси ҳақида кенгроқ маълумот учун бизнинг “Тасаввуф ва тариқат руҳи” номли асаримизнинг “Зуҳд ва зоҳидлар даври” бўлимига қарашингиз мумкин.)

Ислом мистицизми дастлаб зоҳидлик ҳаракати сифатида қаралганлиги сабабли, илк даврда бу ҳаракат атрофида Маволий бошчилигида бой адабиёт шаклланди. Уммавийларнинг истилолар йўли билан фаровонлик даражаси қаршисида саҳобаларнинг турмуш тарзига зид бўлган муносабатни қабул қилишлари оқибатида, тобеъин наслининг етакчилари зуҳдни ҳаёт тушунчаси ва ўзлари учун ажратувчи хусусият сифатида қабул қилдилар. Ҳаракат Басрадан Куфа ва Хуросонгача ёйилди.

Зуҳд мавзусидаги асарларнинг ёзила бошланиши ҳижрий 1-асрдан бошидан айтиш мумкин. Ҳижрий 92-йилда вафот этган Али ибн Ҳусайн Зайнул-Обидин қаламига мансуб “ас-Саҳифа физ-Зуҳд” ва машҳур кишилардан Собиқ ибн Абдуллоҳ ал-Барбарий (ваф. 100/718) шеърлари шулар жумласидан. Худди шу даврдаги ва Ҳасан ал-Басрийнинг бу мавзудаги мактубларини кўрамиз.

Али ибн Ҳусайн Зайнул-Обидиннинг “ас-Саҳифа”си ал-Кулайнийнинг "ал-Кофий"сида бизгача етиб келди. Ҳижрий 181-йилда вафот этган буюк зоҳид ва муҳаддис Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг “Китобуз-Зуҳд вар-Рақоик” асари бу борада бизгача етиб келган биринчи ва катта ҳажмли асарлардан биридир. Муҳаддис ва тарихчи Асад ибн Мусо ал-Умавий (ваф. 212/827) ва буюк фиқҳ имоми Аҳмад ибн Ҳанбал (ваф. 241/855) ёзган ва "Китобуз-Зуҳд" номли асарларни эсласак, зуҳд мавзуси ўша даврларда жуда кенг қизиқиш ва эътиборга эга бўлгани тушунилади.

Араб-Уммавий салтанати яратган “Қўрқув империяси” таъсирида зоҳидлик даврининг мистик ҳаётида устивор бўлган унсурлар қаторида қўрқув (хавф ёки ҳошят) икки кўринишга эга: психологик ва социологик. Биринчиси, зоҳиднинг Аллоҳ қаршисидаги руҳий ҳолати. Дарҳақиқат, бу давр мистиклари орасида қўрқув ўта кучайган туйғу сифатида ажралиб туради.

Бу мавзунинг энг қимматли намуналарини Абу Нуайм Исфаҳоний (вафоти 430/1038) ёзган машҳур “Ҳилятул-авлиё” асарида топамиз.

Қўрқувнинг бу даврдаги “социологик” кўриниши эса дунёпарастликнинг аввлроқ айтиб ўтганимиз Уммавийларнинг Ислом динини бузган ва саҳоба наслига қилган зулмларидан келиб чиқади.

Қўрқув ва кўзёши, Уммавий асрида Ҳазрати Пайғамбарга мувофиқ ҳаётнинг бузилиши, арабчи бошқарувнинг зулмлари, дунёпарастликнинг ғолиб бўлиши каби сабаблар туфайли яна-да яққол намоён бўлди. Қўрқув диний-мистик ҳаётнинг ҳукмрон элементига айланиши, барча Уммавий ҳукмронлиги даври бўйича давом этиши эътиборга молик. Сабаби, Уммавий зулми ва Уммавий ҳукмронлиги Ислом динини бузиб, мусулмон жамиятини умидсизлик ва зулматга ботирган эди. Ҳижрий 103-йилда вафот этган фақиҳ олим Амир ибн Шароҳил аш-Шаъбий бу борада асосий сабаблардан бирини қуйидагича тўхталиб ўтади:

"Пайғамбаридан кейин ихтилоф қилган қавмда ботил тараф ҳақ тараф устидан доимо ғолиб бўлади". (Абу Нуайм, Хиля, 4/318).

