June 14

ИМОМ АЪЗАМ ЯШАГАН ДИЁР

ИМОМ АЪЗАМ ЯШАГАН ДИЁР ЁХУД НИФОҚ МАКОНИ

"Халқ нима улуғ, нима тўғри ва нима самимий нима эканини билмайди. Доим ёлғон гапиради". (Ницше)

БИТМАС ТУГАНМАС ИХТИЛОФ ШАҲАРЛАРИ

Фиқҳ ихтилофлари макони бўлмиш Куфа ҳам, сиёсий-ақидавий мазҳаб ихтилофлари макони бўлмиш Басра ҳам Ироқ шаҳарларидир. Абу Заҳра Ироқнинг бу “ихтилофлар ҳудуди” хусусиятини қуйидаги сатрлар билан ифодалайди:

"Ироқ муҳитининг бир хусусияти шундаки, у турфа хил фирқа ва мазҳабларнинг ўчоғи эканидир. Шиаликнинг энг экстремал оқимлари ҳам, мўътадиллари ўша шу ерда. Муътазила ҳам шу ерда. Жаҳмийя, Кадарийя, Муржия ва б. ҳаммаси шу ердан чиққан. Шу боис, бу ерда ҳамиша жонли фикр ҳаракати бўлиб келган. Аслида, Ироқ бу қадимдан бери тўқнашиб келаётган интеллектуал оқимлар тўпланган жой”. (Абу Заҳра, 75).

"Абу Ҳанифа туғилган Куфа Ироқнинг йирик шаҳарларидан бири эди. Балки, у ўша даврда Ироқнинг икки йирик шаҳридан иккинчиси эди. Ироқда турфа хил миллатлар, қабилалар, оқимлар бўлган. Бу ер қадимги цивилизациялар макони. Сурёнийлар у ерда ёйилганлар. Исломдан олдин у ерда мактаблар ташкил қилганлар. У ерда юнон фалсафаси ва Эрон ҳикматлари ўрганилган. Ироқда Исломдан олдинги дин-эътиқод масалаларида ўзаро курашаётган христиан мазҳаблари бўлган. Исломдан кейин ҳам бу ерда турли миллат ва динлар мавжуд бўлган. Вақти-вақти билан низолар ҳам бўлиб турарди. Сиёсий фирқалар бир-бири билан жанжаллашар, ақидалар услуб кураши қайнар эди. Кўришган саҳобалардан олган илмларини ёйган мужтаҳид тобеъин ҳам ўша ерда эди. Дин илмининг тиниқ булоқлари бу ерда қайнарди, бир-бири билан тортишаётган тоифалар, бир-бири билан тўқнашаётган фикр ва тушунчалар доимо шу ерда эди”. (Абу Заҳра, 20).

Фиқҳ дейсизми, ақоид, тасаввуф ёки тафсир дейсизми, “Нифоқ ва Шиқоқ диёри”дир бу. Ҳазрати Али Куфа аҳлига қилган хутбасида шундай дейди:

"Пайғамбарингизнинг Аҳли Байти сизга келганида, қандай муомала қилдингиз? Шуни қилиб бердик, буни қилиб бердик дейишга ҳаққингиз йўқ. Аввалига уларга тарафдор бўлиб кўриндингиз, кейин ташлаб қочиб кетдингиз, кейин эса келиб, ўзингизни оқламоқчи бўлдингиз. Сиз учун оқланиш имкони умуман йўқ (Балозурий, 2/409)

Қуйидаги хитоб Ҳазрати Алидан:

"Эй Ироқ аҳли! Сизлар бамисоли ҳомиладор бўлиб, кейин тушириб қўйган хотин кабисизлар". (Ибн Абил-Ҳадид, Наҳжул-Балоға шарҳи, 6/114)

Абдулмалик ибн Марвон Ироққа Ҳажжожи Золимни волий этиб тайинланганида, араб адабиётининг зирва нутқларидан бири саналувчи машҳур хутбасини айнан Куфада ўқиган. Минбарга чиқиб, ҳатто ўша ерда ҳам ташламаган камони ва ўқдонига суяниб бир муддат жим туради ва шундай сўз бошлайди:

