June 7

ИМОМ АЪЗАМ АБУ ҲАНИФА / НАСАБИ ВА ҲАЁТИ

НАСАБИ ВА ҲАЁТИ

Имоми Аъзам арабча бир унвон. Бу энг улуғ имом, энг улуғ раҳнамо деган маънони билдиради. Бундан буён китобимизда у Зотни кўпроқ “Имом Аъзам” дея зикр этамиз.

Манбаларда иттифоқан келтирилишича, Абу Ҳанифа ҳижрий 80-йилда Куфада мусулмон оиласида дунёга келган.

Унинг Маволийдан экани, яъни келиб чиқиши араб бўлмагани шак-шубҳасиздир. Унинг форс ёки туркий эканлиги мунозарали масала. Айрим манбаларда унинг бобоси яшаган шаҳарлар сифатида Балҳ, Насо, Термиз ва Анбар кўрсатилишини ҳисобга олсак, унинг асли турк деган хулосага келишимиз мумкин. Профессор Исмоил Ҳаққи Измирли (ваф. 1946) Имоми Аъзамнинг асли турк эканлигини таъкидлайди. (қ. Измирли, Пайғамбар ва турклар, II. Туркия тарихи конгресси мақолалари, 1937 йил 20-25 сентябр; TTK Yay. İst. 1943, s. 1013-1044)

Имом Аъзам мусулмонларнинг муштарак қадриятидир. Уни насл-насаб, минтақа ва иқлим билан чеклаш инсоният жиҳатдан шармандали ҳолат бўлади. Агар келиб чиқишини аниқлаш керак бўлса, унда ҳужжатлар бизни икки далилга етаклайди: Келиб чиқиши эроний ва туркий. Аниқроғи, ҳужжатлар бизни етаклайдиган шубҳасиз ҳақиқат: Имом Аъзам келиб чиқиши Араб эмас, яъни у Маволий фарзанди бўлган. Имоми Аъзамнинг келиб чиқиши масаласида мана шу инкор этиб бўлмас ҳақиқат биз учун етарли.

Кўпчилик манбаларда отаси Собит, Имоми Аъзам туғилишидан олдинги йилларда Бану Кафал исмли оиланинг қули бўлгани, кейинроқ озод қилингани ҳақида ёзилади. Имоми Аъзамнинг набираси Умар бобоси ҳақида берган маълумотлар ҳам, Собит отанинг бу оилага алоқадорлигини тасдиқлайди (Доиратул-Маориф, Абу Ҳанифа моддаси).

Собит туғилган ўғлига Нуъман деб исм қўйди. Кейинроқ бу исм Абу Ҳанифа куняси билан куняланди. Унинг набираси Умар ибн Ҳаммад берган маълумотларга кўра, Имом Аъзамнинг бобоси Зота ёки Завта, Хуросонни босиб олиш чоғида асирга олинган, балхлик бўлган. Кейинроқ у ердан Ироққа келтирилган; У ерда мусулмон бўлган ва кейинроқ Собит исмли ўғли туғилган.

Зота мусулмон бўлганми ёки йўқ, бу баҳсли масала, бироқ Имом Аъзамнинг набираси Умар берган маълумотлар унинг Турк элларидан Қобул ҳудудига олиб келинганига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди. Доиратул-Маориф асарида, набираси Умар берган маълумотни тасдиқловчи қуйидаги сатрлар бор:

"Бу Зота сўзи Афғонистондаги "Зетта" деб номланган қабила номининг араблаштирилган шакли бўлиши мумкин. Дарҳақиқат, бу қабила Афғонистонда "Жет" номи билан бугун ҳам мавжуд".

Абу Ҳанифанинг устози Ҳаммоднинг дарс халқасига қўшилган кундан бошлаб, ёнида самимият билан жипслашган, унинг ғоя ва мазҳабини турк эллари орасига ёйган шогирдлари доим Хуросон ва Балх тарафдан бўлган. Имом Аъзамга ҳужум қилганларнинг баъзилари Балхни вақти-вақти билан “Муржиъа шаҳри” деб тилга олиб, ўз кин ва адоватларини билдиришган. Сабаби, Абу Ҳанифанинг муржия деб билган энг яқин фикрдошлари мана шу шаҳардан чиққанди.

Балҳ қозиси Абу Мутий, Силм ибн Солим, Абу Исҳоқ аз-Зайёт каби машҳур фиқҳий-қозиларнинг барчаси Балҳий лақабли бўлиб, Хуросон ҳудудида хизмат қилишган. Бу исмлар ва улар каби яна қанча кишиларнинг, Имом Аъзамнинг араб душманлари назаридаги номи - “Муржия мансуби”дир.

Яъни, бу машҳур қозилар, устозлари Абу Ҳанифа каби муржияликда айбланган. Абу Ҳанифа ҳақида ёзган баъзи муаллифлар Хуросон ва Балх халқларининг Абу Ҳанифага бўлган бу садоқатини “касаллик даражасидаги тутқу” деб таърифлаб, нафратланишган.

Хуросон аҳлининг Имом Аъзамчи бу мавқеи ҳижрий III аср ўрталаригача давом этди. Албатта, Хуросон атрофидагиларини муржияликда айблаш ҳам худди шу даврларгача тўхтамади. Чунки улар, устозлари Абу Ҳанифанинг ақлни нақлдан (диний ривоятлардан) устун кўрувчи эътиқодини, Хуросон ва Мовавароуннаҳр ҳудудларида содиқлик билан қўллаб, ҳаётга татбиқ этишган эди. Барча бу фаолиятлар ва Имоми Аъзамга мухлислик ортида насаб бирлиги ҳам бир ҳақиқат, десак, муболаға бўлмайди.

Абу Ҳанифанинг майдонга кириб келиши ва таъсирини ҳижрий V аср ўрталарида Райдаги Туғрул Бей мадрасасида яққолроқ кўрамиз. Ушбу турк мадрасасини, ҳамда турклар томонидан бошқарилган, ва ўз таъсирини ҳижрий иккинчи ва учинчи асрларида чўққига чиқарган "Хуросон Ханафийя Мадрасаси"нинг самарали фаолиятлари ҳозирлаган эди. Шуни қўшимча қилишимиз керакки, бу мадрасага баъзи ёмон одамлар Имом Аъзамнинг ғояларини бузиш учун киргани ҳақида ҳам далиллар мавжуд.

Нуҳ ибн Марям (ваф. 173/789) каззоблиги билан машҳур бўлган ҳадисчи-фақиҳ олим ана шундай қўпорувчи жосуслардан бири. Имоми Аъзамнинг шогирдларидан бири саналган бу шахс, устозининг инқилобий ғояларидан келиб чиқиб, “Қуръон таржимаси билан намоз ўқиш жоиз” деган фикридан қайтганини айтиб юрган, бу даъвони қабул қилдириш учун яна анча ҳаракатлар қилган. Бироқ бу иддао ёлғончининг ўзида қолган ва ҳеч бир Ҳанафий мўътабар мақом томонидан қўллаб-қувватланмаган.

Биз бу масаланинг тафсилотларини ва бугунги арабчи динчилар вақти-вақти билан бу фирибгарнинг алдовидан жоҳил оломонни лақиллатиш йўлида қандай фойдаланмоқчи бўлишларини китобимизнинг саккизинчи бўлимида кўриб чиқамиз. Ҳозирча шуни айтишимиз мумкинки, бу иддао Арабчи динчилар, диний масалалар ҳақида етарлича билимга эга бўлмаган халқни алдаш учун у ёқ-бу ёқда талаффуз этиб юришдан нарига ўтолмаганлар.


КУНЯ МАСАЛАСИ

Имом Аъзамга “Ҳанифлар, ҳанифлик ёки ҳанафийлик отаси” деган маънони англатувчи Абу Ҳанифа унвони нимага асосланиб берилган? Унинг Ҳанифа исмли қизи йўқлиги аниқ маълум. Абу Ҳанифа биргина аёлга уйланган, ундан биргина ўғил фарзанди бўлиб, исми Ҳаммод бўлган.

