Yesterday

ИМОМИ АЪЗАМНИНГ АСАРЛАРИ

ИМОМИ АЪЗАМНИНГ АСАРЛАРИ

Имоми Аъзам ўша даврдаги бошқа ҳамкасблари каби тизимли асарлар ёзмаган. Унинг ғоялари, фатволари кейинчалик тизимлаштирилган. Бу ўша давр олимларининг ҳаммасига хос услуб эди. Марҳум Абу Заҳра бу мавзуда жуда чиройли ифода этган:

"Абу Ҳанифанинг бобларга айрилган фиқҳга кўра тартибланган бирорта асари маълум эмас. Бу ўша асрнинг руҳи ва замон оқимига мос ҳолат. Чунки китоб ёзиш умрининг сўнгги кунларигача кенг тарқалган эмас эди. Асар ёзиш анъанаси унинг вафотидан кейин ёйғинлашди.

Мужтаҳидлар саҳобалар даврида фатво ва ижтиҳодларини жамлашдан тийиларди. Ҳатто Пайғамбарларнинг ҳадисларини ҳам ёзмаганлар. Чунки улар диний асосларга оид ёзма китоб сифатида фақат Қуръон мавжуд бўлишини исташарди.

Қиёматгача амал қилинадиган нур мана шу эди. Кейин уламолар ҳадис, фатво ва фиқҳни ёзишга мажбур бўлдилар. Мадина уламолари, Абдуллоҳ ибн Умарнинг, Оиша бинти Абу Бакрнинг, Абдуллоҳ Ибн Аббоснинг фатволари билан улардан кейин Мадинадан келган тобеинларнинг фатволарини йиға бошлади. Уларга қараб, уларга асосланиб фатво чиқаришарди. Ироқликлар эса Абдуллоҳ ибн Масъуднинг, Ҳазрати Алининг, Қози Шурайҳнинг ва бошқа Куфа қозиларининг фатволарини йиғардилар. Иброҳим Наҳоийнинг фатволари ҳам мажмуа ҳолида тўпланган эди. Абу Ҳанифанинг устози Ҳаммоднинг ҳам шундай мажмуъаси бор эди”.

Абу Ҳанифанинг шогирдлари унинг назорати остида, баъзан эса унинг кўздан кечириши орқали унинг сўзларини ёзганлар”. (Абу Заҳра, 167-168).

"Биз Абу Ҳанифа фиқҳини фақат унинг шогирдлари орқали ўргана оламиз. Уларга бу йўлни тайёрлаган у зотдир. Устозлари билан бир фиқҳ масаласини муҳокама қилишар, масалани ҳал қилиб, бир қарорга келгач, ёзиб олишарди. Аммо бу ерда учта фикрни ёдда тутишимиз керак:

Биринчиси, Абу Ҳанифанинг дўстлари унинг фиқҳини тилга олишлари, унинг ҳеч қачон ўз фиқҳини ёзмаганлигини кўрсатмайди. Бизда Абу Ҳанифанинг ўзи ёзган рисолалардан бир қисми мавжуд.

Абу Ҳанифа ўзи яшаган асрнинг энг буюк қиёсчиси эди. Унинг мухолифлари уни қиёсда ҳаддан ошиб кетди, деб айблашарди, қиёслари билан суннатдан айрилиб, ҳатто ислом мужтаҳиди чегарасидан чиқиб кетди, дея айблашади. Биз Имом Муҳаммаднинг китобларини ўқиганимизда, сабаб ва иллатларини, ҳукм чиқариш тарзи баён этилган жуда оз қиёс топа оламиз.

"Абу Ҳанифанинг истиҳсонлари қаерда? У "Истиҳсон қиляпман" деганида, ҳеч бир шогирди унинг олдида айтарга сўз тополмай, таслим бўлишарди. Чунки бу истиҳсонларда катта идрок ва кескин басират бор эди. Қиёсларига қарши бўлганлар ҳам қиёс қилишса ҳам, истиҳсонларига жавоб беролмасдилар. (Абу Заҳра, 171).