"Эй Ироқ аҳли, эй парчаланиш, бўлиниш ва диндан қайтиш халқи! Эй аҳлоқий разолат халқи! Шуни билингки, мўминларнинг амири ўқдонини олдига қўйиб, ўқларни бирма-бир кўздан кечирди ва ишга энг яроқли, энг ўлдирувчи ўқ дея мени волий этиб танлади. Мени сизнинг бошингизга қамчи ва қилич этиб келтирди. Аммо қамчи даври тугади, буёғи қилич даври бошланди" (Йаъқубий, Тарих, 2/273)

Пайғамбар авлодларидан бўлмиш 12 имомдан олти нафари, қилич ёки заҳар билан айнан мана шу хиёнат диёрида қатл этилган.

Пайғамбарнинг набиралари Имом Зайд ибн Али Зайнил-Обидин (ваф. 122/739) акаси Абу Жаъвар ибн Али билан машварат этганида, Абу Жаъфар унга Куфа ҳақида шуларни айтади:

“Куфаликларга майл этма, чунки улар ёлғончи, фитначи ва хийлачи одамлар, бобонг Али улар туфайли ўлдирилди, амакинг Ҳасан улар туфайли яраланган, отанг Ҳусайн уларнинг хиёнати туфайли шаҳид бўлган. Пайғамбарнинг аҳли байтини ўша юртда сўкишди ва ҳақоратлар ёғдиришди. Салдан кейин Куфанинг марказида сени ҳам осишларидан хавотирдаман”. (Маъсудий, Муружуз-Заҳаб, 3/217, Абу Заҳра, Имом Зайд, 55)

Зайд ибн Алининг атрофига қирқ мингга яқин одам тўпланиб, унга байъат берганди. Жанг қилишга келганда, Зайд билан ораларида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди:

Куфаликлар: Абу Бакр ва Умар ҳақида нима дейсан?

Зайд: Мен улар ҳақида фақат яхши сўз айтаман. Улар, бизнинг ҳаққимиз бўлмиш халифаликка келтирилди, лекин ижроотлари Қуръон ва Суннатга мос бўлди, хайрли ишлар қилди.

Куфаликлар: Хўш, унда нега бугун курашяпсан?

Зайд: Бугунгилар бошқа. Булар золим ва сиёсатлари Исломга мос эмас.

Шундан кейин унинг атрофидан тарқалиб кетишди. У бир ҳовуч одамлар билан Уммавий қўшинига қарши урушишга мажбур қолди. (Масъудий, 3/62)

Бироқ Зайд бин Али, Уммавийларга қарши чиқишга қатъий қарор қилганди. Чунки у, уммавийлар ҳукм сурган бир мамлакатда инсондек ҳаёт кечириш мумкинлигига ишонмасди. Уларга қарши исён этди ва бунинг бадалини ўз ҳаёти билан ўтади.


МУҲАММАДДАН ЎЧ ОЛИШ ЁКИ ҲУСАЙННИНГ ҚОНИ

Хиёнат диёрида авж олган ва бугун ҳам давом этаётган нифоқ ва шиқоқ (бўлиниш ва парчаланиш) Ҳазрати Ҳусайнга хиёнат қилишдан бошланди.

Агар инсон шаъни ва қадр-қимматига яраша холислик билан гапирадиган бўлсак, шундай деймиз: Ҳазрати Ҳусайн, унинг бобоси, охирги пайғамбардан ўч олмоқчи бўлган арабчи-уммавийлар зеҳностидан туғилган шарр (ёмонлик) фарзандлари тарафидан ўлдирилди. Бу ишнинг асл моҳияти ва асоси шу.

Бу асосни ҳар тарафга тортқилаб, ҳақиқатни лойқалатишга уринаётган бугунги арабчи-уммавийлар Исломга ва мусулмонларга хиёнатни сиёсат деб билишлари мумкин, лекин тарих албатта уларнинг айблов ҳукмини ўқийди.

Ахлоқсизлик, имонсизлик ва арабчиликнинг содиқ ва малъун тимсоли Язид, отаси Суфёний Муовийя томонидан халифаликка тайинлангач, барча мусулмонлар бунга қарши овоз кўтара бошладилар. Биринчи ҳақиқий қаршилик Ироқдан, айниқса Куфадан чиқди.