Аввало шуни айтишимиз керакки, “Абу Ҳанифа” исми тарихда йигирмага яқин улуғ фақиҳга берилган исм, улардан энг машҳури фақиҳлар имоми, уламоларнинг энг фақиҳи, умматнинг чироғи ва мазҳабларнинг тожи бўлган куфалик Нуъмон ибн Собитдир". (Ферузободий, ал-Қомус, Ҳаниф моддаси)

Куня масаласида иккита эҳтимолдан сўз юриш мумкин:

1. "Ҳанифа" - Имоми Аъзам доимо ишлатадиган сиёҳдоннинг ироқча номи эди. Бу сиёҳдонга нисбатан шундай куняланган.

Бу иддаони тил ва тарих нуқтаи назаридан ҳужжатларга асослаш имконсиз.

2. Ҳанифа - ҳаниф сўзининг муаннас сийғасидаги шакли.

Бу фикр, нафақат Имоми Аъзамнинг ғоялари ва шахсияти билан уйғун, балки тил жиҳатидан ҳам мувофиқ келади. Дарҳақиқат, ҳаниф сўзининг охирига қўшилган "Та" (Тои таннос) бу сўзга ҳам "ҳол" маъносини, ҳам "жамъ" маъносини беради. Забардаст тилшунос олимлардан Зажжож (ваф. 311/923) таъкидлаган биринчи иборага кўра (қаранг: Ибн Манзур, Лисонул-Араб, тегишли моддаси), Абу Ҳанифанинг маъноси “ҳанафийлик отаси”дир, иккинчисига кўра "ҳанифларнинг отаси"дир.

Имоми Аъзамни таърифлашда ҳар икки вариант ҳам тўғридир. Бизнинг фикримизча, тўғриси мана шу вариант. Имоми Аъзамнинг эътиқоди, ғояси, кураши, тарихий миссияси ва шахсиятига мос келувчи маъно мана шу маънодир. (Ҳанифликнинг Қуръондаги маъноси, ушбу асарнинг кейинги саҳифаларида кўриб чиқилади).

Унинг унвони ўз исмидан, исми эса унвонидан кўра аҳамиятлироқ ва муҳташамроқдир. У ҳам Имоми Аъзам, яъни Энг Улуғ Имомдир, ҳам Абу Ҳанифа, яъни ҳанифларнинг ва ҳанифийликнинг отасидир”. Иброҳим пайғамбар самовий динлар тарихида "ҳанифларнинг отаси"дир. Имоми Аъзам эса Ислом тарихида “ҳанифларнинг отаси” дир.

Абу Ҳанифа мусулмон ва озод (ҳур) отанинг ўғли бўлиб дунёга келган.

Бироқ, бобоси ўтмишда қул бўлганлиги Абу Ҳанифани араблар томонидан қулбачча муомаласи кўришига ва доимо хўрланишига сабаб бўлган.

Манбаларга кўра, отаси Собит, Ҳазрати Али билан учрашиб, ундан дуои-хайр олган.

Имоми Аъзам ўрта бўйли, кўркам юзли, камгап, лекин гапирганда жуда таъсирли ва фасоҳатли киши эдилар. Унинг фикр юритиши ўта кучли эди; у баҳслашишни яхши кўрарди.


ИМОМИ АЗЪАМНИНГ ЕТИШИШИ, УСТОЗЛАРИ ВА ШОГИРДЛАРИ

Имоми Аъзам, тобеъинлардан, яъни саҳобалардан кейинги наслдандир.

Унинг тўрт ёки етти саҳоба билан кўришгани ҳақида маълумотлар бор.

Шахсан унинг ўзига таянган бир ривоятда, у еттита саҳоба билан учрашгани қайд этилган. (Суютий, Табйизус-Саҳифа, 61-62).

Душманлари эса, саҳобалардан ривоят этиш у ёқда турсин, улар билан умуман кўришмаган дея иддао қилишади. Масалан, Абул Ҳасан Дорақутний дейди: “Абу Ҳанифа на Анас ибн Моликдан, на бирор нарса ривоят қилган, на у билан кўришган. Абу Ҳанифа саҳобалардан ҳеч ким билан кўришмаган” (Ҳатиб ал-Бағдодий, Абу Ҳанифа зикри).

Тарихий жиҳатдан бу яроқсиз иддао. Абу Ҳанифа ҳеч бўлмаганда саҳобалардан Анас ибн Молик (вафоти 93/711) билан учрашганлиги, унга ҳужум қилганлардан ташқари, бошқа барча уламолар иттифоқи билан қабул қилинган. Хатиб ал-Бағдодий каби, Абу Ҳанифага ҳужум ва ҳақорат тимсолига айланган бир кишининг, бу иттифоқни бекор қилишга уринаётгани аниқ.

Тарихчи, айниқса, ҳадис тарихида нуфузли саналган Шамсуддин аз-Заҳабий (вафоти 748/1347) “Тадрибур-рови” асарида Анас ибн Молик ёнида қуйидаги саҳобаларни ҳам қўшиб зикр қилади: Абу Саид Амр ибн Ҳурайс (вафоти Куфа, 85/). 704), Абдуллоҳ ибн Аби Авфа (ваф. 87/705), Саҳл ибн Саъд (ваф. 88/706), Убайдуллоҳ ибн Унайс.

Имоми Аъзам саҳобалардан ҳеч кимни кўрмаган, деган иддао нафрат ва ҳасаддан келиб чиққан иддаодир ва ёлғондир. Бундай сўзлар Имоми Аъзамнинг бу жиҳатдан обрў-эътибор қозонишига йўл қўймаслик учун кин ва ҳасаддан айтилган сўзлардир. (Қаранг: Ҳорисий, Маконатул-имом Аби Ҳанифа байнал-Муҳаддисин, 51)

Имоми Аъзам баъзи саҳобалар билан учрашмаган дейиш бошқа, улардан ривоят қилмаган дейиш бошқа нарса. Манбаларни тадқиқ этиш бизни қуйидаги ҳақиқатга олиб келади: Имоми Аъзам баъзи саҳобалар билан учрашган, (лекин Анас ибн Молик мустасно (ваф. 93/711), улардан ривоят қилмаган, чунки ёш эди. Ёш бўлиши ривоятга тўсиқ бўлса-да, саҳобалар билан учрашиб, уларга тобеъ бўлишга тўсқинлик қилмайди.


УСТОЗЛАРИ

Абу Ҳанифанинг устозлари деганда, турли манбаларда узун рўйхатлар келтирилади. Бу рўйхат синчиклаб ўрганилса, уларнинг аксарияти Абу Ҳанифанинг устозлари эмас, балки улардан ҳадис ривоят қилди дейилган кишилар экани аён бўлади. Абу Ҳанифа бу кишилардан ҳадис ривоят қилганми ёки йўқми, бу мунозарали масала. Аммо ривоят этган тақдирда ҳам, бу айтилган кишилар «Абу Ҳанифанинг устозлари» деган рўйхатга киритишни шарт қилмайди.

Имоми Аъзамнинг устози деганда, улардан дарс олган ёки лоақал улар билан илмий музокара олиб борган кишиларни тушуниш керак. Биз бу ерда муҳимлиги бўйича санаб ўтадиган исмлар бу хусусиятга эга кишилардир.

1. Ҳаммод ибн Абу Сулаймон (ваф. 120/737):

Унинг энг нуфузли ва узоқ муддат устози бўлган Ҳаммод эди.

Ироқ фиқҳ мактабининг асосчиларидан бири Ҳаммод ибн Абу Сулаймон фиқҳни фалсафий асосларга таянтирган, фиқҳда тизимли эркин фикрга йўл очган илк шахсдир. Унга ўхшаш буюк илм ва фикр лидерлари каби у ҳам Маволийдан.

У асли Исфаҳонлик. Худди шогирди Абу Ҳанифа каби бадавлат ва жуда саховатли инсон бўлган. Ҳаммага, айниқса, илм аҳлига кўплаб иззат-икром, ҳурмат ва эътибор кўрсатарди, лекин ҳеч кимдан ҳадя қабул қилмасди.

