June 7

ИМОМ АЪЗАМ АБУ ҲАНИФА / СЎЗБОШИ

"Пайғамбаридан кейин ихтилоф қилган қавмда ботил тараф ҳақ тараф устидан доимо ғолиб бўлади". (Амир ибн Шароҳил)

“Бир ғазот эллик ҳаждан қийматлироқ”. (Имом Аъзам)

“Осийларга қарши осийликда айблаб курашинг, кофирликда айблаб эмас”. (Имом Аъзам)

“Аллоҳнинг дунё ва охиратдаги валийлари деганда олимлар назарда тутилмаса, демакки, Аллоҳнинг ҳеч қандай валийси йўқ”. (Имом Аъзам)

"Озодлик кучи икки ўзаро зидликнинг борлигини талаб қилади. Озодлик кучи қандай ҳаракат яратган бўлса, унинг зиддини ҳам яратган". (Имом Аъзам)

"Қуръонни таржима қилиб бўлмайди" дейиш "Қуръоннинг маъноси йўқ" дейишдир". (Имом Аъзам, Қози Абдулжаббор ва Ғози Мустафо Камол)


Муаллиф ҳақида қисқача маълумот

Профессор Доктор ЯШАР НУРИЙ ЎЗТУРК (Илоҳиётчи, ҳуқуқчи, сиёсатчи)

Тайм журнали муаллифлигида тузилган "20-асрнинг энг муҳим одамлари" (The Most Important People of the 20th. century) анкетасининг Энг муҳим олимлар ва ислоҳотчилар (The Most Important Scientists and Healers) рўйхатида юз исмнинг ўнталигига кирувчи ЯШАР НУРИЙ ЎЗТУРК 1951 йилда Туркиянинг Бойбурт шаҳрида туғилган. Бошланғич Форсча, Арабча таълимни отасидан олган, отаси унинг энг катта устози бўлган. У ҳуқуқ ва илоҳиёт бўйича бакалавр таълимини олган, Ислом фалсафаси бўйича магистр ва докторлик диссертациясини ёқлаган. Бир муддат адвокат бўлиб ишлаган, сўнг университетга ўқишга кирган.

26 йил давомида Туркия университетларида факультет аъзоси ва декан бўлиб ишлаган. Нью-Йоркда (The Theological Seminary of Barrytown) бир йил давомида таклиф этилган профессор сифатида "Ислом тафаккури" йўналишида семинарлар ўтказган.

Туркия, АҚШ, Россия, Европа, Африка, Яқин Шарқ ва Болқонда Исломий тафаккур, инсон ва инсон ҳақлари бўйича кўплаб конференциялар ўтказган.


СЎЗБОШИ ЁКИ КИТОБНИНГ ҚИСҚАЧА МАЗМУНИ

Эллик йилдан ортиқ вақт ҳаёт майдонида, китоб саҳифаларида олиб борган кураш натижасида эришганимиз ҳақиқатлардан бири мана шу:

Исломни бузишга қарши (айниқса, арабчи бузилишга қарши) курашнинг ғоявий етакчиси Имом Абу Ҳанифа, амалий ҳаракат раҳбари эса Ғозий Мустафо Камол Отатуркдир.

Ушбу сатрлар муаллифининг бу хулосага келиш йўли жуда қизиқарли.

Менинг энг буюк устозим бўлган отам менга тўртта муҳаббатни сингдирди:

1. Қуръон муҳаббати,
2. Исён муҳаббати (яъни ўзига ишонч),
3. Имоми Аъзам муҳаббати,
4. Отатурк муҳаббати.

Отам онгли ва содиқ бир ҳанафий эди. Йиллар мобайнида қўлидан учта китоб тушмасди: “Қуръон”, “Мултақо”, “Мавқуфот”.

“Мултақо” отам ўсган муҳитда ҳанафий фиқҳининг энг кўп қўлланиладиган арабча фатво китоби.

"Мавқуфот" Мултақонинг Усмонлича шарҳи. Отам доим шу икки китобдан фатво берарди. Шахсан мен ундан дарс сифатида ўқиган китоблардан бири “Мултақо” эди.

Имом Хатиб мактабида ўқиб юрган кезларимда сочимни узун қилиб ўстириш иштиёқим бор эди. Шу сабабдан доим мактаб маъмурияти билан муаммолар келиб чиқарди. Трабзоннинг энг машҳур масжидларида “Кичик Ҳўжа”, яъни “Кичик имом” номи билан қилган маърузаларим туфайли мактабнинг “фахрий талабаси”га айланиб улгургандим. Улар халқдан қўрқиб, мени ортиқча безовта қилишга журъат эта олмасди, лекин бу соч масаласига ҳам бутунлай кўз юмиб бўлмасди. Шу боис мен кўп сиқилардим. Бир куни отамга "соч муаммоим" ҳақида айтдим: "Баъзилар сочим учун мени “исёнчи, бидъатчи” дейишяпти".

