Пайғамбар давридаги Салот
Пайғамбар алайҳиссалом давридаги салот фаолияти Қуръон оятларини ўрганиш/ўргатиш ва бу оятларнинг амалий татбиқи сифатида ижтимоий масалаларни муҳокама қилишга қаратилган ва айни пайтда бугунги ритуал такрорларидан фарқли эди.
САЛОТ кўп маъноли сўз бўлиб, SAD-LAM-WAW [1] дан ясалган ва контекстга кўра Мулоқот, Боғланиш, Алоқа, Юзланиш, Яқинлашиш, Қўллаш-қувватлаш, яқиндан кузатиб бориш ва ҳоказоларни билдиради.
Қуръонда САЛОТ энг кўп алоқа ўрнатиш маъносида, яна-да аниқроқ айтсак, Кўрсатилган тўғри йўлга (Ҳидоятга) боғлиқ бўлиш, ундан айрилмаслик маъносида келади. Бу Ҳидоят баъзан Рисолатда, Зикрда (эслатма), Ҳикматли Инсонда, Илм Китобида ёки оддийгина инсоннинг ички маънавий Китоби ёки виждонида топилиши мумкин.
Қуръоннинг тез-тез учрайдиган “Ақимус-САЛОТ” ёки “Салотни қоим қилинг” [2] буйруғи, “Намоз ритуалини ижро этиш” амри эмас, балки Илоҳий буйруқларга диққат билан қулоқ солиш ва уларни ҳақиқий ҳаётга татбиқ этиш чақириғидир.
Қуръон нузули даврида одамлар илоҳий буйруқларни кундалик йиғилишларда, Пайғамбар билан тўғридан-тўғри алоқа, мулоқот (САЛОТ) орқали олишарди. Салот мана шу эди ва бу фаолият мунтазам равишда ҳар куни икки маҳал[3] – эрталаб ва кечқурун (11:114, 17:78-79, 24:58) ҳамда фавқулодда ҳолатларда, куннинг иш вақтида (62:9-11; 73:7) амалга оширилган. Ўша даврдаги патриархал жамият шароитида эркаклар иштирок этарди (4:43, 5:6); баданий поклик ва кўркамлик [4] талаб қилинарди (4:43, 5: 6, 7:31); ва, энг муҳими, Рисолатни тўғри англай олиш учун ақлий ҳушёрлик талаб этиларди (4:43, 5:91). Шахсий ва ижтимоий ҳаётга асос солиш учун ушбу ўзаро ёрдам алоқаларини (САЛОТни) феълий тарзда давом эттириш, келган илоҳий Рисолатга, ундаги тавҳид ва бирлик, илм ва ҳикмат, адолат ва тенглик ва ш.к. принципларга изчиллик билан эргашиш буюрилган эди.
Шуниси аниқки, Пайғамбар раҳбарлигидаги Салот фаолияти, бугунги каби Намоз ўқиш маросими бўлмаган. Салот аввалда ўша куннинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш, ечимини топиш ва қавмга тааллуқли муҳим чиқишлар қилиш,
бу чиқишлар асосан Қуръондаги оятларни етказиш (73:20, 35:29, 42:38) бўлган. Aввалроқ, Қуръон кечанинг маълум қисмида оятларни ўрганиш (Тартил) учун алоҳида ўқув гуруҳларини тузишга ундаган (73:20, 73:1-7) эди.
Ушбу салот фаолияти биринчи навбатда ваҳйни етказиш ва ўргатишга йўналган эди, шу боис тингловчилар ҳам ваҳйни идрок ва тафаккур этишга интилишарди (3:79, 4:43, 5:91, 12:2, 14:4, 20:114, 25:73, 43:3-4, 44:58, 47:24, 73:6) – улар ўтмишдаги ва бугунги робот каби бажариладиган ритуаллар ва нақорат такрорлардан тамоман фарқ қилган (25:73, 8:35, 107:4-5).
Зиммасидаги ягона вазифа Рисолатни Таблиғ этиш [4] (5:92, 16:35) бўлган Пайғамбар вафот этгач, бугун, яъни орадан минг йиллар ўтгач, Рисолатни ўрганиш учун Пайғамбар ўз даври шароитларидан келиб чиқиб, тайин этган икки маҳал бир масжидда тўпланиш ёки ҳаёт бўлган Пайғамбардан сўрашлари имконсиз. Бунга аслида зарурат ҳам йўқ, чунки Пайғамбар таблиғ этган Рисолат тўлиғича Қуръон мусҳафларида мавжуд.
