June 7, 2021

Чўпон ва пода зеҳнияти ҳақида

КИРИШ ҚИСМИ

Сўнгги пайтларда динга оид бирор масала кўтарилганда оломон томонидан масаланинг туб мазмун-моҳияти англашилмай, муаммонинг илдизи ўрганилмай, шаклга берилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Сабаби ҳар бир масалага индивидуал ёндашув, объектив фикрлаш, масала юзасидан конструктив баҳс-мунозара тарзда ечим излаш ўрнига, ўртага ташланган янгиликлар оломон томонидан ўта маданиятсиз, ўта қўпол , хақоратли , оммавий такфир қилиш, агрессив кайфият ила қарши олинмоқда.
Мисол ўлароқ, юртимиздаги диний соҳада юзага келган шов-шувли бир манзарани келтириб ўтиш мумкин. Телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали юртимиздаги масжидларга келиб тушадиган ибодат маблағлари (эҳсон пуллари, фитр, закот) имомлар тасарруфидан чиқарилиб, «ВАҚФ» фондига марказлаштирилгани, Диний қўмита назоратига олингани, шу ҳаракатлар асносида бир неча масжидларда содир этилган молиявий қонунбузарликларнинг аниқлангани кўпчиликка маълум.
Бундан ташқари, жамиятимизда «Соқол» ва «Ҳижоб» мавзуси трендга чиқиб, айниқса мактаб ўқувчи қизларини ҳижоблантириш масаласи диндор қатлам томондан оммалаштирилган ҳолда шов-шувли мавзулардан бири бўлиб қолгани ҳам барчамизга маълум.
Нима учун мусулмонлар жамиятида диндор қатламнинг аксарияти онгсиз оломон, ақл ва тафаккур қилмайдиган, маълум бир кишиларгагина эргашиб кетаверадиган, гўёки бир «пода» мисоли ҳаракат қилишади? Нима учун бир инсоннинг фатвоси/гапи билан, маълумотни текшириб кўрмай, савол остига олмай, ақлни ишлатмай қаерга йўналтирса ўша ёққа қараб, олдидан чиққанини босиб, янчиб ўтиб кетаверадиган диндорлар қатлами шакллантирилди?
Қуйида оломон/пода психологиясининг келиб чиқиши сабабларини ўрганамиз.

ПОДА ЗЕҲНИЯТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШДА ҲАДИС РОЛИ

Бир неча юз йиллардан бери бу оломоннинг тафаккури, онгги, психологияси ўзгармас ҳолатда. Бизни бу савол ўйлантирди ҳамда изланишлар олиб боришга ундади. Изланишларимиз натижасида қуйидаги хулосага келдик:
Умматнинг интеллектуал шахс, жамоа бўлиб эмас, оломон, пода каби ҳаракатланишига энг асосий омил – бу уйдирма ҳадислардир!

«Kullukum Ra’in Wa Kullu Ra’ in Mas’ulun ‘An Ra’iyyatihi»
«Ҳар бирингиз чўпонсиз ва ҳар бирингиз ўз подангизга масъулсиз.» (Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд, И.Аҳмад, Табароний)

Уммат ичида аҳамиятли ҳисобланган ушбу ҳадис дархақиқат мукаммал ўхшатиш билан ҳолатни очиқ-ойдин тасвирлаган ва йиллар (балки асрлар) давомида уммат онгини шу тезис (постулат) билан дастурлаб, таъсир кўрсатиб келади.
Ушбу ҳадисда бир тоифа инсонлар чўпонга қиёсланса, ҳар бирига оид жамоат, қавм подага қиёс қилинганини кўришимиз мумкин.
Чўпон ким? Чўпон — оломонни бошқарадиган, подани назорат қиладиган, уларни йўналтирадиган дин пешволарини ўз ичига олади.

Пода зеҳниятидаги оломон қандай сифатларга эга?
1. Подада мустақил фикр бўлмайди;
2. Пода чўпонга эътироз/шикоят билдира олмайди, таклифлар бера олмайди ва чўпонни танқид қила олмайди;
3. Чўпон қайси тарафга ҳайдаса, пода ўша томонга кетаверади, чўпон чизган чизиқдан, белгилаб берган йўлдан ўз ҳоҳишига кўра, эркин равишда четлана олмайди;
4. Пода Чўпоннинг «мулки» ҳисобланади, чўпон истаган вақтда ўз подасини сўяди, истаса терисини шилади, истаганда сутини соғиб олади.