Отамнинг жавоби қуйидагича бўлди: "Сен ким бўлибсан, ўғлим? Улар ҳатто Имоми Аъзам ҳазратларини ҳам бидъатчи дейишган. Сени ҳақорат қилаётганлар ўша палакдан. Ҳар бир даврда мана шундай “ҳурмат” кўрсатишади. Парво қилма".

Имоми Аъзам менинг ақлимга, қалбимга, руҳимга муҳрланган эди. Мен ич-ичимда шундай қатъий бир қарор таширдим: Бир куни Имоми Аъзамни яқиндан ўрганиб чиқаман, унинг ҳаёти ва ғояларини алоҳида китоб қилиб ёзаман.

Отам ўз устози бўлмиш бобом йўлини тутиб, савдо-сотиқ билан кун кечирган инсон эди.

У диндан топилган даромадни “заҳар” дерди. Савдодан ризқ топишнинг аҳамияти ва маъносини тушунтирар экан, “Имом Аъзам”ни мисол қилиб келтирарди. Отам менинг ҳаётимда истиқомат ва энг катта яратувчи инқилоб бўлган яна бир иш қилган. У дердики: "Ўғлим! Ғозий Мустафо Камол ўз фикри ва фаолияти билан, Имоми Аъзамнинг соғинчига ва армонларига жавоб бўлган ва унинг орзуларини амалга оширган. Лекин Имоми Аъзамни англамаганлар Отатуркни ҳам англамадилар".

Узоқ йиллар давом этган меҳнатимиз отамнинг қанчалар ҳақ эканини кўрсатди.

Тадқиқотларимиз бизни ушбу натижага олиб келди:

Имоми Аъзамнинг энг муҳим тарафи, унинг сиёсий ўзлиги, бу ўзлик Имоми Аъзам ва Отатурк ўртасида инкор этиб бўлмас зеҳният боғлари борлигини кўрсатади.

Имоми Аъзам, бугун бир томондан унинг мазҳабини мақтаб, иккинчи томондан унинг зеҳнияти ва идеалини рўёбга чиқаришни истаганларни динсиз деб эълон қиладиган уммавий дин даллоллари таърифлаган шахсият эмас. Энг камида, фақатгина бундай эмас.

Бу одамлар, Имоми Аъзамнинг фақатгина ўз ишларига мос келган томонларини гапиришади. Имоми Аъзамни барҳаёт қиладиган асосий жиҳатлар четга сурилади, беркитилади.

Имоми Аъзам ҳақида айтилиши керак бўлган энг муҳим ҳақиқат шу:

Ислом оламида “Фиқҳий яратувчи мазҳаб” асосчиси, бугунги Туркияда “дахлсиз ва инкорсиз” саналган Имоми Аъзам (ваф. ҳижрий150/ мелодий 767) ўз даврида “динсиз”, “динбузар”, "Пайғамбар суннатига қарши чиққан”, “муржиъя ва жаҳмийя” каби адашган оқимларга мансуб дея, “кофир”, “яҳудий”, “мушрик”, ҳатто "Дажжол" дея айбланган.

Имоми Аъзам нафақат ўз даврининг хурофот мутаассиблари тарафидан, балки ҳукуматпараст уламолар томонидан ҳам қаттиқ бадном қилинган.

Танқидчилардан Ибн Абу Лайло (ваф. ҳижрий 148/ мелодий 765), Суфён ас-Саврий (ваф. 161/777), ал-Аллоф (ваф. 235/849), Навбаҳтий (ваф. 311/924), Абул Ҳасан ал-Ашъарий (ваф. 324/935), Ибн Ҳиббон (ваф. 354/965), Шайх Муфид (ваф. 413/1022), Хатиб ал-Бағдодий (ваф. 463/1070) каби машҳур исмлар бор.

Бу машҳурларнинг баъзилари Имоми Аъзамни ҳасад сабабли айбласа, баъзилари ҳукуматга яхши кўриниш учун, баъзилари эса унинг адашган ва кофирлигига ростан ҳам ишонгани боис айблаб чиққанлар.

Бундан ташқари, Имоми Аъзамни суннийлар дахлсиз деб эълон қиладиган ва "Қуръондан кейинги иккинчи манба" деб ҳисобланадиган Бухорий (ваф. 256/869) ҳам "адашган оқимга мансуб ишончсиз одам" деб эълон қилган. (Бухорий, Тарихул-Кабир, Абу Ҳанифа баҳси).

Бухорий билвосита ўлароқ "Имоми Аъзамни кофир ҳолда ўлди", дейишгача борган. (Бухорий, “Китобуз-Зуъафо вал-Матрукин”, тегишли модда, Ибн Абдул-Барр ал-Интиқаъ, 3-боб)

Муҳаддис Насоий (ваф. 303/915) ҳам ҳадисда Имоми Аъзамни “ишончсиз” деб зикр этади. (Насоий, Китобуз-Зуъафо вал-Матрукин, тегишли модда)

Бир томондан, уни Абу Хотим ар-Розий (ваф. 277/890), Кулайний (ваф. 329/940), Шайх Муфид (ваф. 413/1022) каби шиа имомлари, Абу Ҳузайл ал-Аллоф (ваф. 235/849) каби муътазила имомлари қораларкан, бошқа тарафдан, Аҳли сунна даврасидан ҳам кўплаб имомлар уни айблаб чиққан.

