“Қуръон илмлари”ни ўқиб
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг бу китобини қўлимга олиб ўқий бошлаганимда тўғриси ундан Қуръон ҳақидаги билимларимни янада бойитишни кўзлаган эдим. Бироқ китобнинг ўртасига келганимда муаллифнинг баъзи мулоҳазаларига нисбатан менда эътирозлар туғила бошлади. Бу эътирозлар асосан айрим тафсилотларнинг чалкашлиги, мулоҳазалардаги қарама-қаршилик юзасидан эди. Улардан баъзиларини қоралаб қўйган эканман. Ўқувчилар билан бўлишиш истадим.
1. “Қуръонни Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзи тўқиб олган” деган даъвога қарши муаллиф қуйидагича раддия беради. Нух алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари аллақачон ўтиб кетган. Уларнинг ҳабарини Муҳаммад алайҳиссалом ҳам, у кишининг қавмлари – Арабистон аҳолиси ҳам билмас эдилар” (86-бет). “Қуръон нозил бўлгунига қадар Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссалом ва қавмлари ҳақида ҳеч нарса билмаганларидан, бу тўғрида бир оғиз ҳам гапирмаган эдилар” (87-бет) Арабистон ярим оролида ўша вақтлари христиан ва яхудий жамоалари яшаган. Уларнинг диний китобларида бу ҳақда ёзилган. Ўзлари ҳам ҳар ерда айтиб юрган бўлишларига шубҳа йўқ. Араблар Эрон ва Шом билан яқин савдо алоқаларига эга бўлган. Шундай экан Арабистон аҳолиси бу ҳақда ҳеч нарсани билмас эди деб бўладими? Буни қандай асослаш мумкин. Муҳаммад алайҳиссалом “бу тўғрида бир оғиз ҳам гапирмаган эдилар” деган гап етарли асос эмас. Одам билган нарсасини гапирмаслиги ҳам мумкин.
2. Дарвин инсоннинг маймундан пайдо бўлганини кўрганми? Йўқ. Демак у ўз ҳаёлида назария тўқиб чиқарган. (248-бет) Яъни, Дарвин бу жараённинг гувоҳи бўлмаган, ўз кўзи билан кўрмаган, демак унинг назарияси ҳам ёлғон. Муаллиф шу орқали Дарвинни гўё инкор қилади. Бошқа ўринда эса Қуръон илмий кашфиётларга мувофиқлигини асослаш учун мана буни келтиради: “Астроном олим Жеймс Жинс айтади: Борлиқ яратилишидан аввал ундаги моддалар газдан иборат бўлган ва шу газларнинг ўзаро бирикиши натижасида сайёралар келиб чиққан” (202-бет) Қизиқ, Жеймс Жинс бу жараённи ўз кўзи кўрганмикан? Муаллиф бу ўринда нохолислик қилаётгандек кўринади. Яъни илмий фактлар диний эътиқод нуқтаи назаридан сараланмоқда. Агарда Қуръонда одам маймундан келиб чиққан дейилганда, муаллиф дарвинизмни ҳам Қуръоннинг илоҳийлигига далил қилиб келтирармиди?
3. Қуръоннинг халифа Усмон замонида жамланиши борасида гап кетар экан, халифа “ихтилоф чиқмасин” (254-бет) дея бошқа мусҳафларни ёқиб юборишга буйруқ бергани айтилади. Халифанинг мақсади ҳақиқий Қуръонни сақлаб қолиш бўлганми ёки сиёсий барқарорликни таъминлаш? Сўнг муаллиф Усмон мусҳафлари Абу Бакр замонида жамланган мусҳафдан нусха кўчириш бўлгани, таҳрир қилиш бўлмаганини гапира туриб (248-бет), “Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо вафот этганларидан кейин Марвон ибн Ҳакам уларни (Абу Бакр мусҳафини) олиб, ёқиб юборган ва: “Буларда бор нарса ёзилиб сақланган. Замон ўтиб, баъзи бирлар бундан фитна чиқармасин, дедим”, деган” (251-бет) деб ёзади. Агар шунчаки нусҳа кўчириш бўлган бўлса, нега энди фитна чиқишидан қўрқишган. Фақатгина ҳар икки мусҳаф ўртасида фарқ бўлсагина, фитна чиқиши мумкин. Бунга қўшимча ўша вақтда катта саҳобалардан Қуръонни тўлиқ ёд билган Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ҳам ўз мусҳафи бўлгани, у халифа Усмоннинг бошқа мусҳафларни куйдириб ташлаш ҳақдаги буйруғига эътироз билдириб қаршилик кўрсатгани ёзилади. Нега у қаршилик кўрсатган. Унинг эътирозларининг боиси нима? Бу билан Ибн Масъуд расман қабул қилинган мусҳафлардаги қайсидир жиҳатларга қўшилмагани кўриниб қолган. Муаллиф бу муаммоли вазиятдан шундай чиқиб кетади: “Аллоҳ таоло у кишини Усмон розияллоҳу анҳунинг фикрига қайтишига илҳомлантирди” (253-бет). Усмон мусҳафи эркин баҳслар асосида эмас, маъмурий йўл билан, халифанинг шахсан аралашуви, босим ўтказиши ва расман тасдиқлаши орқали бўлгани сезилиб турибди. Китоб муаллифи берган изоҳлар эса етарли бўлмаган.
