June 12

ИМОМ АЪЗАМ / АББОСИЙ ДАВРИ

АББОСИЙ ХАЛИФАЛАР

Аббосий халифаларининг ҳокимият тепасига келиши саналари рўйхати учун “Ахборуд-Давлатил-Аббосийя” номли асарнинг 412-414-бетларига мурожаат қилиш мумкин.

"Абу Ҳанифа Аббосийлар даврини улкан қувонч ва умид билан кутиб олди. Илк аббосий халифа Саффоҳга байъат берганлиги муносабати билан қилган нутқи буни кўрсатади. Ўтмишда бошдан кечирганини ҳисобга олсак, ундан кутилган нарса ҳам шу эди. Лекин кейинги даврларда, у кутган нарсанинг акси бўлиб чиқди".

"Аббосийлар аслида Ҳазрати Али тарафдорлари давлати сифатида пайдо бўлди. Бу давлат Али тарафдорларининг даъвати асосида ташкил этилди. Уларга бу ҳақ Ҳазрати Алининг невараларидан ўтган. Бундан ташқари, Аббосийлар Ҳазрати Али мансуб бўлган Ҳошимийлар оиласидан эди. Уларнинг амакиваччалари бўлмиш Ҳазрати Алининг авлодларига ҳар кун раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват кўрсатишлари керак эди. Улардан кутилган нарса, Аҳли Байтнинг ҳақларига риоя қилиш эди. Лекин улар, Ҳазрати Али авлодларининг қасосини олишларини доим эълон қилиб келардилар, уларга зулм қилганларни мағлуб этишни такрорлардилар. Аҳли Байтнинг валийлари ва ҳомийлари эканини, уларнинг шаҳид ҳақларини сўраб олишга ҳақли эканини айтишарди. Абу Ҳанифа бундай давлатнинг барпо этилишидан хурсанд бўлиши ҳам табиий.

Шунинг учун ҳам, аббосийлар ҳокимиятга келгач, уларни мадҳ этиб нутқ сўзладилар ва ҳамкасб фақиҳларни чорлаб, уларни қўллаб-қувватлашга ва итоат қилишга ташвиқ этдилар” (Абу Заҳра, Абу Ҳанифа, 36).

Имоми Аъзам ҳаётида икки аббосий халифаси ҳукмронлик қилди: Саффоҳ ва Мансур.

Аббосийларнинг биринчи халифаси Саффоҳ биринчи нутқини айтиб, минбардан тушганида, унинг ёнида юрган энг яқин одами Довуд ибн Али шундай деди: "Эй одамлар! Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ билан сизлар ҳозир байъат бераётган халифангиз орасида фақат битта халифангиз бўлган: у ҳам бўлса Ҳазрати Али". (Ибнул-Асир, 5/416).

Бу сўзлар ўша пайтда у ерда бўлган Имоми Аъзамни беҳузур этган бўлса керак. Чунки у Алининг устунлигини билган ва тан олган бўлса-да, Абу Бакр ва Умарга ҳурматни асло тарк этмасди. Энди эса уларни йўқ саналаётганини кўрди.

1. Абул Аббос ас-Саффоҳ (132-136 / 749-753 йиллар)

Биринчи Аббосий халифаси бўлган бу шахс қон тўкиши билан машҳур эди. "Саффоҳ" лақабини шунинг учун олди. Имоми Аъзам туғилиб ўсган Куфада у зотга байъат берилди.

Саффоҳ ҳижрий 136-йилда вафот этди ва унинг ўрнига акаси Абу Жаъфар ал-Мансур ўтирди.

2. Имоми Аъзамнинг қотили, халифа Абу Жаъфар ал-Мансур (136-158/ 753-774 йиллар)

Аббосийларнинг давлат сифатида тўлиқ шаклланишини таъминлаган иккинчи халифа Абу Жаъфар ал-Мансур даври ҳам таржима фаолиятларининг бошланган даври бўлди. Ўзи ҳужум қилиб ўлдирган Уммавий Ироқ волийси Ибн Ҳубайрадан кейин, уни ҳокимият тепасига олиб келган энг муҳим шахс Абу Муслим ал-Хуросоний ҳам, 137/755 йилда, бир суиқасд билан ўлдирилди. Бунинг оқибатида бошланган қўзғолон ва фитналарни бостирган Мансур, номини муқаддас эълон қилган Аҳли Байт авлодидан кўплаб инсонларни қатл этди.

Булар ҳақида Суютий шуларни ёзади: “Аббосий ва Али авлоди орасига биринчи бўлиб фитна солган шахс Абу Жаъфар ал-Мансур эди.