Модомики, Қуръон бугунги ҳаётда Аллоҳнинг Рисолатини ташувчи манба экан, унга боғланиш, ундаги эслатмаларни ўрганиш/ўргатиш ҳамда ўз ҳаётини ундаги илоҳий ўлчовларга таяниб барпо этиш, Салотнинг бугунги кўриниши бўлиб, Қуръондаги мақсадга мувофиқ келади. Худди шунга ўхшаб, Қуръон оятларини ўз ички дунёмизда мушоҳада этиш, улардаги ҳикматлар устида олиб борилган ҳар қандай тафаккур ва тадаббур фаолиятимиз ҳам Салот билан бир хил мақсадга хизмат қилади.
Бугунги ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ҳаётни кўп қиррали ва мураккаб ҳолга келтирган, бундай шароитда одамлар Қуръонга кўра Салот қилишнинг сон-саноқсиз йўллари мавжуд. Масалан:
йиғилиш масканлари каби маконларда мунтазам баҳс/мунозара мажлислари ташкил этиш; аудиторияда дарслар ўтиш; Интернет-форум ёки ижтимоий тармоқларда онлайн дарс гуруҳлари тузиш; ўз уйида тафаккурни уйғотувчи бирор асар мутолаа қилиш; ёки истаган вақтда исталган жойда ўз ички оламига йўналиш, Аллоҳнинг оятларини эслаш, тафаккур ва тадаббур этиш.
Салотнинг сифати ва мазмуни жуда кенг ва фарқли бўлиши мумкин: Пайғамбар давридаги пухта ва тугал салотдан (2:238) тортиб, то маккалик мушрикларнинг шовқин-сурон ва ҳуштак чалиш салоти каби (8:35).
Буларнинг барчаси Салотнинг шакллари. Аммо шаклдан мақсад шакл бўлмайди, балки ҳар қандай шакл бирор аниқ мақсадга хизмат қилади. Мақсад эса маълум – Аллоҳни доим зикр этиш, яъни ният ва амалда Аллоҳнинг Ҳидоятига, буйруқ ва қайтариқларига боғлиқ қолган ҳолда кундалик ҳаётимизни Унинг Рисолатига мувофиқ барпо этиш ва мана шу фаолиятни ҳаёт тарзига айлантириш (7:170, 11:114, 19:60-61, 20:14, 21:73, 29:45). Бу мақсад, яъни Аллоҳни зикр этиш, салотнинг қолган барча шаклларидан муҳимроқдир (29:45; Изоҳ: Аллоҳни зикр этишга мисол = Аллоҳнинг табиатдаги оятларини эслаш; Аллоҳнинг ҳаққи сифатида муҳтожларнинг ҳаққи кўрсатилган, 6:141).
Хулоса
Қуръон нузули давридаги салот фаолияти асосан Қуръон оятларини ўрганиш/ўргатиш ва улар ҳақида мулоҳаза юритиш ва жамоанинг муҳим масалаларини муҳокама қилишдан иборат эди.
Пайғамбар раҳбарлигидаги бу салот фаолияти биринчи навбатда ваҳйни етказиш ва ўргатишга йўналган эди, шу боис тингловчилар ҳам ваҳйни идрок ва тафаккур этишга интилишарди – улар ўтмишдаги ва бугунги роботга хос ритуаллар ва нақорат такрорлардан тамоман фарқ қилган.
Aчинарлиси шундаки, бугунги ритуал ибодатлар, асл Салотга баъзи такрорий механик ҳаракатлар ва такрорланувчи нақоратларни илова қилиш орқали қилинган тақлид холос. Бу ҳаракат ва такрорларнинг аксариятида намозхон учун маъносиз ёки фойдасиз, аммо асл Салотнинг маъно ва мақсадидан мутлақо йироқ бир маросимдир.
===================
[1]
Кўп маъноли СОЛAТ калимаси “sad-lam-waw” ўзагидан ясалган бўлиб, жумла мазмунига кўра фарқли маъноларни ташийди, масалан алоқа боғлаш (4:43, 4:102, 17:110, 20:14), алоқа, мулоқот (19:59, 22:40), яқинлашиш (75:31-32), боғлаш (2:125), яқиндан кузатиб бориш (20:132, 70:23, 74:43, 23:2,9), изидан эргашиш (9:84), қонунга бўйсуниш (9:5, 9:11), нутқ/маъруза (3:39), баҳс/мунозара (5:106), қўллаб-қувватлаш (33:43, 33:56), боғлиқ қолиш (70:22) ва б. От пойгасида иккинчи от биринчига жуда яқин келганда ва унинг калласи ҳар доим биринчи отнинг танасини бир-бирига боғлаб турса, бу от AЛ-МУССОЛЛИЙ деб аталади (яъни яқиндан эргашган/боғланган бўлиб қолади). http://ejtaal.net/aa/#q=SLW
[2]
Намозга қатнашиш бу Салотни барпо этиш билан бир эмас. Салотни барпо этиш бу “Аллоҳни эслаш” яъни Аллоҳнинг буйруқларини реал ҳаётда амалга оширишдир, у бир ритуал бўлган намоз билан баробар эмас. Бошқача қилиб айтганда, Салот бу Aллоҳнинг Ҳидояти/Рисолати/қонунлари/тамойиллари/буйруқ ва қайтариқларига боғлиқ ҳолда қолишимиздир (4:103, 42:38, 62:10) Аллоҳнинг табиатдаги ва борлиқдаги оятлари ҳам расуллар келиб эслатгани ҳам шулардир (24:41, 22:18).