Бир неча шайхлардан, муллалардан иборат чўпонлар ўзларидан олдинги чўпонлар ёзиб кетган инструкциялар мажмуини жамлаб, ўша китобларга асосан подаларини истаганча боқади, соғади, истаган томонга йўналтиради ва истаган пайтда қурбонликка топширади. Пода эса эътироз билдирмайди. Чўпон кўрсатмаси улар учун қонун.
Бугунги кунимизда мусулмон ўлкаларда бўляпган уруш, можаро, низолардан оғриқли мисоллар етарли. Ўша биродаркушлик урушларини, можароларини олиб қарасак, икки тараф мусулмонлари нима учун бир бирларини қирғинбарот қиляпганини ҳеч ким билмайди. Уларнинг ортида бошқариб ўтирган чўпонлари бор. Ўз подаларини бир неча йиллар давомида боқиб етиштиришган. Пишиб етилгач, тайёр бўлганларини мақсадли йўналтиришади. Пода эса ўз ҳисобидан, жуда катта риск ва таҳликаларни зиммасига олиб, не не машаққатли йўллардан ўтиб кўрсатилган жойга боришади ҳамда шу манзилу-маконда қурбонликка топширилади. Юқорида айтганимиздек пода тўлиқ чўпон тасарруфида. Бирор бир пода чўпонидан жавобгарлик талаб қила олмайди.

Оломонни пода зеҳниятида ушлаб туришнинг яна бир муҳим сабаби – Дин тижоратидир…….

ДИН ТИЖОРАТИДА «ЧЎПОН ВА ПОДА» ПРОЕКТИНИНГ АҲАМИЯТИ

«Ислом дини АҚЛ дини эмас, НАҚЛ динидир» деган иборани дин пешволаримиздан кўп бора эшитиб келамиз. Жамоатни фикр юритмасликка, ақл ишлатмасликка, эргашиб кетаверишликка тарғиб қилувчи бу каби иборалар жуда кўп уйдирилган.
Яна бир барчамизга машҳур иборалардан «Уламолар гўшти заҳарли» деган иборани ҳаммамиз яхши биламиз. Ушбу ибора орқали дин пешволари, муллалар, шайхлар ўзларининг мутлоқ даҳлсизлигини таъминлашган. Гўёки улар доим мутлоқ хақиқат тарафда ва авом уларни танқид қилиши, уларга эътироз билдириши, камчилик ва хатоларини айтиши гуноҳ иш деб баҳоланади.
Бунинг сабаби ДИН ТИЖОРАТИДИР. Ўз нафси йўлида, шахсий манфаатлари йўлида дин номидан гапириб, ибодатдан келиб тушадиган маблағларни ўзлаштириш, динни даромад манбаига айлантириш ҳамда ушбу даромад манбаи ғазнасини давомли тўлдириб бориш учун жамоатга, қавмга пода зеҳниятини мунтазам сингдириб, онгларни манипуляция қилиб уларга эгалик қилиш дин тужжорларининг устувор мақсадидир.
Жамоатдан дин ғами, халқ ғамида ташвиш-таҳликага тушган бирор ақл юритувчи кимса чиқиб бу ишларни савол остига олса, «Чўпонлар» тарафидан кескин қаршиликка учрайди. Дин пешволари ўз бизнеси ва иқтидорларини сақлаб қолиш илинжида яна ўша пода зеҳниятли оломонни осонликча ишга солишади. Турли фитналар ижод этишади ҳамда йиллар давомида ўзлари етиштирган оломонни осонликча йўналтиришади.
Пода учун чўпонининг амри вожиб. Динини Аллоҳга ҳолис қилувчи, Хақ учун курашувчи виждон эгаларини дарров туҳмат, бўҳтон, маломат тошлари билан бомбардимон қилишади. Жамиятда йирик можаро, низо келиб чиқиши хавфи юзага келади.
Пода психологиясининг табиати шу. Умматнинг аҳволи шу!

