Қуръондаги қасам калималари
Қудратли илоҳимиз – Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръони карим жуда кўп сура ва улардаги оятларда қасам калимасини ишлатиши – бизларга қуръони каримдан маълум.
Кўплаб қуръон сураларини қасам билан бошланиши ва бу қасамларда баъзан яратилинган нарсалар номи билан бўлса, баъзан Яраткувчи зот Ўз исм – сифатлари, баъзан эса малаклар, пайғамбарлар, қиёмат куни ва бошқа номлар тилга олиниб қасам калимаси ишлатилган.
Жумладан буларни – Нисо 65, Юнус 53, Хижр 92,93, Марям 68, Сабаъ 3, Зорият 23, Табоғун 7, Маориж 40,41 суралар оятларида учратамиз.
Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг қасам қилишлиги нимани билдиради ?
Қасам ўзи нима?
Уни қандай тушунмоқ керак ?
Табиийки биз инсонлар Бу муборак қуръонни билишга шижот, катта қизиқиш ва изланиш билан қанча ўрганмайлик – Бу китоб илоҳий мўъжиза эканлиги боис , Аллоҳ қодир қилганича англай оламиз, Ўзи қодир қилганича тадаббур этишга уринамиз, ақлимиз етганича, имкон қадар билишга, тушунишга харакат қиламиз.
Қасам, бу жуда жиддий сўз – калимадир.
Одатда биз инсонлар орасида ҳам қасам ичиш, (онт) ишлатиш учраб туради.
Биз инсонлар, билдирмоқчи бўлган ишимизни Аллоҳ гувоҳлигини ўртага қўйиб – қасам ичамиз-ки, ўша ишга Унинг гувоҳ турганлигини билдириб – қаршимиздагини ишонишини истаймиз.
Аммо Аллоҳ таолонинг қасами ва унинг маъно моҳияти биз инсонлар қасамидан мутлақо бошқадир.
Қуръондаги қасам калималарининг биз англаб етган моҳият, сабабларини қуйидаги ҳолатларга боғлаб кўрамиз :
1.Қуръон араб миллатига мансуб, ўша юрт вакили бўлган пайғамбаримиз Мухаммад с.а.в.га араб тилида нозил бўлди. Нозил бўлгунга қадар у миллатда, яъни арабларда бир урф-одат бор эди, у ҳам бўлса – қасам ичиш одати эди.
Қуръон уларни, яъни қуръони каримга биринчилардан бўлиб эргашувчиларга ёки аксинча биринчилардан унга қарши чиқиб, уни (қуръонни) инкор қилувчиларга таниш бўлган – ўзларининг ўша урф-одатлари, “қасам калимасини” ишлатиш билан – улар ҳаётига боғланди, давоми ўлароқ – нозил бўлди, кириб келди ва Унда (Қуръонда) – қасам ишлатилди.
2.Қасам билан тилга олинган исм-сифат ёки қасам билан тилга олинган нарса – Ўзининг Ҳақ эканлигини ва қасамдан кейинги келаётган жумлани исботлаш мақсадида, унга боғлиқ бўлган, инсоният тарихида бўлиб ўткан воқеъаларни, ҳодисаларни ёдга солиш, эслатиш ва уларни ҳақ эканини билдириш билан – қасам бўлишлигига -ишора берди.
3.Қасам билан тилга олинган борлиқ – инсон ҳаётига муҳим экани, боғлиқлиги назарда тутилиб – ўша нарса тилга олиниб – қасам қилинди.
4.Қуръони каримда -унга кофир ёки мушрик бўлган инсонни, инкор қилаётган, қарши чиқаётган асосини инобатга олгани ҳолдаги – ўшанга боғлиқ нарса билан қасам ишлатилди, булар бир оятни ўзида 1-2-3-4 хатто 5-6-7-турли нарсалар номига қадар тилга олингани ҳолда – қарши тарафнинг инкор қилаётган нарсалари тилга олиниб, Қуръони каримда қасам -калимаси келишига гувоҳ бўлдик.
Мисол учун : “ван нажми иза ҳава”да 2 нарсага қасам, ёки “ваззухо валлайли иза сажа”да 3 нарсага қасам, ёки “ват тийни,ваззайтуни ва тури синина ва хазал баладил амийн”да 4 нарсага қасам ва ҳоказо бошқа оятларда 5-6-7 га қадар номлар қатор тилга олиниб қасам калимаси ишлатилди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда -Ўзини тилга олган ҳолда ҳам қасам қилишига гувоҳ бўламиз.
Буларга мисол : ” қул ий ва Роббий” – яъни “Роббимга қасам бўлсин-ки дегин” ёки “фава Роббика” -яъни “Роббингга қасам бўлсин-ки” каби.