[3]
Пайғамбар давридаги салот икки маҳал эди – эрта тонгда ва кечанинг аввалида (11:114, 17:78-79, 24:58; cf. 6:52, 7:205, 18:28, 25:5, 33:41-42, 48:9, 76:25). Бундан ташқари, фавқулодда вазиятларда салотни фақат куннинг иш соатларида ҳам ўтказилиши мумкин эди, ҳозирда бу яна бир ритуаллашган “Жума намози” (62:9-11; 73:7) дир.
“Салот-ал-Вусто” тушунчаси 2:238 оятни бузиб изоҳлаш натижасида “Ўртача намоз” дея яна ритуаллар дея талқин этилади, аммо бу талқин 2:143, 68:28 ва 24:58 каби оятлар томонидан рад қилинади.
Пешин ва Аср намозлари 30:17-19 оятни бузиб изоҳлаш натижасида пайдо қилинган. Мабодо диққат билан ўқиб чиқиладиган бўлса, маълум бўладики, бу оятларда ҳеч қандай ритуалга буйруқ йўқ, балки Аллоҳни тасбеҳ этувчи оятлардир, холос. Таркибида биронта буйруқ бўлмаган бу оятлар, суранинг аввалидан бошлаб баён этилаётган Аллоҳнинг мадади мавзусининг якуний ифодасидир. Бу каби кўплаб бошқа оятларни ҳам қиёслаб кўриши мумкин: 57:1,2,6; 17:12,43,44,49; 3:27,29; 2:163-164; 6:95-96
[4]
Исломнинг дастлабки давриданоқ, Салотга қатнашиш учун баданий поклик талаб қилинган (4:43, 5:6). Қуръонда баданнинг очиқ жойларини (юз, қўллар, оёқлар) зарурат бўлганда яхшилаб ювиш буюрилган. Булар оддий гигиена талаблари бўлиб, ҳеч қандай РИТУAЛ йўқ бу ерда. Бундан ташқари, мабодо сув топилмаса, тоза қумдан фойдаланиш ўргатилади, чунки одатда тоза қум тоғлари кўтарилганда топилади (Изоҳ: 4:43 ва 5:6 даги соъидан сўзи кўтарилиш ўзагидан ясалган) кўтарилишни англатади; кўтарилиш маънолари учун 35:10, 3:153, 6:125).
[5]
Ҳар кимнинг салоти/ибодати ўзига хосдир ва бошқаларнинг салотидан/ибодатидан фарқ қилади (24:41). Пайғамбарларнинг салоти ҳам мўминларининг салоти билан бирдек ЭМАС. Пайғамбарларнинг ягона вазифаси фақат Рисолатни етказиш экани боис, уларга буюрилган Салот амри (11:114, 17:78, 17:110, 20:14, 29:45; 10:87, 14:40, 17:110) аслида ўз зиммасидаги вазифани адо этиш, яъни Аллоҳнинг ваҳйини таблиғ этиш (19:31, 19:55, 21:73), тонгги салот пайтида нутқни (17:78; 29:45), овозни кўтармасдан мўътадил оҳангда гапириш каби эди (17:110, 7:205)
Эътибор беринг, ушбу буйруқларнинг барчасида, мўминлар жамоаси эмас, балки фақат пайғамбарга хитоб қилинмоқда (2-шахс бирлик шакли).
Бошқа томондан, мўминларга «Салотни қоим қилиш» буюрилганда, Расул билан алоқаларни узмаслик, ундан ушбу Рисолатни тўлиқ ўрганиш ва ўз кундалик ҳаётларига татбиқ этиш талаб этилган эди. Шуни ҳам айтиш керакки, мўминларга хитобан “Салотни қоим қилинг” (“АҚИМУС САЛОТ”) дейилиши билан бирга, “Закотни беринг” (“АТУЗ ЗАКОТ”) буйруғи ҳам бирга келади. Аммо пайғамбарга хитобан Салот ёнида Закот бериш буюрилмайди.
Siraj Islam
(translation Kemal Yoldash)
https://lampofislam.wordpress.com/2020/06/05/salat-during-the-time-of-the-prophet/