Шунинг учун ҳам, худди шогирди Абу Ҳанифа каби ҳамкасблари ҳасад қилардилар. Имом Аъзамни ҳақорат қилиш учун қўлланилган деярли барча иддаолар Ҳаммад учун ҳам ишлатилган. Айниқса, муржия деган айблов.

Муржия дея айблаш бошлангач, унинг атрофидагилар бирин-кетин тарк этиб, тарқалиб кетишди. Ҳатто энг яқин дўстлари ҳам давлат таъқибига қолмаслик учун у билан яширинча учрашишни афзал кўрарди. Ҳамкасби Маъмар бир куни унга шундай дейди:

"Дўстларингиз орасида матбуъ - тобеъ бўлинган одам - эдингиз, лекин улар билан орангиз бузилди, бу мавқени йўқотиб, тобеъ - бошқаларга эргашган - мақомга тушдингиз. Сабаби нима?"

Ҳаммод шундай жавоб берди:

"Ҳақда тобеъ бўлмоқ, ботилда матбуъ бўлмоқдан яхшироқ".

Шу муносабат билан яна бир ҳақиқатни таъкидлаб ўтишимиз керак: Ҳаммод ҳам худди шогирди Абу Ҳанифа каби, душманлари ҳам кўз юмиб ўтолмайдиган фиқҳ дарғаси эди. Уни лаънатлаганлар ҳам ундан мустағний қололмаганлар. Муржия айбловидан кейинги даврда, ҳамма у билан яширинча учрашиш йўлига ўтганини кўрамиз.

Суфён эс-Саврий шундай дейди: “Биз Ҳаммодга бормасдан иложимиз бўлмасди, лекин буни атрофдан яширардик”. (Қалъачи, Фиқҳи Ҳаммод, 17)

У эпилепсиядан азият чекарди. Баъзида тутилишлар дарс пайтида содир бўларди. Тутқаноқ тугагач, ўрнидан туриб, таҳорат олиб, дарсини давом эттирарди. (Қалъачи, Фиқхи Ҳаммод, 7)

2. Муҳаммад Боқир (ваф. 114/732): 12 имомдан бири ва Али Зайнил-Обидиннинг ўғли.

Унинг Абу Ҳанифа билан илк учрашувлари Мадинада бўлган. (Муваффақ ал-Маккий, Маноқибу Аби Ҳанифа, 143-144, Кардари, Маноқиб, 221-222) Баъзи ривоятларга кўра, Муҳаммад Боқир Абу Ҳанифани кўпинча қиёс ишлатгани учун танқид қилганида, улар орасида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтади:

Муҳаммад Боқир: Бобомнинг дини ва ҳадисларини қиёс билан алмаштирган сенмисан?

Абу Ҳанифа: Бундай иш қилишдан Аллоҳ паноҳ берсин!

Имом Боқир: Сен бу ишни қилдинг.

Абу Ҳанифа: Кел, сен ўзингга ярашар ҳолда ўтир, мен ҳам ўзимга яраша ўтирай. Мен учун сен, худди аждодинг, Пайғамбар алайҳиссалом каби ҳурматга лойиқсан.

Муҳаммад Боқир келиб ўтиради, Абу Ҳанифа ҳам унинг қаршисида тиз чўкиб ўтириб, гап бошлайди.

Абу Ҳанифа: Мен сенга учта савол бераман, сен жавоб бер. Биринчиси: Эркак заифми ёки аёлми?

Муҳаммад Боқир: Аёл.

Абу Ҳанифа: Хўш, аёлнинг меросдаги улуши қанча?

Муҳаммад Боқир: Эркак улушининг ярми.

Абу Ҳанифа: Мана шу тақсим сенинг аждодинг асос олган тақсимдир. Агар мен қиёс орқали унинг йўлини ўзгартирмоқчи бўлсам, аёлларга икки, эркакларга бир улуш берардим, чунки аёллар заиф ва ҳимояга муҳтож. Яна айт-чи, намоз устунми ёки рўзами?

Муҳаммад Боқир: Намоз.

Абу Ҳанифа: Бу ҳам сенинг аждодинг асос солган тушунчадир. Агар қиёс орқали ўзгартирмоқчи бўлсам, ҳайздан покланган аёлларга худди рўза каби, намозларининг қазосини ўқишга фатво берган бўлардим. Энди яна айт-чи, сийдик нопокроқми ёки манийми?

Муҳаммад Боқир: Сийдик нопокроқ.

Абу Ҳанифа: Агар мен аждодинг йўлини қиёс орқали ўзгартирмоқчи бўлсам, ғусл олишни манийдан эмас, сийдикдан сўнг, деган бўлардим.

Динни қиёс орқали ўзгартиришдан Аллоҳ паноҳ берсин.

Шунда Муҳаммад Боқир ўрнидан туриб, Абу Ҳанифани қучиб, пешонасидан ўпди. (Абу Заҳра, 64-65, Кардарий, Маноқиб, 221-222, Муваффақ ал-Маккий, Маноқиби Абу Ҳанифа, 143-144)

Абдулбоқий Гўлпинарли шиаларнинг бош ровийи Кулайнийга таяниб, бу ҳақиқатга кўз юмади (Кулайний, ал-Кофий, Усул, 26-27) ва Имом Аъзам Жаъфар Содиқ (Муҳаммад Боқирнинг ўғли) томонидан қиёс ишлатмаслик ҳақида огоҳлантирганини, лекин у қулоқ солмаганини айтади. Бу огоҳлантирув орқали уни билвосита Аҳли байт имомларига қулоқ солмасликда айблайди.

(Гўлпинарли, Тарих бўйича исломий мазҳаблар ва шиалик, 206)

Абу Заҳра ҳам Жаъфар Содиқни тадқиқ қилган ўз асарида бу мавзуни ва Имом Аъзам билан Имом Бокир ўртасидаги суҳбатни муҳокама қилган. У ерда имомийя шиалари юқоридаги суҳбатни Жаъфар Содиқ ва Имоми Аъзам ўртасидаги суҳбат сифатида кўрсатиб, Қуръондан олинган қиёсларни Жаъфар Содиқнинг ўзи Имом Аъзамни қоралаш учун қилганини даъво қилганини кўрамиз. Зубайр ибн Баккор (ваф. 256/869) ҳам ўзининг машҳур “ал-Муваффақиёт” асарида воқеани шундай тасвирлайди. (Қаранг: ал-Муваффақиёт, 75-76).

Кулайнийнинг бу даъвосига Абу Заҳра биринчи бўлиб эътироз билдиради. У шундай дейди:

"Абу Ҳанифадан келган нақлларда суҳбат имом Муҳаммад Боқир билан Абу Ҳанифа ўртасида бўлгани ва қиёсларни шахсан унинг ўзи (яъни Абу Ҳанифа ) келтиргани айтилади. Абу Ҳанифа бу қиёслар билан насс бор жойда қиёс жоиз эмаслигини, нассга риоя этишини кўрсатмоқчи бўлган. Бу ўринда биз Кулайнийни эмас, қиёсни Абу Ҳанифага нисбат этган дўстларни тинглаймиз. Чунки улар Абу Ҳанифани Кулайнийдан яхшироқ танийди. Бундан ташқари, Кулайний Имоми Аъзам даражасидаги фақиҳ эмас-ки, унинг гапларини асос қилиб олсак. Кулайний (ваф. 329/941), Имомийя мазҳабининг қолиплашган қабулларини Жаъфар Содиққа нисбат бериш пайида холос.

Бу ердан ҳеч қандай эътирозсиз олишимиз мумкин бўлган нарса шу: Имом Жаъфар Содиқ Абу Ҳанифа номи билан қўшилган қиёсларга қарши чиқмоқда.

Нима бўлганда ҳам, Жаъфар Содиқнинг сўзлари асл суннат эмас.