ИМОМИ АЪЗАМ АСАРЛАРИ ДЕЙИЛГАНДА

Абу Ҳанифа ғояларининг манбаи - албатта, унинг шогирдлари ёзган асарларидир. Чунки Абу Ҳанифа ўз дарсларида фикрларини шогирдларига тушунтирар эди. Унинг шогирдлари ҳам бу фикрларни ёзиб олишарди. Бу қайдлар кейинчалик китоб ҳолига келтирилди. Бунда унинг бош шогирди Муҳаммад ибн Ҳасаннинг “Зонирур-Ривоя” номли тўплами асосий манба ҳисобланади. Бу куллиёт ал-Асл, аз-Зиёдот, ал-Жомиъул-Кабир, ал-Жомиъус-Сағир, ас-Сиярул-Кабир, ас-Сиярус-Сағир номли китобларга жамланган. Абу Ҳанифанинг энг муҳим шогирдларидан бири Абу Юсуфнинг асарларини ҳам шу тоифага киритиш мумкин.

Абу Ҳанифа ижтиҳодларида қўллаган ҳадисларни ўз ичига олган “Муснаду Абу Ҳанифа” номли ҳадис мажмуаси ҳам унинг шогирдлари томонидан жамланган. Бу асарлар ҳанафий фиқҳининг шубҳасиз, биринчи ва асосий манбалари ҳисобланади. Булар ҳанафий мазҳабидаги ҳидоят ва критерий манбаларидир. Булардан ташқаридаги манбалар, жумладан, Имоми Аъзамнинг ўзига тегишли дейилган манбалар ҳам, инкор этилмайдиган критерий асарлар эмас. Чунки уларда (масалан, “ал-Фиқхул-акбар”да) Абу Ҳанифага кейинчалик нисбат этилган фикрлар бор ва бундай эканлиги умумий қабуллардан биридир.

Шундай экан, Имоми Аъзам асарлари ҳисобланган китоб ва рисолалардаги фикрларни ҳам ана шу асосий манбаларга, ҳамда Имоми Аъзамнинг тарихий мужодаласининг маълумотларига мурожаат этиш орқали тасҳиҳ этишга мажбурмиз.

Имоми Аъзамга нисбат берилган китоб ва рисолалар қуйидагилардир:

1. ал-Олим вал-Мутаъаллим:

Имом Аъзамнинг иймон бобидаги қарашларининг ўзи томонидан ёзилган энг ишончли манбадир. Савол-жавоб тарзида тузилган ушбу асар юқорида келтирилган мезонларга мос келгани учун “Имом Аъзам асари” номига “энг муносиб” матн ҳисобланади.

2. ал-Фиқхул-Авсат:

Бу эътиқод ҳақида асар. Уни ўғли Ҳаммод ва шогирди Абу Юсуф ёзиб қолдирган.

3. ар-Рисола:

Бу матн Абу Ҳанифанинг ўз ҳамкасби, Басра қозиси Усмон ал-Баттийга ёзган узун мактубидир. Унга қўйилган айбловлар ва айбловларга жавоблардан ташкил топган бу матнда диний мавзуларга ҳам тўхталиб ўтилган.

4. ал-Васийя:

Бу эътиқод масалаларига бағишланган. Усмонли муаллифларидан бири Баёзийзода томонидан Ишоратул-Маром номи билан изоҳланган.

5. ал-Касидатун-Нуъмонийя:

У Имоми Аъзамга нисбат берилган қасида бўлиб, Ҳазрати Пайғамбарга мадҳлар битилган. Кўп сонли таржима ва шарҳлари мавжуд.

6. “ал-Фиқҳул-Акбар”:

Абу Ҳанифага нисбат берилган бу асарга алоҳида тўхталиб ўтиш зарур. Чунки бу асар аҳли суннат эътиқодининг манифести ва айниқса, иймон қоидаларининг манбаи сифатида кўрсатилади. Афсуски, бу асарда Имоми Аъзамнинг тарихий воқеа ва ҳужжатлар билан исботланган фикрларига зид баъзи тасбитлар ҳам мавжуд.

Бу тасбитлар Имом Аъзамдан кўра кўпроқ, унга қарши бўлганларнинг, хусусан, Бухорийнинг фикри ўлароқ яққол намоён бўлади. Аслида бу асарни Бухорийга тегишли деган манбалар ҳам бор.

Фиқҳи Акбар ҳақидаги инкор этиб бўлмайдиган нуқта шуки: Имоми Аъзамнинг ушбу асарига кейинчалик баъзи фикрлар киритилган. Бу деярли бил-иттифоқ қабул қилинади.


