June 10

ИМОМ АЪЗАМ /УММАВИЙ ДАВРИ

ИМОМИ АЪЗАМ ЯШАГАН ДАВР, УНИНГ ҲАЁТИ ВА ШАХСИЯТИ

ИМОМИ АЪЗАМ ЯШАГАН ДАВР

Имоми Аъзам умрининг кўпроқ қисми уммавийлар даврига, озроқ қисми эса Аббосийлар даврига тўғри келади. Демакки, Абу Ҳанифа бу икки араб халифалигининг биринчи давридаги барча юксалиш ва таназзулини, иккинчисининг эса маълум бир давридаги чиқиш ва тушишларини кўрган. Бу икки даврда унинг учун ўзгармаган ягона нарса шу эди: у дуч келган босимлар, зулмлар, қийноқлар, зиндонлар, айбловлар ва туҳматлар.

Барча замонларнинг энг буюк даҳоларидан бири бўлган, ислом фиқҳ тарихидаги энг буюк имом саналган Имоми Аъзам яшаган давр энг катта зулмлар билан бирга, энг буюк бунёдкорлик ҳаракатлари ўзаро қоришган, юзма-юз келган давр бўлди. Асли араб бўлган, Имоми Аъзам ҳаёти ва меросини энг яхши баён этган муаллифларидан бири Абу Заҳра, Имоми Аъзам яшаган даврнинг умумий суратини қуйидаги сатрлар орқали чизади:

"Абу Ҳанифа туғилиб бу дунёга кўзини очиб, Уммавийларнинг золим ва қаттол бошқарувини кўрди. Бошқача қилиб айтганда, Уммавий золимларидан бири Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақофий ҳукмронлиги остида туғилди. Ҳажжож ўлганида, Абу Ҳанифа ўн беш ёш эди. Бу ёш ақл-идрок ва шаклланиш ёшидир. Бу маволий бир ўспиринда чуқур из қолдирганди. Уммавий давлати ҳақида ўз ҳукмини беришда буларнинг таъсири бўлди. Ёши улғайган сайин бу ҳукм қувватланиб борди. Чунки уммавийларнинг Пайғамбар аҳли-байтига қарши нималар қилганини ўз кўзи билан кўрган эди. Ҳатто уммавийлар зулмига ўзи ҳам учради. Унга ҳам босим ўтказдилар, зиндонга ташладилар, лекин у Маккага қочиб, Байтуллоҳда бошпана топиб, уларнинг қўлидан қутулишга муваффақ бўлди”.

"Мана шундай қўрқинчли даврдан кейин Аббосийлар давлати омонлик ва озодлик ваъдаси билан келди ҳокимиятга. Абу Ҳанифанинг умидлари катта эди. Уларнинг раҳм-шафқатли бошқарув барпо этишидан умидвор эди. Улар кўплаб зулм ва фалокатлардан сўнг бу мавқеъга келган эди. Абу Ҳанифа уларнинг раҳм-шафқат қўлини узатишига ишонарди, ана шу сабабли у ўз ихтиёри билан илк аббосий халифаси Саффоҳга байъат берди. Аммо Абу Жаъфар ал-Мансур келганда, ҳамма нарса ўзгарди. Мансур зўравонлик устига барпо қилмоқчи бўлди давлатни, ҳилм ва ҳақ ҳуқуқ нималигини билмас эди. Аҳли байтга энг оғир қийноқларни раво кўрди ва улар орасидаги олимларни зиндонларга ташлади. Уруш вазияти бўлмаган ҳолда, Ҳазрати Али тарафдорларининг қони бемалол тўкиладиган бўлди. Абу Ҳанифа, Мансур ҳукмронлиги аслида уммавий ҳукмронлигининг давомидан бошқа нарса эмаслигини кўрди. Ўзгарган нарса фақат номи эди. Аббосийлар билан шу сабабли оралари бузилди. Ниҳоят унга қарши ҳам азият ва қийноқлар бошланди, ўлими ҳам шу сабабдан бўлди" (Абу Заҳра, 74).

