May 2, 2021

Ҳақиқий ва Сохта Муҳаммад (6)

MУҲАММАД БОШҚА БИРОР РАСУЛДАН АФЗАЛ ЭМАС

Ҳақиқий Муҳаммад

Муҳаммад алайҳис-салом бошқа барча пайғамбарлардан афзал деган эътиқод, Қуръонда кескин рад этилади (2:136, 2:285, 3:84, 3:144, 4:152, 46:9). Қуръонга кўра, пайғамбарлар ҳамма қатори оддий башар, ягона фарқлари – уларга ваҳй келгани холос (16:2-3). Пайғамбарларни ўзаро қиёслаб, бирини бошқасидан афзал кўриш мутлақо хато машғулотдир, чунки Ваҳйнинг келиши уларнинг ихтиёри билан содир бўлмайди, ваҳйни юборган Зот истаган пайтида истаган бандасига юборади, ва истаган пайтида бу ваҳйни тўхтатиб қўя олади (17:86).

“Биз айрим пайғамбарларга айримларидан кўпроқ фазилат бердик. Биз Довудга Забурни ато этдик” (17:55) Бу оятда бир пайғамбар бошқалардан афзал дейилмаётир, аксинча афзаллик берилганлар кўплик шаклда келаяпти, бу билан бир пайғамбар бошқаларидан устун деган эътиқод ҳам ботилга чиқади. Пайғамбарлар фарқли даврларда, фарқли шароитларда ва фарқли қавмларга юборилган, шунинг учун уларга берилган ваҳй ҳам, илм ва амр ҳам, имконлар ҳам фарқли бўлган.

Масалан, Довуд пайғамбарга сиёсий бошқарув имкони берилганди, ва Аллоҳдан келган илмга таяниб, илоҳий амрни рўёбга чиқариш буюрилди. Қуръон бўйича биргина Довудга “Ер юзида халифа” дейилган: “Эй Довуд, дарҳақиқат, Биз сени Ерда ҳалифа қилдик. Бас, сен одамлар орасида ҳақ ила ҳукм қил! Ғараз ва манфаатларга эргашма, сени Аллоҳнинг Йўлидан оздирур”. (38:26) Бошқа баъзи пайғамбарларга бундай имкон, яъни сиёсий бошқарув насиб бўлмаган. Баъзи пайғамбарлар ўз қавм тарафидан ёлғончига чиқарилиб, ҳатто қатл қилинган. Баъзилари ўз диёрларидан ҳайдаб чиқарилган. Яъни, пайғамбарлар орасидаги фарқ уларнинг шахсий устунлиги эмас, балки Аллоҳ тарафидан уларга берилган илм, амр ва имконлар турлича бўлган (2:136, 2:285, 4:152, 33:40).

Хўп, нега мумкин эмас? Нега Муҳаммад алайҳис-салом бошқа пайғамбарлардан афзал деёлмаймиз? Сабаби нима?
Сабаб шуки, Қуръон бундан қайтарган. Расуллар орасини айирмаслик, бирини бошқасидан устун кўрмаслик, бу Қуръоннинг буйруғи. Агар бирор пайғамбарни бошқаларидан афзал кўрсак, расуллар орасини айирган бўлиб қоламиз. Оқибатда, бошқа пайғамбарларга беписандлик келиб чиқади. Бу иш жоҳил қўлида, пайғамбарлaрини ўзаро пойгага солиш бошланади, бир расулни ҳаммадан афзал ва устун дея, ҳаддан зиёд улуғлашга, ва тўғридан-тўғри ширкка йўл очади.

Сохта Муҳаммад

Аллоҳнинг динини Аллоҳнинг Китобига хос қилувчи Қуръон мўминлари, асло бир пайғамбарни бошқасидан устун қўймайди, балки барча расулларга бирдек имон келтиради (2:285, 21:92, 23:51-53).

“Китобим Қуръон” деган бу уммат тарих мобайнида Аллоҳнинг китобини тарк этиб келди. Аллоҳнинг ёнида Муҳаммад алайҳис-саломни ҳам улуғлади, бу ишни савоб кўриб, ҳадислар уйдирди ва уларни Аллоҳнинг ваҳйи дея эълон этди. Қисқаси, “Расуллар орасини айирмагаймиз” (2:285) дея берган аҳдини бутунлай тарк этди. Ҳатто шу даражага етиб борилдики, бундан буён Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини эълон қилиш учун ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ дейиш етарли эмас, бунинг ёнига расуллардан бирини қўшиб айтиш керак бўлди.
Қуръонда ўргатилган шаҳодат калимасига (3:18) “Муҳаммад расулуллоҳ” деган илова қўшиш орқали, оддий мусулмонлар онгига кўпхудолик динларидаги каби Аллоҳ-Муҳаммад биргалик формуласи (Таснийя) сингдирилди, шу билан “Аллоҳдан ўзга баъзиларни Рабб қилиб олмайлик” деган (3:64) яна бир Қуръоний аҳд унутилди. Ҳолбуки, энг тўғри йўл, Аллоҳдан ўзга ҳеч кимни Рабб қилиб олмаслик эди (“Айт: “Аллоҳдан ўзгани Рабб қилиб олайинми?” 6:164)