БИР МУАЛЛИФНИНГ АДАШУВИ

Туркия Ислом дини қомусига Мустафо Узунпосталжи тарафидан ёзилган Абу Ҳанифа ҳақидаги мақоладаги бир иддао, биз ушбу қомусда тез-тез учратадиган ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган адашувлардан биридир. Мақоланинг "Абу Ҳанифа асарлари" бўлимида шундай дейилади:

*ал-Фиқхул-Акбар ақоидга доир бўлиб, аҳли суннат қарашларини умумлаштиради. Гарчи, И.Голдзиер бошлиқ баъзи шарқиётчилар, бу асарнинг Абу Ҳанифага нисбат берилишини саҳиҳ демаса-да, ислом уламолари китобнинг унга тегишли эканлигига иттифоқ қилганлар”.

Йўқ, асло ундай эмас. Бундай иттифоқ йўқ ва ҳеч қачон бўлмаган. Мақола муаллифи фактларни ё билмайди ёки яширади.

Аҳли суннат номи остида уммавий стереотипларини, уммавийларнинг энг катта душманларидан бири бўлган Имом Аъзам номидан аҳли суннатга яматмоқ учун, ўзи билмаган ҳолда, “бўҳтон ҳимоясига адвокатлик” қилмоқда. Бу масала ислом фиқҳининг энг нуфузли исмларидан бири Муҳаммад Абу Заҳра (ваф. 1974) томонидан муҳокама қилинган ва бизнинг ҳам қўшилганимиз хулосаларга эришилган. Аввало, устоз Абу Заҳрани тинглайлик:

"Уламолар бу асарнинг Абу Ҳанифага тегишли эканида иттифоқда эмаслар. Ҳатто Абу Ҳанифанинг энг қизғин тарафдорлари бўлган ва унинг асарлари сонини кўпайтиришни истайдиган муҳиблари ҳам бу масалада иттифоқда эмаслар. Ибн Баззозий (Кардарий) “Маноқиб” асарида “ал-Фиқҳ-ал-Акбар" ҳамда "ал-Олим вал-мутаъаллим” ҳақида сўз юритар экан, шундай дейди:

“Агар Абу Ҳанифанинг тасниф этилган бирорта китоби йўқ, дейдиган бўлсанг, мен жавобан дейманки, "бу гап муътазила иддаоси". Уларнинг иддаоси шуки, "Абу Ҳанифанинг илми каломга доир бирорта асари йўқ" дейишдир. Бунинг йўли "Фиқҳ-и Акбар" ва "ал-Алим вал-Мутаъаллим" номли асарлар уники эмас дея даъво қилиш. Чунки бу китобларда аҳли сунна эътиқодининг улкан қисмини очиқлагандир. Ҳолбуки, Муътазила уни ўзларидан қилиб кўрсатишга ҳавасманд. Муътазила имомлари: “Бу китоб Абу Ҳанифаники эмас, Бухорийники”, дейишади.

Баззозий бу китобни Абу Ҳанифага нисбат беришда кўпчилик уламолар ижмо қилган, дейди. Барча уламолар итифоқ қилган демайди. Демак, китобнинг унга нисбат берилиши баъзи уламолар наздида шубҳали". (Абу Заҳра, 161-162).

Ислом фиқҳи ва Абу Ҳанифа борасида, сўзсиз мўътабар саналмиш Абу Заҳра каби олим бундай дейди. Ўқимай ёзгани аён бўлиб турган Узунпосталчи бунинг аксини дейди.

Туркия Ислом дини энциклопедияси устида “Диёнат Ишлари Бошқонлиги” сўзини кўрса, унда ёзилганларга ишонадиган бир энциклопедия, у ҳақиқатан қийматли манба. Узунпосталчи ва унга ўхшаганлар турк халқининг ушбу қомусга бўлган ишончини жиддий равишда задалаган.

Биз “ал-Фиқҳул-Акбар”нинг тўлиғича Имоми Аъзамга тегишли эканлигига шубҳа қилганлардан биримиз. Бу асар кейинчалик Абу Ҳанифага нисбат берилганига, ёки камида унинг қарашларига тўғри келмайдиган қарашлар илова этилганига ишончимиз комил. Чунки “ал-Фиқҳул-акбар”даги бир қатор ғоялар Имоми Аъзамнинг ўз ҳаёти эвазига ҳимоя қилган, тарихий ҳужжат ва воқеалар билан мустаҳкамланган ғояларига мутлақо зид.