4. Қуръоннинг ўқилиши осон бўлиши учун етти ҳарфда нозил бўлгани ҳақида гап кетганда, шундай жумлалар кетади: Аллоҳ ”Оммани ўзлари учун осон ва енгил бўлган жорий тилдан бошқа лаҳжада нутқ қилишга мажбурламади” (296-бет). Лекин форсу туркчи? Улар ҳам мажбурланмаганми? Арабларнинг Қуръонни ўқиши ҳақида шунчалик енгиллик берилган экан, нега бошқа халқларга бу берилмайди? Қуръон арабу ажамга мутлақ юборилмаганми?
5. Қуръоннинг суннат билан насх қилиниши борасида гап кетганда яна чалкашликка йўл қўйилган. “Бир эмас, бир қанча ҳадис бўлса ҳам, Қуръоннинг кучига эга бўла олмайди” (336-бет). “Қуръони Карим ҳамма тарафдан Суннатга нисбатан юқори туриши борасида ҳеч ким хилоф қилмаган ва қилмайди ҳам” (331-бет). Яъни ҳадис, у мутавотир бўлса ҳам Қуръондан қуйида туради. Энди бунисига қаранг: “Қуръони Карим ҳам, Суннат ҳам ваҳийдир ва уларнинг бири иккинчисини, кучлиси ўзидан кучсизроғини насх қилиши мумкинлиги ҳаммага аён” (331-бет). Сунг Қуръоннинг Суннат билан насх бўлганига мисоллар кетади. Бу ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин?
6. Қуръоннинг лафзий насх бўлиши, яъни қайсидир оятлар нозил бўлган-у, лекин кейинчалик мусҳафга кирмай қолган бўлиши мумкинлигини муаллиф рад қилади. Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилган саҳиҳ ҳадислардан бирида Умар ибн Хаттобнинг оилали зинокорларни тошбурон қилиш тўғрисида оят (ражм ояти) нозил бўлгани ҳақидаги гаплари келтирилади. (335-бет). Лекин бу оят Қуръонда йўқ. Умар ибн Хаттоб нега оят нозил бўлди деяпти? Қаерда ўша оят. Камига бу ҳабар энг ишончли манбаларда келмоқда. Бухорийдан бошқа юқоридагиларнинг барчаси ривоят қилган яна бир ҳадисда “харом қилувчи маълум ўнта эмизиш” борлиги борасида оят нозил қилингани ҳақида гапирилади (333-бет). Аммо бу оят ҳам мавжуд мусҳафда йўқ. Муаллиф бу муаммоли ҳолатдан чиқиб кета олмай, тахминий гапларга таяниб масалани ҳал қилмоқчи бўлади. Саҳобалар “мазкур иборалар ортида турган маъноларни ўзларигина биладилар. Бу маъноларни уларнинг тилини билган, аммо жамият аъзолари орасидаги сирлардан хабардор бўлмаганлар англай олмайдилар” (334-бет). Яъни ривоятлар саҳиҳ бўлса-да, биз уларнинг маъноларини тушунмаймиз. Қуръонни тафсир қилганлар ҳадисни шарҳлай олмаяпти. (!) Юқорида айтилганидек бир неча мусҳафларнинг бўлгани, Усмон мусҳафидан бошқаси ёқиб юборилганини назарда тутсак, жорий мусҳафдан баъзи оятлар тушиб қолган бўлиши мумкинлиги эҳтимоли ортади. Муаллиф эса буни тан олгиси келмайди. Бақара сураси 106-оятида “оятлардан биронтасини насх қилсак ёки УНУТТИРСАК, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирурмиз”, дейилади. Бу оят баъзи оятлар унуттирилган бўлиши эҳтимолига ишора қилади. Хижр сураси 9-оятда эса “Албатта, Зикрни биз нозил қилдик ва албатта, унга биз муҳофазачимиз”, дейилади. Буниси эса ҳар бир оят тўлиқ сақланиши кафолатланганини баён қилади. Бу икки оятни қандай келиштирса бўлади? Муаллиф эса бирорта ҳам оят тушиб қолмаган демоқда. Бир неча мусҳаф ёқилган. Муаллиф эса саҳобалар маъносини ҳеч ким тушунмайдиган тилда сўзлашишган бўлса керак деб таҳмин қилаяпти, холос.