Уммавийлар даври, ботил тарафнинг ғалаба даври эди, ва пайғамбар тарбиясини олган саҳоба ва уларнинг тарбияси остида етишган тобеинларни чуқур кадарга солган эди. Зоҳидлар даврининг бу чуқур қўрқув психологиясининг мистик ва шоирона ифодасини, илк зоҳидлардан бири Ато ибн Абдуллоҳ (ваф. 82/701) ўзининг қуйидаги илтижосида ифода этади:

“Раббим, бу дунёдаги ғурбатимга, қабрдаги ёлғизлигимга ва ҳузурингдаги узоқ қиёмимга раҳм айлагин! ” (Абу Нуайм, Ҳиля, 6/215-226).

Қўрқувни бундай чуқур ва кенганглашнинг зарурий оқибатлари сифатида қаршимизга оғир парҳез ва машаққат синовлари чиқади.

Зоҳидлари даврининг қўрқувни қувватлаган асосий унсурлардан бири фақирликдир. Уммавийлар тамоман эгаллаб олган дунё неъматларидан Маволийга кўп ҳам нарса қолмаганди. Улар ҳам бу фақирликни ўзлари учун абадий озуқасига айлантириш чораларини ахтарардилар. Зуҳд ҳаёти бу асосий чоралардан бири ва энг боши эди. Ҳақиқатан ҳам, бу давр зоҳидлари фақирликни Аллоҳга етишишнинг ажралмас унсурларидан бири деб билишарди.

Ўша даврнинг қўрқув нуқтаи назаридан бош вакили Ҳасан ал-Басрийдир. Ҳасан ал-Басрий энг яқин бўлгани саҳобаларнинг бирин-кетин ҳалок бўлаётганига гувоҳ бўлар экан, майдон Уммавий золимларига қолаётганини кўрар ва қайғуси ортарди. Вақт ўтган сайин ёлғизлиги ҳам яна-да кучаярди. Ҳасан ал-Басрийдаги ғам ва қайғунинг қанчалик чуқур эканини англаш учун, уни яқиндан таниган дўстларининг у ҳақдаги сўзларини ўқиш етарли. Бир дўсти Ҳасан ҳақида шундай дейди:

"У гўё доимо маҳшарда бўлиб, доим у ерда кўрган манзаралари ҳақида гапирарди".

Зоҳидлар давридаги қўрқувнинг социологик сабабларига тўхталиб ўтиш, фақатгина бутун Уммавий давридаги исломни бузиш, зулм ва фасод тарзида юзага келган манзараларни бирма-бир чизиб чиқиш орқали мумкин бўлади.

Бироқ, бу кўламдаги масалани муҳокама қилиш, бу асарнинг мақсади эмас. (Қизиқувчилар бизнинг “Тасаввуф руҳи ва тариқатлар” номли китобимизни ўқишлари мумкин)

Уммавийларда, араб устунлиги иддаолари билан араб салтанати қуриш фаолиятлари майдонга чиққани маълум.

Бироқ, барча устунлик иддаоларига ёнида ушбу ҳақиқатни инкор ҳам этиб бўлмасди: барча исломий илмларда маволий устун бўлгани боис, уларнинг қаршисида тушган нуқсонлик комплексини, босим ва тазйиқларни орттириш орқали қоплашга ҳаракат қилган Уммавийлар, чайқалганча тобора чўкиб бораётган ботқоғидан чиқолмасдилар.

ЁТЛАШУВЛАРГА ҚАРШИ ЧИҚИШ

Зоҳидлар даври мистикларининг ётлашувлар ва бузилишларга қарши чиқиши ҳам, аввалроқ айтганимиз социологик қўрқув билан боғлиқ. Қарши чиқиш Уммавийларнинг Қуръоний ҳаётни бузиб кўрсатишларига қарши бир реакциядир. Бу реакция ўша давр мистиклари билан боғлиқ қайд этиш мумкин бўлган энг муҳим воқеалардан биридир.