Имоми Аъзам тобеъин даврига, яъни саҳобалардан кейинги наслга мансуб.

У ҳижрий 80, милодий 699 йилда Ироқнинг машҳур шаҳарларидан бири Куфада туғилди. Ҳижрий 150-йилда, милодий 767-йилда Бағдодда вафот этган. Аниқроғи, бир нақлга кўра, уни зиндонга ташланган аббосий халифаси Абу Жаъфар ал-Мансур (ваф. 158/775) томонидан заҳарланди, бошқа бир нақлга кўра, уни халифалик саройида шахсан халифа Мансурнинг ўзи заҳарлаб ўлдирди.

Аксар манбаларда Имоми Аъзамнинг бир неча саҳоба билан учрашгани ёзилади, ва бу саҳобаларнинг исмлари ҳам келтирилади, улар: Абдуллоҳ ибн Абу Авфо (ваф. 87/705), Саҳл ибн Саъд (ваф. 88/706), Анас ибн Молик (ваф. 93/711), Абу Туфайл Амир бин Восилий (ваф. 102/720).

Анас ибн Молик билан учрашганлиги борасида, унинг душманлари айтган эътирозлардан ташқари, тарихчилар ўртасида ихтилоф йўқ. Унинг душманларига келсак, Имоми Аъзамга тобеъин шарафининг олдини олиш учун, саҳобалар билан учрашганини бир оғиз гап билан инкор этиб қўя қолинади.


ЗУЛМ ВА ДАҲШАТ САЛТАНАТИ УММАВИЙ ДАВРИ

Имоми Аъзам умрининг 52 йили уммавийлар даврида, 18 йилини Аббосийлар даврида яшаб ўтди. Бу даврнинг умумий характери ва (ижроотлари) сиёсий амаллари ва лойиҳаларини “Исломни араблаштириш ва Пайғамбарнинг аҳли байтига зулм” дея таъриф этиш мумкин. Абу Заҳра ўта чиройли ифодалайди буни. У шундай дейди:

“Уммавийлар халифалик мақомига аксарият мусулмонларнинг розилиги билан сайланган, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шу сабабдан ҳам, бутун Уммавийлар даврида ғалаён, қўзғолон, уруш ва нотинчликлар давом этди. Қалблар нафратдан қайнади. Уммавий халифаларнинг аксарияти мусулмонлар орасида юксак мавқеъ ва обрўга эга бўлган кишиларга зулм қилишдан тортинмадилар. Мадина аҳли унга қаршилик қилгани учун Язид бу Пайғамбар шаҳрини ишғол қилишни ўз қўшинларига мубоҳ қилди. Динда манъ қилинган ишларни ҳалолдек бемалол амалга оширишди.

Ҳазрат Ҳусайн, Язид ибн Муовияни тан олмади ва Ислом қонуний бошқарув тартиб ва тамойилларига амал қилмагани учун унга қарши чиқди. Язид қўшини уни ваҳшийларча қатл қилди. Пайғамбарга яқинлиги ва диндаги мавқеидан қатъий назар унинг қонини тўкди. Опа-сингиллари, яъни пайғамбарнинг ҳурматли қизлари Фотимадан туғилган қизларига асира муомаласи қилиб, Язид ҳузурига келтирилди. Уммавийлар ўз ҳукмронлигининг охирларигача Ҳазрати Али ва Фотиманинг фарзандлари ва авлодларини қатл этишда давом этди. Зайд ибн Али ҳам ўлдирилди.

Унинг ўғли Яҳё ва Яҳёнинг ўғли Абдуллоҳ ҳам ўлдирилди. Бу ҳам етмади; Гўё Пайғамбар суннатидек, масжид минбарларидан Ҳазрат Алига лаънатлар ўқилди. Бу малъун одатни Язиднинг отаси Муовия бошлаб берди” (Абу Заҳра, 73).

