May 1, 2021

Маҳдийни куттириб, Умматни чўктиришди

Маҳдийнинг келиши Қуръонда йўқ. Биз биламизки, ғайбни фақат Аллоҳ билади, ва фақат ғайб хабарларидан баъзиларини пайғамбарларга ваҳй орқали билдиради. Сўнг пайғамбарга келган ваҳй тўлиғича Қуръонда жамланган ва бугунгача ўзгармай сақланган.

Маҳдийнинг луғавий маъноси “ҳидоятга келувчи ва ҳидоятга келтирувчи” демакдир. Ҳидоят – тўғри йўлга йўллаш – Қуръонга кўра, Аллоҳнинг қўлидадир. Аллоҳ ҳидоят қилиш ишини элчилари ва китоблари орқали рўёбга чиқаради. Элчи келтирган китоблардаги буйруқ ва қайтариқларга бўйсуниш – ҳидоят, бу ҳидоятга чақирувчилар эса – мубаллиғ (таблиғ этувчи, етказувчи), ёки доъий (чақирувчи), ёки назир (огоҳлантирувчи) дейилади. Бу ҳидоятга чақирувчиларнинг ҳеч бири ўз таблиғи эвазига бирор мансаб, мақом ё мавқе кўзламаган.

Бугунги кундаги Маҳдий тасаввури, сиёсий лидер, давлат раҳбари талаблари бўлган бир “Халоскор” портретидан иборат. Тарих бўйича барча “маҳдийликка номзодлар”, асосий мақсади ҳокимиятни қўлга киритиш бўлган одамлардир. Буни баъзан очиқ, баъзан эса ярим-яширин ифода этишган бўлса-да, аммо омма қаршисида ўзларини бир лидер кўрсатиб, мазлумлар имдодига келган, сиёсий ва ҳарбий ҳаракатлар орқали уларни халос этажак иддао ташиган. Шунинг учун ҳам, мусулмон адабиётида “Маҳдий” тушунчаси деярли доим Имомат (давлат раҳбарлиги) тушунчаси билан ёнма-ён ёки унинг бир парчаси сифатида кўрилади. Ҳатто, ўтмишда давлат тепасида бирор адолат ва тинчликпарвар раҳбар келганида, унга ҳам Маҳдий дейишган. Масалан, Аббосий ҳалифалардан Ан-Носир Лидиниллаҳ Аҳмад ибн ал-Мустазиҳ (в. 575/1180), ўз даврининг машҳур шоири Сибт Таовизий (в. 582/1186) тарафидан Маҳдий дея зикр этилади. Сибт ўз шеърларида, Носир келганидан кейин Маҳдий кутишга ҳожат қолмаганини тараннум этади.

Пассив қолиб, уимнидир кутиш ва унга умид боғлаш зеҳнияти, тарих мобайнида зулм ва истибдод остида инграган оммаларда у ёки бу ном билан доим мавжуд бўлиб келган. Бугунги Ислом дунёсида яшаётган кўриниши эса Яҳудийлик ва Христианликдаги Мошиах, Масиҳ (халоскор) эътиқодининг мусулмон оммасига кўчирилган шаклидир. Яҳудиийлар, Илёс Пайғамбарни самога кўтарилганига ва охир замонда дунёни халос этиш учун қайта келишига ишонишган. Ҳристиан дунёси ҳам айни эътиқодни Исога ишлатиб, уни осмонга чиқариб яшатишган.

Бу эътиқод, мусулмонларда диний ақоид китобларига ҳам, афсуски, Исонинг қайтиб келиши эътиқоди сифатида киритилган. Уммавийлар даврида Суфёний исмли бир халоскорни кутишарди. Кейинроқ эса бу, Суннийликка Исонинг осмондан тушиши ва Шиаликка Маҳдий-ал-Мунтазарнинг келиши тарзида киритилди.

Қисқаси, ақлини ишлатмаслик ва Аллоҳнинг тарихда, табиатда ва инсоният ҳаётида ўрнатган ўзгармас қонунларини ўрганмаслик, ва уларга мувофиқ чора-табдирларни қилмаслик оқибатида эзилган оммалар, энг қийин онларда яна бир хатога – утопик бир халоскорни кутишга – бош уришади, унга умид боғлашади.

***

Ислом дунёсида энг кўп Маҳдийни кутиш, тарих бўйича энг кўп эзилган Шиа-Алавий жамоалар орасида кўринади. Бу кутиш тобора “Маҳдий-ал-Мунтазар (Кутилган Маҳдий)га иймон” тарзида иймоннинг шартларидан бирига айлантирилган. Шиа эътиқодида, илк замонлар, Маҳдий сифатида Али қайтиб келади дея кутишган ва Маҳдий эътиқоди Али номи атрофидаги мифологияга боғланган, ва ҳатто Қурҳон оятларини бунга мослаштиришга уринилган. Масалан, тарихнинг энг таҳликали уйдирмачиларидан бири бўлган Жобир ибн Язид ал-Жаъфий ал-Куфий (в. 165/782 й, уни Абу Ҳанифа “энг катта каззоб” деган), Али бир халоскор-маҳдий ўлароқ қайтиб келади, дея иддао этган ва далил сифатида Қуръондаги Намл:82-оятини (Доббатул-Арз ҳақидаги оятни) кўрсатган.

