May 6, 2021

Рамазон – Қуръон ойидир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Орзиқиб кутганимиз Рамазон ойи кириб келмоқда.
Рамазон ойининг бошқа йилнинг 11 ойидан фарқи нимада?
Рамазон ойи биз мусулмонлардан нималарни истайди?
Рамазон ойининг моҳияти нимада?

Дин ҳақида гапириш, дин номидан гапириш инсонга улкан масъулият юклайди, чунки бу – Аллоҳ таолонинг буйруқ ва ҳадларини инсонларга етказиш ва англатишга доир мавзу экан, маҳшардаги энг қаттиқ ҳисоб ҳам дин номидан гапирганлар устида бўлар экан, бу ҳақда билиб гапириш лозим ва билмасдан гапирмаслик шартдир.

Бу мавзу Аллоҳнинг буйруқларига боғлиқ экан, унга тааллуқли гапни ҳам Унинг каломидан гапириш лозим.
Рамазон ҳақида Қуръони каримда Бақара сурасининг 183,184,185,186 ва 187 оятларда зикр этилади:

183. Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз.
184. Саноқли кунлар. Сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя лозимдир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри билан қилса, ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшироқдир.
185. Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон нозил қилингандир. Сиздан кимки бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсангиз.
186. Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар.
187. Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга ҳиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини мана шундай баён этади. Шоядки тақво қилсалар. (Бақара сураси)

Рамазон ойидан олдин Ражаб ва Шаъбон ойлари келди. Ражаб ва Шаъбон ойларининг қадр-қийматли бўлишига сабаби нима? Бу ойларда Рамазонга ҳозирлик кўриш ойлари бўлганидан, Рамазонни эслатиб келаётганликларидандир (Бу ҳақда пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўп огоҳ ва насиҳатлари бор).

Рамазонни қадр-қийматли бўлишига сабаб нима? Унда “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон нозил қилингандир” (Бақара:185).

Рамазонда ҚАДР кечасининг бор эканлигидир. ҚАДР кечасини қадрли-қийматли қилган нарса нима? Унда Қуръон нозил бўлиши – бошланишидир. Демак биз Рамазон ойи деркан, аввало бу ойни Қуръон ойи эканлигини эслашимиз лозим бўлади.

Рамазон – Қуръон ойидир. Бу ойда биз Қуръон билан кўпроқ машғул бўлишимиз, уни ўрганиш ва ҳаётимизга тадбиқ этишни яна-да кенгроқ – кўпроқ ҳаракатида бўлишимиздир. Муҳаммад с.а.в ҳар Рамазонда ўзларига нозил бўлган Қуръон оятларини Жибрийл алайҳиссаломга ўқиб берар эдилар ва бу билан ўзларини ҳам мукаммал қилиб олар эдилар, бизлардаги Рамазон ойида (таровиҳ намозларида) Қуръонни хатм қилиш мана шунга асосланиб адо этиб келинади.

Аммо Қуръон ўқимоқ фақатгина Рамазон ойида эмас, балки ҳар ой ва ҳар кун адо этилиши шарт бўлган фарз амалидир. Олти мингдан зиёд оятдан иборат бўлган бу Китоб Рамазон ойида нозил бўла бошланиб, қарийб 23 йил мобайнида давом этган.

Рамазон – Қуръоннинг нозил бўлиш байрамидир.

Рўза тутиш бир азият эмас, балки рўза тутиш очликни ва очларни ҳис этмоқ ва ударнинг ҳолини англамоқдир.

Рамазон ойи баъзан одамлар емоқ, ичмоқ ва жинсий яқинликдан тийилиш деб ҳам тушунадилар, бироқ бу бир қарашдагина шундай холос, чунки “САУМ” – бу ўзини тутмоқ, сақланмоқ, тийилмоқдир. Аммо Рамазоннинг биздан истагани бунинг ўзи эмас. Расули акрам с.а.в.нинг бу хусусда айтгани – “Кимки Рамазон ойида ёлғон сўзлашни ва ёмон одат-амалларини тарк этмаса, унинг оч қолишига Аллоҳнинг ҳеч бир эҳтиёжи йўқдир” мазмунида гўзал бир ҳадислари бордир.

Рамазон ойи ўтган 11 ой ичида қилган гуноҳларимизга тавба ва каффорат ойи ҳам эмас, балки у келгуси 11 ойда қилиш лозим бўлган амалларни режалаш, ният қилиш ойи ҳамдир.

Бу эса – Рамазон ойида рўза тутиш билан бирга, Қуръон нозил бўлганини байрам қилиш билан бирга, Қуръон ўқимоқ ва уни ўрганмоқ ва эртанги ҳаётга режалар киритиш ойи демакдир.

Рамазон ойида рўза тутиш, ўзимизни йилда бир емоқ ичмоқ ва бошқа ишлардан тийилмоқ билан бирга – ер юзида очлик, ташналик ёки йўқчиликда ҳамда бошқа тамал эҳтиёжларини қондириш имконидан маҳрум бир ҳаёт кечираётган бошқа инсонлар ҳаётини – ўз жонимизда яшаб кўрмоқ, яхшироқ англаб, мушоҳада этмоқ, ўз танамизда хис қилмоқни беради, инсонга шукр, сабр ва тоқат-ла Аллоҳга тобеъ бўлишни ўргатади.

Рамазон ойининг йиллар давомида турли ҳил фаслларда алмашиб келиши, бу фаслларнинг иссиқ-совуқ кунларига тўғри келиши ҳам, инсонга сабр, матонат, синов ва имтиҳон бўлиб келиши дея англамоқ тўғироқ бўлади.

“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз”. (Бақара:183)

Бу оятдаги “Рўза тутинг!” буйруғига мухотаб бўлаётган инсонлар, агар эътибор берсангиз, иймон келтирган инсонлардир.

Демак, Рамазон – иймонга алоқадор бир амалдир, иймонни даъво қилгувчи ҳар бир инсон – рўза тутишни ўзига фарз деб билса ва рўза тутсагина, иймон даъвосига содиқ қолган бўлади.

Агарки йил мобайнида баданимизга юк-амал юклаган бўлсак, Рамазон ойида биз руҳимизга юк-амал юклаймиз-ки, ушбу ойда Қуръон ўқимоқ ва Қуръонни англамоқ ва ҳаётимизга татбиқ этмоқ вазифасини – юкини олган бўламиз.

Рамазоннинг кириб келиши – егулик ғамлаш, саҳарлик ё ифторликларни жасадга ғамлаб юклаш эмас, аксинча, Рамазон – емоқ ва ичмоқдан тийилиш, узоқлашиш ва Аллоҳга ибодат ойидир.

Рамазон ўзидан кейинги ойларда, йилларда ва бутун умримиз мобайнида бизларга сабрли, шукрли ва тақволи ҳаёт кечиришни ўргатувчи ниҳоятда қийматли бир фурсатдир ва Аллоҳ таолонинг раҳмат ойидир.

http://kemalyoldash.com/3263