Бу сўзлар ҳукмда Қуръон ва Суннатга ҳеч нарса илова қўшиш истамайдиган бир кишининг муносабатини кўрсатмоқда. Аммо шуни унутмаслик керакки, биз Жаъфар Содиқни (ёки бошқа бирон бир Аҳли-Байт имомини) маъсум демаганимиз каби, Ислом ҳақидаги барча илмлар Жаъфар Содиққа берилган деб ҳам қабул қилмаймиз. Ҳа, имомийя шиа мазҳабига мансуб биродарларимиз бизнинг бу тушунчамизни нассларга мувофиқ кўрмаслиги мумкин. У ҳолда бизнинг вазифамиз шуни очиқ айтиш: Уларнинг ишонгани уларда, бизнинг иймонимиз бизга. Бир-биримизни гуноҳ ва кофирликда айбламасак, мана шу кифоя” (Абу Заҳра, Имом Содиқ, 232-233).

Афсуски, Абу Заҳранинг бу мувозанатли, бағрикенг ва оқибатда Қуръон тавҳидига муносиб муносабати, имомийя шиаларининг адвокати каби гапирувчи Кулайний асарларида умуман кўрсатилмаган. Кулайний ўзидан икки аср олдин яшаб ўтган, ва Аҳли байт ҳаққини ҳимоя қилиш учун жон фидо этган буюк салафини ақл бовар қилмас ҳурматсизлик кўрсатиб, лаънатлаган ва бу борада ўта “ёмон анъана” бошлаб беради.

3. Ато ибн Абу Рабоҳ (ваф. 115/733):

Имоми Аъзам, муфассир саҳоба Ибн Аббос қолдирган илмни Ато ва Ибн Аббоснинг қули Икримадан олган. Ато ҳам, Икрима ҳам Маволийдан.

Ибн Аббоснинг вафотидан кейин, ўғли уни тўрт минг динорга сотмоқчи бўлганида, қуйидаги кинояли сўзларни айтади:

"Сендан яхшилик чиқмайди, отангнинг илмини тўрт минг динорга сотаяпсан".

Ибн Аббоснинг ўғли дарҳол бу сотишдан воз кечади.

4. Қатода ибн Диъома (ваф. 118/736):

У кўзлари аъмо бўлган, лекин ҳадис, тафсир ва фиқҳдаги улуғ исмлардан бири эди. У умрини Куфа ва Басрада ўтказган. У ҳам худди Имоми Аъзам каби оғир туҳматларга қолган. Қадарий, деган айблов (яъни уммавийлар буюрган тақдир, қадар ақидасига ишонмагани) бу айбловлардан энг машҳуридир.

5. Абу Абдуллоҳ Нофиъ (ваф. 120/737):

Имоми Аъзам фақиҳ саҳоба Ибн Умарнинг илмини унинг озод қилган қули Нофиъдан олган. Кўриниб турибдики, Нофиъ ҳам Маволийдан.

6. Зайд ибн Али Зайнил-Обидин (ваф. 122/739):

У 12 имомдан бири. Имоми Аъзам уммавийларга қарши исённи ҳам моддий, ҳам маънавий дастаклаган, ва икки йилга яқин шогирди бўлгани айтиладиган бу устози ҳақида шундай дейди: “Ундан-да билимлироқ, ундан-да ҳозиржавоброқ бошқа одам кўрмаганман”.

Абу Заҳра, Имоми Аъзам бу киши билан учрашиб, бир қанча музокаралар олиб борган, лекин у зотнинг шогирди бўлмаган, деган фикрда. (Абу Заҳра, Абу Ҳанифа, 63-64, Имом Зайд, 237-239).

7. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Ҳасан (ваф. 145/762):

У ҳадис илмида устоз саналади. У уммавийларнинг рошид халифаси Умар ибн Абдулазиз (вафоти 101/719) билан дўст бўлган. У аббосийлар халифаси Саффоҳ билан ҳам яхши муносабатда бўлган. Лекин Саффоҳдан кейин келган Мансур уни ҳеч ёқтирмаган. У ўзига ва оиласига ҳеч кун бермаган. Уларнинг бир қисмини сургун қилган, бир қисмини зиндонга ташлаган ва ўша ерда ўлимига сабаб бўлган. Мансур уни ўғиллари билан қўлларини боғлаб, Мадинадан Ҳошимийягача юришга мажбур қилган. Оғир ҳақорат ва қийноқлар билан зиндонга ташлаган ва ҳаммаси ўша ерда вафот этган, ёки ўлдирилди.

Абдуллоҳ ибн Ҳасанга қилинган бу шафқатсиз муомала Абу Ҳанифанинг Аббосийларга муносабатига салбий таъсир кўрсатган.

Келинг, бу борада яна Абу Заҳрани тинглаймиз:

"Муҳаммад Нафсуз-Закийя 145-йилда Мадинада Абу Жаъфар Мансурга қарши қўзғолон кўтарди. Хуросон ва бошқа баъзи минтақа халқлари унга содиқ ва тарафдор эди. Лекин улар узоқда эдилар. Садоқат ва муҳаббатда унга боғлиқ бўлсалар-да, унга куч-қувват билан ёрдам беролмасдилар. Ривоятга кўра, Муҳаммад Нафсуз-Закийя билан бирлашиш ва Аббосийларга қарши чиқиш қонуний, машруъ деб Имом Молик Мадинада фатво берган. У зотга: “Бизнинг бўйнимизда Мансурнинг байъати бор”, дейилганида, у шундай жавоб берди: «Сиз у байъатни мажбурликдан бердингиз, мажбурликдан берилган байъат саҳиҳ байъат бўлмайди». Имом Моликнинг бу сўзи билан одамлар Нафсуз-Закийяга байъат беришади.

Малик уйидан чиқа олмасди. Берган бу фатвосининг бадалини ўтади: калтакланди, қийноқларга солинди".

"Абу Ҳанифанинг вазияти Имом Моликдан ҳам оғирроқ эди. У ўз маърузаларида қўзғолончиларга ёрдам бериш ҳақида очиқ гапирарди. Шубҳасиз, Абу Ҳанифа халифа Мансурни танқид қилгани ва дарсларида Нафсуз-Закийяни очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлагани аниқдир”.

"У Зайд ибн Али Зайнил-Обидин билан алоқаси бор эди. Улар билан Жаъфар Содиқ ўртасида ҳам самимий бир боғлиқлик бор эди. Муҳаммад Боқир у билан алоқада эди. Юқорида ҳам ишора қилиб ўтганимиздек у, шаҳид Муҳаммад Нафсуз-Закийя ва Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг шогирди эди. Шунинг учун, уларга ниҳоятда садоқатли бўлишида ва бошларига тушган мусибатлардан қаттиқ азоб чекаётганида ажабланарли жойи йўқ". (Абу Заҳра, 38-39).

Абу Ҳанифанинг Аббосийларга қарши қатъий позицияси, устози Абдуллоҳ ва унинг оиласига қилинган бундай зулм сабабли бўлган.

Бу воқеадан кейин, Имоми Аъзам ҳалифа Мансурга қарши очиқ гапира бошлайди.

8. Ҳишом ибн Урва (ваф. 146/763):

У саҳобалардан Зубайр ибн ал-Аввомнинг набирасидир. Бобоси Зубайр, отаси Урва ва амакиси саҳоба Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг билганларини Имоми Аъзамга етказди. Маълумки, Абдуллоҳ ибн Зубайр уммавийларга қарши туришнинг энг намуна исмларидан бири.

9. Жаъфар Содиқ (ваф. 148/765):

12 имомдан бири. Муҳаммад Боқирнинг ўғли. Абу Ҳанифа Жаъфар Содиқ ҳақида шундай дейди:

"Мен ундан кўра фақиҳроқ одамни кўрмаганман".


ИМОМИ АЪЗАМНИНГ ДАРС ҲАЛҚАЛАРИ

Абу Ҳанифанинг энг нуфузли ва энг узоқ умр кўрган устози, шубҳасиз, Ҳаммод ибн Абу Сулаймондир. У 18 йил давомида унинг дарс ҳалқаларига қатнашди. 22 ёшдан то 40 ёшгача.