Бу ғоялар Имоми Аъзамга эмас, айтилганидек, унинг ашаддий душманларидан бўлган Бухорийга тегишли.

Дарҳақиқат, Муътазила имомларининг “ал-Фикҳ ал-акбар” Бухорийнинг асари эканлиги ҳақидаги даъволари бор, бизнингча, бу даъво жиддий қабул қилиниши лозим бўлган даъводир. Ҳеч бўлмаганда, биз шуни айтишга мажбурмиз:

Бухорий, бу асарга, фикрларига қарши бўлган Имоми Аъзамни ўзига ўхшатиш учун, зарур деб топган ғояларни киритган.


АЛ-ФИКҲУЛ-АКБАРГА КЕЙИНЧАЛИК КИРИТИЛГАН ФИКРЛАР

БАРЧА САҲОБА ЪУДУЛ (ОДИЛ) ДЕГАН МАСАЛА:

Одил бўлиш икки маънога эга: илмий ва анъанавий. Илмий маънода, Одил дегани ёлғондан холий дегани. Анъанавий маънода бу маъсум ва адашмас дегани.

Биринчидан, Ислом динининг тавҳид эътиқоди, Пайғамбардан бошқа ҳеч бир инсонни "ъудул" сўзининг маъносига лойиқ кўрмайди. Бундай даъво ва эътиқодни ширк деб билади. Ҳатто, маъсумият маъносидаги ъудуллик маъносини пайғамбарга ҳам ишлатиб бўлмайди. Қуръонда пайғамбарлар учун назарда тутилган ъудуллик, уларнинг пайғамбарлик бурчи жиҳатидан Аллоҳнинг ҳимоясида бўлиши, инсоний нуқтаи назардан эса қилган хатоларини Аллоҳ таоло томонидан ваҳий орқали тузатилишига асосланади.

Имоми Аъзам, барча саҳобани ъудул деб билади, деган иддао бу мазлум имомга қилиниши мумкин бўлган энг катта туҳматлардан бири. Бу туҳмат, Имоми Аъзамга ҳам шиаларнинг муташаддид гуруҳлари, ҳамда суннийларнинг уммавийчи гуруҳлари томонидан қилинган туҳматдир. Имом Аъзам барча саҳобани ъудул деб биларди, деган шиа-ҳуруфий ёзувчи Абдулбоқий Гўлпинарли ўз даъвосини “ал-Фиқҳул-Акбар” номли мунозарали китобга асослайди.

Гўлпинарлининг даъвоси шу: Имом Аъзамга кўра, саҳобалар орасида бунчалар кўп қон тўкилишига ва ўн минглаб одамларнинг қатл этилишига, барча жанг ва урушларга сабаб - биргина ижтиҳод хатоси, ва ҳатто бу ижтиҳодда хато қилганлар ҳам савоб оладилар. (Гўлпинарли, Тарих бўйича ислом мазҳаблари, 206)

Бу даъволар ҳам тарихий, ҳам диний жиҳатдан нотўғри ва залолатдир. Имоми Аъзамда шу ғоялар бўлса, бундай кураш йўлида жонини бермасди. У бу ғояларнинг мутлақо аксига ишонарди, ва шу эътиқоди учун шаҳид бўлди. Гўлпинарли ва унга ўхшаганлар мард тутмаяпти ўзини, ниқоб тутиб Имом Аъзамга қарши мазҳабчи гиналарини тақийячи бир тактика ёрдамида қондиришга уринмоқда.

Гўлпинарли ва унга ўхшаганларни безовта қилаётган масала шу: Имоми Аъзам саҳобалардан ҳеч кимнинг ъудул эканлигига ишонмаган. Гўлпинарли ва унинг ҳамкасбларини безовта қиладиган айнан мана шу. Чунки Имоми Аъзам Алининг ҳам ъудул эканлигини қабул қилмайди. Али ҳам хато қилиши мумкин. Имоми Аъзам пайғамбардан бошқа ҳеч қандай шахсга ъудулни қабул қилмайди. Бу шиа жамоаларини ғазабига сабаб бўлади. Ҳақиқатан, шиаларнинг бухорийси ҳисобланган Кулайний Имоми Аъзамни лаънатлаганида, Ҳазрати Алини дахлсиз деб билмаслигини сабаб қилиб келтиради.