ПОДАЛАШТИРИЛГАН ОЛОМОН РЕАКЦИЯСИ

Асрлар давомида мазҳаблар тарафидан динлаштирилган, Аллоҳнинг каломида қайд этилмаган аммо инсонлар зеҳниятига дин деб, шариат деб тиқиштириб келинган кўплаб элементлар, сохта ва уйдирма ривоятларга асосланган қоидалар борлигини кўряпмиз. Мақоламизнинг кириш қисмида сўзбоши ўрнида келтирган «Соқол» «Мактаб ўқувчи қизларининг ҳижобланиши» масалаларига шу ўринда кенгроқ тўхталишни лозим кўрдик.
Конституцион бошқарувли ҳукуматимизнинг қабул қилаётган қарорлари, хусусан таълим тизимида ўқувчиларнинг қиёфаси билан боғлиқ стандартларнинг қабул қилиниши , жамиятимизнинг диндор қатлами томонидан норозилик кайфиятда қарши олинди. Ижтимоий тармоқларда давлат қарорларига қарши кампания иш бошлади. Мазҳаблар томонидан динлаштирилган «Соқол» ва «Ҳижоб» мавзуси тренд даражасига чиқарилди. Хештег ва Флешмоблар уюштирилди, очиқ хат, петициялар ёзилиб, ҳатто оломонни «уйғонишга», «оёққа туришга» , «норозилик намойишлари ўтказишга» ҳатто «уруш эълон қилишга» тарғиб қилувчи чақириқлар урчиб кетди. Секуляр тизимли давлатимизда «дин давлатдан ажратилганлиги» тамойилини йўққа чиқариб, давлатимиз қонунларига зид равишда дин орқали босим ўтказиш, прессинг услубини қўллаш, динни узурпация қилиш ишлари кенг ёйила бошлади.
Бу ишларни амалга оширишда ижтимоий тармоқларда ўрнашиб олган, ҳар бири етарлича кенг аудиторияга эга бўлган бир гуруҳ «Чўпонлар» ўз подаларини давлатга қарши йўналтира бошлашди. Бир неча вақтлардан бери ўз диний пешволарига мурид бўлиб, маърузаларини, ваъзларини тинглаб келган оломон кўзланган мақсадга мувофиқ реакция билдирди. Бу оломон учун ўзлари мухлислик қилаётган пешволар мутлақ хақ сўзни сўзловчи ҳисобланиши ғоят табиий эди. Мазҳаблар дини ғояларининг якуни радикализмга олиб келишини ҳаётда ва амалда кузатиб келяпмиз. Диндан сиёсат йўлида фойдаланишаётгани дарров фош бўлди, ҳамда давлат тезкор муносабат билдиришга мажбур бўлди.
Ҳар қандай давлат учун фуқароларининг тинчлиги таъминлаш, бошқариладиган ҳамда бошқарилмайдиган ХАОС юзага келишини олдини олиш бирламчи ва ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга вазифадир.

ҚУРЪОН МАҚСАДИ ВА ИСТАГИ

«Kullukum Ra’in Wa Kullu Ra’ in Mas’ulun ‘An Ra’iyyatihi »
«Ҳар бирингиз чўпонсиз ва ҳар бирингиз ўз подангизга масъулсиз.»(Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд, И.Аҳмад, Табароний)
Ушбу ҳадисни мақсадини юқорида таҳлил қилиб кўрдик. Энди эса Қуръонга юзланамиз ҳамда тамоман тескари бўлган ҳолатнинг гувоҳи бўламиз.
Аллоҳ таъоло томонидан:
1. Бақара 104 оятида хитоб қилинганидек: «Йа айюҳаллазийна амануу ла тақуулу роъина……..» (Эй имон келтирганлар! Сизлар роъина демангизлар……)
«Роъина» сўзи ҳадисда кўрганимиздек чўпонлик билан боғлиқ тушунча. Яъни: «Бизни чўпонга ўхшаб боқ, қаерга ҳайдасанг ўша ерга кетаверамиз, тўхта деганингда тўхтаймиз, нима айтсанг ҳам ортингдан эргашаверамиз» деган зеҳниятдан буткул воз кечилиш кераклиги буюриляпди. Бу мусулмонларга «Пода » зеҳниятидан воз кечиш учун келган биринчи буйруқдир;

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَقُولُوا رَاعِنَا وَقُولُوا انظُرْنَا وَاسْمَعُوا ۗ وَلِلْكَافِرِينَ عَذَابٌ أَلِيمٌ

Эй мўъминлар, «Роино» деманглар, «Унзурно» денглар. Ва (Аллоҳнинг амр-наҳий – фармон таъқиқларига) қулоқ солинглар! Кофирлар учун аламли азоб бордир.

2. Шунингдек, Оли Имрон сурасининг 159 оятида «Вашавирҳум фил ъамр» буйруғи келади. Яъни ҳар бир ишни (Саҳобалар билан) машварат қил, маслаҳат сол, уларнинг фикрини ол деган маънони ташийди.

فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللَّهِ لِنتَ لَهُمْ ۖ وَلَوْ كُنتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ ۖ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ ۖ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ

