May 6, 2021

Меърож ҳақида (1) Қуръонда меърож йўқ

Ражаб ойининг 27 кечасини сунний мусулмонлар илоҳий мўъжиза рўй берган – Меърож ҳодисаси рўй берган – муқаддас кеча деб нишонлайди. Аслида ҳам шундайми?
Аллоҳ тарафидан индирилган Исломдаги муқаддас кечалар – биз инсонлар орасидаги тушуниладиган қутлуғ кечалардан мутлақо фарқ қилади.
Аввало шуни айтиш керакки, биз бирор нарсани муқаддас дея белгилашда ривоятларга эмас, Қуръонга асосланамиз, у ҳам биттагина Қадр кечасидир. Ундан бошқа бирорта муқаддас кеча Қуръонда тилга олинмаган.
У кечанинг (Қадр кечасининг) улуғ саналишининг боиси, у кечада Аллоҳ таоло инсониятга Қуръони кариймни нозил этган, бу ҳодиса эса узоқ ўтмишда – мелодий 610-йилларда, Рамазон ойида содир бўлгандир. Ўша даврдаги инсониятга, Аллоҳ таолонинг элчиси Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам)га Қуръон оятларини бирин-кетин ваҳий қилина бошлангандир бу кечада.
Бундан бошқа кечалар, бугун муқаддас саналиб, алоҳида ибодатлар илова этилаётган кечалар, жумладан “Меърож кечаси” ҳам, на пайғамбаримиз ҳаётида, на саҳоба ва тобеъинлар даврида нишонланмаган, ва бугунгидек ахамиятга эга бўлмаган, балки юзйиллар сўнгра пайдо бўлган ва аксарият мусулмонлар онггига сингдирила бошланган, сунъий тарзда муқаддаслаштирилгандир.
Меърож кечаси йўқ, десангиз, Қуръонда “маориж” деган сура бор-ку дея, Аллоҳнинг калималарини ўз ўрнидан қўпоришга, маъносидан узоқлаштиришга уринадилар.
Меърож кечаси дея унда Қуръон тиловат, зикр ва ҳоказо илова ибодатлар қилишиб, буларни нимаси ёмон? дея ўз бидъатини оқламоқчи бўладилар.
Албатта бу ибодатларда ҳеч бир ёмонлик йўқ, кўринмайди.
Аммо Меърожни Қуръоннинг баъзи оятларини “зўраки” тарзда ўша уйдирма ривоятларни оқлашга, ҳужжатлаштиришга уринишларга қарамай (масалан Исро ва Маориж суралари), биз учун “Қуръонни инсонлардан истагани шумиди?” деган савол кўпроқ аҳамиятлидир.
Ҳақиқатан, Қуръоннинг инсониятдан талаби ва мақсади шуми? Бир инсоннинг комил мусулмон бўлиб қолиши бир қатор кечаларга боғлиқми? Агар шундай бўлса, фақат ўша кечаларга, ундаги ибодатларга боғлиқ бўлиб, ҳаётдаги муаммоларни фақат мана шулар ҳал этади деган эътиқод ҳоким бўлса, у ҳолда Аллоҳнинг дини инсонлар ҳаётидан тобора четлатилади ва ибодатлар фақат баъзи кечаларга боғлаб қўйилади, йилнинг қолган кунларига нисбатан бепарволик юзага келади.
Агар мақсад, инсон жисмини ёмон ҳулқлардан, ҳаром ишлардан, бузуқликлардан, ёмон амаллардан бир умрга поклаш, уни бир улуғлик ва олий бир мақом сари юксалтириш бўлса – бунинг учун биргина кеча кифоя қилмайди-ку, масалан, таҳорат ҳар кун, хар намозда шарт. Худди шунга ўхшаб, инсон тарбияси ва ҳидояти саноқли 3-4 кеча ибодати эмас, балки бир умрлик, доимий ҳаракатдир.

Қуръонда Меърож

Меърож нима дегани? Меърож калима ўлароқ, арабча “юксалиш” деганидир. Агар мақсад инсонни жисмонан, руҳан ёки маънан, Қуръон истаганидек покланиши ёки юксалиши бўлса, буни бир кечада амалга ошириб бўлмайди. Иншироҳ сурасида Роббимиз айтадики “рағбатинг буткул Роббингга бўлсин” (ва ила роббика фарғоб), Тавба ва Қалам сураларида ҳам ўхшаш маънодаги “инна ила роббина роғибун” ва “инна илаллоҳи роғибун” оятлар келади.
Пайғамбарнинг етти қават осмонга кўтарилишини билдирувчи Меърож Қуръонда йўқдир.
Юқорида айтганимиздек, Исро ва Маориж сураларини келтириш одат бўлган.
Исро сурасининг 1-оятидаги “Исро” калимаси Пайғамбаримизнинг Макка шаҳридан Қуддусга учиб боргани, у ерда барча пайғамбарларга имом бўлиб намоз ўқигани, сўнгра етти қават осмонга кўтарилгани (меърожи) ҳақида ҳам ҳеч нарса йўқ. Маориж сурасининг номи эса “юксалиш мартабалари” маъносидадир, бир башарнинг космик саёҳати эмас.

Энди бевосита Исро сурасини ўқиймиз:
17:1. “Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун сайр қилдирган зот пок ва муназзаҳдир. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчидир”.
17:2. “Ва Биз Мусога китобни бердик ва у(китоб)ни Бани Исроилга ҳидоят қилиб: «Мендан ўзгани вакил тутманглар!» дедик”.
17:3. “Нуҳ билан бирга КЎТАРГАНЛАРИМИЗнинг зурриётлари! Албатта, у ўта шукрли банда эди”.

Яъни иймон келтирганлар бу зотлар ўта шукрли бандалар эдилар. Сизлар ҳам шукрли бўлинглар.
3-оятдаги “кўтарганларимиз”ни ҳам осмонга чиққанлар, меърожга чиққанлар экан деб тушунамиз-ми ? Ахир бу ерда “кўтарилганлар” китоб, имкон ва ҳидоят йўлига эришганлар, юборилган китобларга (Таврот, Инжил, Қуръон) амал қилиб, юқори мартабага кўтарилганларини айтмаяптими?!

http://kemalyoldash.com/3177