Ҳадис бобида шиаларнинг бухорийси ҳисобланган Кулайний ўзининг машҳур “ал-Кофий” асарида Имоми Аъзамни лаънатлайди. Сабаби, Имоми Аъзам, Расулуллоҳдан бошқа ҳеч бир инсонни дахлсиз ва танқиддан устун кўрмаган.

Дарҳақиқат, Имоми Аъзам Ҳазрати Алини саҳобалар орасида энг улуғи сифатида кўриб, унинг аҳли ҳуқуқларини муқаддас деб билган ва юқорида тилга олинган танқиддан устун сифатни Ҳазрати Алига ҳам бермаган. Чунки, Имоми Аъзам бундай қилган тақдирда, Қуръон руҳига зид иш қилган бўларди.

Бир инсоннинг ҳаққига ҳурмат бошқа, у ҳақни илоҳийлаштириш эса бутунлай бошқа.

Ислом биринчисини талаб қилади, иккинчисини рад этади. Лекин Кулайний, Имоми Аъзамнинг бу фикрини Ҳазрати Алига ҳақорат санайди, Ҳазрати Али ва унинг аҳли учун ҳаётини бағишлаган бу улуғ Имомни даҳшатли мазҳаб таассуби билан лаънатлайди. (Кулайний, ал-Кофий, Усул бўлими, 1/57-58)

Имом Аъзам энг яқин ҳамкасблари бўлган “илм аҳли” (масалан, машҳур Ибн Абу Лайло) томонидан айбланиб, ҳадаф кўрсатилган ва ҳукмдорлар билан ҳамкорликда зиндонларда қийноққа солинган ва охир-оқибат Аббосий халифаси Абу Жаъфар ал-Мансур томонидан заҳарланиб (ёки калтакланиб) шаҳид қилинган. Бу жиҳати билан, Имоми Аъзамни “Ислом оламининг Суқроти” дейиш мумкин.

Динчиликнинг энг оғир зулмига учраб, сўнгра динчилар томонидан бутлаштирилган буюк руҳларнинг энг типик намуналаридан бири Имоми Аъзамдир.

Имоми Аъзамга қилинган зулмнинг ибрат берувчи жиҳатларидан яна бири бу:

Ундан 150 йил кейин яшаган ҳамкасбларидан бири, муҳаддис Ибн Ҳиббон (ваф. 354/965) “Китобул-мажруҳин” асарида Имоми Аъзамни “эътиқоди бузуқ” дея эълон қилади ва ўз иддаоларини асослаш учун Имоми Аъзам ҳақида кўрилган баъзи тушларга таянади.


ДАҲШАТЛИ ТУҲМАТЛАР

Бу сатрларнинг муаллифи мансуб бўлган Аҳли Сунна мазҳабининг энг улуғ имоми ҳисобланган Абу Ҳанифа, энг оғир туҳматлар билан қораланган энг катта мазлумлардан биридир. Инсон виждонини оғритувчи бу туҳматларнинг тафсилотларини қўлингиздаги китобнинг кейинги бобларида кўрасиз. Бу ерда фақат бир нечтасини келтирамиз:

Унга ҳужум қилганларнинг “байроқлашган исмларидан” бири, машҳур тарихчи Хатиб ал-Бағдодий (вафоти 463/1070) “Тариҳи Бағдод” китобида Имом Аъзамга бағишлаган алоҳида бобда шундай дейилади:

"Диннинг асослари ва фуруотларига қарши унинг айтган шанааотлари (чиркин сўзлари ва феъллари) туфайли унинг ҳақида кўп сўзлар айтилган. Тўғриси шуки, Абу Ҳанифа барча илмий қудратига қарамай, биз бу асаримизда зикр этганимиз олимлар каби ибрат оладиган шахс эмас" (Ҳатиб ал-Бағдодий, 13/371-372).

Унинг ҳаммаслаги Қози Шарик уни шундай айблайди:

"Абу Ҳанифа Аллоҳ таолонинг китобидан икки оятни инкор этган. Абу Ҳанифа иймон ортмайди ҳам, камаймайди ҳам дея иддао қилган. Ва у, намоз Аллоҳнинг динидан бир парча эмас, деб ҳисоблаган" (Ҳатиб, 13/372). Бир куни мунозара чоғида ўша Шарик Имоми Аъзамга шундай деб ҳайқиради:

"Имкон топган куним, сени каллангни оламан. (Ҳатиб, 13/374)

Машҳур сўфий-таржимон муҳаддис Суфён эс-Саврий (вафоти 161/777) ҳам ҳужумчилар орасидаги исм. У шундай дейди:

“Бу уммат ичида Абу Ҳанифадан-да хайрсиз болани оналар дунёга келтирмади”. (Ҳатиб, 13/386)

Ўша Суфён яна шундай дейишгача ҳам борган:

"Ислом вужудига Абу Ҳанифа ўрнатган шаррдан каттароқ шарр, яъни ёмонлик бошқа ўрнатилган эмас". (Ҳатиб, 13/397)

Имом Аъзамнинг вафоти хабарини етказган кишига Суфён Саврий шундай дейди:

"Умматнинг жон томирларига келган бу балодан бизни қутқарган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Умматнинг нифоқ ўчоғи ниҳоят йўқотилди". (Ҳатиб, 13/423).

