iddaolar
May 1, 2021

Иддаоларга жавоблар №6 (Элчига Қуръоннинг ўхшаши берилганми?)

Иддао №6

Пайғамбаримизга Қуръондан ташқари, яна Қуръоннинг мисли, яъни ўхшаши ҳам берилган. Қуръоннинг мисли бу – пайғамбарнинг суннатидир ва суннат бугун ҳадис китобларида мавжуд.

Иддао №6 га жавоб

Аллоҳ таоло, Қуръонга тенг ёки ўхшаш ҳар қандай манбани рад ва инкор этади. Қуйидаги оят буни очиқ ифода этади:

“Айт: Ҳақиқат шуки, бу Қуръоннинг мислини келтириш учун инсу-жин жамланиб, бир-бирига ёрдам берса ҳам, унинг ўхшашини келтира олмаслар.” (Исро:88)
Бу оят очиқ тарзда, Қуръонга ўхшаш бирор мисли йўқ, деб турганида, “Расулуллоҳга Қуръоннинг мисли, ўхшаши берилган” дейиш мумкинми?

Тур сурасидаги ушбу оят кофирларга шундай майдон ўқийди:
“Ёки “Уни ўзи тўқиб олган!” деяптиларми? Йўқ, улар ишонмаслар. Агар тўғрисўз эсалар, унга ўхшаган бир ҳадис келтирсинлар” (Тур:33-34)

Аллоҳ, ўзига ишонмаганларни Қуръонга ўхшаш бир “ҳадис”, яъни “сўз” келтиришга чақирмоқда. Аллоҳ “Агар тўғрисўз эсалар, унга ўхшаган бир ҳадис келтирсинлар” дея ҳеч бир ҳадис, ҳеч бир сўз Аллоҳнинг Китобига тенг ё ўхшаш бўлолмаслигини урғуламоқда.

Бақара сурасида ҳам ҳеч ким Аллоҳнинг Китобига тенг ё ўхшаш бир нарса келтиролмаслигини таъкидлайди:
“Агар қулимизга индирганимиздан бирор шубҳангиз бўлса, қани унинг ўхшаши бир сура келтиринг, агар иддаонгизда тўғри эсангиз, Аллоҳдан бошқа шоҳидларингизни ҳам чақиринг. Буни қилолмасангиз – албатта қилолмайсиз ҳам – ўтини инсонлар ва тошлар бўлмиш жаҳаннам оташидан тақво қилинг. Зеро бу оташ, кофирлар учундир” (Бақара:23-24)

Юқоридаги оятлар Қуръонга тенг ё ўхшаш бирор сўз бўлмаслиги, бўлолмаслигини очиқ кўрсатмоқда.

http://kemalyoldash.com