Имом Аъзамнинг таваллуди санаси ҳижрий 80-йил ва вафоти санаси ҳижрий 150-йилгача бўлган даврда ҳокимият тепасига келган халифалар ва уларнинг даврларига қисқача тўхталиб ўтишни фойдали деб биламиз.


УММАВИЙ ДАВРИ ХАЛИФАЛАРИ

Уммавий халифаларининг ҳокимият тепасига келиши саналари рўйхати билан танишиш учун “Ахбори Давлати Аббосийя” номли асарнинг 411-412-саҳифаларига мурожаат этиш мумкин.

1. Абдулмалик ибн Марвон (65-86/ 684-705 йиллар):

Марвоний авлодидан бўлган Уммавий халифаларнинг биринчиси бўлмиш Марвон ибн ал-Ҳакамдан кейин халифа бўлган Абдулмалик ибн Марвон ҳукмронлигининг сўнгги олти йили Имом Аъзам таваллудларидан кейинги даврга тўғри келади.

Бу ички ва ташқи тартибсизликларга тўла давр эди. Абдуллоҳ бин Зубайрнинг Уммавийлар ҳукуматига мухолифати давом этмоқда эди.

Абдулмалик ибн Марвон византияликлар билан курашни тўхтатиб ички тартибсизликларни бартараф этиш учун румликларга кўп миқдорда мол-мулк ва пул бериб уларни тўхтата олди. (Яъқубий, Тарих, 2/269)

“Золим” лақаби билан машҳур бўлган Ироқ волийси Ҳажжож ибн Юсуф унинг томонидан тайинланган ва йигирма йил давомида Ироқда волийлик қилган. Бу Уммавий волийси тўккан саҳоба ва тобеин қонининг ҳисобини чиқариш ҳам ўта мушкул.

2. Волид ибн Абдулмалик ибн Марвон (86-96/705-714 йиллар):

Ҳижрий 87-йилда Умар ибн Абдулазизни Мадинага волий қилиб тайинлайди. Валидда биринчи кунданоқ Уммавийларни ёқтирмаган Мадина аҳлига нисбатан ўзгача кин бор эди. Халифаликка келиши билан, Мадина аҳлига хутба ўқир экан, шу сўзларни айтади: "Эй, Сиз Мадина аҳли! Сизлар ихтилоф ва гуноҳ аҳлисиз". (Яъқубий, Тарих, 2/285)

Валиддаги кин, албатта, унинг пайғамбарга бўлган кинидан эди.

Дарҳақиқат, у Мадинага ўзи тайинлаган волий, Уммавийларнинг “Рошид Халифаси” сифатида танилган Умар ибн Абдулазизга, Масжид ан-Набавийни (Пайғамбар масжиди) “атрофидаги хоналарни масжидга қўшиш" баҳонасида бузиб ташлашни буюрди.

Маълумки, бу хоналар (Ҳужурот) Муҳаммад пайғамбар яшаган хоналар эди.

Шунинг учун ҳам Мадина аҳли бу хоналарнинг бузилишига қаттиқ қаршилик кўрсатди, аммо муваффақиятга эриша олмадилар. Қаршилиги учун оғир бадал ўтаганлар ҳам бор эди. Мисол тариқасида машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ўғли Ҳубайбни кўрсатишимиз мумкин. Ҳубайб волий Умарнинг олдига бориб шундай дейди: “Аллоҳ хайрингни берсин, эй Умар! Бу сен вайрон қилган Қуръон оятларидан биридир, унда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Хоналар ортидан сени чақираётганларнинг аксарияти ақл ишлатмайди." (Ҳужурот:4)”

Умар бундан қаттиқ ғазабланиб, Хубайбга юз дарра уришни буюради. Бунга ҳам қаноат қилмай, қишнинг совуқ кунида, Хубайб устидан сув қуйиб, музлатиб ўлдиради.