Алидан сўнг “Кутилаётган Маҳдий” сифатида унинг ўғли Муҳаммад ал-Ҳанафийя (в. 81/700) исми олға сурилди. Шиаларда деярли ҳар бир Имом учун олға суриладиган бу қайтиб келиш (Рижъат) иддаоси, ниҳоят, 12-Имом Маҳдий-ал-Мунтазар – “Ғоиб Имом” (Яширинган Имом) билан нуқталанди. Бугун эса барча Шиа мактаблари унинг қайтиб келиб, инсониятни халос этишини иддао қилади. Баъзи Шиа мактаблари ҳатто унинг исмини ҳам айтишмайди.

Маҳдий эътиқоди зарурий ишни бажармаган ёки бажаролмаган пассив оммани овутиш учун қулай бир утопия вазифасини ўтаб келган. Бу эътиқоднинг асоси – кутишдир. Ўтмишдан эзилганини англаб етмайдиган даражада алданган ёки ўз устидаги зулмларга қарши чиқа олмай инграган омма, Маҳдий эътиқоди билан, юпатилиш ва овунтирилишни ўз қўллари билан дин ва иймонга айлантириб олишганди. Шунинг учун ҳам Маҳдий эътиқодидан, тўғрироғи, Маҳдий хаёлоти ва алданишидан қутулмаган оммаларда ҳар қандай яхшиланиш, ривожланиш ва ижтимоий ўзгариш имконсиз. Маҳдийга ишониш дегани аслида, тафаккур, изланиш, ўрганиш ва яратувчанликни фалаж этувчи ҳурофадир.

Агар Маҳдийдан мурод, ҳидоят ва нажотнинг лидери эса, бугун ҳидоят ҳам нажот ҳам – Қуръондадир. Динни шахсларга марказлаштириш, кишилардан ҳидоят, нажот ва мадад кутиш даври тарихдаги ширклар билан қолиб кетган. Қуръонда англатилган ҳидоят йўли эса очиқ-равшан баён этиб қўйилган. Бу ҳидоят ўлчовларига кўра ҳаракат этишни истамаганлар, ҳаёлот ва афсунларнинг чуқур ва ухлатувчи таъсирида бир умр уйқуда ўтишга маҳкумдирлар.

Бу хурофага дастак сифатида тарихда ижод этилган ва бугун ўртада кезиб юрган “ҳадис” номли гап-сўзларнинг тамоми уйдирмадир. Маҳдий ва маҳдийликка тааллуқли уйдирмалар эса, ҳадисларнинг ўз ичидаги таҳлил ва текширув ўлчовларига (масалан, Жарҳ ва Таъдил) ҳам тескари тушади. Бир ривоят Исодан бошқа маҳдий йўқ деса, бошқаси бирдан кўп маҳдийлардан сўз юритади. Хуллас, ҳар ким ўз тоифасининг каттасини маҳдий қилиш учун ҳадис уйдиравергани аён.

Айниқса, тасаввуф-тариқат тоифаларида ҳар бир гуруҳ ўз пирини “Соҳиби Замон” ёки “Маҳдий” дея қабул эттириш учун ҳар нарсага қўл урган. Ақл бовар қилмас каромат ҳикоялари, фавқулодда ва ғайритабиий учиш-қочиш ривоятлари, руҳлар орқали мадад беришлар, қабрда қутқариш, охиратда жаннатга етаклаб олиб кириш ва ҳ.к. ваъдалари бир тараф, уларнинг кароматига ишонмаганнинг бошига келадиган кулфатлар, дунёдаги ва охиратдаги кўргуликлар таҳдидлар бошқа тарафдан, тариқат динини тасния тамалига айланган. Бу тариқатларнинг маркази бўлмиш “Қутб” эътиқоди ҳам, аслида мана шу Маҳдий эътиқодининг айнисидир…

***

Бу мавзуга Қуръон ваҳйидан қарайдиган бўлсак, Маҳдий келармиш деган эътиқодни қабул этиш, Муҳаммад а.с.нинг сўнгги пайғамбар эканини рад этиш бўлади. Бу икки эътиқод бири бошқасини рад ва инкор этади, яъни тири тўғри бўлса, наригиси ботил демакдир.

Биз Муҳаммад а.с.нинг сўнгги пайғамбар эканига, у зотнинг келтиргани Китоб муттақийлар учун ҳидоят эканига имон келтирганимиз боис, бошка ҳидоятга бошловчи ва ҳидоят манбаи эҳтимолини ҳам қабул этмаймиз ва бунақа уйдирмаларга ишонишни Қуръонга хилоф санаймиз. Қуръон келиши билан, кишиларнинг ҳидоят лидери бўлиш даврини тугаган, марказда ўлимли шахслар эмас, балки ўлмас ва ўзгармас принциплар ва ўлчовлар қўйилган бўлиб, уларнинг манбаи – ҳар кимнинг қўлида мавжуд Қуръондир. Афсуски, Қуръон ҳидоятини етарсиз кўриш оқибатида, мусулмон тарихи мобайнида фарқли минтақаларда кўплаб “маҳдий”лар чиққан ва содда ҳалқни ўз ортидан эргаштириб, турли фасод ва қон тўкишларга етаклаган, аммо барчасининг оқибати разолат ва ҳалокат бўлган.

Шундай экан, Қуръон ҳидояти келганидан сўнг яна бошқа ҳидоят манбаини кутиш, Қуръонни етарсиз эълон этишдир. Қуръонни ҳидоят манбаи сифатида етарли кўрувчи Қуръон муъминлари учун бошқа бир маҳдийга – ҳидоят манбаига – эҳтиёж йўқ.