Машҳур фақиҳ Авзоий (ваф. 157/773) шундай ҳужум қилади:

“Абу Ҳанифа исломнинг жон томирларига зарар берди, уларни биттама-битта парчалади”.

Яна ўша Авзоий Имомнинг вафоти ҳақидаги хабар етиб келганида шундай дейди:

"Алҳамдулиллоҳ! Агар яшашда давом этганида, Исломнинг жон томирларини булғашда давом этарди". (Ҳатиб, 13/398)


"ПАЙҒАМБАРНИ ИНКОР ЭТГАН ДАЖЖОЛ" ИДДАОСИ

Имоми Аъзам гўёки демишларки, "Мабодо биз Пайғамбар билан бир вақтда яшаганимизда, у менинг кўп сўзларимни олган бўларди".

Муҳаммад ибн Маслама исмли ҳамкасбидан сўрашди: "Нега Абу Ҳанифа кўп шаҳарларга боргану Мадинага бормаган?"

Жавоб: "Чунки Пайғамбаримиз деганларки, "Мадинага вабо билан Дажжол кира олмайди. Абу Ҳанифа ўша дажжоллардан биридир". (Ҳатиб, 13/395)

Унинг яна бир ҳамкасби ва моликий мазҳаби асосчиси Имом Молик (вафоти 179/795) яна-да қаттиқ ҳужум қилади: “Оналар Абу Ҳанифадан-да кўпроқ Исломга зарар берадиган фарзанд туғмаган”.

Худди шу Имом Молик яна шундай дейишгача борган: "Абу Ҳанифанинг бу уммат ичида яратган фитнаси иблиснинг фитнасидан ҳам зарарлироқ. Бунинг икки сабаби бор: Биринчиси, Абу Ҳанифа муржия мазҳабидан, иккинчиси Абу Ҳанифа суннатни яроқсиз ҳолга келтирган" (Ҳатиб, 13/396).

Яна Имом Молик шундай дейди: "Абу Ҳанифа яшаган бир шаҳарда яшаш жоиз эмас". (Ҳатиб, 13/400)

Қуйидаги сўз ҳам Имом Моликка тегишли: "Абу Ҳанифа динга тузоқ қўйиб, хийла қилди. Динга тузоқ қўйганнинг дини бўлмайди". (Ҳатиб, 13/400)

Ибн Салама унинг исмига қуйидаги қофия уйдиради: “У Абу Ҳанифа эмас, Абу Жийфа”. Яъни, лош (ўлакса) отаси". (Ҳатиб 13/407)

Ибн Аммор шундай дейди: “Агар бирор масалада нима тўғри ё нотўғри деган шубҳангиз бўлса, Абу Ҳанифанинг бу масалада айтганига қаранг, унинг айтганининг тамоман зидди - ҳақиқат бўлади”. (Ҳатиб, 13/408)

Фақиҳлардан Абдураҳмон ибн Маҳдий (ваф. 198/813) шуни қўшимча қилади:

“Ислом вужудида дажжол фитнасидан кейин пайдо бўлган ягона фитна Абу Ҳанифанинг фикрларидир” (Хатиб, 13/396).


"ТАВБАГА ЧАҚИРИЛДИ ВА БУНИ РАД ЭТДИ" ИДДАОСИ

Имомга қарши қилинган энг шафқатсиз туҳматлардан бири, уни билвосита "кофир" эълон қилган ушбу иддао:

“Абу Ҳанифа қайта-қайта тавбага чақирилган, аммо у тавба қилмаган ва шу ҳолида ўлиб кетди”.

Абу Ҳанифа нима сабабдан тавбага чақирилган? Араб-Уммавий инквизицияси бунга уч сабабни келтиради:

1. Қуръонни яратилган маҳлуқ деди.
2. Зиндиқ бўлди.
3. Кофир бўлди.