Кўплаб қасам оятлари Аллоҳ таолони Ўз қудратини танитмоқ, инкор этувчини ожиз этмоқ маъносида ҳам келади, бу ерда агар Макка мушрикларини ирода қилсак, шу онда ўқувчи уларни (Макка мушрикларини) Аллоҳни танимаган, буткул инкор этган деб тушунмасликларини истардик-ки , улар кофир эмасди, аксинча Аллоҳга ишонишарди, аммо – мушрик бўлган ҳолларида Унга – Аллоҳга ширк келтирган, Аллоҳ ёнига бут ва санамларини қўшган холда ибодат қилувчи эдилар .
Мисол учун уларга (макка мушрикларига) :
-“кўкларни ким яратди ? ” – дейилса, улар :
– “Аллоҳ” – дер эдилар,
(Анкабут:61-оят,ва Луқмон : 25-оятлар)
Мўъминун сурасида 84-85-86-87-88 -89 оятларда эса :
84. Сен: «Агар билсангиз, Ер ва ундаги кимсалар кимникидир?» деб айт.
85. «Аллоҳникидир», дерлар. Сен: «Наҳотки эслатма олмасангиз?!» дегин.
86. Сен: «Етти осмоннинг Робби ким? Улуғ аршнинг Робби ким?» деб айт.
87. Улар: «Аллоҳникидир», дерлар. Сен: «Наҳотки қўрқмасангиз?!» деб айт.
88. Сен: «Агар билсангиз (айтинг-чи), ҳар бир нарсанинг мулки қўлида бўлмиш, Ўзи ҳимоя қиладиган ва Ундан ҳимоя қилинмайдиган зот ким?!» деб айт.
(Яъни, хоҳлаган кишисини Ўз ҳимоясига ола биладиган, бошқалар Ундан ҳимоялана олмайдиган зот ким?)
89. «Аллоҳникидир», дерлар. – деб Қуръони карим уларни Аллоҳни инкор қилмаётганликларини баён қилади.
Аном 109-оятда.” Улар агар бирон оят-мўъжиза келса, албатта иймон келтиришлари ҳақида Аллоҳнинг номи билан жон-жаҳдлари ила қасам ичадилар.”
ва Юнус :31-оятда:
” Сен:«Сизларни осмонлару ерда ким ризқлантирур? Ёки қулоқ ва кўзларингизнинг эгаси ким, тирикни ўликдан, ўликни тирикдан ким чиқарур? Ишнинг тадбирини ким қиладир?» деб айт. Улар, албатта: «Аллоҳ», дерлар.” -деб оят хабар бермоқда.
Демак-ки, Макка мушрикларининг Аллоҳ тушунчаси ва унга ишончи бўлган, аммо юқорида айтканимиздек – ширк келтирганлари ҳолда эди.
Биз мусулмонлар ҳаж ибодатида “лаббайка” айтамиз ва унда Аллоҳнинг якка эканлигига шаҳодат билдирамиз, аммо бу талбиянинг ўша жоҳилият пайтидаги, Макка мушриклари тилида айтиладиган кўриниши ҳам бор эди, улар ўша талбиялари охирида ҳам “сенинг бир шеригинг бор ..” – жумласи билан айтишар эди.
Буларга Аллоҳ таоло ўша пайтда (мушрикларга хитоб қилинган қасам оятларида) -уларнинг ширклари муносабатига муқобил -Ўзи, исм-сифатлари, якка зот эканлиги тилга олинган ҳолда қасам билан – мурожаат қилмоқда.
Қасамлар 3 турликдир.
1.Ёлғон ва кераксиз қасам, (ямини лағв – бунга каффорат қилинмайди ) Бақара сураси 225-оят ва Моида сураси 89 -оят.
2. Эгасини гуноҳга ботирган қасам.(ямини ғамус, мисоли : бир ҳақиқатни била туриб уни атайин инкор қилгани ҳолда унга қасам ичиш, бу шунчалик даражада ёмонки, бунга каффоратни ўзи йўқ – мутлоқ имконсиз, жавобгарлиги Яраткан билан ўзининг ўртасида ҳал бўлади.)
3.Бу қасам (ямини мунаъқида) мисоли : бирор ишга қасд қилгани ҳолда қасам ичиш, фалон ишим битса ундай қиламан,битмаса бундай қиламан га ўхшаш бўлиб, каффорати Моида сурасини 89-оятида келади.(яъни 10 фақирни (мискинни) бир кун тўйдирмоқ ёки бир фақирни 10 кун тўйдирмоқ.) ёки 3 кун рўза тутмоқ.
