May 3, 2021

Шафоат ҳақида ўйлар

“Шафоат” калимасининг диний луғатдаги маъноси қуйидагича: бир мусулмон Маҳшар майдонида ҳисоб-китоб, сўроқ-савол, амалларни тарозида тортилиши натижасида ЖАҲАННАМга тушиши чоғида — пайғамбар ёрдамга келади, ўша мусулмонни ночор ва танг аҳволда қолгани боис мадад қўлини чўзади, кўмак беради, оддий қилиб айтганда, уни муқаррар жаҳаннам азобидан “сақлаб қолади” – “қутқариб қолади”. Шафоат деганда мана шу тушунилади.

Эшитган одамга бунақа “ёрдам” ёқиб тушиши, агар шундай имконият бўлса, пайғамбар шафоатига умид боғлаши – ғоят табиий.

Биздаги ўзбек менталитети шунақа: мабодо бирор қоидани (айтайлик, йўл харакати қоидасини) бузиб қўйса, жазоловчини (ДАН ҳодимини) юмшатиш, қаҳридан қайтариш, уни “кўндириш” учун дарҳол воситачиларга, сўзи ўтадиган таниш-билишга мурожаат қилиб, муқаррар жазодан қутулиш йўлини ахтаради. ДАН ходимидан бошқа мисол: дейлик, бирор корҳона раҳбари айби очилиб қолса, мурожаат этиб ёрдам сўрайдиган “юқорироқ”даги “акахонига” ялинади. Буларга ўхшаш яна кўплаб мисолларни ўзингиз келтиришингиз мумкин.

Яъни, қонунбузарлик оқибатида жазо тайин бўлгач, қутилиш учун “таниш-билиш”, “қутқарувчи” пайига тушишимизни айтмоқчиман.

***

Ҳаётда бундай ҳолатларга ўрганган мушрик зеҳният, энди, Қиёмат даҳшатини эшитгач, яна ўша “таниш-билиш”ни ахтара бошлайди, ривоят ва хадислардан суриштиради, охири “топгандек” ҳам бўлади ва оқибатда барча умидни уйдирилган “шафоат”га боғлайди. Аслида, бу бир қарашда зеҳниятларда илдиз отиб кетган “масъулият ва жазодан қочиб қолиш” моделининг диндаги инъикосидир.

“Биз хар инсоннинг қадарини, ўз қилмиш (амал)ларига боғлиқ қилдик”. (Нисо:13)

Аллоҳ таолога мақбул бўлмаган иш – Унга ширк келтириш, Аллоҳнинг ғазабига сабаб амал – Унга бошқани тенг кўришдир.

Жаҳаннамга ҳукм қилинган кимсани биров келиб шафоат қилиши, яъни қутқариб қолиши — Чексиз ва Тенгсиз, МЕҲРИБОН ва РАҲМДИЛ Зотнинг ўз бандасига “шафоатчи”га нисбатан бераҳмроқ қилиб кўрсатади.

Айтинг-чи, ўша онда сизнингча ким раҳмдилроқ?…

Сизнингча, инсонни жазога ҳукм этаётган Аллоҳми ёки Аллоҳнинг ҳукмидан (ўртага тушиб) қутқариб қолаётган пайғамбарми?! Ким раҳмдилроқ?! Ким меҳрибонроқ?! Хатто ўртага тушиб, Аллоҳни Ўз ҳукмини ўзгартиришга, ҳақ ҳукмидан воз кечишга кўндирмоқда.

“Оловга тушиши ҳақида азоб қарори чиқиб бўлган кимсани, сен дўзаҳдан қутқара олармидинг?!” (Зумар:19)

Пайғамбарчалик меҳрибонлик – раҳмдиллик Аллоҳ таолода йўқми?!.

Бу ҳаётимизда айтиб юрганимиз Ягона Меҳрибон ва Раҳмдил зот қаерда қолди?

Шу бўлдими Унга иймон келтиришимиз? Унинг олдида пайғамбар шафқат-марҳамати яна-да кенг ва каттами?!

“Айт: “Сизга Роббингиздан “кўз очувчи” (Қуръон) – келди, кимки “кўрса”- ўзига яхши, кимки “кўр” бўлиб олса – ўзига зарар, мен сизларни – “ҳимоя қилувчи”нгиз эмасман” (Анъом:104)

Бу оят энди қаерга кетади?

Агар жаҳаннамдан қутулиш – шафоатчига боғлиқ бўлса, демакки, банданинг ўз амаллари, тарозидаги савоб-гуноҳларига ҳам “кўз юмилади”, шундайми?..

Завод директори қанчалик қонун бузган бўлмасин, қанчалик оғир жиноят содир этган бўлмасин – кимдир келиб қонуний жавобгарликдан қутқариб қолаверади, шундайми? Бу дегани, қонунга амал қилмаса бўлаверади дегани эмасми?