Ҳаммод ҳижрий 120 йилда вафот этган. Абу Ҳанифа роппа-роса қирқ ёшда эди. Устозининг вафотидан сўнг устозининг дарс ҳалқаларига бош бўлиб ўтирди ва умрининг охиригача, яъни роппа-роса ўттиз йил давомида шу дарс ҳалқаларида фиқҳдан дарс берди.

Абу Ҳанифа Ҳаммод халқаларига қатнашган муддатда кўплаб мударрислардан сабоқ олди. Каъбани тез-тез зиёрат қилиб, у ерда узоқ қолиб кетарди, Маккада яшовчи уламолар илмидан баҳраманд бўлар эди. Бу орада Мадинани зиёрат қилиб, у ердаги олимлар билан илмий суҳбатлар қурарди. Мадина сафарларида ўтказган суҳбатларида Имом Жаъфар Содиқ ва Имом Муҳаммад ал-Боқир илмларидан ҳам баҳраманд бўлган. Шуни ҳам илова қилайлик: Уммавийлар волийси Ибн Ҳубайранинг зиндонидан бир баҳона билан чиққанида, у ерга қайтмаслик учун ҳижрий 130-йилда Маккага йўл олади ва 136-йилда Аббосийлар халифаси Мансур тахтга келганида Маккадан қайтиб келади.

"Булардан шу маълум бўладики, у устози Ҳаммоднинг дарслари билан бирга, бошқа фақиҳ ва муҳаддисларни ҳам кўрган. Қаерда бўлмасин, тобеинларни қидириб топарди. Айниқса, фиқҳ ва ижтиҳодда обрўли саҳобалар билан учрашган тобеъинларни. Ўзи шундай дейди: "Умарнинг, Алининг, ибн Масъуднинг ва Ибн Аббоснинг фиқҳини уни кўрган тобеъинлардан олдим". Агар фақатгина устози Ҳаммоднинг дарс халқалари билан чекланганида, бу учрашувлар бўлмасди". (Абу Заҳра, 27).

Айрим манбаларда қуйидаги маълумотлар ҳам келтирилган: Абу Ҳанифа Аббосийларнинг биринчи халифаси Абул Аббос Саффоҳга байъат қилганлар қаторида Куфага келиб, халқдан байъат олган. Бу байъат ҳақиқатан ҳам берилганми ёки йўқми, бу баҳсли, лекин Саффаҳнинг 132-йилда халифа бўлгани тарихий факт. Демак, Абу Ҳанифа Маккадан Мансур ҳокимиятга келган 136-йилда эмас, балки 132-йилда 130-йилда қайтган бўлиши керак.

Абу Заҳра бу иккиланишни қуйидагича изоҳлайди ва ечим таклиф қилади:

“Менимча, бу икки ривоят ўртасида муроса топиш мумкин, яъни Абу Ҳанифа Ибн Ҳубайра туфайли Маккага бориб, Ибн Ҳубайра ҳукумати билан Ироқдан чиқиб кетгунига қадар у ерда қолди.

Сўнг ўз қишлоғида қолиш ниятида Куфага келди. Бу вақтда у Эбул-Аббос Саффоҳ билан учрашди. Ва юқорида айтиб ўтилганидек, у унга байъат берган. Ироқ ва унинг атрофидаги келишмовчилик тўлиқ бартараф этилмаган. Вазият тўлиқ хотиржамлик ва барқарорликни топа олмади. Шунинг учун у яна Маккага қайтди.

Ишлари туфайли Макка ва Куфа орасига бир неча марта келиб-кетган бўлиши мумкин ва шу зиёратлардан бирида Саффаҳ билан учрашгандир” (Абу Зеҳри, 35).

Абу Ҳанифанинг кўплаб илмий саёҳатлари Ҳижоз минтақасида бўлганини ва бунинг “ҳажга бориш” сифатида қайд этилганини унутмайлик. Биринчи зиёрат 96 йилда бўлган. Маълумки, у кейинчалик 101, 106, 110 ва 120-йилларда ҳажга борган.

Бу саёҳатлар чоғида у кўплаб диний уламолар, айниқса Имом Молик, Ибн Журайя, Ато каби машҳур кишилар билан учрашиб, фикр алмашиш имконига эга бўлди. (Ҳорисий, Абу Ҳанифа, 49).


ШОГИРДЛАРИ

Имоми Аъзамнинг юзлаб шогирдлари бўлганини биламиз. Бу шогирдларининг энг машҳурларини, аҳамиятига кўра қуйида тартибладик:

Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний (ваф. 189/805):

Имоми Аъзам фиқҳ ва фалсафасининг муҳим намояндаларидан бири, балки биринчисидир. У ҳам худди устози каби Маволийдан. Имом Моликдан ҳам дарс олган.

Ҳанафий фиқҳининг “ажралмас” манбалари ҳисобланган ва умумий номлари Заҳирур-Ривоят бўлган Ал-Асл (ёки ал-Мабсут), аз-Зиёдот, ал-Жамиъул-Кабир, ал-Жомиъус-Сағир, ас-Сиярул-Кабир ва ас-Сиярус-Сағир номи билан машҳур тўплам муаллифи. У Ҳорун ар-Рашид даврида бир муддат Раққа қозиси сифатида ҳам ишлаган.

Зуфар ибн Ҳузайл (ваф. 158/775):

Исфахон волийси Ҳузайлнинг ўғли Зуфар Имоми Аъзамнинг энг машҳур уч шогирдидан бири. У устозининг Қиёсни энг яхши ишлатадиган шогирди сифатида танилган. Басра қозиси сифатида ҳам ишлаган. Имом Жаъфар Содиқдан ҳам таҳсил олгани қайд этилади. Имоми Аъзам вафот этгач, унинг мактабини шогирди Зуфар бошқарди. (Шабустарий, Асҳаби Имоми Содиқ, 1/596)

Абу Юсуф Ёқуб ибн Иброҳим (ваф. 182/798):

Абу Юсуф куняси билан танилган. У Имоми Аъзамнинг энг машҳур шогирди.

Имоми Аъзамга нисбатан самимиятига қайта-қайта шубҳа қилганимиз Абу Юсуф ҳукуматларга тарафдор фақиҳ эди. Имоми Аъзам уни 17 йиллик талабалик йиллари давомида ўқитибгина қолмай, уни ва оиласини уй-жой ва егулик билан таъминлаб келган.

Шунга қарамай, энг ҳал қилувчи сиёсий масалаларда Абу Юсуф устозига қарши гапиришдан тортинмади, уни ҳатто қоралайдиган муносабатда ҳам бўлди. У халифа ал-Маҳдий даврида қозилик қилган ва Ҳорун ар-Рашид томонидан таъсис этилган қозиюл-қузо (қозилар қозиси) лавозимига биринчи бўлиб тайинланди.

Ҳанафий фиқҳининг ёйилиши ва тизимлашувида энг муҳим рол ўйнаган шахслардан бири. Ҳорун ар-Рашиднинг давлат молиясига оид саволларга берган жавобларидан иборат «Китоб ал-Харож» ўз соҳасида мисли кўрилмаган асардир. Унинг собиқ устози Ибн Абу Лайло ва Имоми Аъзамнинг фарқли қарашларини баён этувчи “Ихтилоф Абу Ҳанифа ва Ибн Абу Лайло" ва "Китабул-Осор” номли асарлари ҳам машҳурдир.

Вақиъ ибн ал-Жарроҳ (ваф. 129/812):

У энг муҳим шогирдлардан бири. Отаси Куфа волийси бўлган. У Ҳорун ар-Рашиднинг қозилик таклифини қабул қилмади. Макка ва Куфа оралиғидаги Файд деган жойда ҳаждан қайтаётиб, вафот этган.

Ҳафс ибн Ғиёс (ваф. 195/811):

Бағдод ва Куфада 15 йил қозилик қилган.

Ҳасан ибн Зиёд (ваф. 204/819):

У Куфа қозиси лавозимида ишлаган. Аммо у мударрис сифатида кўпроқ машҳур.

Ҳорун ар-Рашид, Маъмун каби машҳур халифалар ҳам дарсларига қатнашган. У “Мужаррад” ва “Муснад” номли асарлари билан ҳам танилган.

