May 6, 2021

Меърож ҳақида (2) Ривоятлардаги меърож

Энди Меърож ҳақидаги ривоятларни кўриб чиқайлик:

Эмиш-ки, пайғамбар алайҳиссалом Қуддусга борибдилар, у ерда бир Буроқ исмли бир отга минмоқчи бўлибдилар, у от мен сени миндиролмайман,агар-ки сен мени маҳшарда ҳам жаннатда ҳам миниб юришга ваъда қилсанг, сўнгра миниб чиқишингга кўнаман дея бир савдолашибди, сўнгра пайғамбар алайҳиссалом кўнибдилар. Сўнгра осмоннинг хар бир қаватига кўтарилар эканлар у қаватларни хар бирида, биттадан пайғамбарга дуч келармиш, то 7-қават осмонга чиқиб боргунларича шундай давом этибди. Сўнг у ерда Жаброил билан учрашибдилар, сўнгра улар яна юқорига чиқиб боришгач Жаброил “энди мен бундан нарига чиқолмайман” дебдилар, ва пайғамбар уёғига бир амаллаб ўзлари чиқиб борибдилар эмиш…
“Уёғи” қаер, биласизми? Аллоҳ таолонинг ҳузури!.. Қаер эмиш – Аллоҳнинг макони!..

Биз Аллоҳни шундай таниймизми? Ваҳоланг-ки, Аллоҳни бир маконди дея тасаввур қиламизми? У зот Ўзининг яратгани осмон ичида, ўзи яратгани замон оқишида бўлишдан олий ва муназзаҳ дея иймон келтирмаганмидик? Яратилган олам – хар қанча улкан бўлмасин – фақат биз маҳлуқлар учун-ку? Аллоҳни буюк эканлигини – бу сиз учун буюк туюлган маҳлуқотига сиғмаслигини билмайсизми? Аллоҳни бирор ерда топди, кўрди, учратди, У турган экан ёки ўтирган экан, олдига чиқиб борди, кириб борди, етиб борди – деб тушуниш мумкинми? Бу асло соф ақлга зид нарса-ку?

У Сидратул-мунтахода ўтирган эмиш..?
Бу қандайин Аллоҳ эътиқоди бўлди? Бу қанақа иймон бўлди?
Бизларга таълим берган Қуръонда Аллоҳ кўкларда ҳам ерда ҳамдир, бизлар қаерда бўлсак Аллоҳ билан биргадир, У бизга шоҳтомиримиздан-да яқиндир, У бизни қалбимиз билан ўзимиз орасида, бошқа ҳеч нарса сиғмас даражада бизларга яқиндир дея танитган Аллоҳ эди-ку?..
Бунчалик буюк бир воқеъа содир бўлган экан, нега Қуръонда бу ҳақда бирортаям хабар йўқ? Нега лоақал бирор оят, ёинки бир ишора ҳам йўқ?…
Бунга бирор тайинли жавоб йўқ. Биз эса яна ривоятларини тинглашда даъвом этамиз.
Бу каби тўқиб чиқарилган воқеъалар инсонларни Аллоҳнинг улуғ буюк сифатларига бўлган иймонини, ишончини тасаввурини сусайтиради, бузади.

…Эмишки, сўнгра пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таоло билан яккама-якка рўбарў ўтириб, у ерда Аллоҳнинг бандаларига, яъни пайғамбар умматларига қанча вақт намоз ўқишлари ҳақида гап борган эмиш, ўша ерда умматга неча маҳал намоз ўқиш айтилган – яъни намоз ўша кечадан бошлаб бизларга фарз қилинган эмиш… унгача намоз деган фарз йўқ…

Савол: Бу “меърож” деганингиз қачон рўй берган?
Жавоб: Пайғамбарликнинг 10-йилларида.
Агар меърож ҳақиқатан пайғамбарликнинг 10-йилларида содир бўлган бўлса, демак иддаоингиз ботил, чунки намоз – Қуръондаги илк “Алақ” сурасидан бошлабоқ зикр этилади ва мусулмонларга 10-йилгача ҳам намоз фарз бўлган.
Исроъ сурасининг тарихи-нузули эса “Меърож”дан анча аввал бўлган!
Улар далил қилмоқчи бўладиган “Нажм” сураси эса ҳатто Исро сурасидан ҳам аввалроқ нозил бўлган!..
Нималар бўляпти ўзи, нега ақлингизни ишлатмайсиз, нега ўқиб-ўрганиб текширмайсиз?
Келтираётган “далил”ларидан мақсад маълум: “оятларни зўраки тафсир” қилиш билан, ўз уйдирмаларини оқлаш холос.

Биз яна ривоятларни тинглашда давом этамиз.
Эмишки, ўша учрашувда Аллоҳ таоло Мухаммад алайхиссаломга, у киши орқали умматига ва кенгроқ маънода инсониятга – неча маҳал намоз фарз бўлишини айтган эмиш.
Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳнинг амрини олиб пастга тушишларида, Мусо алайҳиссаломга (нега айнан Мусо алайҳиссаломга?! буям алоҳида мавзу) рўбарў келибдилармиш ва Мусо а.с сўрабдилармиш: Раббинг сенга нима амр этди?
Мухаммад а.с. жавоб берармиш: 50 вақт намоз.
Мусо а.с : Йўқ, умматинг буни бажаролмайди, чиқ Аллоҳ хузурига ва озайтиришини сўра.
Мухаммад а.с. қайтиб чиқармиш ва озийтиришга эришармишлар. Тушишда эса яна Мусо а.с. савол берармиш: Хўш?
Мухаммад а.с.: 40 вақт бўлди.
Мусо а.с: Йўқ, буниям бажаришолмайди, чиқ, яна сўра озайтирсин…
Яна чиқармиш, яна қайтармиш, яна айни ўша савол-жавоб…
Шу тариқа 5-6 марта, то 5 маҳалга туширгунича “чиқиб-тушаверибди”лар эмиш…
Охири Мусо а.с: Буниям бажара олишмайди… яна чиқ…
Мухаммад а.с.: Бошқа чиқолмайман… уяламан…
Мусо а.с: Ҳа, унда майли…

Субҳоналлоҳ… Қиссани қаранг… Нима, Аллоҳ таоло инсонни қанча намоз ўқий олишини билмасмиди? Шунча сурани, оятларни нозил қилган Зот, Қуръонни ўргатган зот – наҳотки шу бир намозга келганда – бунақа иш тутади?!..
Минг йиллар олдин бандаликни бажо келтирган Мусо а.с., бу умматни қанча намоз ўқий олиш-олмаслигини қаердан билди экан? Унинг билганини – Аллоҳ билмай қолибдими?
Инсонлар қанча маҳал намоз ўқишини нега Мусо а.с. белгилаши керак?
Эътибор беринг, бу бориб-келишлар орасида ҳатто Жаброил ҳам йўқ!
Агар осмонни ўша қатида Мусо а.с. бўлмаганида борми, биласизми нима бўларди? Намоз нақ 50 маҳал бўларди, бу дегани бир кеча-кундузда 50 маҳал… ҳар 28 дақиқада фарз намоз… Оила, фарзандлар ризқи, тирикчилик, кундалик турмуш каби дунё ҳаётига шу 28 дақиқа орасида вақт топиб олаверинг.

Бир уйдирма кечани муқаддас қилиб, динга илова қилиш оқибатида нималар юзага келишини кўринг. Аллоҳ ва унинг пайғамбарларига қарши бундай туҳматчи уйдирмалар бор экан, диндан бездирувчи бошқа душманга ҳожат йўқ.

http://kemalyoldash.com/3180