Шу онда “мискин” сўзи Қуръони каримда – “фақирликни ўз ҳаётида маскан тутгувчи”ни билдиришини ҳам унутмаслик лозим. (Балад сураси.)
Яна, Қуръон каримдаги -Аллоҳ таолонинг ўзига нисбатан “Мен”, “У” ва “Биз” калималарини – ишлатиш моҳиятига ҳам ахамият бериб ўтмоқчимиз.
Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг Ўзлигига ишора қилган калима кўпроқ – “У” – деб, тилга олинади.
Бу калима эркак жинсида (род -ҳува, ҳу) бўлсада, аммо бу калима замири – Аллоҳ таолонинг жинсиятига боғлиқ ёки Уни очиқловчи – ойдинловчи сифатда эмас, балки сўз- калимани ўзини эркак жинсида эканини билдиради ҳолос.
Араб тилида калималарни (сўзларни) ўзи -эркак ва аёл жинсида ажралиб туради. Буни кўплар яхши билади,масалан:
“шамс”(қуёш) калимаси аёл жинсида (женский род)бўлса,
“қамар”(ой) калимаси эркак (мужской род) да айтилади,
(Самои муаннас деб аталувчи калималар ҳам бор.)
Қуръондаги “Мен” калимасида – эркак ва ёки аёлликни ўзи йўқ, яъни жинсни – билдирмайди.
Қуръондаги “Биз” калимасини қандай тушунмоқ керак?
Инсон қуръон ўқир экан, Аллоҳ таолони ҳаёлан, ўзи учун кашф қила бошлар экан – У (Аллоҳ) қуръони каримда Ўзини гоҳ “Мен” деб, гоҳ “У” деб, гоҳида эса “Биз” деб танитаверади-ки , Ўзининг инсонни хар қандай маҳлуқотни ҳаёл қилиб кўйишидан, ва инсон ҳаёлига келтира олдиган кўринишдан – мутлоқ ташқаридаги Зот эканига- ишора қилади, инсонлар Уни тасаввур қилолмасликларини, Ўзини хеч бир нарсада биз инсонларни -тополмаслигимизни, ўхшатолмаслигимизни- эслатиб туради.
( Шуаро сураси,11-оят,Ихлос сураси 3,)
Арабларда бир гўзал айтиш бор : Ма хатара бибалик -фаллоҳу хойру залик , яъни -Аллоҳ ҳақида неки ҳаёлингга келар экан, билгинги ўша – У эмас. (ҳаёл қилиб тасаввур қилганинг Аллоҳ эмас)
Яна, Қуръони каримда, Аллоҳ таоло – Ўз “қўлидан” , “юзидан”, “кўздан” ,”ҳовуч”идан сўз очади, аммо буларнинг барчаси маъжозий ифода бўлиб, тушуниш учун: биз инсонлар орасидаги ишлатадиган “фалончини қўли узун” (кўп ишга қодир) “фалончига қарашга юзи қолмади” (юзсиз,уятли бўлди), “кўнгли кенг” (кенг юракли) “ичи тор” (инжиқ ва одам суймас) деганга ўхшаш маъжозлар кабидир, оят давомида эса Аллоҳ таолонинг ўша ишлатилган маъжозий калимага – боғлиқ бўлган маъно, ифода албатта келади.
“Биз” калимасини яна бир маъноси – инсонларга тавозеъни ўргатувчи. иштишора ўргатувчи (яхши ишни инсон бир ўзим қилдим дейишдан кўра кўпчилик билан бирга дейиш яхшироқ эканига ўхшаш) ва кўп сифат исмларни Аллоҳ таолонинг бир Ўзида эканига- ишора деб ҳам тушуниш мумкин.
Яна бир бошқа маънода : Қуръони каримдаги барча хабарлар мазмунида – фаришталарнинг иштироклари назарда тутилгани, масалан: коинот, борлиқни идора қилишда – бошқарилувида малакларнинг доимо буюрилган вазифада эканликлари, яъни, “ёмғир ёғдирдик”, “ваҳй нозил қилдик”, “яратдик”, “ўлдирурмиз”, “тирилтирурмиз ” каби калималарда, фаришталарнинг иш фаолиятларини ҳам ўз ичига олгани ҳолда “Биз” калимасини ишлатилганини ҳам тушуниш мумкин бўлади.
Аммо Қуръони каримнинг бирон оятида Аллоҳ таолонинг – “Биз”га итоат этинг ёки “Бизга ибодат этинг” – деган хитоби келмайди, мутлоқ йўқ.
Фақат – Унинг Ўзигагина ибодат этишликка, Якка (“биз” сўзи ишлатилмасдан) Ўзигагина – буюради.
(Аллоҳ билгувчи ва Ҳаким зотдир).