Кейинчалик Умар «Рошид Умар» бўлган пайтларида Ҳубайбга қилган ишларини эслаб, «Қандай қилиб Ҳубайбга шундай қилдим-а?» дея надоматлар қилади». (Яъқубий, 2/284)

3. Сулаймон ибн Абдулмалик (96-98/ 714-716 йиллар):

У Ҳазрати Алининг набиралари Абу Ҳошим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Алини, Уммавийларга хос бир хиёнат билан, заҳарлаб ўлдиради. Абу Ҳошим Дамашққа бориб, халифа Сулаймонни зиёрат қилади. Улар узоқ вақт суҳбатлашади. Келинг, бу ҳақда тарихчи Ибнул-Асирдан эшитайлик:

"Сулаймон бу суҳбатда Абдуллоҳнинг илм ва ирфонини кўрди, унга нафақат ҳасад қилди, балки ундан қўрқувга тушди. Суҳбат тугаб, улар айрилгач, ортига бир жосус қўйди. Йўлда қаердадир жосус Абдуллоҳ ичган сутга заҳар қўшиб, уни заҳарлади”.

Заҳар бироз вақт ўтиб кучини кўрсатди ва Абдуллоҳ ҳижрий 99-йилда, яъни Сулаймон билан бир йилда вафот этди. (Ибнул-Асир “Ал-Камил фит-тарих” асари, 5/44, 53).

4. Умар ибн Абдулазиз ибн Марвон (99-101/ 717-719 йиллар):

“Уммавийларнинг Рошид халифаси” номи билан машҳур бўлган бу шахс ҳақиқатан ҳам гуноҳни ювиш тимсолидир. У уммавий катталарининг қилмишларини инсониятга қарши улкан жиноят эканини тарихга эълон қилган, ҳамда улар сафига кириш азоби ва шармандалигини чуқур ҳис қилган. Ислом тарихи барча мазҳаблари ва миллатлари билан бирга уни ҳурмат билан ёдга олади.


УМАРНИНГ ҚИЛГАН ИШЛАРИГА БАЪЗИ МИСОЛЛАР

Умар ибн Абдулазиз икки ярим йил давом этган қисқа халифалик даврида чинакам улкан ишларни амалга оширди. Улардан иккитаси ўта муҳимдир. Халифаликка келганда қилган биринчи иши - ўзи ҳам авлоди бўлган марвонийларнинг катталарини йиғиб, уларга қуйидагиларни айтди.

"Эй Марвон ўғиллари! Мен текшириб кўрдимки, бутун умматнинг ярми ёки учдан иккиси сизнинг қўлингизда".

Унинг гапи нимага ишора қилаётганини дарҳол англаган марвоний катталар дейишди: “Бошимизни танамиздан ажратмасдан бойлигимизга теголмайсан. Биз на оталаримизга нонкўрлик қиламиз, на фарзандларимизни қашшоқликка мубтало қиламиз”. (ибнул-Жавзий, Сират ва Маноқибу Умар ибн Абдулазиз, 136)

Умар бу билан тарихга шуни айтган бўлди: Бу уммавийлар Ислом Умматини талон-тарож қилиб, халққа тегишли бўлган барча бойликларни тортиб олиб, умматни қашшоқликка мубтало қилди.