(Эй Муҳаммад), Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Бас, уларни афв этинг. Улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда улар билан машварат қилинг, маслаҳат солинг! Энди, (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга таваккал қилинг – суянинг! Албатта ўзига таваккал қилгувчиларни севади.
Кўриб турганимиздек бу оятда ҳам Аллоҳ таъоло Пайғамбарга айнан шу буйруқни, яъни чўпон ва пода зеҳниятидан воз кечиб, бир томонлама буйруқ бериш орқали эмас, ҳар бир ишни атрофдагилари билан машваратли ва маслаҳатли амалга оширишга буюрмоқда.
3. Энди, Шўро сураси 38 оятга назар қаратамиз. « Ва ъамруҳум шура байнаҳум» Уларнинг (Аллоҳ қулларининг) ишлари шура асосидадир.
Шўронинг маъноси нима?
Асаларилар турфа гуллардан тўплаган нектарларни йиғиб витаминга бой, инсон учун фойдали ва шифобаҳш бўлган маҳсулот — асал ишлаб чиқаради.
Демак, Аллоҳнинг қуллари ўзидаги тоза фикрларни, турли таклифларни ўртага ташлайди ва ўзаро маслаҳатлашган ҳолда, инсоният, жамият учун фойдали, манфаатли
бўлган хулосалар, қарорлар қабул қилинади. Чўпон ва пода зеҳниятидан воз кечиш хақидаги учинчи оят.

وَالَّذِينَ اسْتَجَابُوا لِرَبِّهِمْ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَمْرُهُمْ شُورَىٰ بَيْنَهُمْ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ

Шуро 38. Улар Парвардигорларига ижобат-итоат этган ва солатни тўкис адо қилган зотлардир. Уларнинг ишлари (мудом) ўзаро шўро-маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар.
Кўриб турганимиздек Аллоҳ таъоло шахс марказли бўлишдан қайтармоқда, аксинча ўз қулларини мустақил, тенг ва ҳур фикрга таянган ҳолда, ўзаро машварат ва маслаҳат асосида иш юритишларини буюрмоқда. Юқоридаги оятларда кўрганимиздек, Пайғамбарга ҳам , имон келтирганларга ҳам буни амр этди. Демак мусулмон жамияти доим ҳамжиҳатликда чиқариладиган муштарак қарор ва хулосалар асосида иш юритишлари даркор.

ПЛАГИАТ

Энди, мақоламиз бошида келтирилган ҳадисга қайтамиз. Хўп, бу ҳадис қаердан келиб қолди? Қизиқишларимиз ортиб биз бунга аниқлик киритдик ва натижада ушбу ҳадис тамоман плагиат/кўчирма эканлиги ўртага чиқди.
Насронийларда Святой Павел деган авлиё яшаб ўтган. Павел ўзини Ҳаворийларданман деб даъво қилган. Ҳолбуки у Исонинг ҳаворийлари орасида бўлмаган. Павел Исо Масиҳ ўлимидан кейинги даврларда , ўз даврида Исога қарши бўлган фарисийлар яъни мазҳабчи аҳборларнинг каттасининг оиласида дунёга келган. (Павел оиласининг автобиографияси ва тарихий хронологиясига тўхталиб ўтирмаймиз)
Авлиё Павел Исо унга кўринаётганини ва унинг айтганларини халққа қатъий равишда ўзи етказиб боришини даъво қилиб, «Тўрт инжил» номли китобга ўз мактубларини илова қила бошлаган ҳамда бугунги Насронийликнинг эътиқодий-ақидавий масалалардаги тамал тошини ўз даврида мустаҳкам ўрнатиб кетди.
Инжилнинг 20-боби «Ҳаворийларнинг Фаолияти» 28-сатрига эътибор қаратамиз:

«Ўзингизни ва Муқаддас Руҳ сизларни назоратчи қилиб тайинлаган барча жамоатни кўз-қулоқ бўлиб эҳтиётланглар. Сизлар чўпонлик қилаётган ушбу сурувни Раббимиз Исо Ўз қони эвазига сотиб олган»

Чўпон ва пода психологияси нафақат Исо уммати, ундан олдинги Мусо даврида ҳам уммат онггига сингдирилган. Аҳбор ва руҳбонлар Таврот ёнига Талмудни илова қилишиб, умматни оломон ва подага айлантириш учун бор куч-ғайратларини сарфлашган.
Афсуски, мусулмонлар ҳам бундан мустасно бўлмади. Бугунги кунимизда Чўпонлар бор ва уларнинг жавобгарлигида миллионлаган ақл юритмайдиган, мустақил фикрламайдиган, тафаккур қилмайдиган подалар бор.
Шундай экан, бизнинг таклифимиз конкрет қуйидаги концепцияга асосланади:
1. Пода, уюр, оломон зеҳниятидан воз кечиш;
2. Мустақил фикрлаш, машварат ва маслаҳат билан иш юритиш;
3. Шахс марказли бўлишдан четланиш, ҳар қандай шахсни, улар тарғиб ва ташвиқ қилаётган маълумотни сўроқлаш, савол остига олиш, танқидий ёндашиш.
4. Диндор сегмент орасида ақл ва мантиққа асосан тафаккур қиладиган интеллигенцияни шакллантириш;
Дин соҳасида маълумотларни текширишда, қиёслашда қўлимизда Қуръон мавжуд.

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракат.

Дилнур Камилов