Мансурдан олдин бу икки оила бир ва ягона ҳаракат қиларди. Мансур, Ҳазрати Али авлодлари билан бирга ҳаракат қилган кўплаб олимларни ё ўлдирди ёки қийноқлардан ўтказди. Абу Ҳанифа ҳам улардан бири. “Моликий мазҳабининг имоми Молик ибн Анас ҳам Мансурнинг душманига айланган исмлардан”.

"Мансур машҳур шахслардан Суфён ас-Саврий ва Аббод бин Касирни 158-йилда Маккага қамаб қўйди. Ўша йили у Маккага, ҳаж учун йўлга чиқди. Одамлар унинг Маккага етиб бормаслиги учун дуо қила бошлади. Чунки Агар Маккага етиб борса, зиндондаги ўша икки алломани қатл этишидан қўрқишарди. Дарҳақиқат, Мансур Маккага етиб бора олмади, йўлда қорин оғриғидан вафот этди”. (Суютий, “Тарихул-ҳулафо”, 303-304).

Санскритча, сурийнийча, қибтча ва қадимги юнончадан асарлар араб тилига таржима қилина бошлади. Бу фаолиятларда мусулмон бўлмаганлар етакчилик қилдилар. Ибн Муқаффаъ (кейинчалик мусулмон бўлган), Юҳанно бин Битрик, Жоржис бин Жабррил ва Патрик Сергиос кабилар бу исмларнинг энг олд сафидаги исмлардир.

Бу таржимонлар орасида Ибнул-Муқаффаъ ҳақиқатан ҳам ибратли ҳаётга эга. Асли эронлик ва Зардушт ўғли Зардуштийнинг ўғли бўлган Ибнул-Муқаффаъ (ваф. 142/759) араб адабиётидаги энг буюк номлардан биридир. Ўзининг фалсафий адабиёти билан алоҳида ўрин эгаллаган Ибн ал-Муқаффаъ Уммавийлар волийси Ҳажжожнинг солиқ йиғувчиларидан бири бўлган. Ноҳақ ижрооти туфайли Ҳажжожнинг зулмига учраб, қўли чўлоқ мажруҳ қолгани учун “чўлоқ” маъносида "Муқаффаъ" номи билан эсланадиган бўлди.

Юнонча матнларни аввал форсчага, сўнгра арабчага таржима қилган Ибнул-Муқаффаъ, Мансур хизматида ишлаган кунларида мусулмон бўлишига қарамай, давлат бошқарувини ва Мансурни огоҳлантирувчи асарлари, айниқса, "Калила ва Димна" номли жуда машҳур асаридаги эртакнамо ҳикоялари танқид саналгани ва арабларни камситувчи муносабатда бўлгани учун қатл этилган.

Албатта, ўхшаш воқеаларда бўлгани каби, омма олдида яроқли баҳона сифатида “Зиндиқ” деган айблов қўйилди. “Эрон миллатининг энг закийси” дея эсланадиган ва араб тилини араб олимларидан кўра яхшироқ қўллаган Ибнул-Муқаффаъдан араб ғурури қўзғатган ҳасаддан қутулишини кутиб ҳам бўлмасди.

Дарҳақиқат, у бундан қутула олмади ва очиқ сўзлигининг бадалини ўз жони билан ўтади. Бунча хизматлар қилгани Мансур, Басра ҳокими Суфён ибн Муовияга буйруқ юбориб, уни парча-парча тўғратди. Машҳур файласуф-адибга нисбатан шахсий адовати бўлган Суфён уни бир ҳаммомга қамаб, даҳшатли тарзда ўлдиргач, сўнгра парчаларини, бир ривоятга кўра, қудуққа ташлаган, бошқа ривоятга кўра, ёқиб юборган.

Халифа Мансур ниҳоятда кинчи ва ўта даҳшатли садист эди. Шу сабабдан, Уммавий волий, зулм ва садизм тимсоли, Ҳажжожни миннатдорлик билан ёдга оларди. Ҳатто бир жойда, Ҳажжождек волийси бўлмаганидан нолийди. (Қаранг: Зубайр ибн Баккор, ал-Муваффақиёт, 37-38)

Мансур ўлдириш билан қаноатланмайди, душманларини қийноққа солиб ўлдиришдан ҳам завқ оларди. Бунга мисоллар кўп, бу ерда фақат биттасини келтирамиз:

Холид бин Салама бин ал-Ос, Аббосийларга қарши ишлаганлардан бири эди ва Мансурни ҳақорат қиларди. Аббосийларга қарши урушган Уммавий волийси Ибн Ҳубайранинг ёнида ўрин олганди. Ибн Ҳубайра ва тарафдорлари, ўша пайтда валиаҳд бўлган Мансур аскарларидан Воситда мағлуб бўлгач, бу Холид, Мансур ҳузурига келтирилди. Мансур аввал Холиднинг тилини кесди, бир муддат оғриқдан чирпанганидан кейин, бўйнига уриб, қатл этди. (Ибн Саъд, 6/347).