Умарнинг иккинчи қилган улуғ иши эса - Пайғамбар аҳли байтига, айниқса, Ҳазрати Алига Ислом маъбадидан туриб лаънат ўқишни тўхтатди. Маълумки, уммавийлар маъмурияти Ислом пайғамбарининг авлодини қатл этиш билан кифояланмай, ислом маъбадлари бўлган масжидларда, жума хутбаларида Аҳли байтни лаънатлаб, бунга жамоатни “Омин” дегиздирган... Абу Заҳро шундай ёзади:

“Уммавийлар даврида, минбарлардан ҳазрати Алини лаънатлаш худди Пайғамбар суннатидек муҳим амал эди. Бу динсизликни Абу Суфённинг ўғли Муовия бошлаб берган. Мусулмонлар буни ёмон санадилар. Муҳаммад пайғамбарнинг аёлларидан бири Умму Салама Муовияга мактуб йўллаб, унда шундай деган эди: “Сиз минбарларингиздан Аллоҳга ва Пайғамбарига лаънат ўқияпсиз. Чунки сиз Ҳазрати Алини ва уни севганларни лаънатлаяпсиз. Мен гувоҳлик бераманки, Аллоҳ ҳам, Пайғамбар ҳам Алини яхши кўрди”. Уларга минбарлардан лаънат ўқиш бидъати яна давом этди ва ниҳоят адолатли уммавий халифаси Умар ибн Абдулазиз бу одатни бекор қилди” (Абу Заҳро, 73).

Бу ерда биз тарихнинг энг катта ибратли манзараларидан бирини кўрамиз. Пайғамбар авлоди Ислом маъбадида лаънатланганида, уни тўхтатиш учун ўрнидан умуман қўзғалмаган уммат, бу лаънатга аслида лойиқ бўлган уммавий мустабиди Муовияга лаънат ўқишга келганида, қарши чиқди, амалга оширишга тўсқинлик қилди. Тарихчи Зубайр ибн Баккор амакиси Мусъаб ибн Абдуллоҳ аз-Зубайрийдан иқтибос келтирган ҳолда қуйидагиларни қайд этади:

“Аббосий халифаси Маъмун, Муовияни лаънатламоқчи бўлганида, бош қози Яҳё ибн Уксум уни қайтаради:

“Эй мўминлар амири, бунга жамоат фикри тоқат қилмайди. Айниқса, Хуросон халқи. Энг яхшиси, одамларни ўз кўниккани билан ҳолий қолдиринг. Энг тўғри сиёсат ва эҳтиёт чораси мана шудир". Ва Маъмун ўз фикридан воз кечди. (Зубайр ибн Баккор, ал-Муваффақиёт, 46).

Уммавийлар исломга зид равишда, Исломни қабул қилган ғайриараблардан (Маволийдан) жизя йиғишига ҳам Умар бин Абдулазиз нуқта қўйди. Бундай сиёсат хазина киримларини камайтиради ва вазиятни қийинлаштиради, деган волийларига Умар шундай хат ёзди:

“Аллоҳга қасамки, қалбим барча инсонлар мусулмон бўлишини ҳамда сиз ҳам, мен ҳам ўз меҳнатимиз билан кун кечиришимизни истайди”. (Абу Нуъайм, Ҳилйя, 5/305; Жамол Жавда, 171)

Умарнинг бу сиёсий амаллари уммавийлар тарафидан “суннатга зид, суннатни бузиш” деб кўрсатилади ва шундан келиб чиқиб, Умарга ҳужумлар қилинади. Улар, шунингдек, ҳаром бойликларига қўл теккизган Умарни Қуръоннинг “силаи раҳим” (қариндошларга ёрдам) амрини бузганликда айбладилар. Бу айбловни ифодалаган Умар ибн Валид ибн Абдулмалик мактуби ва Умар ибн Абдулазизнинг унга жавоб мактуби ибрат ва даҳшат сатрларга тўла. (Ибнул-Жавзий, Сийрату ва Маноқибу Умар бин Абдулазиз, 133-135)

Уммавий назоратидаги тарихчилар ўз асарларида бу ҳақда очиқ айтмасалар ҳам, Умар бин Абдулазизнинг уммавий катталари томонидан заҳарланиб ўлдирилганини айтувчи манбалар бор. (Велльгаузен, Араб давлати ва унинг қулаши, 146-147)