***

Шафоат насиб этмай қолган бечоралар орасида отангиз, онангиз, ўғил ёки қизингизни ўз амаллари сабабли азобга кетса, (ахир сиз шафоатни ҳаммага баб-баробар демайсиз-да), уларга нисбатан адолатми ё адолатсизликми? Уларга тарози – кифоя, жазо – адолат, аммо сизга келганда, тарози ва жазо хушингизга келмаса, “шафоат” ишга тушади ва – ошиғингиз “олчи”, шундайми?..

У ҳолда, айтинг-чи, нима эвазида “эришдингиз” ўша “шафоат”га? Пайғамбарга айтганингиз саловоту-дуруд ва мадҳиялар эвазигами?

Агар сиз пайғамбар шафоатига маддоҳлик туфайли эришаман, пайғамбар мақтовларни яхши кўради, деб ўйласангиз, адашасиз.

Тасбеҳ тошлари билан минглаб “дурудлар” юбориш эвазига, жаннатга киритиб қўйитишга кўндираман, десангиз, хато қиласиз.

Мақтовим, юборган салавотларим уни шундай хушнуд этади-ки, қўлимдан тутиб жаннатга етаклаб олиб киради, десангиз, янглишасиз.

“Худди сизларни дастлаб (пайдо) қилганимиздек, ҳузуримизга якка-якка келдингиз. Сизларга берган (дунё, ҳаёт, имкон) нарсаларимизни ортда қолдирдингиз. Сизлар ўзингизча шерик деб ўйлаган шафоатчиларингизни (ёнингизда) кўрмаяпмиз?! (қани улар?!) Батаҳқиқ, орангиз узилди. Сиз “даъво қилган” нарса (шериклик, қутқариш, ёрдам) ғойиб бўлди”. (Анъом:94)

(Хато қиласиз деганим бироз юмшоқ ифода, балки Расулуллоҳнинг рисолатни етказиш миссияси – “Қуръонни етказиш ва ҳаётга тадбиқ этиш”да – унга кўмак бермаганингиз учун жаҳаннамга ҳайдалмасангиз катта гап ҳали, Аллоҳ сақласин!)

Чунки бу ерда уммат хатоси “саловот” калимасини айни маъносини билмаслигидан келиб чиқмоқда.

***

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг малаклари Пайғамбарга салот қилурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салот этинг ва саломатлигини таъминланг”. (Аҳзоб:56)

Бу оятда Аллоҳ ва малаклари пайғамбарга ЁРДАМ (салот) қилурлар демоқда.

Пайғамбар алайҳиссалом айнан Аллоҳнинг мадади ва малакларнинг бевосита ёрдами билан ўз вазифаларини адо этдилар. Бу аниқ равшан ва маълумдир.

Оятнинг арабча аслидаги “юсоллуна” – калимаси “ёрдам этмоқдалар” маъносида, ва оят давомидаги хитоб “Эй иймон келтирганлар (мўъминлар) – сиз ҳам унга – Расулга – ёрдам беринг маъносига келади. Қуръон ҳукм-хитоби то қиёмат боқий бўлишини инобатга олсак, бугунда сиз-у бизга – вафот этган Расулга қандай ёрдам бера олишимиз мумкинлигини – топишимиз, билишимиз лозим бўлади.

Оят ирода этаётган истак – айнан мусулмоннинг – умматнинг Расулга ёрдам этиши, унинг Қуръон мақсадини рўёбга чиқаришдаги – фаолиятини (миссиясини) дастаклаш ва яна уни хаётга татбиқ этиб, давом эттиришимиз бўлиб чиқади.

Бугунги уммат “салавот”ни қандай тушунмоқда, қандай қабул қилмоқда? Умматнинг бугун Расул (а.с)га “ёрдами” нимада, нақадар бўлмоқда?!

Уммат саловотни, пайғамбарга саноқ тошларда ёрдамида саловот-салом-мадҳия-мақтов “юбориб”, эвазига Махшар кунида ундан “шафоат” умид қилмоқда. Минг афсуслар бўлсин шундай. Шу туфайли ҳам дунёдаги мусулмон умматининг аҳволи абгор ва аянчли, жамиятни тузатишга ҳаракат йўқ – аммо жойнамоз устида узундан-узоқ саловот нақоратларини уддалайди.

“Шафоат” калимаси Қуръони каримда бир неча ўринда тилга олинган, аммо бирор оятда очиқ-ойдин “Мухаммад ёки бошқа пайғамбар сизни шафоат қилади, қутқариб қолади” деган оятни тополмайсиз.