Суфён ас-Саврий каби буюк бир исм шундай дейди: “Абу Ҳанифа зиндиқликдан қайтиши учун икки марта ва кофирликдан қайтиш учун кўплаб марта тавбага чақирилди”. (Ҳатиб, 13/ 382-383)

Яна буюк исмлардан бири Абу Довуд Сулаймон ас-Сижистоний (ваф. 275/888) шундай дейди: “Имом Молик, Шофеъий ва Ибн Ҳанбал Абу Ҳанифанинг залолатда эканига иттифоқ қилганлар”. (Ҳатиб, 13/ 383-384)

Яъни, суннийликнинг учта машҳур мазҳаббоши имомларнинг учаласи ҳам, бугунги кунда аҳли суннанинг энг буюк имоми ҳисобладиган Абу Ҳанифанинг залолатга кетганига иттифоқ қилганлар! Қандай бир аҳволда эканимизни, зеҳният ва шахсиятимиз қай аҳволда эканини ўзингиз бир ўйлаб кўринг энди!!!


ИМОМИ АЪЗАМ - ИСЁН ВА ҲАРАКАТ ЛИДЕРИ

Имом Аъзам қайси сабабдан ва кимга нима қилдики, унга қарши бунча оғир айблов, туҳмат ва зулмларга дучор бўлди?

Агар салтанат динчилигидан сўрасангиз, Имоми Аъзамнинг энг катта жинояти деб, арабчи салтанат динчилигига қарши нафақат ғоявий исён, балки уларга қарши амалий ҳаракатини келтиради.

Имоми Аъзамни нишонга айлантирган ва ҳадаф кўрсатган сабаб, унинг “исён ва ҳаракат” характеридир. Фикрлари, қарши чиқишлари ва айбловлари жиҳатидан Имоми Аъзам билан бир хил қарашларга эга бўлган тобеъин Ҳасан ал-Басрийни эслайлик. Имоми Аъзамдан қирқ йил аввал вафот этган бу енгиб бўлмас имом худди Имоми Аъзам каби МАВОЛИЙдан, яъни араб аслли бўлмаган мусулмон эди. У ўз ғоялари ва таъсири билан Уммавий араб ирқчилигига даҳшатли тушлар кўрсатган бўлса-да, таъқиб ва тазйиққа учрамаган, зиндонга ташланмаган, қийноққа солинмаганди. Уммавийлар ҳукмдорлари уни узоқдан кузатиш билан кифояланди. Чунки Ҳасан ал-Басрий (вафоти 110/728) барча танқидларини қуйидаги хулосага боғларди: “Уммавийлар Аллоҳнинг мусибати, лекин уларга қилич билан қарши чиқиш тўғри эмас, ишни Аллоҳга ҳавола қилиб, кутишимиз керак”. Уммавий золимлари учун бу етарли эди.

Имоми Аъзам эса золимларга қарши чиқди, араб-уммавий динчилигига қарши қилич кўтариш зарур дейиш билан чекланмади, балки арабчиликка қарши барча исён фаолиятларини ўз бойлиги ва кучи билан, моддий ва феълий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

Имоми Аъзамнинг фарқи ва улуғлиги ҳам мана шунда, бугунги “Имом Аъзам мухлислари” (!) бу фарққа ҳеч тегинмайдилар. Улар таърифлаган Имоми Аъзам туғилиб ўсган, ўқиб етишган, ишлаб бойиган, қуш сути ва қуруқ узум билан кун кечирган, егани олдида, емагани ортида, ўз замондошларининг олқиш ва мақтовига сазовор бўлган, ва ҳар қандай фоний банда қаторида дорул-бақога риҳлат айлаган “фақиҳ” сиймоси. Ҳолбуки, асл тарих бутунлай бошқача.

Унинг тортган азоб-уқубатлари, машаққатлари, зиндонларда кўрган қийноқлари, йиллар давомида қамчилангани, энг яқин ҳамкасблари томонидан фақат ҳукмдорга ёқиш учун "зиндиқ ва кофир" эълон қилингани, етмиш ёшида заҳарланиб, қатл қилингани ҳақида ҳеч нарса айтилмайди.

Имоми Аъзам, қон, даҳшат, изтироб ва қийноқлар орасида яшаган фикр ва инқилоб лидеридир.

Бир лидерни, қони билан жони билан бадал ортидаги ғоя ва имонга тегинмай туриб, уни англатиш мумкинми, мумкин бўлса бу инсонийми, виждонийми?

Имоми Аъзам ҳақида маълумотни беркитиш ва ҳақиқатни яшириш махсус амалиёти сабабли, Имоми Аъзам жонини фидо этган ғоялар, тарихга қолдирган ўлмас мероси юзага чиқа олмаётир, йўқ бўлиб кетмоқда.

Имоми Аъзамни Ислом оламининг Суқроти, дедик. Суқрот афиналик бутпарастлар томонидан заҳарлаб ўлдирилган эди, Имоми Аъзам Араб-Аббосийлар сарой золимлари томонидан заҳарлаб ўлдирилди. Бу жиҳатдан икки монументал исмнинг тақдири бир. Лекин орадаги битта фарқ бор:

Ғарб Суқротни яшаши керак бўлганидек яшатди. Мусулмон Шарқи эса Имоми Аъзамни яшаши керак бўлганидек яшатмади ва яшатмайди, уни улуғлаб туриб ҳар куни ўлдиради.