Асад ибн Амр ал-Бажалий (ваф. 190/806):

Бағдод ва Восит қозиси бўлиб ишлаган.

Абу Исма Нуҳ ибн Абу Марям (ваф. 173/789):

Бу Имоми Аъзамнинг машҳур, аммо шубҳали шогирдларидан бири.

Худди Абу Юсуф каби, у ҳам илк сабоқларини Имоми Аъзамнинг ашаддий душманларидан саналган Ибн Абу Лайлодан олган. Устоз тириклигида Марвга қози этиб тайинланган. Ҳадисчилар орасида “ёлғончи” номи билан машҳур бўлган бу шахс Имоми Аъзам ҳақидаги ёлғон гаплари билан ҳам машҳур. Имоми Аъзамнинг “Қуръоннинг таржимаси билан намоз ўқиш мумкин” деган фикридан қайтди деган гап тарқатган ва шу йўл билан турк элларида фасод ёйган ягона шахс мана шудир.


ИНСОНПАРВАР ДОНИШМАНД

Имоми Аъзам, иймони имтиҳондан ўтган буюк руҳлардан бири. Айнан шу эътиқоддаги қатъият ва садоқати туфайли, бу иймондан маҳрум бўлганлар тарафидан “кофир” деб эълон қилинган. Аммо ўша улуғ руҳ, унга қарши энг катта зулм қилганларга ҳам шафқат билан яқинлашади.

Ундан сўрашди:

"Сизни кофир деганлар ҳақида сизнинг ҳукмингиз қандай?"

У шундай жавоб берди:

"Уларни ёлғончи дейман, холос. Лекин уларни кофир демайман, фақат ёлғончи дейман. Чунки улар Аллоҳни инкор этишмайди, фақат мени инкор этишади. Бу мен билан улар ўртасидаги масала. Мени айблаганни ёлғончи дея оламан, кофир дея олмайман. Мени кофирликда айблаб, ёлғон гапирганни, Аллоҳни инкор этганлар учун ишлатиладиган ном билан номлай олмайман. Чунки Аллоҳ таоло бизга шуни буюрган: “Бир тоифага бўлган адоватингиз, уларга зулм қилишга етакламасин сизни”.

Мени кофир деган одам десаки: "Мен Аллоҳдан ҳам, Аллоҳнинг динидан ҳам узоқлашмайман, балки сенинг динингдан узоқлашаман, сенинг дининг Аллоҳни инкор қилишдир. Сенинг ибодат қилаётган нарсангдан узоқлашаман, чунки сен иблисга ибодат қиласан, деса дарҳол уни кофирликда айбламайман. Чунки у мен ҳақимда ёлғон гапиряпти, дин ва Аллоҳ ҳақида эмас". (Имом Аъзам, ал-Олим вал-Мутаъаллим, 35-36).

Унинг бу масалаларда таянган тамойили, ушбу ўлмас сўзлари билан самоларга муҳрланган:

“Осийларга қарши осийликда айблаб курашинг, кофирликда айблаб эмас”. (ал-Фиқхул-Авсот, 54).

Имоми Аъзам мазкур асарида шу масалага тўхталиб, Пайғамбарнинг қуйидаги сўзларини келтиради:

“Умматнинг энг ёмонлари “Мен дўзахда эмас, жаннатдаман”, деган иддаосидагилардир”.

Имоми Аъзам давом этади:

“Пайғамбаримиз яна шундай деганлар:

"Фалончи жаннатда, фалончи дўзахда деб ҳукм қилганларга лаънат бўлсин! Умматимни жаннатда ёки дўзахда, дея ҳукм қилманглар. Уларни қиёмат куни Аллоҳ ҳукм қилишига қолдиринг. Чунки Аллоҳ шундай марҳамат қилган: «Бандаларимни жаннатга ё жаҳаннамга йўллашга уринманглар. Кутинглар, мен улар ҳақида қиёмат куни ҳукм қиламан, уларнинг борар жойлари ўшанда маълум бўлади». (ал-Фиқхул-Авсот, 57-58).


ҲАЗРАТИ АЛИДАН НАСИБА

Бу идрок, Имоми Аъзамга, катта ҳурмат ва меҳр билан боғлангани Ҳазрати Алидан ўтган бир насибадир. Ўша “Гапираётган Қуръон” дейилган Ҳазрати Али, унга қарши қилич кўтарган, унинг фарзандларини қатл этган уммавий золимлари қўлида ўйинчоқ бўлган одамлар ҳақида гапираркан, “боғий биродарлар” иборасини ишлатади. Йўлдан озган муташаддид маъносидаги "бағй" ўзагидан ясалган бир сифатни ишлатади.

Имом Аъзам айтганидек, йўлдан озгани боис урушаётган одамларни фақатгина “осийлик”да, йўлдан озганликда айблайди, уларнинг дини-имонига асло тил теккизмайди.

Ҳазрати Али, ўша боғийларни "биродарларимиз" деб эмас, “кофирлар” деб атаганида, уларнинг тарих олдидаги аҳволи қандай бўларди экан?!

Лекин Ҳазрати Али бундай қилмади, қилмасди ҳам. Ҳазрати Алидан руҳ ва уфқ олган Имоми Аъзам ҳам бундай қилмади, қилмасди ҳам. Иккиси ҳам осийларнинг зулмидан жон берган бўлса ҳам, бундай иш қилмаганлар. Улар бизга ушбу ўлмас идрокнинг намунасини бердилар:

Кимдир ёки кимлардир сенинг душманинг бўлиши мумкин, сен билан жанг қилиши ҳам мумкин, лекин бу сенга уларни "кофир" дейиш ҳаққини бермайди.

Агар, хусусан, ислом тарихи, ва умуман динлар тарихи, барча муқаддас китобларда амал қилиш талаб этилган ушбу тамойилга амал қилганида, динлар бугун инсоният ҳаётида хаос эмас, балки раҳм-шафқат ва бахт-саодат сифатида ўрин олган бўларди.

Афсуски, бунинг акси бўлди. Сабаби, афсуски, динни тамсил этишини иддао қилувчиларнинг йўлдан озишидир.

Имоми Аъзам юқоридаги сўзларида йўлдан озганлар маъносидаги “боғий” сўзини ишлатади. Қизиғи шундаки, бу сўз Бақара сурасининг 213-оятида мўжизавий инқилоблардан бирини олиб келган ва инсоният курашлари ортида дин вакиллари туришини маълум қилувчи оятда келган.

Имоми Аъзамни танқид қилганлар орасида бўлган Абдуллоҳ ибн Муборак бошқа бир танқидчи Суфён ас-Саврийга шундай дейди:

“Абу Ҳанифа ғийбатдан шунчалик узоқки, ҳатто унинг душманларини ҳам ғийбат қилганини эшитмаганман”. (Ҳайтамий, ал-Ҳайратул-ҳисон, 143, 2-изоҳ)

У нафақат ўзганинг ҳаққига ҳурмат, балки меҳр-шафқат ва мурувват рамзи эди. Дўстларидан бири унга совға олиб келади. Қайтарган ҳадяси унинг олиб келганидан бир неча марта каттароқ эди. Дўсти айтди: "Агар шундай қилишингни билганимда, сенга бу совғани олиб келмаган бўлардим".

Абу Ҳанифанинг жавоби:

"Ундай дема! Устунлик хайр ишни биринчи қилганга тегишли, ўша сенсан". (Ҳайтамий, юқоридаги асар 82-83)

У очиқсўзлик, жасорат ва айни пайтда камтарликни мукаммал равишда бирлаштирган шахсиятга эга эди. Ўзига ишонган, аммо илм қайсарликни қабул этмаслигини яхши биладиган устоз эди.

Бир масала устида баҳс қилаётиб, Ҳасан Басрий ҳақида сўз кетади. Имоми Аъзам бу масалада Ҳасан Басрий ноҳақлигини айтганида, қаршисидаги киши:

"Қандай қилиб сен Ҳасан Басрий ноҳақ, дейсан, эй фоҳишанинг ўғли!"