Гўлпинарли тилининг тагида шу нарса ётади. Лекин буни Туркиядек мамлакатда очиқча айта олмайди, гапни айлантиради.

Сўзнинг асли шундан иборатки, шиалар дейдики: “Муовия ва шунга ўхшаш золимларни ъудул деб ҳисобламанг, ана шу жуда хайрли иш бўлади, лекин биз маъқуллаган барча саҳобаларни ъудул деб билинг”.

Аҳли суннат пардаси остидаги уммавийчилик қилаётган зеҳният шундай дейди: “Пайғамбарнинг авлодини ўлдирган, халифаликни оилавий салтанатга айлантирган, йиллар давомида Ҳазрати Алига ислом маъбадидан лаънатлар ўқиб, жамоатга омин дегизган Муовия ва унга ўхшаган барча саҳобаларни ъудул, маъсум, яъни бегуноҳ деб билинг».

Имоми Аъзамнинг эса эътиқоди шундай:

"Пайғамбардан бошқа ҳеч ким маъсум, бегуноҳ эмас. Танқиддан ҳеч ким устун эмас. Ҳатто саҳобалар орасида ҳурматим баланд бўлган ва ҳақ-ҳуқуқлари учун жонимни фидо қилган Алини ҳам хато ва танқиддан устун қилиб бўлмайди. Агар шундай қилинса, бу ширк бўлади”.

Мана шу жойига шиа мутаассиблиги қарши чиқади: Аҳли Байт учун жон фидо қилган Имоми Аъзамни улар инсофсизларча лаънатлайди. Аҳли суннатнинг баъзи уммавийчилари эса Имоми Аъзамни ўз тарафида кўрсатиш учун унга тегишли бўлмаган фикрларни унинг асарига киритиб, уни ўз ақидаларига воситақи қилмоқчи бўлади.

Гўлпинарли, Имом Аъзамга пардали ҳужумини, қиёс тушунчаси орқали ҳам давом эттиради. Имом Аъзам қиёс масаласида имом Жаъфар Содиққа қулоқ солмаган, деган гап тўғри эмас. Имом Аъзам ҳақида тарқалган миш-мишларни эшитган Имом Жаъфар Содиқ ва бошқа баъзи Аҳли Байт имомлари “Нега динга қиёсни киритдинг, энг биринчи қиёс қилган Иблис бўлди”, дея таъна қилгани манбаларда бор. Бироқ, бу манбалар бизга худди худди ўша жойда қуйидагиларни ҳам айтади бизга:

Абу Ҳанифа ўзи қўллаган қиёсни Иблис ишлатган маънодаги қиёс эмас, балки диннинг талаби йўлида, “асосий сабабни излаш”га интилиш эканини Қуръондан ва ўз ижтиҳодидан мисоллар билан кўрсатиб бериб, Аҳли Байт имомларининг тасдиғини олган.


ИЛҲОМ ВА КАРОМАТ МАСАЛАСИ:

Фиқҳи Акбарда каромат ва илҳом тушунчаси ҳам Имоми Аъзамнинг тушунчасига зид. Суннийлик анъанасидаги Қуръонга зид бўлган каромат эътиқоди, "кейинги даврларнинг мослашуви" ўлароқ китобга кейин киритилгани аниқ.

Аҳли Раъй бўлгач, албатта рад этиши керак бўлган ва зарба бериш керак бўлган адашувлардан бири ҳам мана шу "каромат" эътиқодидир. Ҳақиқат шуки, каромат, Ислом тарихи бўйича ваҳйни ва ақлни тамоман диндан чиқариб ташлашнинг дин ниқоби остидаги ҳийласи сифатида ишлатиб келинган.

Имоми Аъзам, динда ишонилиш керак бўлган арконлар орасида "авлиё каромати" деган мавзуга ишонмайди. Унга кўра, каромат ва умуман барча фавқулодда ҳолатларга фақат уларга тааллуқи бўлган шахс боғлиқ бўлади.

Имом Аъзамга нисбат берилган “Ал-Фиқҳул-акбар” асарида бунинг аксини ифода этувчи жумлалар кейинроқ киритилганига шубҳа йўқ.