Имоми Аъзамни қатл этган, сўнгра унинг асосий ғояларининг устини беркитган эски ва янги салтанат динчилигининг ҳужумларини қўлингиздаги китоб саҳифаларида афсус билан ўқийсиз, деб ўйлайман. Ва шуни англаш ва эътироф этиш нуқтасига ҳам келасиз: Ислом, Пайғамбар а.с.дан кейиноқ дарҳол араб мудоҳаласи билан бузилган. Бу бузилишдан кейинги илк тузатиш ва покланишни Имоми Аъзам амалга оширган.

Илк даврда, яъни Бошланиш, Камолот ва Саодат даврида Пайғамбарга қарши чиққан зеҳниятлар билан иккинчи даврда, яъни Тозаланиш даврида Имоми Аъзамга қарши бўлган зеҳниятлар орасида фарқ йўқ.

Мусулмон олами “Учинчи тозаланиш даври”ни фақатгина Мустафо Камол Отатурк билан яшади. Бу даврнинг лидери бўлган шахс ҳам ташкилотчилик даҳоси бўлгани боис бу масалани назария сифатида ташлаб қўймади, балки ўз амалий фаолияти ва сиёсий ҳаракати билан ҳаётга татбиқ этди. Ҳеч ким уни ўз инқилоблари учун ҳаёти билан бадал тўлашга мажбур қила олмади. Аксинча у, Имоми Аъзам ва унга ўхшаганларнинг интиқомини оладиган раҳбар бўлди.

Масалага Ислом олами нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, шуни айтишимиз керак: Ислом уммати бу уч даврнинг ҳар уч лидерига ҳам нонкўрлик қилди: Бу нонкўрлик Пайғамбарга, унинг аҳли байтини қатл этиш орқали бўлди, бу нонкўрлик Имоми Аъзамга, уни такфир этиш, қийноққа солиб ўлдириш орқали бўлди, бу нонкўрлик Отатуркга эса, унинг меросини ва ўзини динсиз эълон қилиш орқали амалга оширилди.


ИМОМИ АЪЗАМНИ ФАРҚЛИ ҚИЛГАН ҚАДРИЯТЛАР

Имоми Аъзамни жисмонан шаҳид қилган, маънан эса ўлмас ҳолга келтирган сабаблар ва қадриятлар қуйидагилар:

1. Қуръон талаб қилган "ақл ишлатиш" ва ақлнинг ҳукмронлигини диннинг асосий мақсади сифатида олға сурди.

2. Зулмга қарши исён ва қўзғолонлар диннинг талаби эканлигини кўрсатувчи фаол бир ойдинликка бошчилик қилди.

3. Арабчи золим Уммавий ва Аббосий ҳукмдорларига қарши чиқди ва бу бошқарувларга қилич ишлатишга фатво берди, қилич ишлатганларни моддий қўллаб-қувватлади.

4. Ислом динининг араб мафкурасига айланишига қарши чиқди.

Имоми Аъзам, Уммавий ҳукмдорлигига мослашиб диний ҳаёт кечиришдан кўра, умуман ҳаёт кечирмасликни, ўлимни Қуръон ғояларига мувофиқ деб билди. Бундай дин мавжуд бўлган жойда фақатгина битта ибодат туридан сўз юритиш мумкин: золим бошқарувга ва мустабидларга қарши уруш.

Уммавийлар бундай чиқишдан ўч олиш учун Имом Аъзамни “маст қилмайдиган даражада алкоголь ичишга рухсат берди, намозсиз дин ижод этди” деган айбловлар билан чиқишди.

5. Ҳар бир мусулмон ўз она тилида ибодат қила олиши, бунинг учун Қуръоннинг таржимаси билан намоз ўқиш мумкинлигига фатво берди.

6. Тўқима ҳадисларни рад этди. Бунинг давоми сифатида ҳадис номи остида айтилган гап-сўзларни, Қуръон ва ақлга зид бўлганларини, Пайғамбарга нисбат берилишига қарши чиқди.

7. Инсонни рабблаштиришга қарши чиқиб, Муҳаммад а.с.дан бошқа ҳеч кимни танқиддан ташқари, танқиддан устун, Қуръондан бошқа ҳеч қандай китобни танқиддан ташқари, танқиддан устун дея қабул қилмади.

8. Дин билан шариат тенглаштиришни Қуръонга зид деди, ва бу тенглаштиришга қарши чиқди.

9. Ғарбдан минг йил муқаддам, дунёвийлик асосларини қўювчи қуйидаги қуйидаги икки ғояни олға сурди:

а) Ритуални имоннинг ажралмас қисми деб, диндорликни шахслараро муносабатлардаги мезонга айлантирувчи эътиқодга қарши чиқди. Қуръонга асосланган ушбу тамойилни ёқлади: "Ритуаллар иймоннинг ажралмас қисми эмас". б) Кураш ва урушларни диний сабабларга асослашга қарши чиқди. Қуръонга асосланган ушбу тамойилни ёқлади: “Осийларга қарши осийликда айблаб курашинг, кофирликда айблаб эмас”.