7. Муаллиф бир неча ўринда Қуръон жумлаларининг бирдан ортиқ маънога далолат қилишини унинг муъжизаси деб атайди. (361-бет) Бошқа тилларда бир нечта маънони билдирувчи сўзлар йўқми? Навоий ғазалларининг ҳар бир мисрасидан бир қанча маънони чиқариш мумкин. Ҳўш, у ҳам илоҳий мўъжизами?
8. Баъзи суралар бошида келувчи “кесик ҳарфлар” ҳақидаги бобни ўқиб мана бунга кўзим тушди: Саҳобалар “бу ҳарфлардан мурод нималигини яхши билганлар, шунинг учун ҳам бир-бирларидан сўрамаганлар ва ривоят қилмаганлар” (379-бет). Кейинги бетда мана бу ривоят берилади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Ҳар бир китобда Аллоҳнинг сири бордир. У Зотнинг Қуръондаги сири сураларнинг аввалидаги ҳарфлардир”” (380-бет). Демак, Абу Бакр бу ҳақда билмаган. Муаллифнинг саҳобалар уларни яхши билгани ҳақидаги гапи ўринсиз бўлиб қолмоқда.
9. Салафлар даврида, яъни ҳижрий илк уч асрда “турли ихтилофлар, фирқалар, фалсафалар бўлмаган, бўлса ҳам, кучсиз ва таъсирсиз бўлган”лиги (384-бет), салафлар “турли фитналарга дучор бўлмагани” (385-бет) таъкидланган. Халифа Усмон ва Али қандай ўлдирилган эди? Кимлар уларни ўлдирди? Шиа, хавориж, мўътазила каби тоифалар қачон пайдо бўлган? Уларнинг тўқнашувлари авжига чиққан паллалар қачон эди? Наҳотки муаллиф очиқ кўриниб турган нарсани кўрмаяпти ёки кўрса ҳам кўрмаганликка олаяпти!
10. Қуръони карим тафсири билан шуғулланувчи кишига қўйиладиган талаблар қаторида “тарафкашлик дардига чалинган бўлмаслик” (455-бет) ҳам бор экан. Бу яхши талаб, албатта. Лекин бошқа талаб ҳам бор. Аҳли сунна ва жамоа мазҳабидан оғмаслик, қадария, мўътазила каби тоифаларга мансублар тафсирини қабул қилмаслик. Бу ерда яна тарафкашлик кўзга ташланаяпти. Аҳли сунна vs. қадария ва мўътазила. Аз-Замахшарийдек буюк ватандошимиз мўътазила бўлгани учун тафсир билан шуғулланмаслиги керакмиди? Мўътазилийлар тафсирларидан фойдаланмаслик шартини илгари сурган муаллиф китобнинг “Тафсир ва муфассирлар” бобида Замахшарийнинг “Кашшоф”и кўпгина муфассирлар фойдаланган муҳим тафсирлардан бўлгани ва тафсир илмида муҳим ўрин тутишини таъкидлайди. Бу билан ўзи шарт деб қўйган нарсага кўпда амал қилинмаганини очиб қўйган.
Мен юқорида бир қисм чалкашликларнигина келтирдим. Агар мазкур асарга баҳо берсак, унда муаммоли вазиятлардан чиқиб кетиш учун муаллиф асосан тахминларга суянгани, “буни биз билмаймиз”, “маъноси Аллоҳга аён” каби гаплар ёрдамида қутулиб қолгани кўп учрайди. Ваҳоланки муаллиф ўз муҳолифларини таҳминга таяниб хулоса чиқарганликда айблайди-ю, ўзи ҳам гоҳ-гоҳ шундай қилиб туради. “Қуёш галактикаси” (200-бет) деган иборани мен шу китобда ўқидим. “Қуёш галактикаси” деган галактика борлиги ҳақида ҳеч жойдан маълумот тополмадим.
Ғарб шарқшуносларининг фикрлари танқид қилинганда ҳам уларнинг китобларидан манбани аниқ кўрсатган ҳолда иқтибос келтирилмайди. Ўша шарқшунослар нимага асосланиб у ёки бу фикрни айтгани очиқ кўрсатилмаган. Шунчаки улар чиқарган хулосаларгина айтиб кетилган. Уларга эътироз билдирилган, уларнинг нохолислиги, исломга душманлиги, калтафаҳмлиги айтилган, вассалом. Оппонентнинг шахси хурмат қилиниши, фақат фикрларгина танқид қилиниши илмий бахс одоби эканини ёдда тутсак, бу жуда ёмон. Ислом уламоларининг муҳолиф фикрдагиларни “калта фаҳмлар, хаста назарлар, жинни каллалар” (392-бет) деб аташи боисини тушуниб бўлмайди.
Хуршид Йўлдошев