Бу ҳам етмаганидек, пайғамбарлар пойгасида Муҳаммад алайҳис-саломни ғолибга чиқариш учун сон-саноқсиз ҳадис, ривоят ва фатволар ижод этишди.

Масалан, ўтган ҳар бир пайғамбар фақат Муҳаммаднинг уммати бўлишни орзу қилиб ўтган, Муҳаммад оддий одам эмас, балки Хойру-Холқиллаҳ (Аллоҳнинг яратганлари орасида энг яхшиси) ёки Ашрофил-Анбиёи-вал-Мурсалин (пайғамбарларнинг энг шарафлиси) ёки Саййиди Бани Одам (Одам авлодининг энг пешвоси) ва ш.к. Ҳолбуки, Қуръон бундай уйдирмачиликни кескин қоралайди (18:101-110).

Бошқа бир ривоятга кўра, Осмонлар ва Ер ҳамда уларнинг орасидаги барча мавжудот биргина Муҳаммад ҳурматига яратилган (Лавлака лавлак, лама холақтул-афлок). Қизиғи шундаки, ўхшаш иддао билан ўтмишда яҳуд-насоролар ҳам чиққан эди, бироқ уларда осмонлар ва ер Мусо ёки Исо учун яратилганди. Ҳолбуки, бундай иддаолар Қуръонда такрор ва такрор рад этилган (14:33; 16:12; 17:44, 30:8; 31:29; 40:57; 51:56; 65:12)

Кўплаб манбаларда, (жумладан ўша Бухорийда ҳам), Пайғамбарни улуғлаш билан бирга, унга қарши энг оғир туҳмат ва бўҳтонлар ҳам келади. Масалан, уни 30 эркакнинг жинсий қувватига эга эди, бир кечада навбатма-навбат 9 аёли билан бирга бўлиб чиқарди, аёлларидан бирига уйланганида, 9 яшар қизча эди, ва ш.к. Кўриниб турибдики, кўпчилик ровий, Расулуллоҳнинг ҳаётини ўрганишга эмас, кўпроқ ўз шаҳвоний орзуларини Расулуллоҳга тўнкаб қўя қолиш, ва шу йўл орқали машруълаштиришга уринган. Ҳатто бугун ҳам, дин пешволари орасида кўплаб учрайдиган педофилия жанжалларида, айнан “Расулуллоҳ ҳам 9 яшар Оишага уйланган” каби ҳадисларга таянилади.

Яна бир жиҳат шуки, кўпчилик ровий ўзи билса-билмаса эшитганини “Қола Расулуллоҳ” деб тарқатаверган, оқибатда Муҳаммад алайҳис-салом илоҳий ваҳйни етказувчи эмас, балки кундалик маиший саволларга жавоб берувчи маслаҳатчига айлантирилди. Лекин, “илоҳий ваҳй” дея сотиб келинган бу “жавоб”лар аслида хато экани сир бўлмай қолди. Бир ривоятда, пайғамбар туя сийдигини шифо деб ичиради, ҳолбуки бугун бунинг акси исботланган. Бошқа ривоятда эса, ҳар касалликка қарши асал буюрилади (гўёки Қуръон асални “ҳар дардга даво” деганмиш), ҳолбуки кўплаб касалликда асал истеъмоли таъқиқланади. Яна бир ривоятда дарахтларни чанглаштишдан қайтариб, кейинчалик хосил яхши бўлмагач, жавобгарликни олмайди, ва ҳ.к.

Бу ривоятлар илоҳий ваҳй эмаслиги, балки аксинча, инсон уйдирмаси экани аллақачон фош бўлган, фақат буни инсоф билан эътироф этиш қолган. Қуръонга имон келтирганлар бу уйдирмаларнинг бундай шарманда бўлишини кутишлари шарт ҳам эмас, балки Қуръонни яхшироқ ўқиб-ўрганишлари етарли. Аллоҳ Таоло, аввалбошдаёқ, бу каби ҳадисларни “шайтонларнинг ваҳйи” дея огоҳлантиради (6:112-114, 25:30-31).

Ҳақиқий ва Сохта Муҳаммад (6) | (kemalyoldash.com)