"Диннинг тамсилчиси" ва "Яна-да диндор бўлиш" иддаосини уруш ва қон тўкишга сабаб қилинишининг олдини олиш, Асри Саодат насли учун ҳам мумкин эмас эди. Бу ғавғо одамларни кемириб битиришининг олдини олиш учун фақатгина иккита ечим бор:

Биринчиси, дин масаласини пайғамбар белгилайди, иккинчиси, дунёвийлик.

Дин масаласини, диний ҳаётни Пайғамбар белгилаганида, бу динни ҳеч ким ва ҳеч қандай куч инсониятга қарши ишлата олмайди, суиистеъмол қила олмайди. Чунки, Ҳақ таолонинг назорати остида сўзлайдиган ва ҳар бир сўзи дин номидан рад ва танқид қилиб бўлмайдиган ягона лидер бор ўртада.

Пайғамбар четлатилгач эса, бу тузилма бузилади ва дин номидан "энг яхши сўз меники" дейдиган бир тўда одамлар пайдо бўлади. Тарих шуни кўрсатадики, бундай жараён бошланганда на диний буйруқлар, на ақл ва на тарихий фактлар ишга ярамай қўяди. Оммаларни манипуляция этувчи манфаатлар, амбициялар, ўжарлик, худбинлик, ғафлат ва залолат авж олади.

Инсониятнинг оғир изтироблари орқали шу ҳақиқат англаб етилдики, Динни зулм ва қаҳр қуроли бўлишдан сақлайдиган ягона чора бу дунёвийлик.

Акс ҳолда, дин ўз мансубларининг бир-бирини йўқ қилиш воситаси бўлишдан тўхтамайди.

Мана шундай қилиб, дунёвийлик динни бу ҳолатга келтиришнинг олдини олади. Имоми Аъзам тарихда бу нуқтани биринчи ва энг яхши илғаб етган даҳодир. Агар уруш машруъ ҳолга келса, урушиш мумкин, лекин уни биринчи даражали диндор ва иккинчи даражали диндор орасидаги дин-имон урушига айлантириш ҳам инсонга, ҳам динга, ҳам имонга қарши зулмдир. Инсоният бу зулмдан жуда кўп азоб чекди. Қолаверса, бу зулмдан энг катта азоб, афсуски, ҳақиқий диндорлар бошига келди.

Инквизиция тарихи бунинг яққол далилидир, Бизнинг “динчилик” тарихимиз ҳам бунга бир далил.

10. Аҳли байтни (Пайғамбар авлодини) ҳимоя қилиш ва унга ҳурмат сақлашни бир мазҳаб масаласи бўлишдан чиқаришда бошчилик қилган ҳолда, мазҳабпарастликка зарба берди.

Имоми Аъзам пайғамбар авлодини ҳимоя қилиш учун жон фидо этган бўлса-да, ҳеч қачон шиа мазҳабига ўтмаган. Бир томондан, Аҳли Сунна мазҳабининг энг улуғ имоми бўлиш, иккинчи томондан эса, Аҳли Байт учун жон фидо қила билиш, тарихда фақат Имоми Аъзамдагина кўрилган мавқеъдир. Ўйлаймизки, Исломни тўғри англашнинг жон томири ҳам мана шунда.

Имоми Аъзам, шиалар эътиқодидаги “халифалик Ҳазрати Алининг ўғлига тегишли ва қиёматгача халифа шу наслдан бўлиши Аллоҳ тарафидан белгиланган” дея, буни иймон масаласига айлантирган ақидага мутлақо қарши бўлса ҳам, Ҳазрати Али авлодининг халифалиги учун курашди. Чунки бу ишда Ҳазрати Али авлоди кўпроқ лаёқатли эди.

Имом Аъзам учун Аҳли Байт ёнида туриш, дин-мазҳаб масаласи эмас, балки зулмга қарши кураш, адолат ва лаёқат тарафида туриш масаласи эди.

Имом Аъзамнинг Аҳли Байт ҳаққларига нисбатан “мазҳабусти” мавқеъи, дарвоқеъ, Туркиядаги алавийлик ва алавийлар муаммосига ҳам ечим бўла оладиган бир қатор рецептларни беради.

11. У ҳуқуқ соҳасида шахс эркинлигини ўзгармас тамойил сифатида олға сурди.

12. Аёллар никоҳда ҳеч кимнинг валийлиги ва васийлигига муҳтож эмаслигини эълон қилди, ва аёллар эркинликларига йўл очди, ва шу билан, анъанавий фиқҳнинг асосий қабулларидан бирини йиқитди.

13. Диний хизматни ризқ воситасига айлантиришга қарши чиқди, диний олимларнинг тирикчилигини динга боғлайдиган тушунчани қулатди.

Ўз ризқини савдо-сотиқдан топиб ҳаёт кечирди, шу билан ўз айтганига ўзи амал қилишнинг ёрқин намунасини ўз ҳаёти билан кўрсатиб кетди.