Аммо Мухаммад (с.а.в) олиб келган “Қуръон” сизни жаҳаннам азобидан қутқариб қолиши мумкин, фақат унга амал қилиб яшаб ўтсангиз, деган маънони топишингиз мумкин, асли ҳам ўзи шундай.

Аллоҳ таолонинг шафоати бу – ҚУРЪОНДИР.

Элчининг умматга шафоати эса – ҚУРЪОНга у каби амал қилиб ҳаёт кечиришидир.

Уммат ўзини жаҳаннамдан қутқаришга лойиқ иш-амал қилишидир.

“Айт: “Мен биринчи пайғамбар ҳам эмасман. Ўзимга ҳам, сизларга ҳам нима бўлишини билмайман. Мен фақат ўзимга келатган ваҳй қилинаётга эргашаман. Мен очиқ-ойдин бир ОГОҲЛАНТИРУВЧИман ҳолос” (Аҳқоф:9)

***

Шафоат калимаси Қуръонни қаерида келади ва нима дейди?

“Бир жон бошқасидан ҳеч нарсани адо қила олмайдиган, ундан шафоат қабул қилинмайдиган, ундан бадал олинмайдиган ва уларга ёрдам берилмайдиган кундан тақво қилинг. ” (Бақара:48)

Бу оят хеч ким бировни қутқара олмаслигини, фалончини гуноҳи бошқага ўтиб қолмайди, пистончини савоби фалонга ўтиб қолмайди – демоқда.

“Бир жон бошқа жондан ҳеч нарсани адо қила олмайдиган, ундан шафоат қабул қилинмайдиган, ундан эваз олинмайдиган ва уларга ёрдам берилмайдиган Кундан тақво қилинг!” (Бақара:123)

“Унинг ҳузурида – Унинг изни йўқ экан – ҳеч ким шафоат қила олмас” (Бақара:255) (Изн фақат Аллоҳдан, шафоат қилувчи мутлоқ Унинг Ўзидир)

“Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз наибаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи зотдир” (Нисо:85)

Бу оятдаги шафоат калимаси – амал, инсондан содир қилинган иш-амал шафоат деб аталмоқда. Яъни мабодо қутқарса, фақат яхши амалингиз қутқариши мумкин.

“Энди бизга шафоат қилувчилар (пешволар, шайхлар) борми, шафоат қилсалар ёки ортга қайтарилсаг-у, қилган амалларимиздан бошқача амалларни қилсак”, дерлар” (Аъроф:53)

Бу оят шафоатни яхши амаллар деб эмас – шахслар деб ҳом ҳаёл қилиб қолганларга тааллуқли.

“У кунда ҳеч бир шафоати фойда бермас, фақат Раҳмон изн берган ва Аллоҳ унинг сўзидан рози бўлганлар мустасно” (Тоҳа:109)

“Улар (малаклар) фақат У(Аллоҳ) рози бўлгани шахсларга шафоат қила олурлар. Улар Унинг қўрқинчидан титраган ҳолда турурлар” (Анбиё:28)

***

Бу келтирилган оятлар мазмуни ҳам инсонни ўз амалига имкон қадар ҳушёр ва ахамиятли бўлишини четдан ёрдам келиб қолишига умид қилиб – Аллоҳнинг асл шафоати бўлган ҚУРЪОНдан хабарсиз ва амалсиз – ҳаёт кечирмаслигидан огоҳлантирмоқда.

Табиийки, бу оятлар пайғамбар алайҳиссаломга “Эй қизим, мен сени қутқаролмайман, хатто пайғамбар бўлсам ҳам” дейишларига сабаб бўлди.

Агар сизни пайғамбар қутқара олса, буни қизларига айтиб хотиржам қилмасмиди?!

Аллоҳ таоло Мухаммад:7-оятида шундай демоқда: “Эй иймон келтирганлар! Агар Аллоҳга ёрдам берсангиз, сизга ҳам ёрдам беради ва қадамларингизни собит қилади”.

Бу оятдан нимани англаймиз? Албатта-ки, Аллоҳ таоло биздан бирор куч, қувват ва ёки эхтиёжда, Унинг бирор хожатини чиқаришимизни сўрамаётир. Унда Аллоҳга қандай ёрдам керак биздан? Нима қилиб бера оламиз? Албатта оятдан мурод бошқа – бизни Унинг динини олий бўлишига ёрдам қилишимиз, Расулнинг бошлагани ишини давом эттиришимиз. Унинг келтиргани Қуръондаги амрлари устида фидокорлик қилишимиз, керак бўлса молимиз, жонимиз билан бўлса-да унинг миссияга ёрдам қилишимизни истамоқда.

Муҳаммад Абдуллоҳ

uzbekislam.com учун махсус

http://kemalyoldash.com/3816