Имоми Аъзам шундай деди:

“Валлоҳи, Ҳасан ноҳақ эди. Эй Аллоҳим! Бизга қалби тор кишиларга қалбимизни кенг айлагил!” (Ҳатиб ал-Бағдодий, 13/352).

Бир куни, у берган фатвони ўзига эслатиб дейдилар:

"Сен берган бу фатво шубҳасиз 100 фоиз ҳақиқатдир". Унинг жавоби шундай бўлди:

"Валлоҳи, билмайман. эҳтимол шубҳасиз 100 фоиз ботилдир". (Абу Заҳра, 56).

Уни ҳақоратлар қилган ва кейин пушаймон бўлган бир киши ундан илтимос қилди: "Мени кечир, ҳаққингни ҳалол эт!" Жавоб берди: "Менда йўқ сифатлар билан мени айблаганлар, мени ҳаққим ўтган жоҳилларга ҳаққим ҳалол бўлсин. Бундай қилган олимларни эса асло кечирмайман, улар билан алоҳида ҳисоб-китоб қилинади. Чунки уламонинг бундай ишлари, кейинги насллар учун ўта ёмон мерос қолдиради”. (Суютий, Табйиз, 135-136)

Бир камбағал қўшниси бор эди, у бозорларда тароизибонлик қилиб кун кўрарди. Деярли ҳар кеча шароб ичиб, кейин шу қўшиқни такрорларди:

"Адо қилдингиз мени, адои тамом, эй гўзаллар, бир ёриқни ёпмоқ учун, Сўнгсиз даҳшат бир кун учун".

Бир куни кечаси миршаблар бу одамни қўлга олиб, зиндонга ташлашди.

Абу Ҳанифа бундан хабар топгач, ҳеч қачон қилмаган ишни қилди:

У миршаблар каттасининг олдига борди, миршаббоши чиқиб, кутиб олди ва илтимослари бор-йўқлигини сўради.

Абу Ҳанифа: “Кеча ҳибсга олган фалончи қўшнимни озод этишингизни сўрайман”, деди. Миршаббоши: “Бундай зот илтимоси билан бир киши озод қилиниши етарли эмас”, деди ва ўша тунда қўлга олинган барча маҳбусларни қўйиб юборди.

Тарозибон қўшниси раҳмат айтиш учун келганида, Абу Ҳанифа унинг ҳар кеча айтган қўшиғини айтай бошлади. Тарозибон ҳаяжонланиб: “Адо айламадинг, балки қутқардинг ва ҳимоя қилдинг”, деди. (ибн Абд Раббиҳ, ал-Иқдул-Фарид, 6/15, Саймарий, 51)

У яшаган кунларда унинг илм ва ирфони билан бирдек раҳм-шафқат ва мурувватидан доимо суистеъмол этилган. Унинг олижаноблиги ҳам қарши жавоб топмади. Олийжаноблиги ҳам худди сахийлиги ва билимдонлиги каби, доим нонкўрлик билан кутиб олинди. Унинг ҳамкасби машҳур фақиҳ муҳаддис Аъмаш (ваф. 148/765) касалланганди. У зиёратга келди. Суҳбат давомида у Аъмашга қуйидаги кўнгил кўтарувчи сўзларни айтади:

"Агар сенга оғир келади демасам, кунига икки марта зиёрат қилиб турган бўлардим".

Аъмашнинг жавоби хунук ва қўпол бўлди: "Эй амаки! Уйда бўлганингда ҳам менга оғирлик қиласан, нега кунига яна икки марта келасан!!" (Ибн Абду Раббиҳ, ал-Иқдул-Фарид. 2/296).


БЕМИННАТ ВА САҲИЙ ОЛИМ

"Эй улуғ Қуёш! Ёритадиган ҳеч нарсанг бўлмаса, бахтинг не бўларди?" (Ницше)

Имоми Аъзамнинг ҳеч кимга миннат қилмайдиган, аммо ҳаммага иззат-икром кўрсатадиган шахсияти, унинг ҳатто душманлари ҳам тан олиб мақтайдиган фазилатларидандир. Унинг ҳамкасбларидан бири Абдулжаббор ал-Ҳадрамий шундай дейди:

"Унинг суҳбатида қатнашганларга, ҳамкасблари ва дўстларига иззат-икром кўрсатишда Абу Ҳанифадан кўра сахийроқ одам кўрилмаган". (Ибн Абдилбарр, ал-Интиқо, 134).

У отасидан ўтган тижорат қобилияти бор эди. У умри бўйича савдо-сотиқ қилишни тўхтатмаган. У ипак тижоратида етакчи савдогарлардан бири бўлган. Бу иш билан у нафақат ўзи яшаётган шаҳарда, балки бутун мамлакат бўйлаб шуғулланарди. Ўша пайтлар Куфа, Ўрта Осиё ва Эрондан келадиган ҳожиларнинг умумий транзит йўллари устида эди, жонли тижорат ҳаётининг бешиги эди. Куфанинг бу жойлашуви, масжидлар ёнида ўрнашиб, одамларининг диний туйғуларини қитиқлаб, халқдан "садақа" номи билан пул йиғадиган динчи унсурларнинг кўпайишига ҳам таъсир кўрсатганди. “Аллоҳ розилиги ва уммати Муҳаммадга ёрдам” таронаси остидаги бу пул йиғишлар, ўша даврда асосан шиа унсурлари қўлида эди ва улар бу пулларни Аҳли Байт имомлари номидан йиғишарди. (Бу мавзу бобида манба: Массингнон, "Ҳитатул-Куфа ва Харитатуҳа").

Шунингдек, Ҳазрати Умарнинг волийларидан уммавийларни қўллаши билан танилган Муғира ибн Шуъба, рибохўрлиги билан ҳам машҳур Сақиф қабиласига мансуб эди. Бу волийнинг Куфага келиши билан, бу тижорат шаҳрида фоиз олди-сотдилари тез кучайиб кетди.

Имоми Аъзамнинг савдодаги ўз шериклари ва ишчилари бор эди. Ўзини бутунлай илмга бағишлаб, устози Ҳаммоднинг мударрислик халқасига раҳбар бўлгач, тижорат ҳаётини бутунлай шерикларига топширди. Бу шериклар орасида Ҳафс ибн Абдураҳмон исмли савдогар алоҳида эътиборга молик. Имоми Аъзамнинг шаҳарлараро тижоратни қандай олиб боргани манбаларда турли мисоллар билан эслатиб ўтилган. (Масалан Ибнул-Жавзий, "ал-Интисор ват-Таржиҳ лил-Мазҳабис-Саҳиҳ", 459).

Унинг ҳаётини энг кенг қамровли ёритган муаллифлардан бири Муваффақ ал-Маккий айтади:

“У шанба кунини тўлиғича оиласига бағишларди, ўша куни на илмий кенгашга келарди, на бозорга борарди.

Бошқа кунларда у тонг саҳардан кечгача вақтини савдо-сотиқ ишлари билан ўтказарди. Жума кунлари дўст ва яқинларининг уйида зиёфат қиларди. Уларга ҳар хил таомлар тайёрлаттирарди.

Абу Заҳра бу маълумотни қуйидагича тамомлайди:

"Абу Ҳанифа бадавлат оилада улғади. Унйинг отаси ва бобоси савдогар бўлган. Улар жун ва ипак газлама тижорати билан шуғуллангани маълум. Бундай тижорат жуда даромадли иш бўлган. Абу Ҳанифа ота-боболаридан қолган бу ишни давом эттирган. Унинг ёшлиги бозорда ўтган. У уламо дарсларига вақт ажратмасди. Шаъбий унга илмий мажлисларда давом этишни тавсия этганида, илмий мажлисларига ва илмга тўлиқ берилди. Лекин барча ривоятларда, у тижоратни тарк этмагани, умрининг охиригача савдо-сотиқни давом эттиргани айтилади».

"Топган даромадлари билан илм аҳлини рағбатлантириб, уларнинг эҳтиёжларини ўз тижоратидан таъминлар эди. Уларни бошқаларга қарам бўлишдан чиқариб, илмнинг шаънини, шарафини ҳимоя қиларди".