Ҳазрати Ҳусайн, Язиднинг байъат чақириғини рад этиб, Мадинага боргач, Куфа аҳли Ҳазрати Ҳусайнга халифа бўлиши учун мактублар ёза бошлашди. Бу билан кифояланмай, Мадинага таклиф ҳайъати ҳам юборишди.

Ҳусайн, вазиятни ўз жойида ўрганиш учун Куфага амакиваччаси Муслим ибн Оқилни юборди. Муслим бир дўстининг уйига жойлашди ва Ҳусайн номидан байъат ола бошлади. 30 мингга яқин одам байъат қилгани қайд этилади.

Язид бу хабарни эшитгач, Куфа ҳокими Нуъмон ибн Баширни масъул билиб, ишдан бўшатади, унинг ўрнига Басра ҳокими Убайдуллоҳ ибн Зиёдни тайинлади. Янги волийнинг вазифаларидан бири Муслимни зарарсиз ҳолга келтириш, керак бўлса, ўлдириш эди.

Бу орада Муслим узоқ йўл босиб ўтган эди. Бир пайт у ҳатто янги волийнинг саройини қамал қилишга ташаббус ҳам қилди. Бироқ Куфадаги нуфузли кишилар волий тарафини олдилар. Буни кўрган халқ Муслим атрофидан тарқала бошлади. Орадан бир неча соат ўтгач, Муслим ўзи билан фақат 30-40 киши қолганини кўрди. Шундан сўнг, шаҳар ташқарисида бир аёл қариндошининг уйида яширинишга мажбур қолди. Чақимлар оқибатида Муслим қўлга олинди ва ҳижрий 60-йил зилҳижжа ойининг 9-кунида қатл этилди. Куфа аҳли унга хиёнат қилганини Ҳусайнга хабар беришга ҳам улгурмади, ҳам имкони бўлмаган эди.

(Муслимнинг бу муваффақиятсиз тақдири ҳақида қаранг: Балозурий, Ансобул-Ашроф, 2/ 334-343)

Ҳазрати Ҳусайн нима бўлаётганидан бехабар эди. Куфага йўл олди. У ўн минглаб одамлар унга байъат берган, деб ўйларди. Йўлда уни огоҳлантирганлар бўлса ҳам, ҳеч кимга қулоқ солмади. Уни огоҳлантирганлар орасида машҳур шоир Фараздок (вафоти 110/728) ҳам бор эди.

Ҳазрати Ҳусайнни огоҳлантириш учун Фараздокнинг айтган сўзлари тарихдаги энг машҳур ва ҳаққоний сўзлардан биридир. Фараздок шундай дейди: "Эй Ҳусайн, ортингга қайт! Куфанинг қалби сен билан биргадир балки, аммо қиличлари Уммавий биландир".

Бу вазиятда Куфа аҳли учун тўғри бўлган бу баҳо, умумият-ла барча оломон учун ҳам тўғридир. Эътиқоди, қадри, ҳиммати паст бўлган оломон олдин олий қадрият эгаси инсонларни ўлдиради, кейин ўтириб йиғлайди. Инсон ўғлининг энг шарафсиз ва ақлсиз йиғиси мана шу йиғлашдир. Ибн Саъднинг "Табақот" асарида Ҳазрати Ҳусайннинг ўғли Али Зайнил-Обидин: “Карбало қирғинидан сўнг бизни лаънати Язидга топшириш учун олиб кетилаётганда, Куфа аҳли йўл четига тизилиб йиғлаб туришарди. Мен ёнимдагиларга дедим: "Мана бизнинг қотилларимиз, энди эса биз учун йиғлашди".

Фараздокни эшитиб бўлиб, Ҳазрати Ҳусайн унга: “Аллоҳнинг тақдири, У нима хоҳласа шу бўлади”, деб йўлида давом этди. Бироз вақт ўтгач, Куфадан келаётган баъзи одамлардан Муслим ибн Окилнинг ўлдирилганини ва Куфа аҳли байъатдан қайтганини билгач, қайтиб кетмоқчи бўлди, лекин бу сафар Муслимнинг ўғиллари қаршилик қилдилар.