Уммавий дунёпарастлигига реакция сифатида туғилган тасаввуф, француз мутафаккири Гародининг гўзал таъбири билан айтганда, "иймоннинг достонлашуви"дир. (Гароди Promesses de l'Islam, 47) Тасаввуфнинг бу характерига кўплаб энг яхши намуналарини мазкур реакцияда кўришимиз мумкин. Бу тасбит бизни, тасаввуфнинг пайдо бўлишини бир қатор омилларга, айниқса насронийликнинг таъсирига боғлаган Николсон, Захнер ва Адам Мез каби шарқшуносларнинг иддаоларини қайта кўриб чиқиш ва тузатишга муҳтож сўзлар деган хулосага олиб келади (Бу иддаолар учун қаранг: Адам Мез, "ал-Ҳазаротул-Исламийя фил-Карнир-Робиъ”, 2/22-26).

Қонли воқеалар ва яна қатор фитналар зоҳидлик даврининг холис мусулмонларини оғир изтиробга солган эди.

Ўз борлиқларини саломат сақлашга ҳаракат қилган маволий мусулмонлар, айни пайтда турли бўронлар зарбидан Ислом ҳақиқатларини ҳимоя қилиш учун ҳам ғайрат қилардилар. Чунки Уммавийлар исломий имон-эътиқод асосларини ва мусулмонларнинг кундалик ҳаётини ўз салтанат динига мос тизимга солиш пайида эдилар, ва бу йўлда ўзларига хизмат қиладиган салтанат тарафдори олимларини топиш ортиқча қийнал эмасди.

Диний илмларнинг танвини ҳақида гап кетганда, фиқҳ ва илми каломда илғорлик ва пешқадамлик Имоми Аъзамда бўлганини айтишимиз керак.

Таржима ҳаракатининг, айниқса, ҳижрий 132-198 йиллар орасида давом этган биринчи босқичи, яҳудий-христиан динидан ўтганлар томонидан юритилди.

Илк таржима асарини ёзган шахс собиқ зардуштий бўлган машҳур Ибнул-Муқаффаъ эди. Бу эронлик зот кейинчалик мусулмон бўлган бўлса-да, арабчиликка қарши сиёсат юритгани учун зиндиқ дея айбланиб, ваҳшийларча қатл қилинган. Тарихчи Масъудий (ваф. 346/957) Ибнул-Муқаффаъ ҳақида гапирар экан, “Аслида, бу одам ва унга ўхшаганларнинг таржималари дастидан энг кучайган нарса айнан зиндиқлик эди”, дейди.

Биринчи таржималар қаторида, Қуръон тафаккурига улкан зарба бўлган Аристотель рисолалари, ҳамда Евклид асарлари ҳам бор.

Халифа Мансур даври (136-158 ҳижрий) эронликларнинг устунлик иддаолари, Уммавийларнинг ғайри-арабларга нисбатан камситувчи муомаласига реакция тўлиқ кучга кирган давридир. Бу, тилга олганимиз Ибнул-Муқаффаъ арабларга қарата айтган сўкиш, ҳақорат ва масхаралар билан ҳам машҳур. (Ушбу мавзу бўйича қаранг: De Lacy O'Leary, Исломий тафаккур ва унинг тарихдаги ўрни, 57-65).

Арабга қарши кайфият аста-секин “Шуъубийя” деган фирқанинг туғилишига сабаб бўлди. "Шуъуб" арабча "шаъб" сўзининг кўплиги бўлиб, халқлар маъносини билдиради. Бу ўзакдан ясалган “Шуъубийя” атамаси турли миллатларга мансуб бўлган ва мансублик билан ўзига хос миллиятчилик тушунчасидаги ҳаракат деган маънони беради.

Қўлимиздаги тарихий мисоллар шуни кўрсатадики, ўша давр фақиҳларининг аксарияти мол-дунё ва мақом-мансабга ружу қўйганини кўрсатади.

Имоми Аъзам истисно қилганимизда, бу даврда сиёсий қонунбузарлик ва ётлашувларга қарши бошкўтаришлар орасида фақиҳлар исмини топиш ўта мушкул. Фақиҳларнинг аксарияти ҳукмдор кайфиятларининг қўлидаги қуролига айланиб бўлганди.

Афсуски, бу кишилар дунё ва абадият ўртасида танлов қилишлари керак бўлганида, дунёни танлаган эдилар.

Имоми Аъзам мана шу ўринда ҳам ўта муҳим бир истиснодир. Ва бу истиснолик бадалини ўта қимматга ўтаган истиснодир.