“Ислом цивилизацияси тарихи” номли машҳур асар муаллифи мисрлик Жоржи Зайдон (ваф. 1914) шундай ёзади:

"Умар бин Абдулазиз уммавийларга кўчмас мулкка эга бўлишини манъ қилди. Уммавий катталари бу таъқиқга риоя қилмаганида, уларнинг мулкларини мусодара қилди. Шундан сўнг уммавийлар Умарнинг халифалик даври чўзилиб кетишидан ва халифалик ўз қўлларидан кетиб қолишидан қўрқувга тушди, ва унинг ҳаётига нуқта қўйишга қарор қилишди, ва халифани заҳарлаб ўлдиришди. (Жоржи Зайдон, Ислом цивилизацияси тарихи, 1/81).

5. Язид ибн Абдулмалик ибн Марвон (101-105 / 719-723 йиллар)

6. Ҳишом ибн Абдулмалик ибн Марвон (105-125 / 723-742): Уммавийлар орасида энг узоқ вақт халифалик қилган мана шу Ҳишом бўлади. У ниҳоятда тош қалбли, шафқатсиз, ахлоқсиз, беадаб ҳамда табиатан бузуқ одам эди. Яъқубий унга нисбатан “раҳм-шафқатдан узоқ одам” иборасини ишлатади. (Яъқубий, Тарих, 2/328)

Қуръон яратилган, деган Жаъд ибн Дирҳам қурбонликдаги ҳайвон каби бўғизланди. Қадар масаласида Уммавийлар каби фикрда эмаслигини айтган Ғайлон ибн Юнуснинг аввал қўллари ва билаклари, кейин эса бўйни уздирилди. (Ибн ал-Асир, 5/263).

7. Валид ибн Язид (125-126 / 742-743 йиллар)

Валид бин Язид "фосиқ халифа" деб аталади. Уммавийлардан қайси бири фосиқ эмасди ўзи?

Лекин бу Валид ибн Язидда ҳар турли ифлослик бор эди. У Муовиянинг ўғли Малъун Язидга жуда ўхшарди. Бу иккиси сулоласидаги энг разил одамлар эди. Ҳажга бориб, Каъба томида шароб ичишни исташини эълон қилганди. Бироқ бу малъунликни амалга оширолмай туриб, халифаликка келганининг биринчи йилидаёқ ўлдирилди.

У аҳли байт уламоларидан Зайд ибн Али ибн Ҳусайннинг калласини олдирди. Бир неча кун осиб қўйилганидан кейин уни гулханда ёқиб, кулини Фурот дарёсига оқизди. Зайднинг ўғли Яҳёни яшириниб юрган Хуросонда тутиб, ўлдирди, сўнг калласини кесиб, дарахтга осиб қўйди. Ниҳоят, Абу Муслим ўша пайтда ҳужум қилиб, Яҳёнинг бошини дарахтдан олиб, жаноза ўқиб, дафн қилди.

Абу Муслим Яҳёнинг қотиллигида иштирок этганларнинг барчасини ўлдирди. (Ибн Ал-Асир, 5/ 271-273).

8. Язид ибн Валид бин Абдулмалик (126-127 / 743-744 йиллар):

Унинг лақаби Ноқис Язид бўлиб, яхшигина шоир эди. У Язид амакисининг ўғли Валидни ўлдириб, ўрнига халифа бўлди. Амакиваччасининг бошини кўча айлантириб юрмасликни сўрашсалар ҳам, унинг бошини найза учига тиқиб, Дамашқ кўчаларини кездирди. У бутун вақтини кўнгилхушлик, ичкилик ва ов билан ўтказди. Лекин бу мақом унга ҳам ёр бўлмади. Беш ярим ойлик қисқа муддат халифалик қилганидан сўнг, эндигина ўттиз ёшга тўлганида вабога чалиниб, ўлди.

Ривоятларга кўра, у унинг ўрнини эгаллаган акаси Иброҳим томонидан заҳарлаб ўлдирилган. (Яъқубий, 2/336; Ибн Касир, 5/ 287-289).