Чунки Имоми Аъзамнинг бутун умри ва амаллари унинг кароматфурушликларга қарши эканлигига далолат қилади. Кароматфурушликнинг энг нозик нуқтасини вайрон қилиб, сувни бошиданоқ узиб қўяди: Абу Ҳанифа, унга оид экани шубҳасиз бўлган "ал-Олим вал-Мутаъаллим" асарида "Қалб ўқиш каромати" ҳақида сўз юритиб, бунинг ширк эканини очиқ таъкидлайди ва бу иддаонинг мусулмон жамиятларига етказаётган зарарини шундай изоҳлайди:

"Инсон қалбларга йўл топиши имконсиз. Қалбларда нималар бўлаётганини фақат Аллоҳ билади ва ваҳий нозил қилинган пайғамбар билади. Кимки қалблардагини бошқа йўл билан биламан деб даъво қилса, ваҳий нозил қилганидан кўра, оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳнинг илмига даъвогар ҳисобланади. Бундай даъво билан чиққан кишига дўзах ва куфр айблови вожиб бўлди". (Имом Аъзам, ал-Олим вал-Мутаъаллим, 30).

Имоми Аъзам, Қуръон ўзи мурожаат қиладиган ва ўқувчиларини йўллайдиган асосий адреслардан бири ИЛМ эканини доимо таъкидлаган.

Ушбу асосий адресга мурожаат этилишига тўсқинлик қиладиган барча баҳона, ҳийла ва найранглар унинг ҳужумига учради. Унга дўст бўлган қадриятлар ақл, билим ва ҳаракатдир. Бир жойда шундай дейилади:

“Аллоҳнинг дунё ва охиратдаги валийлари деганда олимлар назарда тутилмаса, демак, Аллоҳнинг хеч қандай валийси йўқ”. (Ҳайтамий, ал-Ҳайратул-Ҳисон, 114)

У зотнинг сўзлари қуйидагича:

"Кимки энди ўрганишга эътиёжим йўқ деб ҳисобласа, ўз аҳволига йиғласин! " (Ибн Ҳалликон, Вафоётул-Аён, 5/408)


ХИЛОФАТГА КЕЛИШ ТАРТИБИНИ АФЗАЛЛИК САНАШ МАСАЛАСИ:

Ал-Фиқҳ ал-Акбар, рошид халифалар халифаликка келиш тартибини уларнинг маънавий устунликлари сифатида ҳам қабул қилади. Бу тушунча Имоми Аъзамнинг фикрига мутлақо зид. Биринчидан, Имоми Аъзам саҳобалар орасига бирор даража қўймайди.

Ҳазрати Алини хизматлари, илми ва донолиги жиҳатидан яхши кўради, ҳурмат қилади, уни имом сифатида қабул қилади, лекин бу автоматик равишда уни диний амрга айлантирмайди. Яъни, унинг Ҳазрати Алига бўлган муҳаббат ва ҳурмати шиаларники каби иймон ва эътиқод масаласи эмас, бу шахсий қаноат масаласи. Ҳолбуки, шиа фиқҳидаги ёндашув Ҳазрати Али фойдасига, "Фиқҳи Акбар"да эса Абу Бакр, Усмон ва Умар фойдасига иймон масаласи сифатида, олға сурилади. Бундай ёндашув Қуръон руҳига зид. Бу бутпарастларнинг шубҳаларини ташийдиган ёндашувдир.

Абу Ҳанифанинг бошқа халифаларга ҳурматида шубҳа йўқ, лекин уларнинг сайланиш тартибини маънавий устунлик ҳисоблаш Имоми Аъзамнинг ҳеч қайси тушунчаси ва тамойилига тўғри келмайди.

Бундай ёндашув Имоми Аъзамнинг ислом тушунчаларига тамоман зид.

Суннат ва жамоат тамойилининг энг илғор тарғиботчилари ва ҳатто қурувчилари ҳисобланган Мадина аҳли, Рошид Халифлар дея номланган тўрт кишидан бири бўлмиш учинчи халифа Усмонни мусулмонлар қабристонига дафн этишга рухсат бермадилар. Халифанинг қуллари, қизи ва жуда юқори лавозимларга тайинлаган қариндоши Марвон ибн Ҳакам маййитни олиб, яҳудий қабристонига дафн этишди.

Кейин эса тап тортмай, уммавий диктатурасининг фиқҳ ва калом китобларига “Ҳалифалар тартиби – уларнинг афзаллик кўрсаткичи, дея Имоми Аъзам ҳам шундай фикрда” дея Ал-фиқҳ-ул-Акбарга ёлғонларни киритишди.