Ҳусайн "хоҳлаганлар ортга қайтиб кетса бўлади", деб Куфа томон юришда давом этди. У билан бирга бўлганларнинг кўпчилиги қайтиб кетишди. Унинг оиласи ва етмишга яқин содиқ дўстлари ёнида қолди.

Волий Убайдуллоҳ ибн Зиёд томонидан тайинланган қўшин қўмондони Ҳур ибн Язид минг кишилик қўшин билан Ҳусайнни узоқдан кузатиб турарди. Ҳусайннинг Куфага яқинлашаётганидан хабар олган Убайдуллоҳ, асосий қўшин билан Ҳусайнга қарши юриш учун Рай волийси Умар ибн Саъд ибн Абу Ваққосни тайинлади. Умар ибн Саъд ибн Абуваққос буюк саҳобалардан Саъд ибн Абуваққоснинг ўғли эди.

Пайғамбар набирасига қилич кўтаришни истамади. Бироқ ҳокимнинг “Ё бу ишни сен ҳал қиласан, ё ўз лавозимингни ташлаб кетасан” деган таҳдидига кўра, Ҳусайнга қаршди юрди. Ҳусайн алданганини, рухсат берилса оиласи билан ортга қайтиб кетишини айтган бўлса-да, “Ё Язидга байъат берасан, ё сен билан урушамиз" жавобини олганида, ҳеч қачон Язидга байъат бермаслигини айтди.

Кейин нима бўлиши маълум. Сувсиз ва чорасиз қолдирилган оиласи ва дўстлари билан оғриқдан қийнаб ўлдирилди. Бошини кесиб, Язидга жўнатишди. Куфа ва куфаликлар хиёнати, Ҳазрати Пайғамбаримизнинг “жаннат гулим” дея суйиб, бағрига босган Ҳусайнни тамом қилган эди.

Бу даҳшатли воқеадаги энг ибратли нуқталардан бири шуки, улуғ бир саҳобанинг ўғли Умар ибн Саъд ибн Абуваққос мартаба ва мавқе илинжида иймонини сотиб юборди. У ўз мавқеини қўлдан бой бермаслик учун Пайғамбар авлодига қарши қилич кўтариб, дунёдаги энг малъун, энг хор золимнинг шериги сифатида қонини тўкди. Яна бир нуқта бор:

Карбало қирғинидан омон қолган ва қочганларнинг баъзилари у ер-бу ерга паноҳ топдилар. Хоин Умар ибн Саъд ибн Абуваққос бир фармон билан шундай эълон қилди: “Ким Ҳусайннинг одамларидан бир бош олиб келса, минг дирҳам мукофот берилади”.

Бошқа томондан, Ҳазрати Алининг амакиваччаси Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг икки кичик фарзанди қочиб, Абдуллоҳ ибн Кутба ат-Тоийнинг хотинида бошпана топишди. Аёл эрига бу болаларни топшириб: «Уларни олиб, Мадинадаги оилаларига етказ!», деди. Бу ифлос эса, аёл болаларни унга топшириши билан иккаласини ҳам сўйиб, бошларини Умар ибн Саъдга олиб борди. Ва икки минг дирҳамлик бўлди. Тарихчи Ибн Саъднинг ёзишича, ўша болаларнинг отаси Абдуллоҳ бу хабарни эшитгач, йиғлаб шундай деди:

"У икки минг дирҳам учун болаларимни ўлдирди, агар менга олиб келганида, мен унга икки миллион дирҳам берган бўлардим".

Мана, Уммавийлар яратган, биз унга “салтанат” дейдиган бало мана шундай даҳшатли бир балодир. Имоми Аъзам мана шу балога қарши курашнинг энг улуғ намунаси ва лидери сифатида барча замонларнинг ташаккур ва шукронасига лойиқ бир руҳдир.

«Саҳобанинг ўғли» (!) Умар ибн Саъд ўзига муносиб мукофотни ортиғи билан олди: Имом Ҳусайннинг интиқомини олиш учун урушган Мухтор эс-Сақафий (ваф. 67/687) томонидан, икки ўғли билан бирга ўлдирилиб, аввал дарахтга осилди, кейин ёқиб юборилди.

Унинг укаси Муҳаммад эса Дайрул-жаможимда Уммавий фиръавни Ҳажжож томонидан ўлдирилди. (Ибн Саъд, 3/ 137).