Унинг даври оғир қийинчиликлар ва изтиробларга тўла эди. Бу вақтдаги исёнлар ва қўзғолонлар уммавийларнинг уйқусини буза бошлади.

9. Иброҳим ибн Валид ибн Абдулмалик (127/744 йил):

Айтишларича, у халифалик мақомида атиги 4 ой қолган. Тўрт ою етти кун қолди, деганлар ҳам бор. Қариндошларидан бўлган Марвон ибн Муҳаммад қўзғолон кўтариб, уни тахтидан ағдарди. У эса қочиб ҳаётини сақлаб қолди. Кейинроқ қайтиб келиб, байъат берди. Иброҳим 132-йилда биринчи аббосий халифаси Саффоҳ томонидан ўлдирилган, уммавийлар орасида жон берди.

10. Марвон ибн Муҳаммад бин Марвон (127-132 / 744-749 йиллар):

“Ҳимор” (эшак) номи билан машҳур бўлган бу уммавий халифанинг халифаликка келгач қилган биринчи ишларидан бири, амакисининг ўғли Валидни ўлдирган Язид ибн Валидни қабрдан чиқариб, жасадини осдириш бўлди.

Эшак Марвон Аббосий Саффоҳ қўшинларига қарши узоқ туролмади; У аввал Дамашққа, у ердан Мисрга қочди. Саффоҳнинг аскарлари уни таъқиб этишда давом этди. Ниҳоят, Бусайр деган жойда бўлган жангда, Саффоҳ аскарлари томонидан ўлдирилди. Унинг калласи олиниб, Абдуллоҳ ибн Алига юборилди. Абдуллоҳ кесилган бошга бир муддат қараб турди-да, ўз ишлари билан банд бўлди. Бу орада бир мушук келиб, кесилган бошнинг осилган тилини юлиб, чайнай бошлади.

Буни бироз кечроқ пайқаган Абдуллоҳ бу ибратли манзара қаршисида қуйидаги машҳур гапни айтди: “Агар замон бизга Марвоннинг тили мушукнинг оғзига тушишидан бошқа ибрат кўрсатмаган тақдирда ҳам, шунинг ўзи бизга етарли ибрат бўларди" (Суютий, “Тарихул-хулафо”, 296).

“Пайғамбарнинг халифаси” сифатида ҳукмдорлик мақомини эгаллаб, уммавийлардан тарихга қолган манзаралар мана шулардир. Уммавий дегани мана шу!

Уммавийлар арабчиликни ислом ва пайғамбардан-да юқори чиқарганини ҳамма билади ва эътироф этади, лекин бу динсизликка қаршилик билдирмайди. Қаршилик билдирганлар фақат Маволий фарзандлари бўлди. Уларнинг бошида эса Имом Аъзам келади.

Исломни ва пайғамбарни ирқ ва миллатусти, умматнинг умумий муқаддасотлари қаторидан чиқарган уммавийларнинг шафқатсизлиги ва ёвузлиги қаршисида жим турган машҳур олимлар пайғамбарга нисбат берилган ҳадисларнинг ёлғонини фош қилгани боис, Имом Аъзамни Аллоҳ сақласин, “Пайғамбар душмани” дея эълон қилдилар. Имом Аъзамга қарши бўлганларнинг имон ва шахсияти сифати мана шунақа эди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Имоми Аъзам уммавийларнинг энг шонли даврларини ҳам, энг таназзул ва чўкиш даврини ҳам кўрди. Бу иккинчи даврда уммавийларни ағдариш учун, аббосийларнинг қаттиқ уринишларига ҳам гувоҳ бўлди. Пайғамбар авлодига зулм қилган уммавийларни ағдариш учун, пайғамбар қабиласидан бўлган Аббосийларга доим ошкора ёки яширин дастак берди.