"У ташқи кўринишга ҳам кўп аҳамият берарди ва зоҳирини худди ботини каби тоза бўлишига эътибор берарди. Кийимларини алоҳида парво қиларди. Энг яхши кийимларни киярди. Кийимларини эҳтиёткорлик билан танларди. Энг ёқимли хушбўйлардан фойдаланарди. Абу Юсуф айтганидек, унинг хушбўйи узоқдан туюларади, унинг келгани шундан маълум бўларди".

Ташқи кўриниши бир алфозда, лекин пулдор бир кишига қарата шундай деганди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини эшитмадингми, “Аллоҳ таоло бандасига берган неъматининг асари кўриниб туришини хуш кўради”.

Дўстларинг сендан озорланмасин десанг, бу ҳолатингни ўзгартиришингиз керак” (Абу Заҳра, 28-30).

Шогирдларидан Абу Юсуф шундай дейди: "Унинг келаётганини ишлатган атирларнинг ҳидидан билардик".

У чарм кийимларни, айниқса, ёввойи ҳайвон терисидан тикилган кийимларни яхши кўрарди. У турли ранг ва нақшлардаги кийимлардан фойдаланарди. Унинг овози жуда чиройли эди. Вақти-вақти билан қўшиқлар ҳам куйларди.

Унинг ҳаётини биринчилардан бўлиб ёзган Саймарий (ваф. 436/1044) Абу Ҳанифанинг ўрта бўйли киши бўлганини, унинг юзида доим ғамгин, йиғлаган ифода борлигини қайд этади. Яна Саймарийнинг фикрича, Абу Ҳанифа қуйидаги мисраларни тез-тез такрорлаган:

"Ғам ва кадар учун шуни билиш кифоя: Биз Аллоҳга муносиб ҳеч нарса қила олмаймиз. Ким айтибди, бу дунёда роҳат бор деб!?” (Саймари, Аҳбору Аби Ҳанифа, 47).

Яқин дўстларидан бири у ҳақда шундай дейди: “Агар кимдир унга уч кундан кейин албатта вафот этасан, деса ҳам, у иш ва амалига, тоат-ибодатига ҳеч нарса қўшмас эди”. (Саймарий, ўша асар)

Яъни, у гўё эртага ўладигандек, доимо Аллоҳ билан биргаликда бўларди, ҳеч қачон ўлмайдигандек ишларди. Ҳамкасбларидан Муҳаммад ибн Муқотил уни ва Суфён ас-Саврийни қиёслар экан, Суфённинг босимга дош бера олмаслиги, унинг эса ҳар қандай қийинчиликка сабр қила олишини тушунтириш учун қуйидагиларни айтади:

“Мусибатга дуч келганда қочган билан, азобга дуч келганда сабрли одамни тенглаштира олмайсиз”. (Саймарий, 49)

Унинг энг катта завқларидан бири Рамазон кечаларида суюкли онасини масжидларга олиб бориш эди. (Саймарий, 63).

Бир жойда шундай дейди Абу Ҳанифа: “Ўз амалимдан келадиган савобни учга бўламан: Бири менга, бири онамга, бири Ҳаммод устозимга”. (Саймарий, 63)

Буларнинг барчаси унинг илм ва ҳикматда ҳам, ҳаёт зийнати ва неъматларидан фойдаланишда ҳам беқиёс шахс эканидан далолат беради. Бунда тенгдошлари ва ҳамкасблари томонидан унга ҳавас қилишини табиий деб ҳисоблаш керак:

Бундай даража ва руҳдаги буюк инсонлар энг катта ҳасадни ва ҳатто энг катта хиёнатни ўзлари учун энг катта яхшилик кўрсатган кишилардан кўрадилар. Бизнингча, бу буюк руҳларнинг ўзгармас қадарига тегишли ўзгармас қонуниятлардан бири.

Тижоратдан доимо даромад қилди ва даромадининг кўп қисмини доимий равишда тарқатди. Айниқса, илмга интилганларга инъомлари кўп эди. Уйланмоқчи бўлган, аммо моддий жиҳатдан қийналганларни уйлантириб, уй-жой қуриб, уларни ҳаётга тайёрлар эди.

Илм аҳли орасидан ўзини зиёратига келганлар орасидаги камбағалларга ёрдам бериш учун шундай бир йўл танлаганди: Улар билан хайрлашиш пайтида жойнамоз тагига қаранглар, ўша ерда сизни бир омонат кутмоқда, дер эди. Жойнамозни кўтарганларида, остида ўзларига керакли миқдор пул қўйилганини кўриб, олиб кетишарди.

Ўғли Ҳаммод Қуръон ўқишни ўрганиб, биринчи марта “Фотиҳа” сурасини ўқиганида, ўзини ўргатган устозга ҳадя сифатида ғайриоддий миқдорда беш юз дирҳам пул юборади. Домла ҳайрон бўлиб: “Мен нима қилдим, шунча пул бердингиз?” деб сўраганларида, Абу Ҳанифадан шундай жавоб олади:

"Фарзандимга берганинг мен берганимдан кўп, иложи бўлса, яна кўпроқ бераман. (Тавҳидий, ал-Басоир ваз-Заҳоир, 9/214)

Бағдод олимларига орасидаги танишларига ҳар йили салмоқли миқдорда пул жўнатиб, қуйидаги талабни қўярди:

"Ўзингиз учун хоҳлаганингизча сарфланг ва хоҳлаганингизча бошқаларга сарфланг. Менга раҳмат айтишга мажбурман деб ўйламанг. Менинг сизга берганларим, Аллоҳнинг ўз ўрнига етказишим учун менга берганларидир".

Яқин атрофидагилардан Иброҳим ибн Уяйна қарзини тўлай олмагани учун зиндонга ташланади. Унинг дўстлари Иброҳимни қутқариш учун зарур бўлган тўрт минг динорни йиғиш учун ҳаракатга киришади.

Вазиятдан хабар топган Абу Ҳанифа йиғилган пулни эгаларига қайтаришни буюради ва барча керакли миқдорни бир ўзи беради.

Унинг сахийлиги тилларда достон эди. Буни билган баъзи ҳажвчи шоирлар ундан пул ундириш учун уни ҳажв этишарди. (Масалан, қаранг: Ибн Абду Раббиҳ, ал-Иқдул-Фарид, 5/304) Унинг ҳеч кимдан совға олмаслик характери, хусусан, ҳукмдорлардан илтифот олмаслиги ҳақидаги мисоллар, фиқҳ тарихининг кўплаб саҳифаларини ташкил этган. Келинг, биттасини биз ҳам келтирайлик:

Халифа Мансур иккинчи хотин олмоқчи эди. Хотини қарши бўлаверди. Можаро давом этди. Халифа хотинига деди: “Кимни тингламоқчи бўлсанг, айт, мен уни чақираман, тингла ва рози бўл”, деди. Аёл "Абу Ҳанифани тинглайман" деди. Имоми Аъзам халифалик саройига чақирилди. Мансур мусулмон эркак қанча аёлга уйланиши мумкинлигини сўради? Абу Ҳанифа: “Тўртта аёлга”, деб жавоб берди.

Аммо яна тезда қўшиб қўйди: "Аллоҳ таоло бу рухсатни аёллар ўртасида тўлиқ адолатни таъминлашни шарт қилиб қўйди, агар бунинг иложи бўлмаса, бир аёл билан чекланишни буюрди. Бизнинг вазифамиз Аллоҳ тавсия қилган одобга амал қилиб, бир аёл билан қаноатланишдир".

Халифа хоним ниҳоятда хурсанд бўлди. Абу Ҳанифа саройдан чиқиб кетгач, жуда қимматли совға юборди. Имоми Аъзам халифа хонимнинг совғасини рад этиб, қуйидаги эслатмани қўшиб қўйди:

"Биз қилган ишимизни Аллоҳнинг динини ҳимоя қилиш учун қилдик, бизда ҳеч кимга яқин бўлиш ёки дунё мулкига эга бўлиш истаги йўқ". (Ҳайтамий, Ҳайрот, 112).