14. Маст қилувчи ичимликларга анъанавий тушунчадан тубдан фарқли қараш билдирди: хамрдан бошқа ичимликларнинг ҳаромлигини маст қилиш даражасигача ичиш шартига боғлади.

15. Риёкорликни энг катта ҳалокат деб билган тушунчасининг талаби сифатида, фикр ва кураш ҳаётида ҳеч қачон тақийя даражасига тушмади, айтар сўзини яширмасдан, очиқ ва аниқ ҳайқира олди.

Адашган, динбузар, суннат душмани, ҳатто кофир дея айбланган Абу Ҳанифа, бир кун келиб, Имоми Аъзам, яъни “энг улуғ лидер” дея эълон қилинди.


МАҚСАДИМИЗ НИМА?

Биз бу асаримиз билан Имоми Аъзам ҳақиқатининг яширилган жиҳатларини очиб бермоқчи бўлдик. Бу китобда, бир инсоний бурч сифатида амалга оширилган яна бир нарса бор: Имом Аъзамнинг соғинчига, орадан ўн икки аср ўтиб тарих тарафидан жавоб берилганига, балки ҳатто интиқоми ҳам олинганига ишора қилдик. Имоми Аъзам ва Отатурк ўртасидаги боғлиқлик ўрнатган охирги бўлим, ушбу вазифани амалга оширган бўлимдир.

Агар ўша бўлимни диққат билан ўқилса, бир ҳақиқат аён бўлади: Тарих олдида Имом Аъзам ва Мустафо Камол Отатурк ҳимоя қилган ва бу йўлда муросасиз курашган сиёсий қадриятлар нафақат ўзаро ўхшаш, балки тамоман бир хилдир.

Қарийб қирқ йиллик меҳнатларимиз бизга шуни кўрсатди: Тарих Отатуркга, бир Ислом фарзанди сифатида Имом Аъзам ва унга ўхшаш ғоя лидерларига қилинган зулмларнинг ҳисобини сўраш вазифаси ҳам юклаган кўринади. Буюк Отатурк бу вазифани муносиб тарзда бажарди. Отатурк тарих берган бу шарафли бурчни адо этар экан, табиийки, “илоҳиётчи” ёки “дин пешвоси” каби йўл тутмади. Бундай сифатга ҳожат ҳам йўқ эди. Тарих, одатда, бундай вазифаларни фақат тарихни ўзига хос ўта сир-асрорли усуллар билан амалга оширади. Отатурк мисоли булар ичида энг ёрқинидир.

Биз бутун қалбимиз билан шунга ишонамизки: Отатурк, ҳам Имоми Аъзам каби мазлум даҳоларнинг соғинчига жавоб, ҳам интиқом олинишини истаётган тарих талабига ҳам бир жавобдир.

Имоми Аъзам, Арабчилик, ақлга ва илмга душманлик, хурофотчилик қўли билан зулм ва ҳақоратга қолганди. Отатурк йиқитган ва таъзирини берган ёмонликлар, аслида ана шулардир. Отатуркнинг ҳар бири алоҳида буюк инқилоб бўлган (ижроотлари) сиёсий амаллари ва лойиҳалари, бир маънода Имоми Аъзамга зулм қилганларнинг ҳаммасидан сўралган ҳисоб кўринишидадир. Ҳақиқат бундай бўлгани боис, Отатуркка душман бўлганларнинг, Имоми Аъзамга душман бўлганлар билан бир хил сиёсий зеҳниятга эга эканини кўрамиз. Ва шуни ҳам жуда аниқ кўрамизки:

Ислом тарихига “сиёсат” нуқтаи назаридан қарасак, Отатуркка душманликнинг сабаблари билан Имоми Аъзамга душманлик сабаблари аксарият ҳолларда эмас, балки юз фоиз барча ҳолларда бир хилдир.

Ушбу Муқаддимани тугатишдан олдин яна бир нуқтага эътибор қаратмоқчиман: Бу асарни Имоми Аъзамнинг ҳақиқатини туғри тушунмай ўқиганлар, бизни “арабга душманлик қиляпти” деб ўйлаши мумкин, айниқса, бизга нисбатан холис ва яхши ниятда бўлмаганлар бўлса... Бундай фикрлайдиганлар улкан гуноҳга кирган бўладилар. Чунки биз ислом имони фарзандларимиз, Мусулмон Араблар бизнинг диндаги биродарларимиз.

Ҳа, бу асарда танқид қилинган бир “Араб” бор, лекин унинг фақат исми араб, руҳи бутунлай бошқа. Уммавийлардан нафақат биз, балки арабларнинг ўзлари ҳам шикоят қилади.

Мен мавзуни шундай якунламоқчиман: Улуғ руҳлар соғинчига жавоб беришнинг тарихий диалектикасини англашга оз бўлса-да ҳисса қўша олган бўлсак, бундан фақат шараф ва ифтихор туямиз.

Проф. Др.Яшар Нурий Ўзтурк Бодрум, Туркия 2009 йил